Линклар

Шошилинч хабар
03 феврал 2023, Тошкент вақти: 19:11

АҚШ разведкаси Россиянинг сохта байроқ ҳужумини режалаштираётганини кўрсатмоқда


АҚШ Кремлни Украинани ҳарбий ҳаракатларга ундаши мумкин бўлган ва Россия урушга баҳона сифатида фойдаланиши кўзланган уйдирма тарқатишда айблади.

Пентагон матбуот котиби Жон Кирбининг айтишича, схема саҳналаштирилган портлашларни кўрсатадиган ва мотам тутганлар, жасадлар ва актёрлар тасвирланган график тарғибот видеосидан иборат.

АҚШ даъволарни тасдиқлаш учун батафсил маълумотлар келтирмаган.

Сўнгги кунларда Украина расмийлари ва Европа иттифоқчиларига сиздирилган махфий маълумотларда Россия ҳудудига ёки рус тилида сўзлашувчи аҳолига ҳужум қилиш ҳақидаги сохта уйдирмалар баён қилинган. Байден маъмурияти мазкур разведка маълумотларини Россиянинг дезинформация кампаниясини, шунингдек, Владимир Путиннинг ҳарбий ҳаракатлар учун баҳона яратишга қаратилган саъй-ҳаракатларини тўхтатиш тактикаси ўлароқ ошкор қилмоқда.

Оқ уй АҚШ Разведка маълумотларига таянган ҳолда, Россия Украинага қарши ижтимоий тармоқларда дезинформация кампаниясини бошлагани ва Россиянинг ўз прокси кучларига қарши қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошириш учун портловчи моддалар бўйича ўқитилган тезкор агентларни юборганини маълум қилди. Британия разведка маълумотларига кўра, Россия Украинада россияпараст қўғирчоқ ҳукумат ўрнатишга уринмоқда.

“Биз руслар томонидан бундай ҳаракатларни илгари ҳам кўрганмиз. Биз учун айни дамда кўрганларимиз муҳим ва бу ҳақда хабар беряпмиз”, дея Жон Кирби сўзларини келтирди “Associated Press”.

Байден маъмурияти ўзининг разведка маълумотлари асосидаги далилларни батафсил баён этишдан бир неча бор бош тортган. АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс буни махфий манбалар ва разведка маълумотларини йиғиш усулларини ошкор қилолмаслиги билан изоҳлади.

У “биз маълумотлар тўғрилигига ишончимиз комил бўлгандагина ошкор қиламиз” деб қўшимча қилди.

Айни дамда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Россия ва Украина ўртасидаги музокараларда воситачилик қилишни таклиф қилган. НАТО эса Москванинг ҳарбий таҳдидлари давом этаётгани, қўшни Беларусга сўнгги 30 йилдагидан кўра кўпроқ қўшин ва ҳарбий техника жойлаштирилгани ҳақида огоҳлантирмоқда.

Путин билан яқин, лекин баъзан зиддиятли алоқаларга эга бўлган Эрдўғон, “Туркия Қора денгиздаги икки қўшни дўст давлатлар ўртасидаги инқирозни тугатиш учун ўз вазифасини бажаришга тайёр”, дея таъкидлади.

Эрдўғон Украина президенти Владимир Зеленский билан тахминан уч соатлик музокарадан сўнг, “Мен раҳбарият даражасидаги саммит ёки техник даражадаги музокараларга мезбонлик қилишдан мамнун бўлишимизни айтдим. Ёнғинга мой сепиш ўрнига, биз кескинликни камайтириш мақсади билан ҳаракат қиламиз”, деди.

Россия Украинанинг шимолий ва шарқий чегаралари яқинида 100 000 дан ортиқ аскар тўплаган. 2014 йилда бўлгани каби Москва яна бостириб кириши мумкинлигидан хавотир уйғотган. Қўшинлар мавжудлиги ва ноаниқлик украиналикларни асабийлаштирмоқда ва мамлакат иқтисодиётига ҳам зарар етказмоқда. Россия расмийлари босқин режалаштирилаётганини рад этиб келади.

Зеленский Эрдўғоннинг таклифини олқишлади ва унга “астойдил ва изчил” қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.

Кескинлик Туркияни қийин аҳволга солиб қўйди. Энди Анқара Украина билан кучайиб бораётган ҳамкорлиги ва Москва билан қийин муносабатлари ўртасида мувозанатни сақлашига тўғри келади. Украина билан тарихий, Қрим-татар жамияти билан этник алоқаларга эга Анқара Россиянинг 2014 йилда Қримни аннекция қилишига кескин норозилигини билдирган эди.

Аммо, Туркия Россияга қарши ҳар қандай санкцияларга қўшилишни истамайди. Иқтисодий қийинчиликларга эга мамлакат туризмдан, айниқса, Россиядан ташриф буюрувчи сайёҳлардан келадиган даромадга умид боғлаган. Шунингдек, у табиий газнинг катта қисмини Россиядан олади.

АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, руслар сохта ҳужум уйдирмаларига ишонтириш учун ўз материалларида гўёки НАТО аъзоси Туркия етказиб берган ва Украина томонидан қўлланилган ҳарбий техникани намойиш қилган.

Анонимлик шарти билан гапирган юқори мартабали амалдор сўзларига кўра, Россия Туркияда ишлаб чиқарилган Байрактар дронларини сохта операциянинг бир қисми сифатида ишлатиши мумкин. Дронлар Украина томонидан Донбас минтақасидаги россияпараст айирмачиларга қарши ишлатилган, бу Москвани ғазаблантирди ва у Украинанинг ушбу ҳарбий қурилма билан қуролланишига кескин қарши эканини билдирди.

Кечa Путин ва Франция президенти Эммануэл Макрон яна бир бор мулоқот қилди. Бу бир ҳафта ичидаги учинчи қўнғироқ бўлди. Кремль баёнотида томонлар “Украина атрофидаги вазият бўйича батафсил мулоқот”ни давом эттирганликлари ва Путин Макроннинг эътиборини Украина раҳбариятининг “провокацион баёнотлари ва ҳаракатларига” қаратганини қўшимча қилди.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Беларусдаги Россия қўшинлари 30 минг нафарга етишини, шунингдек, қўшин илғор қирувчи самолётлар, “Искандер” қисқа масофали баллистик ракеталари ва С-400 “ер-ҳаво” ракеталари билан қуроллангани ҳақида огоҳлантирди.

“Сўнгги кунларда Россия ҳарбий кучларининг Беларусга сезиларли жойлашувига гувоҳ бўлдик. Бу Совуқ уруш давридан бери Россиянинг у ердаги энг йирик ҳарбий амалиёти бўлди”, деди Столтенберг журналистларга.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу пайшанба куни Минскда бўлиб, 10-20 февралда ўтказилиши режалаштирилган кенг қамровли Россия-Беларус ҳарбий машғулотларига тайёргарликни текширди. Шойгу Беларус президенти Александр Лукашенко билан учрашган. Лукашенко машқлар ҳақида гапириб, мақсад “Украина билан чегарани мустаҳкамлаш” эканини айтган.

Украина мудофаа вазири босқин эҳтимоли “паст” эканлигини айтиб, ҳотиржам бўлишга чақирди. У АҚШ расмийларининг Россия босқин хавфини тавсифлашда “муқаррар” сўзидан фойдаланишни тўхтатганини олқишлади.

Олексий Резников “таҳдид, хавф бор, лекин бу 2014 йил Россия агрессорга айланганидан бери мавжуд”, деди. Унинг сўзларига кўра, “ваҳима, қўрқув учун ҳеч қандай асос йўқ”. Вазир Украина яқинидаги россиялик қўшинлар сонини 115 минг нафар эканлигини айтган.

Агар Россия Украинага бостириб киргудек бўлса, НАТО Украинага қўшин киритиш ниятида эмас, бироқ у яқин атрофдаги альянсга аъзо давлатлар Эстония, Латвия, Литва ва Полшанинг мудофаасини кучайтиришга киришди. 30 давлатдан иборат ҳарбий иттифоқ Болгария ва Руминия яқинидаги Қора денгиз минтақасида ҳам мудофаа тизимини кучайтиришни режалаштирмоқда.

Хельсинкида Финляндия етакчилари Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляен билан Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Европада “хавфсизликнинг бўлинмаслиги” ҳақида бир қанча давлатларга юборган мактуби юзасидан музокара ўтказди.

Лавровнинг таъкидлашича, АҚШ ва НАТО концепцияни нотўғри тушунган – бу моҳиятан битта Европа давлатининг хавфсизлиги қолган барча давлатлар хавфсизлиги билан боғлиқлигини англатади. Лавров мазкур асосий хавфсизлик ҳужжатини имзолаган мамлакатлардан масалани ойдинлаштириш учун жавоб беришни талаб қилди.

Финляндия бош вазири Санна Марин мактубда “катта янгилик” йўқлигини, аммо жавоб берилиши кераклигини айтди. Вон дер Ляеннинг таъкидлашича, комиссия ва Европа Иттифоқининг ижроия органи жавобни мувофиқлаштиради. Ваҳоланки, Лавров ташкилотлар эмас, давлатлар жавоб бериши кераклигини таъкидлаган..

XS
SM
MD
LG