Линклар

Шошилинч хабар
22 сентябр 2021, Тошкент вақти: 19:48

Ўзбекистон хабарлари

Ашхободда ўзбекистонлик ва туркманистонлик икки Сардор музокара ўтказишди

Ўзбекистон ва Туркманистон байроқлари

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Ашхободга қилган иш сафари доирасида Туркманистон бош вазирининг ўринбосари, мамлакат президентининг ўғли Сардор Бердимуҳамедов билан музокара ўтказди.

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, томонлар транспорт, ёқилғи-энергетика ва ўзаро манфаатли бошқа соҳаларда ҳамкорликни кучайтириш имкониятларини кўриб чиққанлар.

Бош вазир ўринбосарлари учрашувда Туркманистон-Ўзбекистон ҳукуматлараро қўшма комиссияси иши долзарблигини қайд этишган, амалий ҳамкорлик учун турли вазирлик ва идоралар вакиллари ўртасида мунтазам учрашувларини ташкил этиш заруратига тўхталишган, икки мамлакат корчалонлик доиралари ўртасидаги алоқани кенгайтириш муҳимлигини урғулашган.

Ашхобод сафари доирасида душанба куни С. Умурзоқов Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, бош вазир ўринбосарлари Чори Гилижов ва Эсенмират Ўразгелдиев билан ҳам учрашган.

Аввалроқ Озодлик жорий ҳафтанинг иккинчи ярмида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистонга сафар қилиши ҳақида хабар қилган эди.

Кун янгиликлари

Ўзбекистон "Қизил китоб"га киритилган жайрондан 15 тасини Қирғизистонга сотади

Бухоро жайрони.

Ўзбекистон Қирғизистон билан жайрон сотиш тўғрисидаги шартномани имзолади. Бу ҳақда 22 сентябрь куни Қирғизистон Миллий фанлар академияси Биология институти расмийси Аскар Давлетбаков маълум қилди.

Унинг айтишича, Ўзбекистон 15 бош жайронни Қирғизистонга октябрь ойининг ўрталарида етказиб беради.

Ҳайвонлар грант ҳисобидан сотиб олинмоқда. Улар бир муддат махсус жойда сақланади ва кейинроқ Қирғизистонда аввалари жайронлар яшаган ҳудудларга қўйиб юборилади.

Расмийнинг айтишича, Қирғизистонда жайронларни Совет Иттифоқи давридаёқ қириб юбориш жараёни бошланган эди.

Ўзбекистонда жайрон “Қизил китоб”га киритилган ноёб ҳайвон ҳисобланади ва уни овлаганлар катта миқдорда жаримага тортилади. Масалан, ўтган йилнинг апрелида Навоий вилояти ҳудудида икки бош жайронни ўлдирган икки овчи деярли 69 миллион сўм жаримга тортилган эди.

Қирғизистонда ҳам жайрон “Қизил китоб”га киритилган ва уларни овлаш тақиқланган.

Қирғизистон ҳукумати 2019 йилда Қозоғистонга 50 бош жайрон сотиш илтимоси билан мурожаат қилган эди. Икки давлат бу борадаги протоколни имзолаган. Аммо шу кунгача Қозоғистон Қирғизистонга жайрон сотгани тўғрисида маълумот йўқ.

Мўйноқдаги ҳар бир оилага 5 миллион сўмдан пул тарқатилмоқда

Иллюстратив сурат.

Қорақалпоғистоннинг Муйноқ туманида ҳар бир оилага 5 миллион сўмдан бир марталик ёрдам пули тарқатилаётгани тўғрисида туман ҳокимлиги маълум қилди.

Расман билдирилишича, бир марталик ёрдам “Орол денгизи фожиаси оқибатларидан ҳаммадан кўп жабр кўрган Мўйноқ тумани халқи ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш” мақсадида президент ташаббуси билан берилмоқда.

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти ҳамда жорий йил 24 октябрида ўтказилажак президент сайловига номзод Шавкат Мирзиёев 21 сентябрь куни ўз сайловолди учрашувларини Қорақалпоғистондан бошлаш учун Нукусга борган эди.

Президент 22 сентябрда Қорақалпоғистон сафарини якунлаб, Хоразм вилоятига йўл олди.

Тошкент метросида яна бир “техник носозлик” юз берди

Тошкент метросида бу каби воқеалар сўнгги етти ой ичида тез-тез юз бермоқда.

Тошкент метрополитенининг “Халқлар дўстлиги” бекатида 22 сентябрь куни яна бир техник носозлик юзага келди.

Тошкент метрополитени матбуот хизматининг хабар беришича, соат 08:37 да 13-йўналишдаги ҳаракат таркибининг 2-вагонидаги 4-эшиклари техник носозлик туфайли ёпилмай қолган. Бунинг ортидан йўловчилар поезддан туширилган ва ортдан келаётган 5-йўналишдаги ҳаракат таркибига ўтқизилган.

Тошкент метросида бу каби воқеалар сўнгги етти ой ичида тез-тез юз бермоқда. Бундан олдин “Ғафур Ғулом” бекатидан “Чорсу” бекатига ҳаракатланаётган 41-йўналишдаги поезд 20 сентябрь куни соат 09:10да тўхтаб қолди. Расман билдирилишича, поезднинг тўхтаб қолишига ҳаво тақсимлаш тизимида техник носозлик юзага келгани сабаб бўлган.

28 август соат 14:35 атрофида "Ойбек" бекатидан "Тошкент" бекатига ҳаракатланаётган поёзд тўхтаб қолгани ҳам хабар қилинган эди. Июнь, май, апрель ойларида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар юз берган.

18 март куни эса Тошкент метрополитенида тўхтаб қолган поездга унинг ортидан келаётган поезд келиб урилган. Йўловчилар эвакуация қилинган. Ҳодисада жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқлиги билдирилган.

Андижондаги автоаварияда 3 киши ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Андижон шаҳрида 21 сентябрь куни содир этилган автоаварияда 3 киши ҳалок бўлгани ва 1 киши тан жароҳати олгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарни Бош прокуратура 22 сентябрь куни тасдиқлади.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳрининг Боғишамол даҳасида бўлган аварияда Tracker ичида бўлган 3 талаба ҳалок бўлгани тўғрисидаги видеолар тарқалган эди.

Бош прокуратуранинг билдиришича, мазкур ҳолат юзасидан 22 сентябрь куни Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда Андижон туман ИИБ ТБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳолат юзасидан Андижон вилоят прокуратураси томонидан назорат ўрнатилган.

Бортида юз берган нохуш ҳодиса туфайли British airways учоғи Тошкент аэропортига қўндирилди

British Airways авиаширкати учоғи (иллюстратив сурат)

British airways авиаширкатининг Исломободдан Лондонга парвоз қилаётган Boeing 777-200ER учоғи экипажи йўловчилардан бири ўзини ёмон ҳис қилгани ортидан Тошкент халқаро аэропортига ошиғич қўнишга мажбур бўлган. Бу ҳақда “Новости Ташкентского Неба” Телеграм-канали маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, 260-рейс йўловчиси бўлган 83 ёшли аёл парвоз чоғида ўзини ёмон ҳис қилган. Шундан сўнг учоқ экипажи Ўзбекистон пойтахтидаги аэропортга қўниш қарорини олган. Бироқ учоқ Ислом Каримов номидаги аэропортга етиб келганидан кейин аёл жон таслим қилган.

Ҳодисадан сўнг йўловчилар учоқдан туширилиб, аэропорт биносига олинганлар. Воқеа юзасидан Тошкент аэропорти масъуллари ҳали изоҳ берганича йўқ.

ССВ: COVID-19 қурбонлари сони 1200 нафардан ошди

Ўзбекистонда 21 сентябрь куни коронавирусга чалинган беморлардан 6 нафари вафот этган, шу тариқа пандемия қурбонлари сони 1 минг 203 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, кеча мамлакат бўйлаб 522 киши коронавирусга чалинган, вирус юқтириб олганларнинг умумий сони эса 169 минг 989 нафарни ташкил қилган.

Айни пайтда якшанба куни Сирдарё ва Хоразм вилоятларидан ташқари барча ҳудудларда 687 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 163 минг 985 нафарга етган.

ССВ қайдича, ўтган кеча-кундузда яна 103 нафар кишида пневмония аниқланган, 5 июлдан бери эса 26 минг 459 киши пневмонияга чалинган. Булардан 23 минг 553 нафари соғайиб чиққан, 219 нафари эса вафот этган.

Давстатқўм: Биринчи ярим йилликда Ўзбекистонга қарийб 700 минг хорижлик келган

Жорий йилнинг дастлабки 6 ойида Ўзбекистонга хориждан 691,7 минг нафар чет эллик сафар қилган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълумот тарқатди.

Давстатқўм қайдича, Ўзбекистонга келган хорижликлардан 577,8 минг нафари қариндошларни йўқлаш учун, 65,7 минг нафари дам олиш мақсадида, 27,4 минг нафари хизмат юзасидан, 11,8 минг нафари даволаниш учун, 5,7 минг нафари тижорат қасди билан, 3,3 минг ўқиш мақсадида ташриф буюрган.

Аввалроқ қўмита биринчи ярим йилликда Ўзбекистонга 147,2 минг киши кўчиб келгани, 156,8 минг киши эса кўчиб кетгани ҳақида маълумот тарқатган эди.

Бош вазир муовини мулозимларни 22 сентябрь куни ишга автомобилда келмасликка чақирди

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ўтган йили Тошкентда уюштирган велопойгадан лавҳа (архив сурати)

Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов давлат идоралари ва маҳаллий органлари раҳбарлари, таниқли маданият ва спорт вакилларини шахсий намуна кўрсатиб, 22 сентябрь - “Халқаро автомобилсиз кун” тадбирлари доирасида ишга автомобиль ўрнига велосипедда ёки пиёда келишга чақирди.

“Автомобилсиз кун акцияси доирасида #carfreeday_uzbekistan, #shaxsiynamunakursat, #avtomobilsizbirkun хештегларидан фойдаланиб, яна-да кенг аҳолини қамраб олишни таклиф этаман. Зеро бу каби тадбирларни ўтказиш мамлакатимизда йўл харакати хафсизлигини яна-да такомиллаштириш, шаҳар аҳолиси ўртасида экологик маданият ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишни мақсад қилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам ўз тавсияларида жисмоний фаолликни ошириш инфекцион, юрак-қон томир, саратон ва қандли диабет касалликлар профилактикасида муҳим ўрин тутишини таъкидлайди. Шундай экан, фикримча, айни дамда дунёда пандемия билан боғлиқ вазиятда бундай акциянинг ўтказилиши айни муддаодир”, деган А. Абдуҳакимов ўз мурожаатида.

Чоршанба куни Ўзбекистон ҳудудларида, маҳаллаларда яшовчи уюшмаган ёшлар ўртасида ҳам велосипед, скейт ва самокатларда учиш мусобақалари ташкил этилиши айтилган.

Азиз Абдуҳакимов ўтган йили ҳам давлат амалдорларини велосипедда юришга тарғиб қилгани ҳақида аввалроқ хабар қилинган. Ўшанда Ўзбекистондаги бюджет ташкилотлари ходимлари расмий Тошкент талаби билан ҳокимлар томонидан велопойгага чиқишга мажбурланаётгани хусусида Озодликка кўплаб шикоятлар келиб тушган.

БМТ сессиясидаги нутқида Ш. Мирзиёев Афғонистон дохил қатор масалалардан баҳс этди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеянинг 76-сессиясида қилган видеомурожаатидан лавҳа (president.uz фотоси)

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида ўтказилаётган Бош Ассамблеянинг 76-сессияси доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 сентябрь куни видеомурожаат билан чиқиш қилди. Бу ҳақда маълумот тарқатган президент матбуот хизматига кўра, Ш. Мирзиёев ўз нутқида қатор масалаларга эътибор қаратган.

Хусусан, Ўзбекистон президенти ўз мамлакати Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурганини урғулаган. Шу муносабат билан у Афғонистон Марказий Осиёнинг узвий қисми экани яна бир бор таъкидлаган.

“Бу давлатда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишидан нафақат биз, қўшни мамлакатлар, балки бутун дунё манфаатдордир. Ҳозирги қийин даврда Афғонистонни яккалаб, уни муаммолар гирдобига ташлаб қўйиш мумкин эмас. Афғон масаласида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таъсири ва овози ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ янграши лозим”, деган Ш. Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти нутқи давомида дунёда хавф-хатар ва зиддиятлар, трансмиллий таҳдидлар тобора ортиб бораётганига эътибор қаратган. У шу йил ноябрь ойида Тошкентда БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегияси Марказий Осиё учун режасининг ўн йиллик натижалари ва истиқболларига бағишланган Халқаро конференция ўтказилиши халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидлаган.

Ш. Мирзиёев видеомурожаатида БМТнинг “ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмаслик” деган тамойил асосида вакциналардан тенг ва адолатли фойдаланиш имкониятини яратишга доир саъй-ҳаракатларини дастаклаган.

У сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ва жадал демократик ислоҳотлар бугунги кунда ортга қайтмас тус олганини, сўз ва оммавий ахборот воситалари, дин ва виждон эркинлиги, гендер тенглик, миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида қатъий қадамлар ташланаётганини таъкидлаган.

Ўз нутқида Ўзбекистон томонидан иқлим ўзгаришларига қарши кураш, атроф-муҳит ва био хилма-хилликни муҳофаза қилиш, тикланадиган энергия манбаларига ўтиш масалаларида кўрилаётган чора-тадбирларга алоҳида тўхталган Ш. Мирзиёев яна бир бор Оролбўйи минтақасидаги вазиятнинг оғирлигига эътибор қаратиб, БМТ шафелигида глобал экологик сиёсатнинг устувор йўналишларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида 2023 йили Ўзбекистонда Атроф-муҳит бўйича БМТнинг юқори даражадаги Олтинчи Ассамблеясини ўтказиш таклиф этган.

“Ассамблея иштирокчилари Орол денгизининг қуриши натижасида юзага келган, экологик офат маркази бўлган, Оролбўйи минтақасидаги оғир вазият билан бевосита танишиш ва зарур хулосалар чиқариш имкониятига эга бўладилар. Бундан ташқари, атроф-муҳит бўйича Ассамблеяда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Бутунжаҳон экология Хартиясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурмоқчимиз”, деган Ш. Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги видеомурожаатида.

24 йил олдин бекор қилинган Тошкент халқаро кинофестивали қайта тикланди

Ўзбекистонда 28 сентябрдан 3 октябргача XIII Тошкент халқаро кинофестивали “Ипак йўли дурдонаси” деган ном остида ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Кинематография агентлиги 21 сентябрда хабар берди.

Бу йилги кинофестивал “Тинчлик, маърифат ва тараққиёт учун” шиори остида ва “Фестиваллар фестивали” форматида ўтказилади.

Кинофестиваль доирасида 13 та давлатнинг кино кунлари ўтказиш режалаштирилган. Фильмлар Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги кинотеатрларда намойиш этилади. Хориж давлатлари ҳозирга қадар намойишлар учун 150 та фильмни тақдим этди. Бундан ташфари фестивалда чет мамлакатлардан келган 150 нафар машҳур киночилар иштирок этади.

1968 йилда ташкил этилиб 1997 йилгача ўтказилиб келинган Тошкент халқаро кинофестивали президент Шавкат Мирзиёевнинг “Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарорга асосан қайта тикланмоқда.

1997 йилгача Осиё, Африка ва Лотин Америкаси халқаро кинофестивали деб номланган Тошкент кинофестивали номи эндиликда “Ипак йўли дурдонаси”, деб ўзгартирилади.

Мазкур кинофестивал Кинематография агентлиги томонидан 2021 йилдан бошлаб ҳар йили 28-сентябрь – 3-октябрь кунлари ўтказилади.

Қашқадарёда эшак гўшти сотган шахс аҳлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди

Х.Ж., суд жараёнида эшак гўштини итлар учун сотгани тўғрисида кўрсатма берган.

Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг 21 сентябрда билдиришича, Қарши шаҳар суди эшак гўшти сотиш билан шуғулланган фуқарога 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш жазосини тайинлади. Бундан ташқари унинг иш ҳақисидан ҳар ойда 20 фоизи давлат даромадига ушлаб қолинади.

Маълум қилинишича, ҳуқуқ-тартибот органлари 5 апрель куни Қарши шаҳар “Арабхона” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Янгибоғ кўчасида яшовчи фуқаро Х.Ш.,нинг ҳовлисида фуқаро Х.Ж., эшакларни сўяётганини аниқлаган ва уларни қўлга олган.

“Текширув давомида хонадондан бўғизланган эшаклар ва ажратилган терилар, уйнинг хоналаридан бирида эшак гўшти деб гумонланган сўйилган лаҳм гўшт маҳсулотлари, 20 дона тирик эшак ички ишлар органлари ходимлари томонидан тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган”, -дейилади билдирувда.

Х.Ж., суд жараёнида эшак гўштини итлар учун сотгани тўғрисида кўрсатма берган. Бироқ айблов томони судланувчи эшак гўштини одамлар истеъмоли учун ҳам сотганини исботлаган.

Ўзбекистонда 26 май куни Қашқадарё вилоятининг Косон туманида эшак сўйган 4 нафар эркак ушлангани, аввалроқ эса қатор ҳудудларда истеъмолга яроқсиз гўштни сотиш учун олиб кетаётган айрим “тадбиркорлар” аниқлангани тўғрисида маҳаллий нашрлар хабар берган эди.

Жиззах, Самарқандда прокурорлар, Наманганда МИБ бошлиғи пора олаётганда ушланди

Иллюстратив сурат.

ДХХ ўтказган махсус амалиёт пайтида Жиззах, Самарқанд ва Наманган вилоятларидаги айрим туманларнинг прокурорлари пора олаётганида ушланди. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканали хабар берди.

Билдирилишича, Жиззах вилоятидаги туманлардан бирининг прокурори қурилиш фирмаси раҳбаридан уни қамоққа олмаслик учун 2 минг доллар сўраган ва келишилган пулни олган вақтида ушланган.

Самарқанд вилоятидаги туман прокурорларидан бирининг ўринбосари эса 3 йил озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган фермердан 10 минг доллар пора сўраган. Акс ҳолда у апелляция судидан фермерга оғирроқ жазо тайинланиши талаб қилишини билдирган.

Наманган вилоятида туман МИБ раҳбари Қирғизистонда ўқиётган ўзбекистонлик талабадан унинг ўқишини Андижон давлат тиббиёт университетига кўчириб беришни ваъда қилиб 700 доллар олаётганда ушланди.

Болаларни полиомелитга қарши оммавий эмлаш бошланди

Болаларни эмлаш учун ҳудудларга 1,2 миллион доза вакцина етказиб берилди.

Ўзбекистонда 20 сентябрдан 30 сентябргача 4-5 ёшдаги болалар полиомелитга қарши оммавий эмланади.

Санитария-эпидемиология хизматининг билдиришича, мазкур эмлаш Тожикистон ва Афғонистонда болаларда полиомелит аниқлангани ортидан ўтказилмоқда. Болаларни эмлаш учун ҳудудларга 1,2 миллион доза инактивланган полиомиелит вакцина етказиб берилган.

Ўзбекистонда полиомелитга қарши миллий эмлаш календари мавжуд. Бунинг ортидан мамлакатда мазкур касалликка чалинган болалар деярли учрамайди. Сўнгги марта Ўзбекистонда полиомелит ҳолати 1995 йил Қорақалпоғистонда аниқланган эди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг билдиришича, Афғонистон ва Тожикистонда сентябрь ойида полиомиелит билан касалланган 31 бола аниқланган.

Мутахассиларнинг билдиришича, полиомиелит – ўткир шол касаллиги бўлиб уни майда, ҳатто оддий микроскопда ҳам кўриб бўлмайдиган вируслар чақиради. Касаллик асаб тизими, айниқса орқа мияни шикастлайди ва жиддий асоратларни, ҳатто умрбод фалажлик ёки болалик ёшидаёқ ўлим ҳолатини олиб келиши мумкин.

Полиомиелит билан асосан 10 ёшгача бўлган болалар касалланадилар. Касалликнинг яширин даври ўртача 5-12 кун бўлиб, баъзида 35 кунгача давом этиши мумкин.

Ўзбекистонда АИ-98 бензинини ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани билдирилди

Иллюстратив сурат.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида юқори октанли АИ-98 бензинини ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани тўғрисида “Ўзбекнефтгаз” маълум қилди.

Ширкатнинг иддао қилишича, “АИ-98 маркали бензинини ишлаб чиқаришда хорижий мутахассисларнинг кўмагисиз изланишлар олиб борилган”.

Айни пайтда АИ-98 бензинининг 380 тонна ҳажмдаги дастлабки партияси ишлаб чиқарилди ва унинг физик-кимёвий хусусиятлари стандартга биноан муваффақиятли синовдан ўтказилган.

“Ўзбекнефтегаз”нинг билдиришича, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи сентябрь-декабрь ойларида 36,5 минг тонна АИ-91, 13,1 минг тонна АИ-92 1,4 минг тонна АИ-95 маркасидаги юқори октанли бензин ишлаб чиқариши режалаштирилмоқда.

Мирзиёев сайловчилар билан учрашишни Қорақалпоғистондан бошламоқчи

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти ҳамда жорий йил 24 октябрида ўтказилажак президент сайловига номзод Шавкат Мирзиёев 21 сентябрь куни Нукусга жўнаб кетди.

Бу ҳақда маълумот тарқатган президент матбуот хизматига кўра, Мирзиёев сайловчилар билан учрашувни Қорақалпоғистондан бошлашга қарор қилган.

Амалдаги давлат раҳбари Нукусга сафари давомида турли масканларга ташрифи ҳам режалаштирилгани айтилмоқда.

МСК қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда шу йил 20 сентябридан президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти бошланган.

COVID-19: Коронавирусга чалинганлар сони 169 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 20 сентябрь ҳолатига кўра, 169 минг 467 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, кеча Қорақалпоғистондан ташқари мамлакат ҳудудлари бўйлаб 529 киши коронавирусга чалинган.

Душанба куни Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё ва Хоразм вилоятларидан ташқари ҳудудларда 614 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 163 минг 298 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 5 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 197 нафарга етганини қўшимча қилган.

Вазирлик қайдича, 20 сентябрь куни 84 нафар кишида пневмония аниқланган, 5 июлдан бери эса 26 минг 356 киши пневмонияга чалинган. Булардан 23 минг 138 нафари соғайиб чиққан, 217 нафари эса вафот этган.

Яккабоғдаги ўқувчилар полга чўккалаб дарс ўтган мактабда мутасаддилар жазоланди

Полга ўтирган ҳолда дарс ўтаётган 39-мактаб ўқувчилари (видеодан скриншот)

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги 39-умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг полга ўтириб дарс ўтаётганига оид ҳолат прокуратура вакиллари ва тегишли мутахассислар иштирокида ўрганилган. Бу ҳақда вилоят прокуратураси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Яккабоғлик ўқувчилар полда ўтирган ҳолда дарс ўтаётгани акс этган видео аввалроқ ижтимоий тармоқларда ёйинланган эди.

Прокуратура ўрганишлар натижасига кўра бу ҳолатнинг юзага келишига ўқитувчилар Н.С ва О.С. ларнинг мактаб директори билан дарс тақсимоти масаласида юзага келган келишмовчилиги сабаб бўлганини қайд этган.

“Ўқув йили бошланган кунлари мактабда мавжуд жиҳозланган хоналарда дарс ўтиш имконияти бўла туриб, мактаб маъмуриятининг ташкилий масалалардаги камчиликларини ижтимоий тармоқларда бўрттириб кўрсатиш мақсадида 5 “а”-синф ўқувчиларига парталар жойлаштирилмаган хонада дарс ўтилган”, дейилган хабарномада.

Қайд этилишича, ўрганишлар ортидан ўқитувчилар Н.С ва О.С.лар таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига салбий таъсир кўрсатишга уринганлари учун уларга мактаб педагоглари ва касаба уюшма аъзоларининг қўшма йиғилиши қарори билан ҳайфсан интизомий жазоси берилган.

Айни пайтда текширув натижаси бўйича мактабнинг ўқув йилига тайёргарлик кўриш ва ўқув жараёнини тўғри ташкил қилишда масъулиятсизликка йўл қўйган мактаб директори Ш.Қ., ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари А.Х. ва хўжалик мудири Ж.Ж.ларга нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган.

Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасида автомобиль ва темир йўл қатнови тикланади

Ўзбекистон Афғонистон билан автомобиль ва темир йўл қатновини тиклайди. Бу ҳақда, ТАСС агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев 20 сентябрь куни Тошкентда маълум қилган.

“Албатта биз Афғонистон билан автомобиль ва темир йўл алоқасини тиклаймиз, мазкур йўллар орқали бу мамлакатга пандемия даврида афғонистонликлар жуда муҳтож бўлиб турган озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб берилмоқда, бу иш гуманизм нуқтаи назаридан амалга оширилади”, деган И. Эргашев.

Мулозим Афғонистон билан чегара бошқа сабабларга кўра эмас, балки коронавирус пандемияси туфайлигина ёпилганини урғулаган.

Эргашевга кўра, шу кунда мазкур чекловлар яна қанча давом этишини айтиш қийин, чунки бу эпидемиологик вазиятнинг яхшиланишига билангина эмас, балки Афғонистонда ҳокимият органлари қанчалик тез шакллантирилиши билан ҳам боғлиқ.

“Вазирлик ва бошқа органлар шакллантирилиши лозим, тузилган идораларни эса толибларнинг ўзлари муваққат деб атамоқда”, деган мулозим бу идоралар давлат йиқилмаслиги учунгина тузилганига эътибор қаратган.

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили расмий Тошкент қўшни ўлкада барча жиҳатларни эътиборга олган ҳолда ҳукумат тузилишига умид қилаётганини қўшимча қилган.

Икки мамлакат ўртасидаги автомобиль ва темир йўл алоқаси Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолати илк бор кузатилган 2020 йил март ойидан тўхтаган эди.

Daryo bo’yi Business City Тошкентда Чирчиқ дарёси соҳилини сота бошлади

Daryo City Business лойиҳаси.

Daryo bo’yi Business City дирекцияси Чирчиқ дарёсининг пойтахт Тошкентдан ўтган 16 километрлик қисмининг дастлабки 5 километридаги ер майдонларини сотувга қўйди.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 20 сентябрда билдиришича: “Аукционга қўйилган ер майдонларида савдо марказлари, логистик корхоналар, ресторан ва кафелар, енгил саноат корхоналарини қуриш таклиф қилинмоқда. Сотув учун таклиф қилинган лотларда турар жой қуриш кўзда тутилмаган”.

Ҳокимлик илк 9 та лот e-auksion.uz портали орқали сотувга қўйилгани, бу эса “ер майдонларини сотиб олишда шаффофлик ва очиқликни таъминлаши”ни иддао қилмоқда.

Daryo bo’yi Business City лойиҳасини амалга ошириш лойиҳаси президент Шавкат Мирзиёевнинг Сергели ва Зангиота туманларига 2020 йил 29 май кунидаги ташрифи давомида маъқулланган эди.

Молия вазирлиги мазкур лойиҳа учун президентнинг “Республика ҳудудларида Business city замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Тошкент шаҳар ҳокимлигига 300 миллиард сўм миқдорида фоизсиз ссуда беради.

Мирзиёев Назарбоев билан ўзбек-қозоқ ҳамкорлиги истиқболларини муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Қозоғистоннинг Биринчи президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев билан икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масаласини муҳокама қилди.

“Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди”,-дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати расмий билдирувида.

Бундан ташқари, суҳбат давомида, “кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги юқори суръати” ва “ўзаро савдо ва юк ташишлар ҳажми ортиб бораётгани, авиақатновлар тўлиқ тиклангани” мамнуният билан қайд этилди.

Шунингдек, Афғонистондаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда халқаро ва минтақа кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Тупроққалъада содир бўлган автоаварияда 4 киши ҳалок бўлди

Ўзбекистонда юз берган автоавариялардан бири.

Хоразм вилоятининг Тупроққалъа тумани Саримой қишлоғи ҳудудидан ўтган "Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу" автомобиль йўлининг 493-километрида 19 сентябрь куни соат 23:35 ларда содир бўлган автоаварияда 4 киши ҳалок бўлди.

ИИВ ЙҲХББнинг 20 сентябрда билдиришича, "Tacuma" ва "Isuzu" автомобиллари тўқнашуви оқибатида "Tacuma" ҳайдовчиси воқеа жойида, йўловчилар С.М., шифохонага олиб кетилаётганда, Р.Ж., ва А.Қ.,лар шифохонада вафот этган.

Мазкур воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Газета уз”нинг хабар беришича, автоаварияда ҳалок бўлганлардан бири “Халқ сўзи” газетасининг 36 ёшдаги мухбири Саид Махсумовдир.

“Саид Махсумов бошқа журналистлар билан биргаликда Нукусда бўлиб ўтган II Халқаро бахши фестиваль-танловининг ёритилишида қатнашган”,- деб ёзди нашр.

Расман: Ҳокимликлар ҳар йили юз нафар хотин-қизнинг ўқиш пулини тўлаб беради

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб вилоят ва шаҳар ҳокимликлари ўзларининг ҳудудларидан ўқишга кирган 25 нафар ва 2 -4-курсларда ўқиётган 75 нафар хотин-қизларнинг тўлов-контракт пулини улар ўқишни битиргунларига қадар тўлаб беради.

Адлия вазирлигининг 20 сентябрда билдиришича, бу борда Вазирлар Маҳкамаси 17 сентябрь куни 577-сон қарорни қабул қилди.

Талабгорлар отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган муҳтож қизлар ва боқувчиси йўқ эҳтиёжманд ёлғиз аёллар орасидан танлаб олинади.

“Бунда юқоридаги мезонларга мос келувчи хотин-қизлар тест натижалари эълон қилинган кундан бошлаб ижтимоий ҳолати тўғрисидаги маълумотномани ҳар йили 10 кун ичида ОТМ қабул комиссиясига тақдим этади. Давлат ОТМ 5 кун мобайнида рўйхатни шакллантириб, ҳокимликларга ёзма равишда маълумотларни юборади”,- дейилади Адлия вазирлиги билдирувида.

Талабгорларни танлаб олиш натижалари “Aziz-ayol.uz” Ягона интерактив миллий платформаси орқали эълон қилинади.

Тошкент метросида яна поезд тўхтаб қолди

Тошкент метросида бу каби воқеалар сўнгги етти ой ичида тез-тез юз бермоқда.

Тошкент метросининг “Ғафур Ғулом” бекатидан “Чорсу” бекатига ҳаракатланаётган 41-йўналишдаги поезд 20 сентябрь куни соат 09:10да тўхтаб қолди. Расман билдирилишича, поезднинг тўхтаб қолишига ҳаво тақсимлаш тизимида техник носозлик юзага келгани сабаб бўлган.

“Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўловчилар бекатда туширилган ва ортда ҳаракатланган 43-йўналишдаги ҳаракат таркиби ёрдам сифатида келиб, носоз ҳаракат таркибини техник кўрик пунктига олиб кетган. Техник носозлик соат 09:25да бартараф этилган”, - дейилади “Тошкент метрополитени” тарқатган хабарда.

Тошкент метросида бу каби воқеалар сўнгги етти ой ичида тез-тез юз бермоқда. Бундан олдин 28 август соат 14:35 атрофида "Ойбек" бекатидан "Тошкент" бекатига ҳаракатланаётган поёзд тўхтаб қолгани ҳам хабар қилинган эди. Июнь, апрель ойларида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар юз берган.

18 март куни эса Тошкент метрополитенида тўхтаб қолган поездга унинг ортидан келаётган поезд келиб урилган. Йўловчилар эвакуация қилинган. Ҳодисада жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқлиги билдирилган.

Президент сайлови олдидан ёпиқ мажмуаларда тадбир ва йиғилишлар ўтказишга рухсат берилди

Ўзбекистонда жорий йилнинг 20 сентябридан томоша, маданий-кўнгилочар (театр, кинотеатр, концерт заллари), оммавий тадбирлар ва йиғилишларни очиқ майдонлар ҳамда ёпиқ мажмуаларда ўтказишга рухсат берилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мазкур қарор Республика махсус комиссияси томонидан “тегишли мутасадди ташкилотларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда” қабул қилинган.

Қайд этилишича, маданий-кўнгилочар, оммавий тадбирлар ва йиғилишларни ўтказишда қуйидаги карантин чекловларига риоя этиш талаб қилинади:

маданий-кўнгилочар объектлар (театр, кинотеатр, концерт заллари) ишчи ва ходимлари ҳамда оммавий тадбирлар ташкилотчилари ва хизмат кўрсатувчилари бўлган шахслар (саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлган ходимлари бундан мустасно) коронавирусга қарши вакцинанинг (туридан қатъи назар) камида 2 та дозаси билан эмланганлиги тўғрисидаги QR-кодли сертификати мавжуд бўлиши лозим;

маданий-кўнгилочар (театр, кинотеатр, концерт заллари фаолияти) ва оммавий тадбирларни ўтказишда ташриф буюрувчилардан тиббий ниқобда бўлиш талаб этилади, шунингдек, бу жойларда антисептик воситалардан фойдаланиш, кириш жойларида тана ҳароратини ўлчаш каби муҳим санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этилиши шарт.

Қарор билан маданий-кўнгилочар ва оммавий тадбирларни ўтказиш объектларига фақатгина коронавирусга қарши вакцина билан эмланганлиги тўғрисидаги QR-кодли сертификати мавжуд бўлган ташриф буюрувчилар (саломатлиги бўйича қарши кўрсатмалар бўлган фуқаролар бундан мустасно) киритилиши тавсия этилган.

Айни пайтда Республика махсус комиссиясининг қарори билан тўй ва оилавий маросимларни ўтказиш бўйича илгари белгиланган чекловлар юмшатилиб, 20 сентябрдан тўйхоналарда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказиш 100 кишидан (аввал 50 киши эди) кўп бўлмаган ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатьий риоя этган ҳолда ўтказилишига рухсат берилган.

Комиссиянинг галдаги мажлисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 сентябридан эътиборан жума намози ва бошқа намозларни масжидларнинг фақат очиқ саҳналарида адо этилишига оид чекловни бекор қилиш тўғрисидаги таклифи ҳам кўриб чиқилган ва маъқулланган.

Коронавирус қурбонлари сони 1190 нафардан ошди, пневмония қурбонлари сони 215 нафарга етди

Ўзбекистонда 19 сентябрь куни коронавирусга чалинган беморлардан 4 нафари вафот этган, шу тариқа пандемия қурбонлари сони 1 минг 192 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, кеча мамлакат бўйлаб 501 киши коронавирусга чалинган, вирус юқтириб олганларнинг умумий сони эса 168 минг 938 нафарни ташкил қилган.

Айни пайтда якшанба куни Сирдарё ва Хоразм вилоятларидан ташқари барча ҳудудларда 629 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 162 минг 684 нафарга етган.

ССВ маълумотига кўра, ўтган кеча-кундузда яна 95 нафар кишида пневмония аниқланган, 5 июлдан бери эса 26 минг 272 киши пневмонияга чалинган. Булардан 22 минг 757 нафари соғайиб чиққан, 215 нафари эса вафот этган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG