Линклар

Шошилинч хабар
29 январ 2020, Тошкент вақти: 16:39

АҚШда Россияга қарши санкцияларни унинг савдо ҳамкорлари фойдасига юмшатувчи қонун қабул қилинди


Санкцияларга истисто киритиш тарафдорларидан бири АҚШ мудофаа вазири Жим Мэттисдир (суратда)

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси Вашингтон билан яқинроқ алоқада бўлиш истагидаги давлатларга Вашингтон санкцияларига дучор бўлган Россия мудофаа ширкатларидан қурол-аслаҳа сотиб олиш имконини берувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Янги қонун АҚШ президентига Вашингтон билан ўз алоқаларини мустаҳкамлаш истагида бўлган давлатларни санкциялар таъсиридан озод қилиш имконини беради.

Санкцияларга истисно киритиш ҳақидаги қонун 26 июль куни қабул қилинган йирик мудофаа харажатлари қонунидан ўрин қолган. Санкцияларга истисто киритиш тарафдорларидан бири АҚШ мудофаа вазири Жим Мэттисдир. Вазир ушбу қонун Ҳиндистон каби бунгача Россия билан яқин алоқада бўлган, аммо эндиликда “Россия орбитасидан чиқиш истагида бўлган” давлатларга қўл келишини айтиб келади.

Ой бошида Мэттис Конгрессга мактуб йўллаб, санкцияларга истисно киритиш Россияга фойда келтирмаслигини таъкидлаган эди. Вазирнинг айтишича, қонун АҚШ ва у билан хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик қилиш истагидаги мамлакатларгагина қўл келади.

Президент Дональд Трамп бир йил олдин имзолаган қонунга биноан, АҚШ Россиянинг мудофаа ва резведка секторлари билан ҳамкорлик қилган ҳар қандай давлатга қарши чора кўриши мумкин.

Мазкур қонуннинг мақсади Россия президенти Владимир Путинни Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиб олгани, Суриядаги амалиётлари ҳамда 2016 йилдаги АҚШ президенти сайловига аралашгани учун жазолашдир.

Россияга қарши санкцияларга истисно киритиш масаласида жорий ҳафтада Конгресс ва президент Трамп маъмурияти келишувга эришган эди.

Матбуот хабарларига кўра, Ҳиндистондан ташқари Вьетнам ва Индонезия каби давлатларга Россиядан қурол-аслаҳа сотиб олишига йўл очиб берилиши мумкин.

Мэттисга кўра, бундай давлатлар Вашингтон билан яқин алоқа ўрнатиш устида ишлар экан, улар бундан аввал Россиядан харид қилган учоқ, танк ва бошқа қуроллар учун эҳтиёт қисм сотиб олишларига йўл очиб берилиши керак.

АҚШ президенти бирор давлатни санкциялар таъсиридан озод қилиши учун ўша давлат Россиядан қуқол-аслаҳа импортини озайтираётганини ҳамда мудофаа соҳасида АҚШ билан ҳамкорлик кўламини ошираётганини тасдиқлаши керак.

Ҳиндистон бугунга қадар асосан Россия ҳарбий техникасидан фойдаланиб келади. Мамлакат ҳозирда Россиядан 6 миллиард долларга С-400 русумидаги мудофаа тизимларини сотиб олиш бўйича музокара олиб бормоқда.

Аммо кейинги йилларда Деҳли ҳарбий техникани турли давлатлардан сотиб олишга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, мамлакат замонавий ҳарбий техникани АҚШ ва Исроилдан сотиб олмоқда. Кейинги ўн йил ичида Ҳиндистон АҚШга 15 миллиард доллар қийматга эга қурол-аслаҳага буюртма берди.

Санкцияларга истисно киритишга оид бандни ўз ичига олган мудофаа қонуни Ҳиндистон учун қўл келиши кутилмоқда. Қонун, шунингдек, Туркияни Россиядан С-400 мудофаа тизимларини сотиб олиш режаси учун жазолашни кўзлайди.

Расмий Вашингтон НАТО ва АҚШ ҳамкори бўлган Туркияни С-400 мудофаа тизимини НАТО давлатларининг ҳаво ва ракета тизимларига интеграция қилиб бўлмаслиги ҳақида огоҳлантириб келади.

Шу сабаб АҚШ ҳукумати F-35 русумидаги қирувчи учоқларни Туркияга сотишни тақиқловчи қарорларни қабул қилган.

Вакиллар палатаси қабул қилган мудофаа қонуни кучга киришидан аввал у Сенат маъқуллаган версия билан бирлаштирилиши ва бунинг ортидан президент томонидан имзоланиши керак.

XS
SM
MD
LG