Линклар

Шошилинч хабар
25 июн 2021, Тошкент вақти: 06:10

“Демократия байрами тугади”: АҚШдаги тартибсизликларни Россиядаги баъзилар хурсандчилик билан қарши олди


Полиция ходими Капитолий биноси олдида Трамп тарафдори бўлган намойишчини ҳибсга олмоқда - Вашингтон, 6 январь, 2021

Вашингтондаги ҳодисалар, АҚШ президент сайловининг тартибсизликлар билан тугаши айрим россияликлар учун хурсандчиликка сабаб бўлди: “Америка йўлдан озди, демак йўл кўрсатишга ҳам ҳаққи қолмади”.

Бошқалар эса, Америка демократияси зўравонликлар билан қоришиб кетганидан афсусда; уларнинг наздида президент Доналд Трамп тарафдорлари унинг кетишига йўл бермагани Россиядаги “чириган режимнинг пропагандаси учун катта совға”.

АҚШда Жо Байденнинг сайловдаги ғалабасини тасдиқлаш жараёнини қисқа муддатга тўхтатиб қўйган сиёсий машмашалар Москвада энди акс-садо бермоқда. Москва ва бутун Россияда икки ҳафталик таътил давом этаркан, рус танқидчилари, экспертлар ва Америка сиёсатининг шайдолари ушбу машмашаларни таҳлил қила бошлади.

Кремль тарафдорларига кўра, АҚШдаги тартибсизликлар руслар учун барқарорлик ва фаровонликни, ўзи учун эса ҳокимиятдаги давомийликни таъминлаган президент Владимир Путиннинг фойдасига ишлайди.

“Демократия тантанаси ўз ниҳоясига етди,” деб ёзди ўзининг Фэйсбук саҳифасида парламентнинг юқори палатаси бўлмиш Федерация Кенгашининг ташқи алоқалар қўмитаси раиси Константин Косачев.

Давлат Думаси Ташқи алоқалар қўмитаси раиси Леонид Слуцкий - 21 март, 2018
Давлат Думаси Ташқи алоқалар қўмитаси раиси Леонид Слуцкий - 21 март, 2018

“Бу аслида, энг тубан нуқтадир. Мен буни асло хурсанд бўлиб ёзмаяпман. Америка бундан буён йўлни белгиламайди ва демак йўл кўрсатишга ҳеч қандай ҳаққи қолмади. Бошқаларга сўзини ўтказишни гапирмаяпман ҳам”.

“АҚШ энди ўз сайлов меъёрларини бошқа давлатларга ўтказа олмаслиги, дунёда “демократия маёғи” бўлишга даъво қилолмаслиги аниқ”, дея Косачевдан иқтибос келтирди РИА Новости агентлиги .

Дума раисининг ўринбосари Андрей Климов эса русларнинг эски иддаоларини яна бир бор тилга олди. Унга кўра, ўтган йигирма йилда Украина, Грузия ва Қирғизистонда ҳукуматларни ағдарган “рангли инқилоблар” сифатида билинган халқ қўзғолонларининг бари АҚШ томонидан дастакланган.

“Рангли инқилоблар бумеранги АҚШнинг ўзига қайтяпти. Буларнинг бари Америка ҳокимият тизимида инқирозга олиб келиши мумкин”, дейди Климов.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг тили “заҳар”лиги билан танилган расмий вакили Мария Захарова эса, АҚШ сиёсий тизими “эскирганлигини” таъкидлади.

“Бу Қўшма Штатларнинг ички иши”, деди Захарова ТАСС агентлигига берган баёнотида.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова - 29 октябрь, 2020
Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова - 29 октябрь, 2020

“Шу билан бирга, биз АҚШ сайлов тизими анча эскирганлигига диққатни жалб қилмоқчимиз. У замонавий демократик андозаларга жавоб бермайди, қатор қонун бузилишларига имкон яратади. Ўз навбатида, Америка матбуоти ҳам сиёсий кураш воситасига айланган” дейди Захарова.

Давлат назоратидаги РТ телеканали раҳбари эса АҚШ энди ҳеч қачон демократия намунаси бўлолмаслиги ҳақидаги таассуфларга истеҳзо билан жавоб берди. “У ҳеч қачон намуна бўлмаган. Сизлар буни кўришингиз учун фақат керак бўлди, холос”, деб ёзди Маргарита Симонян Твиттер саҳифасида.

Президент Путин ва РТ бош муҳаррири Маргарита Симоньян
Президент Путин ва РТ бош муҳаррири Маргарита Симоньян

Кремлга совға?

Санкт-Петербургда жойлашган Европа Университети Сиёсий фанлар факультети декани Григорий Голосовнинг фикрича, Вашингтондаги хаос Кремлга совға бўлди. Кремль эскитдан – Путиннинг ёрдамчиларидан бири “бошқариладиган демократия” деб атаган - Россия сиёсий тизими Ғарб демократиясидан фарқ қилмаслигини иддао қилиб келган.

Шунга қарамай, Голосовнинг Озод Европа / Озодлик Радиосига айтишича, сентябрь ойига режаланган парламент сайловларига ҳозирлик кўраётган мухолиф гуруҳлар учун АҚШдаги сайлов жараёни, умуман олганда, қанчалик рақобат муҳитида ўтгани аҳамиятли. Унинг фикрича, АҚШдаги бир сиёсий партиянинг иккинчисига қарши муваффақиятли ва шаффоф кампания олиб бора олгани, Россиядаги каби овозларни оммавий сохталаштиришнинг йўқлиги рус мухолифат гуруҳлари сабоқ чиқариши мумкин бўлган жиҳатлардир.

Голосовнинг таъкидлашича, гарчи АҚШдаги ғалаёнда қурбонлар бўлса-да – бир қанча жароҳатланганлар ва беш киши вафот этган - худди шундай вазиятда Россиядаги аҳвол ундан ҳам баттар бўларди.

“Исталган россияликдан агар бу Россияда бўлса, нима билан тугарди, деб сўранг. Ҳаммаси сизга катта қон тўкилган бўларди, деб жавоб беради”, - дейди Голосов.

1990-йиллар бошида Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаган Георгий Кунадзега кўра, “демократия қалъаси” пойтахтидаги тартибсизликлар Россиянинг яккаҳоким раҳбарига ўзи яхши кўрган демагогик саволини янгича кўринишда беришга имкон яратади: “Сизларга Вашингтонда бўлган тартибсизликлар керакми?”

Трамп тарафдорлари Конгрессга бостириб кирди. Вашингтонда комендантлик соати жорий қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:16 0:00

“Чириган режимнинг пропагандаси учун бу ғалаёнлар катта совғадир”, деб ёзди у ўзининг Фэйсбук саҳифасида.

Кунадзенинг кейинроқ Озод Европа Радиоси / Озодлик Радиосига берган интервьюсида изоҳлашича, бу савол 2014 йилда Путин ва унинг маслаҳатчилари томонидан берилганди. Ўшанда Украинадаги оммавий намойишлар кўча жангларига ва Россияпараст президентнинг ағдарилишига олиб келган. Россия воқеаларни “давлат тўнтариши” деб атаган ва намойишчиларни АҚШ ва Ғарб гижгижлаганини иддао қилган. Кунадзе шунингдек, рус мухолиф гуруҳлар Америкадаги сиёсий жараёнлардан олиши мумкин бўлган сабоқ деярли мавжуд эмаслигини айтган. “Одатда, русларнинг фикрига кўра, ҳокимият кимнинг қўлида бўлса, у хоҳ президент, хоҳ бош вазир бўлсин, ўша одам истаганини, кўнглига келганини қилади”, - дейди Кунадзе.

Кремлнинг собиқ политтехнологи, сиёсий шарҳловчи Глеб Павловский эса Вашингтондани тартибсизликлар билан 1991 йилда қаттиққўл коммунистларнинг совет раҳбари Михаил Горбачевни ағдаришга уриниши ўртасидаги кулгили параллелга эътибор қаратди.

“Ҳарбийлари 1991 йилда путчга қарши қуролсиз чиққанларни бостира олмаган ҳалқ америкаликларга гўзал ҳулқ борасида насиҳат қилишга шошилмоқда”, деб ёзди у Фэйсбукда.

Россиянинг ашаддий миллатчи сиёсатчиси Владимир Жириновский
Россиянинг ашаддий миллатчи сиёсатчиси Владимир Жириновский

Якуний тасдиқлаш жараёни арафасида, Байденнинг ғалабаси аллақачон узил-кесил аниқ бўлган бир пайтда рус сиёсатининг оқсоқолларидан бири, деярли доимо Кремль ташаббусларини қўллаб-қувватлайдиган Владимир Жиринвоский Трампга йўлини топиб лавозимини сақлаб қолиш борасида ғалати таклиф берди.

“Россия уни қўллаб-қувватлаши, масалан, араб шайхлари томонидан моддий дастакланишини таъминлаши мумкин. Бизга ҳеч нарса керак эмас, вазиятдан Трампнинг ўзи чарчаган. Ҳозирда АҚШ президенти учун энг муҳими президент лавозимини сақлаб қолиш йўлида қатъий ирода кўрсатишдир ”, деб ёзган Жириновский.


Умид учқунлари?

Баъзи кузатувчилар эса Вашингтондаги воқеалар ривожи борасида умидбахш. Уларга кўра, пировардида сиёсий жараён иш берди – сайловлар бўлиб ўтди, овозлар саналди, Сайловсилар ҳайъати расман овоз берди, Конгресс эса бу овозларни тасдиқлади – алалоқибат, ҳокимият бир сиёсий гуруҳ қўлидан рақиб гуруҳ қўлига ўтмоқда.

Кремлга мухолиф сиёсатчи ва собиқ депутат Дмитрий Гудков
Кремлга мухолиф сиёсатчи ва собиқ депутат Дмитрий Гудков

“Бу фожиали воқеа Америка демократиясининг инқирози ҳам, сайловларнинг ноқонунийлаштирилиши ҳам, давлат тўнтаришига уриниш ҳам эмас”, дейди Алексей Макаркин “Эхо Москвы” радиосига берган интервьюсида. Москвадаги Сиёсий технологиялар маркази таҳлилчисининг фикрича, “бу фақатгина ўзини шу кунгача кўпчилик деб санаган ва аллақачон озчиликка айланиб қолганини тан олгиси келмаётган инсонларнинг фожиасидир ”.

Кремлнинг баъзи сиёсий ташаббусларига қарши бўлгани учун Россия парламентидан ҳайдалган Дмитрий Гудковнинг фикрича, Вашингтондаги тартибсизликлар АҚШ сиёсий тизими борасида намойиш қилган қирраси билан умид берувчидир.

“АҚШда ҳуқуқ-тартибот ва бошқа хавфсизлик тизимлари яхши билишадики, бир томонда президент бўлса, иккинчи томонда парламент ҳам бор. Ҳамда суд тизимлари. Ва бу институтларнинг ҳаммаси бир-бирини ҳиқилдоғидан ушлаб туради. Бу эса жуда яхши нарса”, деб ёзди у ўзининг Фэйсбук саҳифасида.

Аммо унинг сўзларига кўра, бу каби тузилма Россия учун фақат “эртаклардагина” мавжуд. “Россияда виждонга хитоб қилиш ва қонунга итоат ёрдам бермайди”.

XS
SM
MD
LG