Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:24

Халқаро хабарлар

Арманистонда Соловьёв дастурларини ёйинлаш тақиқланди

Владимир Соловьёв
Владимир Соловьёв

Арманистонда россиялик журналист Владимир Соловьёв кўрсатувлари ёйинига тақиқ қўйилди. Россия журналистлари уюшмаси буни сўз эркинлигининг бузилиши деб атади.

Арманистон юқори технологик саноат вазирининг ўринбосари Авет Погосянга кўра, тақиқ қарори оммавий ахборот воситалари соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги икки томонлама шартноманинг иккита моддаси “мунтазам равишда бузилгани” туфайли қабул қилинган.

Бу ерда гап тақҳиромуз мазмундаги дастурлар ёйини ва ички сиёсий турмушга аралашувни истисно этувчи модда ҳамда миллий байрамлар ва фавқулодда ҳолатлар чоғида тартиб-қоидаларга ҳурматни талаб этувчи модда ҳақида бормоқда.

Ҳатто алоҳида олинган дастурларга қўйилган тақиқ ҳам сўз эркинлиги ва ахборот тарқатиш эркинлигининг ҳақиқатан бузилиши бўлади”, дея билдирган Россия журналистлари уюшмаси раҳбари Владимир Соловьёв (бу мулозим дастурларига тақиқ қўйилган журналист Владимир Соловьёвнинг адашидир - таҳр.).

Бир ой муқаддам журналист Владимир Соловьёв ва Маргарита Симоньян дастурлардан бирида Грузия ва Арманистон ўртасида чегаралар бўлмаслиги ҳақида “орзулар”и ўртоқлашишганди – улар фикрича, “аслида шундай бўлиши ҳам керак”.

Россия қўшинлари Украинага кенг кўламда бостириб кирган 2022 йил февралидан сўнг Россияда журналистларга босим ва цензура бир неча баравар кучайган. Кўплаб ОАВ ўз офисларини хорижга кўчиришга мажбур бўлган, бошқалалари эса фаолиятларини тўхтатган ёки уруш воқеаларини ёритишдан бош тортишган. Урушни ёритишда давом этаркан, жиноий таъқибга учрамасликни истаган медиа ходимлари ёппасига бошқа мамлакатларга чиқиб кетишган.

Россия журналистлари уюшмаси Соловьёв Россиядаги цензура билан урушдан кейин курашажагини айтган.

Кун янгиликлари

Россияда урушни истамагани учун таъқиб этилганлар сони 900дан ошди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россияда урушга қарши бўлгани учун камида 902 кишига қарши иш қўзғатилган. Улардан 261 нафари озодликдан маҳрум этилган: улар тергов ҳибсхоналари, колониялар ёки мажбурий даволаниш жойларида сақланмоқда. Бу ҳақда Россиядаги “ОВД-Инфо” ҳуқуқбонлик медиалойиҳаси маълумот тарқатди.

Лойиҳа қайдича, 285 киши фейкларга оид модда, 172 киши эса Россия армияси ёки расмийларини обрўсизлантирганлик моддаси бўйича таъқиб қилинмоқда. Бу моддалар РФ Жиноят кодексига Россия қўшинлари Украинага кенг кўламли босқин бошлаган 2022 йил февралидан кўп ўтмай киритилган. Россия судлари Украинадаги уруш ҳақида мамлакат Мудофаа вазирлиги маълумотига мос ҳар қандай маълумотни фейк деб тан олишади. Обрўсизлантириш деганда эса судлар, масалан, Украинадаги уруш контекстида “уруш” сўзи ишлатилишини тушунишади. Бу “жиноятлар” учун Россияда узоқ йилларга қамалиш мумкин.

Терроризмни оқлаш моддаси бўйича 175 киши айбланмоқда. Уларга қарши иш қўзғатилишига бошқа сабаблар қаторида кремлпараст блогер Владлен Татарскийнинг ўлими ва Қрим кўпригининг портлатилиши тўғрисидаги постлар, шунингдек, Россияда ҳокимиятни куч билан алмаштириш чақириқлари асос бўлган.

Урушга қарши позиция учун очилган ишлар Россиянинг фақат тўртта ҳудудида — Чеченистонда, Қорачой-Черкесияда, Ненец мухтор округи ва Брянск вилоятида йўқ, холос. Урушга қарши бўлганларга нисбатан иш очиш энг кўп Москвада (159 киши), Санкт-Петербург шаҳрида (77 киши) ва Свердловск вилоятида (29 киши) кузатилган.

Айбланувчиларнинг камида 67 нафари қийноққа дучор этилган: ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уларни калтаклашган, зўрлашган, электр токи билан қийнашган, оғизларига скотч ёпиштиришган. Таъқиб қилинаётганларнинг 260 нафари айни пайтда Россияда эмас: уларга нисбатан суд ҳукмлари ва эҳтиёт чоралари сиртдан эълон қилинган.

Айбланувчиларнинг 122 нафарини фаоллар, 46 нафарини журналистлар, 43 нафарини сиёсатчилар ва 37 нафарини санъат арбоблари ташкил этади. Шунингдек, улар орасида ҳарбийлар, блогерлар ва ўқитувчилар ҳам бор. Улардан ташқари шахслар эса “бошқа касб” эгаларидир.

Шимолий Корея делегацияси музокара ўтказиш учун Эронга борди

Шимолий Кореянинг ташқи иқтисодий алоқалар вазири Юн Чжон Хо бошчилигидаги делегацияси Эронга етиб борган. Бу ҳақда хабар қилган КХДР Марказий телеграф агентлиги ташрифга оид бошқа тафсилотларни келтирган эмас.

Шимолий Корея ва Эрон баллистик ракеталар яратиш дастурлари бўйича ҳамкорлик қилаётгани, ва эҳтимолки, ракеталар ишлаб чиқариш учун техник тажриба ва компонентлар алмашаётгани юзасидан шубҳа-гумонлар анчадан буён бор. “Америка овози” қайдича, Пхеньян ва Теҳрон махфий ҳарбий алоқаларга эга, деб кўрилади.

Жанубий Кореянинг Yonhap агентлиги шимолий кореялик юқори лавозимли мулозимнинг Эронга аввалги сафари 2019 йилда бўлиб ўтгани ҳақида ёзган. Ўша пайтда Шимолий Корея Олий халқ йиғини раисининг ўринбосари Пак Чол Мин Эрон парламенти раиси билан учрашиб, икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган.

Жанубий Корея разведкаси тахминига кўра, Эрон 14 апрелга ўтар кечаси Исроил ҳудудига зарба беришда Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган қурол-аслаҳалар — дрон ва баллистик ракеталардан фойдаланган бўлиши мумкин.

АҚШ эса Эрон ва Шимолий Корея Россияга қурол-аслаҳа етказиб беряпти ва Россия армияси бу қуроллардан Украинага қарши урушда фойдаланмоқда, деган гумонда. Теҳрон, Пхеньян ва Москва бу айбловларнинг барчасини рад қилиб келади.

Россияда мудофаа вазири муовини порахўрликда гумонланмоқда

Тимур Иванов
Тимур Иванов

Россияда мудофаа вазирининг ўринбосари Тимур Иванов пора олганликда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси 23 апрель оқшомида маълумот тарқатди.

Тергов қўмитаси бу ишга оид бошқа тафсилотларни келтирган эмас.

Россия Мудофаа вазирлиги сайтидаги маълумотларга кўра, 49 ёшли Тимур Иванов 1999-2012 йилларда ёқилғи-энергетика мажмуаси корхоналарида, кейин эса Москва вилояти ҳукуматида ишлаган. 2013-2016 йилларда “Оборонстрой” бош директори бўлган Иванов Россия президентининг 2016 йил майидаги фармони билан мудофаа вазири ўринбосари этиб тайинланган.

Тимур Иванов қўшинларни уй-жой билан таъминлаш, вазирлик объектларини қуриш ва капитал таъмирдан чиқариш ва ҳарбий ипотека масалаларини назорат қилади. Шунингдек у, РБК нашри қайдича, Россия Қуролли кучларининг бош черкови қурилиши масалалари билан шуғулланган.

Мудофаа вазири ўринбосари Иванов АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва Канаданинг санкция рўйхатига киритилган.

2022 йил декабрида мухолифатчи Алексей Навальнийнинг командаси Тимур Ивановнинг оиласи ҳақидаги суриштирувини эълон қилган. Мазкур материалда Иванов ва унинг хотини Светлана дам олиш, вилла ва яхталар ижараси, қимматбаҳо тақинчоқ ва кийим-кечакка миллион евродан кўпроқ пул сарфлагани, амалдор хотинининг шахсий харажатларини эса жанговар ҳаракатлар туфайли Украинанинг Мариуполь шаҳрида вайрон бўлган биноларни тиклаш билан шуғулланаётган фирма қоплагани айтилган.

АҚШ Сенати Украинага ёрдам пакетини маъқуллади

АҚШ Конгресси Сенатидаги кўпчилик лидери Чак Шумер
АҚШ Конгресси Сенатидаги кўпчилик лидери Чак Шумер

АҚШ Конгрессининг юқори палатаси (Сенати) 23 апрель оқшомида Қўшма Штатларнинг Украина дохил иттифоқчиларига 95,3 миллиард доллар миқдорида ҳарбий ёрдам ажратиш кўзда тутилган қонун лойиҳасини маъқуллади. Ҳужжатга мувофиқ, умумий ёрдам пакетидаги маблағнинг қарийб 61 миллиард доллари Украинага ажратилган.

Қонун лойиҳаси кўпчилик овоз билан маъқулланган: ҳужжат қабул қилинишини 79 нафар сенатор маъқуллаган, 18 киши эса қарши чиққан.

Сенатдаги овоз бериш олти ойлик муроса йўли қидириш жараёнига нуқта қўйган. Бу вақт мобайнида юқори палатадаги консерватив республикачилар Оқ уйдан АҚШ жанубий чегаралари хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва бошқа талаблар билан Украинага ёрдам ташаббусига тўсқинлик қилиб келишган. Уларнинг барча талаблари бажарилган эмас, бироқ ўтган ҳафтада Вакиллар палатаси Украина, Исроил, Тайвань ва АҚШнинг бошқа иттифоқчиларига ёрдам ажратишни маъқуллаган. Эндиликда қонун лойиҳаси имзолаш учун АҚШ президенти Жо Байденга тақдим этилади.

“Бутун дунёдаги иттифоқчиларимиз сўнгги олти ой давомида Конгресс фаолиятини кузатиб, “энг муҳим масалага қачон қўл урилади, Америка кучини йиғиб, бирлашиб, марказдан қочадиган кучларни енгиб, он муҳимлигини англай оладими?” деган саволни бериб келаётган эдилар. Бугун тарихнинг сергак нигоҳи остида Сенат “ҳа” деб баралла жавоб берди”, дея билдирган Сенатдаги кўпчилик лидери Чак Шумер.

Сенат қарори ҳақида маълумот пайдо бўлганидан бир неча дақиқа кейин АҚШ президенти Байден бу қонунни эртага - ҳужжат унинг столида пайдо бўлиши билан “Украинага шу ҳафтанининг ўзида қурол-аслаҳаларни йўллашни бошлай олиш учун” қўл қўйишини эълон қилди.

“Биз қатъиян демократия ва эркинликни дастаклаб, зулм ва истибдодга қарши чиқмоқдамиз”, дея урғулаган Жо Байден.

Қонун лойиҳаси доирасида ёрдамнинг 60.8 миллиард доллари Украинага, 26,4 миллиарди Исроилга ва Ғазо аҳолисига инсонпарварлик ёрдамига, 8,1 миллиарди эса Танвань ва АҚШнинг Тинч океани минтақасидаги иттифоқчиларига ажратилмоқда. Консерватив республикачиларга ён бериш ўлароқ ёрдам пакетининг 10 миллиард доллари Украинага кредит шаклида ажратилган, бу қарздан ҳам 2026 йилда президентнинг махсус қарори билан кечиб юборилиши мумкин.

RFE/RL ва Қозоғистон ТИВ журналистлар аккредитацияси бўйича медиатив келишувга эришди

Озод Европа/Озодлик радиосининг Прагадаги қароргоҳи
Озод Европа/Озодлик радиосининг Прагадаги қароргоҳи

Озод Европа/Озодлик радиоси (RFE/RL) медиакорпорацияси Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги билан Озодлик қозоқ хизмати журналистларининг аккредитацияси билан боғлиқ вазиятни ҳал қилишга қаратилган медиатив келишувга эришди.

Биз Ташқи ишлар вазирлиги билан эришилган мазкур келишувни олқишлаймиз”, дейилган RFE/RL медиакорпорацияси президенти ва бош ижрочи директори Стивен Капус баёнотида.

Бутун бу жараён давомида биз истаган ягона нарса — журналистларимиз Қозоғистонда ўзларининг муҳим бўлган фаолиятларини хавфсиз, ён беришларсиз давом эттира олиши бўлган. Биз аввалгидек ўз аудиториямизга мустақил, ишончга сазовор репортажларни тақдим этишга интиламиз ва аминманки, бу келишув айнан шу ишни амалга оширишимизга имкон беради”, дея билдирган Стивен Капус.

2024 йилнинг январь ойида Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Озодликнинг қозоқ хизматида (“Азаттиқ” радиоси) ишлайдиган 36 нафар журналистга аккредитация беришни рад қилган эди. “Азаттиқ”да ишлайдиган айрим мухбирлар аккредитацияси 2022 йил охиридан буён узайтирилмай келинаётган, шу муносабат билан Озодликнинг қозоқ хизмати даъво аризаси билан судга мурожаат қилган эди.

Пашинян: “КХШТ суяниш мумкин бўлган механизм эмас”

Арманистон бош вазири Никол Пашинян
Арманистон бош вазири Никол Пашинян

Арманистон бош вазири Никол Пашинян нима учун республика ҳалигача Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) аъзоси бўлиб қолаётганига оид саволга ўзида жавоб йўқлигини билдирди.

Британия нашрларига берган интервьюсида Пашинян КХШТ чегаралар делимитация қилинмаганини баҳона қилиб, 2021 ва 2022 йилларда Озарбайжон Қуролли кучлари томонидан Арманистон чегаралари бузилган пайтда жавоб механизмларини ишга туширмаганини қайд этган.

У КХШТ Россия, Арманистон ва бошқа аъзо мамлакатлар суяниши мумкин бўлган механизм ўлароқ мавжуд эмаслигини урғулаган.

“Бу КХШТнинг реакцияси ва айрим аъзо мамлакатларнинг баёнотлари билан асосланади. Жамиятимиз биздан: “Нима учун КХШТга аъзо бўлиб қолишда давом этяпсиз?” деб сўраяпти. Очиғини айтганда, менда бу саволга жавоб йўқ”, деган Пашинян.

Арманистон бош вазири Россия Жанубий Кавказ минтақасида сезиларли ва жиддий роль ўйнашини ҳам билдирган. Бу ҳақда “Интерфакс” агентлиги хабар қилган.

Британиялик журналистларга берган интервьюсида Пашинян Ереван Арманистон армиясидаги ислоҳотлар ва модернизация юзасидан Озарбайжондан келаётган баёнотлардан ҳам хавотирда эканини қайд этган.

Бош вазирга кўра, бир мамлакатнинг жанговар салоҳиятли армияга эга бўлиш ҳуқуқига бошқа ҳеч бир мамлакат қарши чиқолмайди.

У жанговар салоҳиятга эга армия фақат уруш учун эмас, тинчлик учун, кучлар мувозанатини барпо қилиш учун ҳам муҳимлигини урғулаган.

“Биз урушга эмас, тинчликка ҳозирланяпмиз. Бошқа томондан эса бизда Арманистон Республикаси ҳужумга учрамаслигига ҳозирча ишонч йўқ ва табиийки, биз мудофаа қобилиятимизни ривожлантиришимиз лозим”, деган Пашинян.

Бош вазир ҳозирги пайтда Арманистон ўта муҳим бўлган чегара демаркацияси жараёнига киришаётгани, бу жараён, хусусан, хавфсизлик таҳдидларини камайтириш нуқтаи назаридан ҳам ўта муҳимлигини таъкидлаган.

Россия ҳарбийлари Харьковдаги телеминорага зарба беришди

Россия зарбаси туфайли Харьковда қулаган телеминора парчаси
Россия зарбаси туфайли Харьковда қулаган телеминора парчаси

Россиялик ҳарбийлар Харьковдаги телеминорага зарба беришган. Бир қисми қулаган телеминора видеоси ва фотосуратлари маҳаллий телеграм-каналлар томонидан ёйинланган.

Харьков вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов зарба ортидан Харьков шаҳрида “телевизион инфратузилма объекти”га шикаст етганини, рақамли телевидение сигналини узайтишда узилишлар кузатилаётганини маълум қилган.

Айрим манбалар мазкур телеминорада Украина ҳавога қарши мудофаа тизимининг антеннаси ўрнатилган бўлганини айтишган.

Телеминора баландлиги 240 метр бўлиб, бу шаҳардаги энг юксак нуқта эди.

Россия Украина ҳудудига, шу жумладан одамлар яшаётган тураржойларга ҳар куни зарба бериб келмоқда. 23 апрелга ўтар кечаси россияликлар Одесса ва Киевга ракета ва "Шаҳед" дронлари билан ҳужум уюштиришган. Бунинг натижасида Одессада, маҳаллий расмийлар қайдича, икки бола дохил етти киши жабрланган.

"Ҳужум натижасида Одессадаги тураржой уйларига шикаст етди, ёнғин содир бўлди. Қутқарувчиларимиз уч бола дохил 34 кишини қутқаришга муваффақ бўлишди. Етти киши тан жароҳати олган, улардан икки нафари болалардир", деб ёзган Одесса вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Кипер.

Еврокомиссия TikTok бўйича иккинчи текширувни бошлади

Европа комиссияси TikTok ижтимоий тармоғига нисбатан иккинчи текширувни бошлади. ЕК сайтида 22 апрель куни чоп қилинган хабарномага мувофиқ, текширув орқали “ширкат Франция ва Испанияда TikTok Lite иловасини ишга туширишда рақамли хизматлар (Digital Services Act, DSA) тўғрисидаги қонунни бузиб-бузмаганини баҳолаш” назарда тутилган. Бу ҳақда “Немис тўлқини” хабар қилди.

Текширувни бошлашга фойдаланувчиларга TikTok Lite иловасининг балл тўплаш имкониятини берувчи функцияси асос бўлган. Еврокомиссия маълумотига кўра, мазкур мукофотлаш тизими “юзага келиши мумкин бўлган хатарлар” диққат билан ўрганилмасдан ишга туширилган, бу ерда гап, хусусан, “одатланиб қолиш эффекти билан боғлиқ хавф-хатар ҳақида бормоқда”.

17 апрель куни Еврокомиссия TikTok Lite иловаси туфайли юзага келиши мумкин бўлган хатарларни баҳолаш ҳақида TikTok’дан ҳисобот сўраган. Ширкатда регуляторга ҳужжатларни тақдим этиш учун бир сутка вақт бўлган, бироқ TikTok вакиллари бу ишни амалга оширишмаган. Эндиликда ширкатда хатарларни баҳолаш бўйича ҳисобот тақдим этишга яна бир сутка ҳамда бошқа сўралган маълумотларни бериш учун 3 майгача муҳлат бор.

Агар TikTok бу шартни бажармаса, Европа комиссияси ЕИ ҳудудида TikTok Lite дастури фаолиятини тўхтатиб қўйиши ёки ширкатни жаримага тортиши мумкин.

TikTok ширкати Еврокомиссия томонидан бошлатилган текширув юзасидан таассуф билдирган.

Бу қарор бизни умидсизлантирди — TikTok Lite мукофотлаш тизимидан 18 ёшдан кичик бўлганлар фойдалана олмайди ва видеоларни кўриш учун кунлик лимит мавжуд. Биз Европа комиссияси билан муҳокамаларни давом эттирамиз”, деган ширкат вакили.

АҚШ Исроил батальонига қарши санкция киритмоқчи

Исроил армияси (ЦАХАЛ) таркибига кирувчи “Нецах Йегуда” батальони ҳарбийлари
Исроил армияси (ЦАХАЛ) таркибига кирувчи “Нецах Йегуда” батальони ҳарбийлари

АҚШ Давлат департаменти Исроил армиясининг “Нецах Йегуда” бўлинмасига қарши санкциялар жорий этиш ниятида. Департамент маълумотига кўра, бу бўлим аскарлари Урдун дарёси Ғарбий қирғоғидаги фаластинлик араблар ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилмоқда, деб ёзган Axios ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда.

“Нецах Йегуда” батальонида мутаассиб диний жамоатлардан бўлган исроилликлар хизмат ўтайди. Санкциялар бу бўлинма АҚШдан ҳеч қанақа ёрдам ололмаслиги ёки америкалик инструкторлардан таълим ололмаслигини англатади.

Нашр суҳбатдошлари қарор АҚШ Давлат департаменти махсус комиссиясининг мазкур батальон фаолияти юзасидан олиб борган текшируви асосида қабул қилинганини айтишган. Текширув исроиллик ҳарбийларнинг фаластинликларга нисбатан амалга оширилган зўравонликка алоқадорлигига оид маълумотлар тушгани ортидан 2022 йил охирида бошлаган эди.

Текширув бошланишига сабаблардан бири, Axios маълумотига кўра, 2022 йил январида асли фаластинлик бўлган 78 ёшли америкалик Умар Асаднинг ўлими бўлган. “Нецах Йегуда” аскарлари уни Ғарбий соҳилдаги қишлоқлардан бирида жойлашган назорат-ўтказиш масканида қўлга олишган. Асад исроиллик аскарларнинг текширувдан ўтиш талабини рад этган. Улар америкаликнинг қўлига кишан тақишиб, совуқда қолдиришган. Бир неча соатдан кейин унинг юраги тўхтаб қолган. Шундан сўнг, нашрнинг ёзишича, исроиллик икки зобит эгаллаб турган лавозимидан бўшатилган.

2022 йил декабрида Исроил “Нецах Йегуда” бўлинмасини Ғарбий соҳилдан олиб чиқиб кетган. Шундан сўнг батальон асосан мамлакат шимолида хизмат ўтаган ва Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этган.

Axios қайдича, бу АҚШ томонидан Исроил армияси бўлинмасига қарши санкция киритилиши бўйича биринчи ҳолат бўлади. Бунинг кетидан Ғарбий соҳилда ҳаракатланаётган ЦАХАЛ (Исроил армияси) бўлинмалари ва Исроил полициясига қарши ҳам шунга ўхшаш қадамлар қўйилиши мумкин. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу “Нецах Йегуда” батальонига қарши муҳтамал санкцияларни “бемаъниликнинг энг чўққиси” деб атаган.

Эронда ҳижоб назорати бўйича янги хизмат ташкил этилди

Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) қўмондони Ҳасан Ҳазанзода Теҳронда аёлларнинг кийинишда шариат талабларига риоя қилиши масалалари бўйича янги ҳуқуқ-тартибот тузилмаси ташкил этилганини эълон қилди.

Мазкур хизмат ходимлари, ИИПК мулозимига кўра, аёлларнинг жамоат жойларида ҳижоб “янада масъулиятли тарзда” ўраб юришини таъминлаш учун махсус тайёргарликда ўтишган.

Бу эълон сўнгги кунларда Эрон расмийлари аёлларнинг ахлоқ меъёрларига нақадар мувофиқ равишда кийинаётгани бўйича текширувларни кучайтирганига оид хабарлар ортидан очиқланди. Мазкур рейдлар чоғида, Озодликнинг Эрон хизмати хабарига кўра, масъуллар аёллар билан қўпол муомала қилганлар.

2022 йил сентябрида ҳижобни нотўғри ўрагани учун ахлоқ полицияси томонидан қўлга олинган Маҳса Аминийнинг ўлимидан сўнг Эронда оммавий намойишлар бошланиб кетган эди. Норозилик чиқишлари бир неча ой давом этган ва бу Эроннинг муҳофазакор раҳбариятига қарши сўнгги ўн йилликлардаги энг жиддий чақириқлардан бири бўлган. Тўқнашувларда юзлаб одам нобуд бўлиб, минглаб одам ҳибсга олинган, намойишчилар ичидан бир неча киши қатл этилган.

Эрондаги нисбатан мўътадил депутатларнинг айримлари шу кунда, шу жумладан минтақада ҳарбий қарама-қаршиликлар туфайли таранглик кучайган бир пайтда мамлакатда режимни кучайтириш заруратини шубҳа остига олганлар. Бироқ Эрон Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти дресс-кодга риоя қилиниши бўйича янги чора-тадбирлар ҳамда яқиндаги рейдларни дастаклаб, буларнинг барчаси “қонун доирасида” амалга оширилаётганини урғулаган.

Покистондаги тошқин: шимоли-ғарбий ҳудудда сел кутилмоқда

Покистонда ўтган ҳафтада кузатилган тошқин оқибатлари
Покистонда ўтган ҳафтада кузатилган тошқин оқибатлари

Покистон шимолий-шарқида жойлашган Ҳайбар-Пахтунхва вилоятида аҳоли музликлар эриши ва муттасил жала қуйиши мумкинлигидан огоҳлантирилди. Расмийлар қайдича, хавфсизлик чоралари кўрилмаган тақдирда, тошқинларнинг иккинчи тўлқини янада кўпроқ одам қурбон берилишига олиб келиши мумкин.

Аввалроқ Покистонда экстремал об-ҳаво шароити кузатилиб, унинг натижасида ўнлаб одам нобуд бўлган эди. Тошқин одамларнинг уй-жойлари ва экинларига зарар етказган.

Экспертлар апрель ойида мамлакатда янада шиддатлироқ ёғин-сочин кузатилиши мумкинлигини айтишяпти ва буни иқлим ўзгариши билан изоҳлашмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, яқиндаги тошқинларда энг кўп жабр кўрган тоғли Ҳайбар-Пахтунхва вилоятида сўнгги беш кун ичида 59 киши ўлган, қурбонларнинг 33 нафарини ёш болалар ташкил қилган. Associated Press агентлиги хабарига кўра, табиий офат оқибатида камида 2875 та уй ва 26 та мактаб биноси вайрон бўлган.

Агар ўз вақтида хавфсизлик чоралари кўрилмаса, кутилаётган тошқин туфайли янада кўпроқ одам қурбон берилиши ва моддий талафотлар кўрилиши эҳтимоли мавжуд”, дея билдирган табиий офатларга қарши курашиш бўйича маҳаллий бошқарма вакили бўлган Муҳаммад Қайсар Хон.

Тиним билмаган ёмғирлардан Покистоннинг жануби-ғарбий вилояти бўлган Белужистон ҳам жабр кўрган. Расмийлар юзага келган вазиятни ҳал учун чекланган захираларга эга эканлари, лекин ёғин-сочин давом этаверса, ёрдам сўраб марказий ҳукуматга мурожаат қилишга мажбур бўлишларини билдиришган.

2022 йили келган сел ва дарёлар тошиши натижасида Покистон ҳудудининг учдан бири сув остида қолган, бунинг натижасида 1739 нафар одам нобуд бўлган эди. Ўшанда табиий офат туфайли 30 миллиард долларлик зарар кўрилгани айтилган эди.

Покистонда ёмғирлар мавсуми одатда июнь ойида бошланади.

Роскомнадзор “Чегарасиз мухбирлар” сайтини блоклаб қўйди

Россияда “Чегарасиз мухбирлар” халқаро ташкилоти сайти ёпиб қўйилган. Бу ҳақда Россия интернет сегментидаги цензура ҳолатларини кузатиб борувчи “Роскомсвобода” лойиҳаси маълумот тарқатди.

Сайтнинг нима сабабдан ёпиб қўйилганига аниқлик киритилган эмас. Айтилишича, блокировка номи кўрсатилмаган “давлат органи” талабига кўра амалга оширилмоқда. Одатда, бу каби блокировка Россия Бош прокуратураси ташаббуси билан амалга оширилади.

“Чегарасиз мухбирлар” дунё бўйлаб сўз эркинлиги ва журналистлар ҳимояси билан шуғулланувчи халқаро нодавлат ташкилоти бўлиб ҳисобланади. Бошқа ишлар билан бир қаторда, ташкилот бир неча йилда бир марта “матбуот эркинлиги душманлари” рейтингини эълон қилиб келади. Мазкур ҳисоботда, муаллифлар фикрича, ўз мамлакатларида мустақил оммавий ахборот воситаларига тазйиқ ўтказаётган сиёсатчилар номлари келтирилади. Сўнгги йилларда бу рейтингга Россиядан мамлакат президенти Владимир Путин ва Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров киритилган.

“Роскомсвобода” маълумотига кўра, “Чегарасиз мухбирлар” сайтидан ташқари яна ўша “номи келтирилмаган давлат идораси” талаби билан украиналик тадбиркор Виктор Пинчук жамғармаси, “OSINT-пчелы” лойиҳаси (у очиқ манбаларга таянган ҳолда Украинада жанг қилаётган россиялик ҳарбийларни аниқлашга ёрдам беради – таҳр.) сайтлари, Украина Қуролли кучларига асир тушишни истаган россиялик аскарлар учун очилган “Хочу жить” лойиҳасининг навбатдаги домени ҳамда Польшанинг Legion Polski сайтидаги россияликларга мурожаат ҳаволаси блокировка қилинган.

Россия қўшинларининг 2022 йил февралида бошлаган Украинага кенг кўламли босқинидан кейин Россияда йирик ижтимоий тармоқлар ва кўплаб мустақил нашрларнинг сайтлари дохил юз минглаб интернет-ресурс блокировка қилинган.

Ўш вилоятида сел тошқини оқибатида бир киши нобуд бўлди

Қирғизистон ФВВ томонидан воқеа жойида олинган фотосурат
Қирғизистон ФВВ томонидан воқеа жойида олинган фотосурат

Қирғизистоннинг Ўш вилоятида сел тошқини бир машинани оқизиб кетгани натижасида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 21 апрель кунги маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Вазирлик матбуот хизматига кўра, Мирзаке – Қорағулжа – Олойқув автойўлининг 41-километрида (Қорағулжа тумани) ичида бир эркак, икки аёл ва бир ёш бола бўлган автомобилни сел тошқини суриб кетган.

Қайд этилишича, аёллар ва болани маҳаллий аҳоли вакиллари қутқаришга муваффақ бўлишган, ҳайдовчини эса оқим суриб кетган. Қидирув ишлари натижасида эркак жасади топилиб, қариндошларига топширилган.

Ўш вилоятининг Олой, Қорағулжа, Ўзган ва Қорасув туманларида 20 апрель куни ёғиб ўтган шиддатли жала сел тошқини юзага келишига сабаб бўлган. Мазкур туманларда фавқулодда ҳолат тартиби эълон қилинган.

ФВВнинг маълум қилишича, табиий офат туфайли автомобиль йўлларининг бир қанчаси ёпилиб қолган, тошқин оқибатларини бартараф қилиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Вазирлик 21-23 апрель кунлари ҳам мамлакат жанубидаги Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларидаги тоғолди ҳудудларида сел хавфидан огоҳлантирган.

Қирғизистонда яна TikTok’ни чеклаш уринишлари кузатилмоқда

Қирғизистон Рақамли ривожланиш вазирлиги қошидаги Алоқа соҳасини бошқариш ва назорат қилиш хизмати маҳаллий операторларга TikTok ижтимоий тармоғига киришни чеклаш бўйича чора кўриш зарурлиги тўғрисида хат йўллади. Бу ҳақда бир неча нашр вазирлик вакилларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

ОАВ хабарларига кўра, вазирлик бу қарорни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хати асосида қабул қилган. Бунга ижтимоий тармоқ томонидан “Қирғизистонда болалар саломатчилигига, уларнинг жисмоний, интеллектуал, руҳий, маънавий ва ахлоқий ривожланишига зарар етказилишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддаси 1-бандига риоя қилинмагани сабаб бўлган.

ОАВ қайдича, МХДҚ хатида TikTok’да болалар информацион маконида “контент цензурасига тизимли ва принципиал ёндашув мавжуд эмас”лиги айтилган. Операторларга ижтимоий тармоққа киришни чеклаш учун 18 апрелгача муҳлат берилган.

Депутат Дастан Бекешев ижтимоий тармоқ блокировкасига оид қарорга изоҳ берар экан, бунинг фейкларга қарши кураш тенденциясининг давоми эканини айтган. Унга кўра, мазкур тенденция кучайиб, ижтимоий тармоқларга қарши курашга айланиб кетган.

Нима бўлганда ҳам, бу тенденция давом этади ва шунинг учун ҳам VPN-сервислардан фойдаланишни ўрганиб туришни маслаҳат бераман”, деб ёзган депутат ўз телеграм-каналида.

Бу Қирғизистон расмийларининг TikTok ижтимоий тармоғига чеклов киритиш бўйича илк уриниши эмас. 2023 йил ноябрида Қирғизистон Маданият вазирлиги ижтимоий тармоқни блокировка қилиш ҳақида қарор чиқарган эди. Вазирлик хатида “ижтимоий тармоқ контенти ўсиб келаётган авлоднинг эмоционал ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши” урғуланган.

Шундан сўнг мамлакат расмийлари билан музокара ўтказиш учун Қирғизистонга TikTok директори Сергей Соколов келган. Ўшанда Маданият вазирлиги Қирғизистон томони TikTok масъуллари олдига ёш чекловини жорий қилиш ва платформа тартиб-қоидаларини мамлакат қонунчилигига мувофиқ ҳолатга келтириш шартини қўйганини билдирган.

Ўтган йил декабрида Қирғизистонда TikTok блокировка қилинмагани маълум бўлган эди.

Россиянинг Днепропетровскка ҳужуми оқибатида саккиз киши нобуд бўлди

Днепр шаҳридаги Россия ракетасига нишон бўлган кўп қаватли тураржой, 2024 йил 19 апрели
Днепр шаҳридаги Россия ракетасига нишон бўлган кўп қаватли тураржой, 2024 йил 19 апрели

Россиянинг Днепропетровск вилоятига йирик ракета ҳужуми оқибатида саккиз киши ҳалок бўлди, 25 киши жароҳатланди, қатор инфратузилма объектларига шикаст етди. Бу ҳақида вилоят расмийлари маълумот тарқатишди.

Украина президенти Владимир Зеленский мазкур ҳужум оқибатида тураржой биноси ва вилоят маркази Днепрдаги темир йўл вокзалининг бир неча қавати зарар кўрганини билдирди. У иттифоқчиларни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини юборишга чақирди.

“Россия террори учун жавоб бериши керак. Ҳар бир ракета, ҳар бир шаҳид дронларини уриб тушириш керак. Дунё ҳамжамияти буни кафолатлай олади, ҳамкорларимиз зарур имкониятларга эга”, деган президент Зеленский.

19 апрель тонгида Россия Украинанинг Кривой Рог шаҳрига ҳам ракета зарбаларини берган. Маҳаллий расмийларга кўра, ҳужум оқибатида уч киши жароҳатланган, инфратузилмага зарар етган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG