Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2022, Тошкент вақти: 14:09

Халқаро хабарлар

Арманистон: КХШТ саммити ва Путин ташрифи арафасида Ереванда норозилик акцияси бўлиб ўтди

Ереванда бўлиб ўтган норозилик юришидан лавҳа, 2022 йил 22 ноябри

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Еревандаги саммити арафасида мухолифатдаги “Миллий-демократик қутб” партияси 22 ноябрь куни Арманистон пойтахтида норозилик намойиши ўтказди.

Гарегин Нжде ҳайкали олдидан бошланган норозилик юриши иштирокчилари йўл-йўлакай “Россия душмандир!”, “КХШТ душмандир!” деган шиорларни ҳайқириб боришган. Бу ҳаракат билан норозилар, Озодлик арман хизматининг аниқлик киритишича, сентябрь ойида чегарада бўлиб ўтган қонли тўқнашувлардан кейин КХШТ ўз аъзоси бўлган Арманистонга ҳеч қанақа дастак кўрсатган эмас.

Мухолифатдаги партия аъзоларининг баёнотига кўра, Арманистонга дўст бўлмаган ва ҳатто “душман бўлган” КХШТга аъзо мамлакатлар лидерларининг, хусусан Россия президенти Владимир Путиннинг ташрифига муносиб қаршилик кўрсатилиши лозим.

КХШТга аъзо давлатлар лидерларининг саммити Ереванда 23 ноябрь куни бўлиб ўтиши керак. Шу муносабат билан мухолифатчилар ҳамда фуқаролик жамияти фаоллари бугун яна пойтахтда норозилик акцияларини ўтказишга қарор қилишган.

Бу Путиннинг 2020 йил кузидаги 44 кунлик урушдан сўнг Арманистонга илк ташрифи бўлади.

Кун янгиликлари

Forbes: Россия Украина урушига йиллик бюджетининг чорак қисмини сарфлаб юборди

Forbes журнали ҳисоб-китобига кўра, Россия ҳозирги пайтгача Украинадаги уруш учун 82 миллиард доллар атрофида маблағ сарфлаган. Бу эса мамлакат йиллик бюджетининг тўртдан бир қисмини ташкил этади.

Бу маблағдан 14 миллиард доллари Украинага ракеталар билан зарба беришга харжланган. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, Россия қўшинлари ҳужуми бошланган 24 февралдан буён Украина ҳудудлари бўйлаб 4 мингдан зиёд ракета отилган, улардан ҳар бирининг ўртача нархи 3 миллион долларга тенг.

Артиллерия таъминотига тақрибан 6,6 миллиард доллар кетган, 15,6 миллиард доллар эса ҳарбийларга маош сифатида тўланган. Уруш пайтида Россия 20,8 миллиард долларлик ҳарбий техникасидан айрилган.

Ғарб мамлакатлари ҳарбий экспертлари Россияда ракета захираси тугаб бораётганини тахмин қилишмоқда, бироқ, уларга кўра, унда камида яна 3-4 марта Украина ҳудудини ёппасига ўққа тутиш учун етарли ракета қолган.

Ҳолландия парламенти Россияни терроризм ҳомийси бўлган давлат деб тан олди

Ҳолландия парламентининг Вакиллар палатаси Украинага бостириб киргани туфайли Россияни терроризм ҳомийси бўлган давлат деб тан олишга қарор қилди.

NRC агентлиги хабарига кўра, бундай таклиф даставвал GroenLinks партияси депутати Том Ван дер Лидан чиққан. Унга кўра, Россия армияси Украинадаги фуқаровий ҳадафларга “бир тартибда ва қасдан” ракета зарбалари бермоқда, бунинг натижасида мамлакат аҳолисининг катта қисми электрсиз қолган.

Айни пайтда ташқи ишлар вазири Вопке Хукстра парламент қарори рамзий характерга эга эканини қайд этган. Ҳолландия қонунчилигида терроризм ҳомийси деб эълон қилинганларга нисбатан бирор жазо чораси қўлланилиши кўзда тутилган эмас.

23 ноябрь куни Европарламент депутатлари ҳам Россияни терроризм ҳомийси бўлган давлат ўлароқ тан олишга оид резолюцияни қабул қилишган эди.

Қирғизистонда Халқ қурултойи бошланди

Халқ қурилтойи ўтаётган Миллий филармония ҳудудини қўриқлаётган милиция ходимлари.

Бишкекда 25 ноябрь куни миллий филармония биносида Биринчи Халқ қурултойи ўз ишини бошлади. Унда 1072 делегат иштирок этмоқда. Бу ҳақда давлат котиби Суйунбек Касмамбетов маълум қилди.

Икки кун давом этадиган қурултойда президент Садир Жапаров, парламент депутатлари, Министрлар кабинети аъзолари, ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари иштирок этмоқда.

Қурултой институти ўтган йилнинг 5 майида қабул қилинган янги таҳрирдаги конституцияда белгиланган эди. Унга мувофиқ жорий йилнинг 1 сентябригача қурултой тўғрисидаги қонун қабул қилиниши ва қурултой йил охиригача ўтказилиши лозим эди.

Конституцияда Халқ қурултойи жамият вакиллари йиғини тарзида қайд этилган. Қурултой маслаҳатлашувчи ва кузатувчи орган сифатида таъсис этилади.

Қурултой ҳукуматга мамлакатни ва жамиятни ривожлантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади. Ҳукумат эса бу таклифларни амалга оширади. Ҳукуматнинг барча бутоқлари, жумладан, президент қурултойга ҳисобот беради.

Аввалроқ президент Садир Жапаров ҳукумат жой-жойларда қурултой делегатларини сайлаш жараёнига аралашмаслигини эълон қилган.

Илон Маск Twitter’да блокланган аккаунтлар қайта тикланишини билдирди

SpaceX ва Tesla асосчиси Илон Маск 28 октябрь куни Twitter тармоғини 44 миллиард долларга сотиб олган.

Twitter кейинги ҳафтада блок қилинган аккаунтларни қайта тиклайди. Бу ҳақда ширкат раҳбари Илон Маск маълум қилди. Унга кўра, бу амнистия қонунчиликни бузганларга ва спам йўллаганларга нисбатан қўлланилмайди.

20 ноябрда Twitter ширкатининг янги раҳбари Илон Маск АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп саҳифасини блоклаш тўғрисидаги қарорни бекор қилди.

Дональд Трампнинг Facebook, Instagram ва Twitter ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари 2021 йилнинг январида блоклаб қўйилган эди. Ўшанда Трампнинг тарафдорлари президентлик сайлови натижаларига норозилик сифатида Вашингтондаги Капитолий биносини ишғол қилганди. Бу воқеа пайтида бир неча киши ҳалок бўлган. Шундан сўнг ижтимоий тармоқлар Трамп ўз саҳифаларида аҳолини тартибсизликларга чақираётганини билдириб, уни блоклаган эди.

SpaceX ва Tesla асосчиси Илон Маск 28 октябрь куни Twitter тармоғини 44 миллиард долларга сотиб олган.

7 ноябрда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси раҳбари Волкер Турк Илон Маскка мурожаат қилиб, Twitter бошқарувида марказий ўринни инсон ҳуқуқлари эгаллаши лозим, деган фикрни билдирган эди.

Илон Маск Twitter’ни сотиб олганидан сўнг платформа штатининг қарийб ярмини – тақрибан 3700 кишини ишдан бўшатган. Bloomberg агентлиги аввалроқ ходимларнинг бир қисмига ишдан олингани электрон почта орқали билдирилганини хабар қилган. Кўпчилик ходимлар корпоратив тизимларга киролмай қолганларидан кейин ишдан айрилишганини билишган.

Орадан бир неча кун ўтгач Bloomberg Twitter раҳбарияти ишдан бўшатилган ходимларнинг бир қисмидан қайтишни сўрагани ҳақида хабар қилган. Менежмент қисқартиришларнинг айримлари хато бўлганини тан олган.

Хитойдаги айфон ишлаб чиқарувчи энг йирик завод ишчилари иш ташлади

Foxconn ширкати ишчиларга “техник хатолик” туфайли иш ҳақи тўланмай қолганини айтиб, узр сўради.

Хитойнинг Чжэнчжоу шаҳридаги Apple смартфонларини ишлаб чиқарувчи энг йирик завод ишчилари ва полиция ўртасида тўқнашув юз берди. Полиция оз иш ҳақи ва қониқарли бўлмаган шароитларга қарши иш ташлаган ишчиларни куч билан тарқатишга ҳаракат қилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеоларда юзлаб ишчилар полицияга қаршилик кўрсатаётгани акс этган. Видеода ишчилар ойликнинг озлигидан ва иш ўрнида санитария шароитлари ёмонлигидан шикоят қилишган.

Хабарларда айтилишича, иш ташлаш 22 ноябрь куни эрталаб бошланган. Ишчилар Apple ширкати субпудратчиси бўлган Foxconn ширкати уларга икки ойлик иш ҳақи сифатида шартномада кўрсатилганидай 25 минг юан (3,5 минг доллар)дан тўлаб бермаганига норозилик билдирган. 24 ноябрпь куни Foxconn ширкати ишчиларга “техник хатолик” туфайли иш ҳақи тўланмай қолганини айтиб, узр сўради.

Ишчилар, шунингдек, COVID-19 га чалинган ҳамкасблари бошқалардан изоляция қилинмаётганига ҳам норозилик билдирди. Бироқ Foxconn бу маълумот ”мутлақо ёлғон” эканини билдирди.

“COVID-19 га тоқат қилмаслик” сиёсати доирасида Хитой корхоналари ёпиқ режимда ишламоқда. Ишчилар ташқи олам билан мулоқот қилишдан четлатилиб, ишлаб чиқариш корхоналарида яшамоқда. Октябрда Чжэнчжоудаги заводдан ишчилар оммавий тарзда бўшай бошлади. Бунинг ортидан Foxconn “мукофот пуллари берилиши”ни эълон қилиб, янги ходимларни ишга олишга мажбур бўлди. “Мукофот пуллари” берилиши эълон қилинганидан сўнг корхонага юз мингдан кўпроқ киши ишга кирди.

Apple ширкати мазкур воқеа ортидан Чжэнчжоудаги заводда ишлаб чиқариш камайгани оқибатида iPhone 14 ни савдога чиқариш камайтирилишини билдирди.

Бишкек “Росатом” Қирғизистонда АЭС қуриши тўғрисидаги хабарга тушунтириш берди

Қирғизистон Энергетика вазирлиги Россиянинг “Русатом Энержи Прожект” (“Росатом”) ширкати билан ҳамкорликда мамлакат ҳудудида АЭС қуриши тўғрисида тарқалган хабарларга тушунтириш берди.

Вазирликнинг билдиришича, “Росатом” АЭСнинг техник-иқтисодий асосламасини ишлаб чиқади. Шундан сўнг Қирғизистон АЭС қуриш зарурати бор ёки йўқлиги тўғрисида қарор чиқаради.

“Қирғизистон томони “Росатом” таклиф қилган технологиялар, уларнинг хавфсизлигини текширади. Зарур бўлган кўп томонлама экспертизаларни ўтказади. Шу билан бир қаторда экологик хавфсизлик масаласига ҳам эътибор қаратилади. Шундан сўнг бу масала жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. АЭС қурилиши юзасидан қарор қабул қилишда халқнинг фикри эътиборга олинади”, дейилади вазирлик тушунтирувида.

22 ноябрда Энергетика вазирлиги “Росатом” билан ҳамкорлик шартномасини имзолагани хабар қилинган эди. Жорий йил бошида Энергетика вазирлиги Россиянинг “Росатом” ширкати билан биргаликда Қирғизистонда кичик АЭС қуриш бўйича меморандумни имзолагани айтилган эди. Ҳозирча бу лойиҳа ҳақида бошқа маълумотлар мавжуд эмас.

Ўзбекистон ҳам 2018 йил сентябрда Россия билан АЭС қуриш бўйича ҳамкорлик келишувини имзолаганди. Унга кўра, “Росатом” ВВЭР-1200 реактор қурилмасига эга “3+” авлоддаги иккита энергоблокдан иборат мажмуа қуради. Станция Ўзбекистон бюджет маблағи ва Россия давлат кредити ҳисобидан қурилиши режалаштирилган.

Йирик иншоот қурилиши учун мақбул жой сифатида Жиззах вилояти Тузкон кўли яқинидаги майдон танланган. Бу ҳудудда АЭС қурилиши учун тайёргарлик ишлари ҳам бошлаб юборилган эди.

2019 йил октябрь ойида “Росатом” бош директори Алексей Лихачев корпорация йил охиригача Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича асосий шартнома имзоланишини айтган. Аммо бу ҳужжат ҳозиргача имзолангани йўқ.

“Ўзатом” бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудовга ишонилса, АЭСнинг биринчи блоки 2028 йилда, иккинчиси эса 2030 йилда иш туширилади.

Мобилизациядан сўнг Марказий Осиёда иш излаётган россияликлар кўпайди

Путин мобилизациясидан Қозоғистонга қочган руслар.

Мобилизация эълон қилинганидан сўнг камида 66 минг россиялик бошқа давлатлардан иш излаб, ўз резюмеларини интернетга жойлаштирган. Бу ҳақда hh.ru аналитикларининг хулосаларига таянган ҳолда РБК хабар қилди.

10 октябрдан 22 октябргача бўлган маълумотлар 10 сентябрдан 22 сентябргача бўлган маълумотларга солиштирилганида интернетда резюме қолдирган Россия фуқароларининг 44 мингги Қозоғистондан иш излаётгани аниқланди. Грузияда 8,6 минг, Ўзбекистонда 4,5 минг, Туркияда 2,9 минг ва Қирғизистонда 2,8 минг россиялик ўз резюмесини жойлаштирган.

Тадқиқотда айтилишича, бу ҳозирча вакансиялар бозорига таъсир кўрсатгани йўқ, негаки 66 минг иш изловчининг асосий қисми ўз профессионал мажбуриятларини бажариш учун интернетдан фойдаланадиган ва мобил турмуш тарзига кўникиб қолган “рақамли кўчманчилар” тоифасига мансуб бўлган шахслардир. Жумладан, уларнинг 10 фоизини IT-мутахассислар, 10 фоизини савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси вакиллари, 9 фоизини маркетологлар, рекламачилар ва PR-мутахассислар, 8 фоизини қурилиш ва кўчмас мулк соҳаси вакиллари ташкил қилган.

«Ҳозирча меҳнатга лаёқатлилардан қанчаси мамлакатни тарк этганини айтиш жуда қийин, чунки одамлар чегараларни турли сабаблар билан кесиб ўтади ва кейин ортга қайтади. Бундай рақам ҳатто Россия ва россияликлар бораётган бошқа давлат органларида ҳам мавжуд эмас. Экспертларнинг энг оптимистик ҳисоб-китобига қараганда, уларнинг сони 300 минг кишига яқин”, дейилади hh.ru тадқиқотида.


Айни пайтда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси маълумотига кўра, 21 сентябрдан 3 октябрга қадар мамлакатга 281 548 нафар Россия фуқароси келган, улардан 147 мингдан ортиғи Қозоғистонда қолган.


Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси сентябрь ойининг ўзида Ўзбекистонга 78,2 минг россиялик турист келгани ва бу апрель ойидаги кўрсаткичдан 2,7 баробар кўплигини билдирган эди.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги вакиллари эса октябрда Самарқандда ўтган Discovering Uzbekistan конференциясида ўтган тўққиз ой ичида Ўзбекистонга Россиядан 400 мингдан зиёд турист келганини билдирган.

Президент Путиннинг 21 сентябрдаги ҳарбий сафарбарлик эълонидан кейин Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонга келаётган россияликлар сонининг ортиши оқибатида минтақа мамлакатларида уйларнинг ижара нархлари кескин ошиб кетди.

Тожикистон: Тоғли Бадахшон воқеаларига оид иш бўйича беш киши умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Толиб Айёмбеков, Мунаввар Шанбиев ва Ниёзшо Гулобов (чапдан ўнгга)

Тожикистон Олий суди Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида туғилган беш кишини умрбод қамоқ жазосига тортиш бўйича ҳукм чиқарган.

Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, яна 8 нафар судланувчи 10 йилдан 30 йилгача қамалган.

Умрбод қамалганлар орасида тоғли бадахшонликларнинг норасмий лидерлари экани айтилаётган Мунаввар Шанбиев ва Толиб Айёмбековлар бор. Ниёзшо Гулобов, Имум Шоиширинов, Нажмиддин Шержонов исмли маҳаллий фаоллар ҳам умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Толиб Айёмбековнинг қариндоши журналистларга суд қарори 22 ноябрь куни ўқиб эшиттирилганини айтган. Тожикистон расмийлари ҳукм юзасидан изоҳ бермаганлар, судларнинг барчаси ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган.

Тоғли Бадахшонда ўтган йил ноябрида рўй берган оммавий норозилик акциялари расмийлар томонидан бостирилган эди. Ўша пайтда вилоят бўйлаб фавқулодда ҳолат тартиби эълон қилинган ҳамда интернет ўчириб қўйилган. Шундан кейин минтақада норасмий лидерлар ёппасига ҳибсга олина бошлаган.

Май ойида норозилик чиқишлари кучайиб, бир неча юз нафар хоруғлик вилоят раҳбари ва шаҳар мэри истеъфога кетишини, Хоруғдаги ҳарбий блокпостлар олиб ташланиши ва маҳаллий турғунларни таъқиб қилиш тўхтатилишини талаб қилиб чиқишган.

Бундан ташқари, митингчилар ноябрь ойидаги норозилик акциялари чоғида ўлдирилган вилоятликлар ўлимида айбдор бўлганларни жавобгарликка тортишни талаб қилишган. Расмийлар норозилар талабларини бажаришдан бош тортишган.

Тоғли Бадахшонда тинч аҳоли вакилларининг куч ишлатар тузилмалар ходимлари билан тўқнашуви чоғида, расмий маълумотларга кўра, 16 киши ҳалок бўлган. Норасмий маълумотларга кўра эса, тўқнашув қурбонлари сони камида 34 кишига етган.

Хитойда бир суткада COVID-19 га чалиниш бўйича рекорд натижа эълон қилинди

Хитой ҳукумати COVID-19 га чалиниш бўйича тарихий максимумни қайд этди. Бир кун ичида мамлакатда 31 минг 700 киши коронавирусга чалинди. Бу ҳақда ТАСС Хитой Гигиена ва саломатлик давлат қўмитасига таянган ҳолда хабар берди.

Хабарда қайд этилишича, 87 фоиз беморда коронавирус симптомлари сезилмаган. 23 ноябрда Хитойда бир киши коронавирусдан ҳалок бўлган. Бу билан мамлакатда ковиддан ўлганлар сони расман 5 2321 кишига етгани айтилди.

Бундан аввал апрель ойида коронавирусга чалиниш ҳолати энг кўп қайд этилган эди. Ўшанда 29 минг киши касалликка чалингани хабар қилинганди.

Хитойда коронавирус тарқалишини назорат қилиш тобора қийинлашмоқда. Расман билдирилишича, тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморларнинг 90 фоизи коронавируснинг симптомсиз кўринишини юқтирган. Январь ойида бу кўрсаткич 20 фоизни ташкил қилар эди.

COVID-19 пандемияси уч йил аввал бошланганди. Жаҳонда 650 миллион кишида коронавирус қайд этилди ва улардан камида 6,5 миллиони вафот этди.

Коронавирус пандемияси келиб чиққан Хитойда COVID-19 билан 288,5 миллион киши касалланди, расман 5 2321 киши ўлгани маълум қилинди.

Politico: Вашингтон Россия кимёвий қурол қўллаши мумкинлигидан ташвишда

АҚШ президент маъмурияти расмийлари Россия Украина урушида муваффаққиятсизликка учрашда давом этаётгани ортидан кимёвий қурол қўллаши мумкинлигидан ташвиш билдирмоқда.

Politico нашрининг Оқ Уйдаги исми айтилмаётган 6 расмийга таяниб хабар беришича, президент Владимир Путин ядровий қуролдан кўра кўпроқ кимёвий қурол қўллаши мумкин.

Хабарда айтилишича, АҚШ иттифоқчилар билан бундай ҳолатга шай туриш масаласини муҳокама қилмоқда. Айни пайтда нашр АҚШ разведкаси Россия кимёвий қурол қўллашга тайёргарлик кўраётгани тўғрисидаги маълумотларга эга эмаслигини таъкидлаган.

АҚШ расмийларига кўра, Россия кимёвий қурол қўллашга қарор қилса, уни очиқ-ошкора ишлатмайди, балки текширув ва анализ орқали исботлаш қийин бўлган моддалардан фойдаланади.

Россия кимёвий қуролга эга эканини инкор этмоқда.

Пашинян КХШТ саммитида ҳужжатларни имзолашдан бош тортди

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Россия президенти Владимир Путин билан Ереван саммитида.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг 23 ноябрда Ереванда ўтган саммитида КХШТ коллектив хавфсизлик Кенгаши декларациясини ва Арманистонга кўмак кўрсатиш бўйича ҳамкорликдаги чоралар тўғрисидаги ҳужжатларни имзолашдан бош тортди. Бу ҳақда ҳукумат матбуот хизмати маълум қилди.

КХШТга Арманистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Беларусь аъзо давлат ҳисобланади.

Саммитда сўзлаган Пашинян ташкилотни Озарбайжон ҳаракатларига сиёсий баҳо беришга чақирди. Унга кўра, Озарбайжон Арманистонга агрессия қилмоқда. Пашинян ташкилотга аъзо давлатларни Озарбайжонни “Арманистоннинг босиб олинган ҳудудларидан аскарларини олиб чиқиб кетишга” мажбурлашни талаб қилди. Арманистон бош вазири бу талаблар бажарилмаса “КХШТ ўз иттифоқчилик мажбуриятларидан воз кечган бўлади” деб айтди ва ташкилотдан ҳарбий ёрдам сўрамаслигини билдирди.

Ереван расмийлари Озарбайжон сентябрь ойидаги қуролли тўқнашувлар ортидан Арманистон ҳудудининг бир қисмини босиб олган, деб ҳисоблайди. Расмий Боку эса икки давлат ўртасида чегаралар демаркация қилинмагани билдириб, Ереван иддаосини инкор қилиб келади.

Аввалроқ Беларусь президенти Александр Лукашенко арман томони ҳужжатларга иккита қўшимча киритишни таклиф қилгани, аммо қолган давлатлар бу таклифни қабул қилмаганини айтган эди. Россия президенти Путин эса саммитда Озарбайжон ва Арманистон ўртасида тинчлик шартномаси имзоланишига умид билдирди.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков саммит ҳақида гапирар экан, Арманистоннинг КХШТдан чиқиши ҳақида гап бўлмаганини айтди. Унга кўра, “лидерлар ҳамма масалалар бўйича муросага кела олмаган”, холос.
Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Тоқаев эса Украинада “тинчлик ўрнатиш формуласини коллектив тарзда излаш пайти” келганини айтди. Унга кўра, “ҳеч бўлмаганда оташкесимга эришиш учун ҳар қандай имкониятдан фойдаланиш лозим”.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Еревандаги саммити арафасида мухолифатдаги “Миллий-демократик қутб” партияси 22 ноябрь куни Арманистон пойтахтида норозилик намойиши ўтказган эди.

Европарламент Россияни терроризм ҳомийси бўлган давлат деб тан олишга оид резолюцияни қабул қилди

Польшадаги норозилик намойиши чоғида тасвирга олинган плакат (архив сурати)

Европа парламенти депутатлари 23 ноябрь кунги мажлисда Россияни Россияни терроризм ҳомийси бўлган давлат деб тан олишга оид резолюцияни қабул қилишди. Депутатлар президент Владимир Путин ва унинг ҳукуматини халқаро трибуналга жалб қилиш учун замин ҳозирлаётганларини билдирганлар.

“Россия Федерацияси томонидан Украинанинг тинч аҳолисига қарши амалга оширилаётган мунтазам ҳужум ва ваҳшийликлар, фуқаровий инфратузилманинг вайрон қилиниши ва халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бошқа жиддий бузилишлари Украина аҳолисига қарши террор хуружига тенг бўлиб, ҳарбий жиноятларни ташкил этади”, дейилган ҳужжат матнида.

Резолюцияда Россия уруш вақтида терроризм методларидан фойдаланаётган мамлакат ўлароқ эътироф этилган. Депутатлар Европа Иттифоқига кирган мамлакатларни бутун бошли мамлакатларни террорчилар рўйхатига киритиш имконини берувчи янги қонунчиликни ишлаб чиқаришга чақирган. Ҳозирда террор рўйхатига фақат ташкилотлар ва муайян шахсларни қўшиш мумкин, холос.

Депутат ЕИ мамлакатларини Россиянинг Украинага қарши агрессияси бўйича махсус трибунал ташкил қилишга дастак уюштиришга чақиришган. Овоз бериш олдидан ҳужжат Россия президенти Владимир Путин ва унинг ҳукуматини судлаш учун қадамга айланиши лозимлиги қайд этилган.

Резолюция Европа мамлакатларига амалий ҳаракат қилиш мажбуриятини юкламайди ва рамзий маънога эга. Ҳужжатни депутатлардан 494 нафари ёқлаган, 44 нафар депутат овоз беришдан тийилган, 58 нафари эса қарши овоз берган.

Журналист Болот Темиров Қирғизистондан бадарға қилинди

Болот Темиров судда (архив сурати)

Бишкек шаҳар суди 23 ноябрь куни қуйи инстанция суди ҳукми бўйича апелляция шикоятини кўриб чиқиш асносида журналист Болот Темировни Қирғизистондан бадарға қилиш ҳақида қарор чиқарди.

Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, суд қарори ортидан Темиров ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамроҳлигида учоқда Қирғизистондан олиб чиқиб кетилган.

Озодлик мухбирининг Бишкекдаги “Манас” аэропортидан хабар қилишича, кўринишидан ҳуқуқ-тартиботчиларга ўхшаш бир қанча эркак Темировни куч билан учоқ парвоз қиладиган ҳудудга олиб кетишган. Ўша пайтда Москва рейсига миниш вақти тугаётган бўлган.

Бунга оид бошқа тафсилотлар ҳозирча маълум эмас. Суд ҳукмини ижро қилиш мажбурияти юкланган Ички ишлар вазирлиги ва МХДҚ Чегара хизмати вазият юзасидан ҳали изоҳ берганларича йўқ.

Суд мажлисларидан бирида Темиров Қирғизистон паспортидан ташқари унда Россия паспорти ҳам борлиги билдирган.

Темировнинг адвокатлари суд қарорини ҳуқуқий бошбошдоқлик деб аташган. Конституциявий қонунчилик бўйича мутахассис Сания Токтогазиева эса Facebook тармоғидаги ўз саҳифасида “икки пулга қиммат” эканини урғулаб, “бу мутлақо уқувсизларча, қонунга зид бўлган ва одатий бўлмаган судлов”лигини айтган.

Аввалроқ Европа Иттифоқининг Қирғизистондаги ваколатхонаси, АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси ва Норвегия Хельсинки институти Болот Темировга нисбатан чиқарилган ҳукм бўйича хавотир изҳор қилишган.

Temirov LIVE YouTube-канали асосчиси Болот Темиров Қирғизистонда ўзининг танқидий суриштирув материаллари билан танилган. Сўнгги пайтларда хусусан Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев бир неча бор мазкур канал танқидига нишон бўлган.

Бу суриштирувлар ортидан шу йил январида Болот Темировга қарши жиноят иши қўзғатилган. У ноқонуний равишда наркотик сақлаганликда гумонланган. Ўшанда Temirov LIVE таҳририяти офисида тинтув ўтказилган эди.

Жорий йилнинг апрель ойида Temirov LIVE Қамчибек Ташиев фарзандларининг давлат тендерларида иштирок этаётганига оид янги суриштирувни ёйинлаган. Шундан сўнг Болот Темировга қарши Қирғизистон Жиноят кодексининг 379-моддаси (“Ҳужжатларни қалбакилаштириш”) ва 378-моддаси (“Қирғизистон давлат чегарасидан ноқонуний ўтганлик”) бўйича янги жиноят ишлари очилгани маълум бўлган.

Шу йил 28 сентябрь куни Бишкекнинг Свердлов туман суди журналист Болот Темиров икки ҳолат – ноқонуний наркотик сақлаганлик ва давлат чегарасидан ноқонуний ўтганлик бўйича оқлаган.

Айни пайтда журналист паспорт олишда қалбаки ҳарбий билет ва қалбаки вақтинча шахсий гувоҳномадан фойдаланганликда айбдор деб топилган, бироқ жиноят учун жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги туфайли жазодан озод қилинган. Темиров ҳукмнинг шу қисми бекор қилиниши учун уринаётган эди.

Қозоғистон ТИВ мулозими россиялик пропагандачилар баёноти юзасидан изоҳ берди

Қозоғистон ТИВ раҳбарининг ўринбосари Роман Василенко, Остона, 2022 йил 23 ноябри

Қозоғистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Роман Василенко кремлпараст экспертнинг “Россия 1” телеканали ёйинида Россиянинг Украинадан “кейинги муаммоси” Қозоғистон бўлишига оид мулоҳазалари юзасидан шарҳ берди.

“У ерда ҳам “нацистик жараёнлар” бошланиши мумкин”, дея билдирган россиялик сиёсатшунос Дмитрий Дробницкий Владимир Соловьёв бошловчилигида 20 ноябрь куни эфирга узатилган дастурда. Бу каби пропагандистик фикрлар авваллари кремлпараст экспертлар томонидан Украинага қарши урушни оқлаш учун ҳам ишлатилган.

“У ерда руслар ҳам кўп, ҳудудлар ҳам... кечирасиз, Семипалатинск ҳам у ерда, бизнинг “Росатом” учун ядровий ёқилғи ҳам ўша ерда”, деган Дмитрий Дробницкий “Вечер с Владимиром Соловьевим” номли дастурда.

“Биз бу баёнотлар, биринчидан, Россия Федерациясининг расмий позициясини акс эттирмайди, деб ҳисоблаймиз. Иккинчидан, улар Қозоғистон билан Россия ўртасидаги анъанавий тиғиз алоқаларга путур етказади, учинчидан эса, бу каби позицияларнинг федерал каналлардан бирида айтилишига Россия Федерацияси расмийлари томонидан тегишли реакция кўрсатилиши жоиз”, деган 23 ноябрь кунги чиқишида Қозоғистон ТИВ раҳбарининг муовини Роман Василенко.

Россия президенти Владимир Путин шу йил февраль ойида Украинага қарши “махсус амалиёт” бошланишига расмий сабаб сифатида “денацификация” сўзини ишлатган эди. Кейинчалик бу ибора россиялик расмийлар томонидан кам қўлланила бошлади, чунки бу сўзни фуқаролар тушунишмаяпти, унинг маъносини эса ҳеч ким жўяли қилиб тушунтириб бера олаётгани йўқ.

Қозоғистонлик дипломат Роман Василенко чоршанба кунги баёнотида “ҳеч қанақа нацистик жараёнга” ҳеч қачон дуч келмаганини, “чунки бунақа ҳолат бизнинг мамлакатда мутлақо йўқ”лигини урғулаган. Унга кўра, давлат раҳбари ҳам, ТИВ раҳбарияти ҳам, парламентнинг ҳар икки палатаси раислари дохил қозоғистонлик бошқа юқори лавозимли мулозимлар ҳам “гапирувчи каллалар”нинг бу каби турли шарҳ ва баёнотлари юзасидан бир неча бор ўз фикрларини билдиришган”.

Россиялик арбобларнинг Қозоғистонни “денацификация қилиш” зарурлиги тўғрисидаги мулоҳазалари аввал ҳам янграган. Март ойида Интернет тармоғида Москва шаҳар думаси депутати Сергей Савостьяновнинг “денацификация ва демилитаризация” ҳудудига Болтиқбўйи, Польша, Молдова ва Қозоғистонни ҳам қўшишга оид баёноти пайдо бўлган эди.

“Денацификация” ва “демилитаризация” ибораларини Москва 24 февраль куни ўз қўшинларини Украина ҳудудига киритиш чоғида қўллаган эди. Остона москвалик депутат Савостьяновнинг сўзларини эътиборсиз қолдирган. Қозоғистон ТИВ раҳбари Мухтар Тлеуберди, агар бу баёнот федерал миқёсда берилганида, вазирлик бунга муносабат билдирар эди, дея қайд этган.

Россиянинг Украинага қарши бошлаган тажовузкор урушини бугунги кунда дунёдаги мамлакатларнинг аксарияти қоралайди. Остона Россия агрессиясини қораламаган, бироқ Москва хатти-ҳаракатини дастаклаган ҳам эмас. Қозоғистон Москва мустақил давлатлар ўлароқ тан олган ва кейинчалик аннексия қилиб олган Донбассдаги сепаратистик тузилмаларни тан олмаслигини билдирган. Бу аннексиялар олдидан ўтказилган “сохта референдумлар” натижалари ҳам Остона томонидан тан олинмаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG