Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:21

Арманистон бош вазири: Россия билан табиий ҳамкорлигимиз давом этади


Арманистон бош вазири Никол Пашинян Россия президенти Владимир Путин билан. Сочи, 2018, 14 май.
Арманистон бош вазири Никол Пашинян Россия президенти Владимир Путин билан. Сочи, 2018, 14 май.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Ереван ва Москва ўртасидаги алоқаларни “ўз табиий йўлидан кетаётган жараён“ деб таърифлаб, икки давлат ўртасидаги муаммоларни кичрайтириб кўрсатишга уринди.

2 сентябрь куни Facebookда фуқароларнинг саволларига жонли жавоб берган Пашинян, шунингдек, Россияга хизмат сафари билан бориб, президент Владимир Путин билан учрашишини эълон қилди, аммо бу режа айнан қачон амалга ошишини очиқламади.

- Бу учинчи учрашувимиз бўлади. Ўзаро алоқаларимиз бўйича кўплаб масалани кўриб чиқамиз ҳамда бир неча муаммога ечим топамиз, - деди вазир.

- Барча муаммолар ҳал этилади, деб бўлмайди, аммо табиий ҳамкорлигимиз давом этишини аниқ айта оламан.

Айрим таҳлилчиларнинг фикрича, Арманистон парламенти кўрган айрим чоралар, жумладан, 2008 йилда содир бўлган мухолифат намойишларини тарқатишда кескин куч қўлланган собиқ расмийларнинг жавобгарликка тортилгани Россияга маъқул келмаган.

Жавобгарликка тортилганлар орасида собиқ президент Роберт Кочарян билан бирга Россия етакчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг етакчиси Юрий Хачатуров ҳам бор.

Июлда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Арманистон етакчилари ўзларидан олдин ишлаганларга сиёсий сабабларга кўра тазйиқ ўтказмасликни ваъда қилганини айтиб, янги ҳукумат собиқ расмийларни жавобгарликка тортганини қоралаган эди.

Августда эса 2008 йилги намойишларда мухолифатчи сифатида муҳим роль ўйнаган Пашинян Москва Арманистондаги “янги сиёсий муҳитга кўникиши“ кераклигини таъкидлади.

Бундан ташқари, ўтган ҳафтада Кремль расмий сайтида Россия президенти Владимир Путин 31 август куни собиқ президент Кочарянга қўнғироқ қилиб, уни туғилган куни билан табриклагани ҳақида хабар қилинди. Кремль баёнотида телефон мулофоти тафсилотлари очиқланмади.

Айримлар бу ҳолат Арманистоннинг янги ҳукумати билан Москва ўртасидаги алоқалар совуб бораётганидан далолат беради, деган хулосага келди.

31 август куни Россиянинг “Интерфакс“ ахборот агентлиги Москва Арманистоннинг собиқ мудофаа вазири Микаел Арутюнянни экстрадиция қилишдан бош тортгани ҳақида хабар қилди. “Интерфакс“ хабарида эътироф этилишича, Россия расмийлари Арутюнян Россия фуқароси ҳам эканлигини айтиб, Ереван талабини бажармаган.

Аммо Арманистон прокуратураси матбуот котиби Арутюнян қаердалиги номаълум эканлигини айтиб, бу хабарни рад этди.

Арманистон расмийлари Арутюнянни 2008 йилги намойишлар бостирилишидаги роли учун жавобгарликка тортишни истайди.

XS
SM
MD
LG