Ўзбекистон хабарлари
Ўзбекистонда олти ойда автоавариялар оқибатида 784 киши ҳалок бўлди
Ўзбекистонда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида содир этилган 3 559 та автоаварияда 784 киши ҳалок бўлди ва 2 775 киши жароҳатланди.
Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг билдиришича, ярим йилликда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан автоавариялар 5,2 фоизга, автоаварияларда ҳалок бўлганлар сони 13,9 фоизга ва жароҳатланганлар 2,4 фоизга камайган.
Йўл-транспорт ҳодисаларининг 46,8 фоизи ёки 1648 таси автомобилларда пиёдаларни уриб кетиш билан боғлиқ. Автомобиллар тўқнашуви 31,8 фоизни (1132), велосипедчиларни уриб юбориш — 8,4 фоизни (298), машиналарнинг ағдарилиши — 5,3 фоизни (190), тўсиққа урилиш — 4,4 фоизни (156) ва тўхтаб турган транспортга бориб урилиш — 1,2 фоизни (41) ташкил қилди.
Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов 2021 йилнинг 7 октябрь куни Ўзбекистонда 2021 йил бошидан бери содир этилган 6551 та йўл-транспорт ҳодисасида 1682 киши ҳалок бўлгани ҳақида билдирган. 2020 йилда эса йўл-транспорт ҳодисаларида 1962 киши қурбон бўлди.
Кун янгиликлари
Ўзбекистон ипотека бозори қисқаришда давом этмоқда
Марказий банк эълон қилган жорий йил 9 ойи давомида аҳолига ажратилган ипотека кредитлари бўйича статистика ана шундан далолат беради.
Январь-сентябрь ойларида ипотека кредити ҳажми 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 4,1 фоизга, олувчилар сони эса қарийб 20 фоизга камайган.
9 ой давомида жами 11,73 трлн сўмлик ипотека кредитлари ажратилган. Бу 2023 йилнинг ушбу даврига нисбатан 4,1 фоизга (490,3 млрд сўм) камдир.
“Gazeta.uz” нашрининг ёзишича, кўрсаткичнинг пасайиши барча манбалар, жумладан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (-189,8 млрд сўм), банкларнинг ўз маблағлари (-222 млрд сўм) ва Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси (-78,5 млрд сўм) ҳисобидан молиялаштиришни қисқартириш ҳисобига юз берган.
Тураржойнинг асосий бозорлари ҳисобланган Тошкент шаҳрида ипотека кредити ҳажми сезиларли даражада қисқарган. Пойтахтда берилган бу турдаги кредитлар 3,76 трлн сўмдан 3,5 трлн сўмгача (-6 фоиз) тушган.
Аввалроқ Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳам Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида пасайиш тенденцияси кузатилаётганини маълум қилганди.
Марказ таҳлилига кўра, сентябрь ойида рўйхатга олинган кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони август ойига нисбатан 4,2 фоизга камайиб, 21,2 мингтани ташкил этган.
Тошкентда икки блогер ҳажвий клип сабаб қамалди
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Юнусобод туман суди юмористик клипда иштирок этган блогерлар – “brbalo” мусиқий гуруҳининг артистлари Камол Юсупов ва Аброр Ғуломовга 15 сутка қамоқ жазоси тайинлади.
“Gazeta.uz” нашри суд қарорига таяниб ёзишича, икки ижодкор “жамиятда ўрнатилган юриш-туриш қоидаларини, яъни одоб ва ахлоқ нормалари, урф-одат, анъаналар билан белгиланган жамоат тартибини қасддан менсимасдан, ижтимоий тармоқда турли уятли ва ҳақоратомуз сўзлар билан сўкинган видеолавҳаларни жойлаш”да айбланган.
Судга ариза билан мурожаат қилган Тошкентнинг Қашқар маҳалласи раиси А.Тўхтаев “блогерларнинг ҳаракатларида ёшлар, вояга етмаганларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатлар мавжудлиги”ни айтган.
Маҳкама ҳужжатларига кўра, Юнусобод тумани ИИБ ходимлари икки блогерни профилактик суҳбатга таклиф қилган, бироқ улар “узрли сабабларсиз қонуний талабни бажармаган”.
Камол Юсупов ва Аброр Ғуломов судда ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, узр сўрагани айтилган.
Судья З.Латипов уларни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси 1-қисми (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 183-моддасида (майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топган.
Икки блогерни панжара ортига йўлланишига сабаб бўлган “Абока 2” клипи жорий йил август ойида эълон қилинган бўлиб, унда чет эл қўшиқлари ўзбек тилида ҳазил оҳангида ижро этилган. Муқаддимада ушбу видеолавҳа ҳазил тариқасида суратга олингани ҳақида дисклеймер мавжуд.
Ҳозирда ушбу клип тармоқлардан ўчириб ташланган.
Камол Юсупов “go.uz” юмористик лойиҳаси иштирокчиси саналади. Аброр Ғуломов эса мусиқачи ва Ўзбекистон КВН Олий лигаси чемпиони сифатида ҳам танилган.
Тошкентда электрон овоз бериш синовдан ўтказилади
27 октябрда ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлар сайлови куни Тошкент шаҳрида жойлашган айрим сайлов участкаларида электрон овоз бериш усули қўлланади.
Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати маълум қилди.
“Gazeta.uz” нашрининг аниқлик киритишича, мазкур тизим Тошкент шаҳри ҳудудий сайлов комиссиясининг тавсиясига асосан пойтахтдаги 16, 17, 18, 19, 20, 21, 22, 23, 24 ва 25-сайлов участкаларида жорий этилади.
МСК матбуот хизмати маълум қилишича, синаб кўрилиши режалаштирилган электрон овоз бериш қурилмаларидан 37 та хорижий давлатда (АҚШ, Германия, Буюк Британия, Италия, Бразилия, Сингапур, Австралия ва бошқалар) фойдаланилган, улар орқали шу кунга қадар 6,5 миллиарддан ортиқ сайловчи овоз берган.
“Электрон овоз бериш тартиби овоз бериш ва сайлов натижаларини тезкор аниқлаш, овоз бериш жараёнларининг қонунийлигини таъминлаш, сайлов комиссияларининг иш ҳажмини мақбуллаштиришга хизмат қилади”, дейилади расмий хабарномада.
Қурилма сайлов бюллетенларининг электрон кўринишлари билан махсус дастурланган, монитор, қоғозни чоп этувчи ва автоматик тарзда кесувчи принтер, сайлов қутиси ва уни масофадан фаоллаштириш тугмасидан иборат. Ундан фойдаланиш тартиби участка сайлов комиссияси аъзолари томонидан тушунтирилади.
Электрон овоз бериш синовдан ўтказиладиган сайлов участкаларида сайловчилар анъанавий ёки электрон овоз беришни мустақил танлаш ҳуқуқига эга.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлар сайлови 27 октябрда ўтказилади. Сайлов кампаниясига 26 июлдан расман старт берилган.
МСК Либерал-демократик партия, “Миллий тикланиш”, Экологик партия, Халқ демократик партияси ва “Адолат” социал-демократик партиясига сайловда қатнашишга рухсат берган.
Мамлакатда қонунчилик идораси сайлови сўнгги бор 2019 йил 22 декабрда бўлиб ўтган.
Сирдарёда собиқ ИИБ ходими умрбод қамалди
Жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман суди уч кишини ўлдиришда айбдор деб топилган собиқ ИИБ ходими Мухтор Шарофбоевга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
“Kun.uz” нашри ёзишича, 1989 йилда туғилган Мухтор Шарофбоев оилали бўлишига қарамай, 2017 йил куз фаслидан фуқаро Э.Қамарова билан бирга яшаб келган.
2024 йил 26 апрель куни соат 23:00 ларда Шарофбоев Қамарованинг яшаш уйига борган. Эркак ва аёл жинсий алоқадан сўнг тортишиб қолган. Эркак хонада стул устида турган ўткир тиғли пилка (тирноқ текислайдиган мослама) билан аёлнинг бўйин, жағ ва пешонасига бир неча маротаба урган. Бунинг оқибатида аёл воқеа жойида вафот этган.
Шарофбоев шовқиндан уйғониб хонага кирган Қамарованинг вояга етмаган фарзанди ва кекса ёшдаги онасини ҳам бўғиб ўлдирган. Қотиллик қурбонлари – аёл 39, ўғил 12 ва она 73 ёшда бўлган.
Суд ҳужжатларига кўра, эркак жиноят изини йўқ қилиш мақсадида марҳумлар мурдаси ётган хоналарни ёқиб юборган.
Мухтор Шарофбоев 2022 йил январь ойидан Сирдарё вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ махсус қабулхона навбатчилик қисми инспектори лавозимида ишлаб келган. 2023 йил декабрь ойида ўз аризасига асосан лавозимидан озод қилингани айтилган.
Ички ишлар вазирлиги квадроберларнинг ота-оналарини огоҳлантирди
Ўзбекистонда ҳайвонларнинг хатти-ҳаракатларига тақлид қилувчи квадроберлар пайдо бўлди.
Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Тошкент шаҳрида 10 октябрь куни ҳайвон ниқобини тақиб олган квадробер кўриниш берган. 11 октябрь куни яна бир квадробер йўловчиларга итга тақлидан ҳужум қилган. Воқеага гувоҳ бўлган бола қаттиқ қўрқиб кетгани айтилмоқда.
“Экспертлар фикрича, квадроберлик бола ўзига ҳайвонларнинг агрессив ҳаракатларини қабул қилишига, ўзини ва атрофдагиларни жароҳатлашига, боланинг ҳали тўла шаклланмаган психикасига зарар етишига ҳамда унинг жамиятдан ажратилиб қолишига олиб келиши мумкин... Мазкур ҳолатлар жамиятда юриш туриш қоидаларига зид бўлиб, бу каби хулқ-атворни мутлақо қабул қилиб бўлмайди”, дейилган ИИВ расмий хабарномасида.
Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддаси ва “Таълим тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ота-оналар фарзандларининг таълим-тарбияси учун масъуллигини эслатган.
Мамлакат қонунчилигига мувофиқ, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этиши БҲМнинг 5 баробаригача (1 миллион 875 минг сўмгача) жаримага сабаб бўлади.
ИИВ таъкидича, болаларнинг квадроберлик субмаданиятига эргашиши ҳам ота-оналарнинг ўз мажбуриятларини бажармаслиги ўлароқ малакаланади.
Квадробика болалар ва ўсмирлар орасида оммалашган тренд бўлиб, субмаданият ва фитнес қоришмаси ўлароқ баҳоланади.
Адлия вазирлиги: ССВ қалбаки дори воситаларини рўйхатга олган
Ўзбекистон Адлия вазирлиги дори воситаларини ноқонуний равишда давлат рўйхатига олгани сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлигини огоҳлантирди, дея маълум қилди вазирлик таркибидаги Интеллектуал мулк департаменти.
Адлия идоралари томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида 2023 йилда 21 та ҳолатда, 2024 йилнинг ўтган даврида 16 та ҳолатда дори воситалари ноқонуний давлат рўйхатига олингани аниқланган.
Жумладан, истеъмолчиларга яхши таниш бўлган “Магне B6”, “Имудон”, “Смекта”, “Дуспаталин”, “Элевит” каби товар белгилари остида ишлаб чиқариладиган дориларнинг контрафакт нусхалари “Магне B6”, “Nest Imudon”, “Smecta”, “Grand Imudon”, “Меr Dusрatanim”, “Элемалвит” кўринишида турли фармацевтика корхоналари номига ноқонуний давлат рўйхатидан ўтказилган.
Адлия вазирлиги ССВга хат киритиб, дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларни давлат рўйхатдан ўтказишда қонунчилик талаблари бузилишини олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш лозимлиги, бундай ҳолат такроран содир этилганда тегишли жазо чоралари қўлланиши ҳақида огоҳлантирган.
Қонунчиликка мувофиқ, дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишда нафақат сифат, шу билан бирга, интеллектуал мулк ҳуқуқларига ҳам қатъий риоя этилиши керак. Қалбакилаштирилган ва аввал рўйхатдан ўтказилган дориларнинг ғайриқонуний нусхаларини ишлаб чиқариш тақиқланади.
Ўзбекистонда 2023 йили ўнлаб бола Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган йўтал сиропидан вафот этгани ортидан дори-дармон ширкатлари устидан назорат кучайтирилгани айтилади.
Жумладан, жорий йил 1 июлдан дори савдоси устидан GVP (good pharmacovigilance practice) назорат амалиёти кучга кирган. Мазкур стандарт дори маҳсулотлари хавфсизлигини доимий мониторинг қилиш ва ножўя таъсирлари ҳақида назорат қилувчи органларга мунтазам ҳисобот бериб боришни кўзда тутади.
Қорақалпоғистонда лотереячи блогерлар қамалди
Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида ноқонуний тарзда таваккалчиликка асосланган лотерея ўйинларини ўтказиб келган шахслар жиноий жазога тортилди.
“Kun.uz” нашрининг суд ҳукмига асосланган ҳолда хабар қилишича, 1984 йилда туғилган Рашид Ибрагимов ва 1985 йилда туғилган Темур Байрамов 2022-2023 йиллар мобайнида Youtube платформасидаги “Тўрткўл-95” канали орқали ноқонуний тарзда лотерея ташкил қилиб келган.
Ўйин чиптаси Россия ва Қозоғистондаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига 1400 рубль ёки 8 500 тенгедан, Ўзбекистон ҳудудида эса 200 минг сўмдан сотилган.
Ҳар бир турда 6290 та чипта сотувга чиқарилган, ютуқ сифатида автомобиль ва маиший техника воситалари қўйилган.
Ибрагимов ва Байрамов 2023 йил 5 сентябрь куни Тўрткўл туманида навбатдаги тур ўйинини жонли эфир орқали ўтказаётган вақтда қўлга олинган.
Қайд этилишича, ўн минглаб ўзбекистонлик мигрантлар пулини ноқонуний қиморга сарфлаган.
Жиноят ишлари бўйича Шуманай туман судининг 2024 йил 20 мартидаги ҳукми билан судланувчилар Жиноят кодексининг 278-моддаси (қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) ҳамда 243-моддасида (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбдор, деб топилган. Уларнинг ҳар бирига 7,5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, жиноий фаолият натижасида легаллаштирилган 56 миллиард 623 миллион сўм маблағ судланувчилардан солидар тартибда давлат фойдасига ундирилиши белгиланган.
Қорақалпоғистон Республикаси суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2024 йил 30 сентябрь кунги ажримига кўра дастлабки суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Озодлик аввалроқ айрим блогерлар орасида пулли лотерея ўйинларини ташкил этиш авж олгани, бу фаолият жамоатчилик ва давлат эътиборидан четда қолаётган бир пайтда, у блог эгаларининг мўмай даромад топиш манбаига айлангани ҳақида хабар қилганди.
Мирзиёев: Тартиб-қоидаларнинг 29 фоизи ЖСТга уйғунлаштирилди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев техник тартибга солиш соҳасидаги қонунчилик Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) талабларига мослаштириш муҳимлигини айтди, дея хабар қилди “Gazeta.uz” нашри.
“Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича қоидаларни уйғунлаштириш кўрсаткичи йил бошида 25 фоиз бўлган бўлса, ҳаракатларимиз билан буни 29 фоизга етказдик. Мана, қанча ишимиз турибди”, деган Мирзиёев 10 октябрь куни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўтказилган йиғилишда.
Таъкидланишича, мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлишида техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш ва метрология масалалари муҳим аҳамиятга эга.
Сўнгги йилларда мамлакатда 12 мингта стандарт тасдиқланган. Йил бошидан буён яна 1 минг 40 та халқаро стандарт қабул қилинган. Маҳсулот хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш мақсадида 29 та техник регламент ишлаб чиқилган.
Мирзиёев ташқи бозорларга чиқиш учун самарали техник тартибга солиш тизими шартлигини таъкидлаб, қўшимча вазифалар белгилаган.
“Ўзбекистондаги 269 лабораториядан 105 таси халқаро стандартлар томонидан тан олинмаган. Демак, жаҳон бозорига рақобатбардош маҳсулотлар чиқара олмаймиз”, деган у.
Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиши бўйича музокараларни қарийб 15 йиллик танаффусдан сўнг 2020 йил июль ойида қайта бошлаган. Расмий Тошкент аъзолик жараёнини имкон қадар тезроқ якунлаш ниятида эканини билдирган. Жумладан, жорий йил 5 июнь куни ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеалани қабул қилган президент Мирзиёев Ўзбекистоннинг тез фурсатда мазкур халқаро тузилмага аъзо бўлиш истагини урғулаган.
2023 йил август ойида мамлакат қонунчилигини ЖСТ келишувларига уйғунлаштиришга қаратилган фармон қабул қилинган.
Ўзбекистон – ЖСТ билан ташкилотнинг бутун тарихи давомида энг узоқ музокара олиб борган давлат. Бу йил музокаралар бошланганига 30 йил тўлди.
ЖСТ аъзо давлатлар ўртасидаги савдо қоидалари билан шуғулланувчи ягона глобал халқаро ташкилот ҳисобланади.
ЖСТга аъзолик рақобатбардошлик ва савдо ҳажмини оширишга кўмаклашади.
Собиқ хотинининг интим суратларини тарқатган эркак қўлга олинди
Андижон вилоятида собиқ хотинининг уятли суратларини интернетда тарқатиб келган эркак ушланди, деб маълум қилди Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази.
Андижонлик аёл С.Т. ИИБга мурожаат қилиб, ўзининг расмлари номаълум шахс томонидан Теlegram мессенжерида тарқатиб юборилганини маълум қилган.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмаси ўтказган тадбирда мазкур жиноятни мазкур вилоятда яшовчи М.М. содир этгани аниқланган.
Гумонланувчи сифатида терговга жалб этилган фуқаро жабрланувчи аёлнинг собиқ турмуш ўртоғи бўлган.
Тергов идораси қайдича, мазкур шахс собиқ хотинини обрўсизлантириш мақсадида Теlegramʼда аккаунт очиб, аёлга тегишли бўлган шаъни ва қадр-қимматини камситувчи беҳаё фото ва видеотасвирларни жойлаб келган.
Унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139- (туҳмат), 140- (ҳақорат қилиш) ва 141/3- (шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, кейинги йилларда мамлакатда интернетда беҳаё суратларни тарқатиш билан қўрқитиб пул талаб қилиш, яъни товламачилик жинояти кўпайиб бормоқда.
Ўзбекистонда Умра лицензияси бўйича талаблар кучайтирилди
Ўзбекистонда бундан буён 1 миллион доллар миқдоридаги маблағни “Зиёрат жамғармаси”га захира сифатида қўймаган сайёҳлик фирмалари Умра сафарини ташкил этиш билан шуғулланиши мумкин эмас. Вазирлар Маҳкамаси жорий йил 12 октябрь куни қабул қилган “Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 668-сонли қарорда ана шу талаб кўзда тутилган.
Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизматининг маълум қилишича, турфирмалар Умра тадбирини ташкил этиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун яна қуйидаги талаб ва шартларга жавоб бериши керак:
• зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисни тайинлаш;
• турфирма штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича бир нафар мутахассиснинг мавжудлиги;
• вояга етмаган фуқароларга хизмат кўрсатмаслик;
• ўз фаолиятини туроператор ва турагентлар орқали амалга оширмаслик;
• зиёратчилар учун Саудия Арабистонининг фақат Умра визасини расмийлаштириш;
• Умра хизматини Саудия подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга ошириш ва улар кўрсатадиган хизматлар учун тўловларни банк муассасалари орқали амалга ошириш;
• зиёратчиларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш;
• халқаро йўналишда йўловчи ташиш бўйича 2 йилдан кам бўлмаган тажрибага эга, бу даврда йўловчи ташишнинг халқаро ва миллий қонунчилик талабларини бузмаган авиакомпания билан ҳамкорлик қилиш;
• зиёратчиларни юборишдан олдин уларга бориш ва қайтиш авиачипталарини харид қилиш;
• зиёратчиларни тоифаси 3 юлдуздан кам бўлмаган меҳмонхоналарга жойлаштириш;
• Умра хизматини 3-давлатлар орқали кўрсатмаслик;
• хизматларни лицензияда кўрсатилган манзилдан бошқа жойдаги ваколатхона ёки филиал орқали кўрсатмаслик.
Диний қўмита Умра хизматини кўрсатиш бўйича лицензия соҳасидаги қонунбузарлик учун юридик шахсларга солинадиган жарима миқдори БҲМнинг 200 баравари (75 млн сўм) эканини эслатиб ўтган.
Ҳозирга қадар сайёҳлик фирмалари Туризм қўмитаси берган лицензия асосида Умра хизмати кўрсатиб келган.
2024 йил 2 июлида қабул қилинган қонунга мувофиқ, жорий йил 5 октябридан Дин ишлари бўйича қўмита Умра хизматини кўрсатиш бўйича лицензия берувчи ваколатли органга айланган.
Расмийлар лицензия талаблари кучайтирилишини турфирмалар айби билан бир неча минг зиёрати Саудия Арабистонида сарсон бўлгани билан изоҳлаган.
Жамоатчилик эса лицензия шартларини янада қийинлашиши ортидан Умра монополияси қайтишидан хавотирда.
Диний қўмита ва Мусулмонлар идораси Ҳаж ва Умра зиёратини узоқ йиллар давомида монополия қилиб келгани маълум. Бунинг ортидан юз минглаб ватандошлар зиёрат учун йиллаб навбат кутишга мажбур бўлган.
2022 йили жамоатчилик талаби асосида Умра сафарини сайёҳлик фирмалари орқали ҳам ташкил этишга рухсат берилганди. Шундан кейин зиёрат йўналишидаги турфирмалар сони ошгани, тарифлар кескин пасайгани кузатилган.
Сергелидаги портлашда айбдор топилганлар 5 йилданга қамалди
Тошкент шаҳар Миробод туман судида 11 октябрь куни Сергели туманида жойлашган омборхонадаги портлаш айбдорлари устидан ҳукм ўқилди.
Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, судланувчилар С.Ф., А.Ф., Б.С. ва Н.К. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” ва “б” бандлари билан айбдор деб топилганлар, уларнинг ҳар бирига нисбатан 5 йилданга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, суд ҳукмида фуқаровий даъвогарлар ва жиноят ишида жабрланувчилар деб эътироф этилган учта МЧЖнинг даъво аризалари қаноатлантирилгани, улар томонидан кўрилган зарар 4 нафар судланувчи ҳамда жавобгар МЧЖлардан солидар тартибда ундирилиши билдирилган.
Сергелидаги “Interlogistics” МЧЖга қарашли омборхонада ёнғин ва портлаш ўтган йилнинг 28 сентябрь куни рўй берган, ҳодиса оқибатида 1 киши вафот этган, 163 киши турли даражада тан жароҳати олган эди. Портлаш оқибатида 39 та кўп қаватли уйлардаги 1370 та хонадон, 246 та ҳовли, мактаб ва боғча биноларига шикаст етгани айтилиб, омборхонага қўшни бўлган 20 дан зиёд ҳовли энг кўп зарар кўргани айтилганди. Портлашдан жабрланганларнинг қанчасига кўрилган зарарнинг не қадари қоплаб берилгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.
Бир йил аввалги расмий маълумотларга кўра, Сергелидаги фавқулодда вазият сабабларини ўрганиш жараёнида ёнғин ва портлаш ўчоғи металл ва “сэндвич” панеллардан қурилган омбор бўлгани аниқланган. Ўша пайтда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи тўрт кишига нисбатан қамоққа олиш, бир кишига нисбатан гаров эҳтиёт чораси қўлланилгани билдирилган эди.
Талон-торожда айбланган вазир муовинининг озодлиги чекланди
Ўзбекистонда қатор йиллар давомида инновацион ривожланиш вазири ўринбосари, сув хўжалиги вазири биринчи ўринбосари ва қишлоқ хўжалиги вазири биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган Азимжон Назаров суд томонидан бир қанча жиноятларни содир этган деб топилган. Бу ҳақда Газета.uz нашри ўз тасарруфидаги суд ҳукмига таянган ҳолда хабар қилди.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Азимжон Назаров 2008 йили маркетинг тадқиқотлари, тижорий фаолият, молия ва бошқарув масалалари бўйича маслаҳат хизматларини кўрсатишга ихтисослашган Nazar Business and Technology ширкатини тузган. Унинг жиноятлари асосан шу ширкат билан боғлиқ. Назаров 2017 йил декабрида инновацион ривожланиш вазири ўринбосари лавозимига тайинлангач, Nazar Business and Technology раҳбарлигини бошқа одамга топширган, бироқ ўзида ягона таъсисчиликни сақлаб қолган.
“Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан Сув хўжалиги вазирлиги ва Жаҳон банки ўртасида умумий қиймати 376,71 млн АҚШ доллари бўлган қарз битими имзоланган. Сув хўжалиги вазирлиги лойиҳани амалга ошириш, кредит, қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишга масъул этиб белгиланган.
2016 йил 5 август куни Сув хўжалиги вазирлигининг Жаҳон банки лойиҳаларини амалга ошириш гуруҳи ва Азимжон Назаров таъсисчилигидаги Nazar Business and Technology ўртасида “Мониторинг ва баҳолаш” ҳамда “Ижтимоий ҳимоя чоралари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириш тўғрисидаги ҳужжатни яратиш” бўйича 2016−2021 йилларда консалтинг хизматларни кўрсатиш юзасидан умумий қиймати 950 320 АҚШ долларига тенг бўлган шартнома имзоланган.
Назаров МЧЖдаги ўринбосари ва бош ҳисобчи билан давлат ташқи қарзи ҳисобидан мазкур лойиҳага жалб қилинган маблағларни қонунга хилоф равишда ўзлаштириш юзасидан жиноий режа тузган. Унга асосан, лойиҳага жалб қилинган мутахассислар томонидан ҳақиқатда бажарилмаган иш турларини гўёки бажарилгани ҳақида ёлғон маълумотлар киритилган табел ва ҳисоб-фактуралар тайёрлаш орқали маблағларни ўзлаштиришни йўлга қўйган.
Давлат молиявий назорати инспекцияси ходими томонидан тузилган 2024 йил 7 мартидаги умумий далолатномага кўра, Назаров ва шериклари лойиҳа доирасида шартнома шартларига зид равишда ҳақиқатда бажарилмаган консалтинг хизматларини гўёки бажарилган деб кўрсатиш орқали Nazar Business and Technology’га 17 та ҳолатда жами 562 428 АҚШ доллари (валюта курсининг 2023 йил 31 июль ҳолатига 6 млрд 564 млн 388 минг 245 сўм) пул маблағи ортиқча тўланишига эришган.
Шунингдек, Назаров «Жанубий Қорақалпоғистонда Сув ресурсларини бошқариш» лойиҳаси доирасида амалга оширилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган хизматлар учун ёлғон ҳужжатлар тайёрлаб, давлат маблағларини талон-торож қилган. У мазкур маблағларнинг бир қисмини Nazar Business and Technology`га ўтказиб, Тошкентда уй ва офис биноларини сотиб олган ҳамда қурдирган. Назаров ушбу мол-мулкларни жиноий фаолиятидан олинган даромадларни легаллаштириш мақсадида ишлатган ва 2017−2021 йилларда катта миқдорда пулларни ўзлаштирган.
Бундан ташқари, суд ҳукмида айтилишича, Азимжон Назаров сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган даврда насос станцияларини модернизациялашга алоқадор йирик лойиҳанинг қиймати 95,4 млн АҚШ долларига кўпайтирилган, шунингдек, бюджетдан 3,7 млрд сўм пул маблағлар асоссиз сарфланган. Назаров судда айбига иқрор бўлмаган. У умуман жиноят содир этмаганини айтиб, суддан ўзига нисбатан одилона қарор қабул қилишни сўраган.
“Судда судланувчининг айби гувоҳларнинг кўрсатмалари билан ўз исботини тўлиқ топгани қайд этилган”, дейилган Газета.uz хабарида.
Суд ҳукми билан Азимжон Назаров Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмининг «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 209-моддаси 2-қисмининг «а» банди (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан мансаб сохтакорлиги), 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) ҳамда 207-моддаси 1-қисмида (Мансабга совуққонлик билан қараш) назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган.
Cобиқ мулозимга 2 йил муддатга корхона, ташкилот ва муассасаларда моддий жавобгарлик юклатилган вазифалар ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4,5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Шунингдек, суд Назаров зиммасига давлатга етказилган 562 428 АҚШ доллари миқдоридаги зарарни қоплаб бериш мажбуриятини юклаган.
Қиз фарзанд кўрса “чиқиндига ташлаши”ни айтган тиктокерга нистабан жиноят иши қўзғатилди
Қашқадарё вилояти Нишон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи Sardor gangster тахаллуси билан TikTok ва YouTube платформаларида танилган блогер Сардор Сафарбоевга нисбатан жиноят иши очди.
“Sevimli” телеканалининг “Zamon” ахборот дастури хабарига кўра, жиноят ишига блогернинг хотини қиз фарзанд туғса, чиқиндига ташлашини айтгани сабаб бўлган.
“Мен қиз фарзанд кўрмайман. Агар қиз фарзанд кўрсам, олдириб ташлайман. Қиз керакмас. Хотин туққанидан шундай бораман, қизми, чиқинди идишга отиб юбор, дейман. Керакмас! Мен дўзахга кирсам ҳам ўғил фарзанд туғдираман”, деган Sardor gangster ижтимоий тармоқларда тарқалган видеосида.
Ушбу чиқиш жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлди. Бунинг ортидан Сафарбоев баҳсли фикр учун жамоатчилик, хусусан, хотин-қизлардан тиз чўккан ҳолда узр сўраган.
Қашқадарё вилояти ИИБ матбуот котиби Ирода Расулова Сардор Сафарбоев хотин-қизлар қадр-қимматини таҳқирлаганини қайд этган.
“Тармоқлардан фойдаланишнинг тартиб-қоидалари бор. Қоидаларни бузган фуқаролар қонуний тартибда жазоланади. Шуни унутманг, хотин-қизлар ҳуқуқлари давлат ҳимоясида”, деган ИИБ вакили.
Тиктокер айбланаётган Жиноят кодексининг 140-моддасида (ҳақорат қилиш) БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима, 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари каби жазолар кўзда тутилган.
Озодлик блогер Сардор Сафарбоев жорий йил 21 февраль куни “миллий, ирқий, этник ёки диний адоват”да айбланиб 10 суткага қамалгани ҳақида хабар берганди.
Пойтахтни водий билан боғловчи пулли автойўл 6 йилда қурилади
Лойиҳа қиймати 4,28 миллиард долларни ташкил этаётган Тошкент–Андижон пулли автомобиль йўли қурилиши муддати 6 йил 3 ойни ташкил этади. Бу ҳақда “Gazeta.uz” нашри Ўзбекистон транспорт вазирининг ўринбосари Жасурбек Чориев сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.
Жаҳон банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган лойиҳага асосан йўлнинг 64 фоизи янгидан қурилиши, 36 фоизи эса реконструкция қилиниши кутилмоқда. Узунлиги 314 километр бўлган I-a категориясидаги, цемент-бетон қопламали йўл 6 қатордан иборат бўлади.
Жараён уч босқични ўз ичига олади. Биринчи босқичда Тошкент–Ангрен (78 км), иккинчи босқичда Ангрен–Поп (93 км), учинчи босқичда эса Поп–Андижон (143 км) қисмлари қурилади.
Режага мувофиқ, пойтахтни водий билан боғловчи ушбу йўлда жами 10 та туннель барпо этилади, уларнинг умумий узунлиги 33 кмга етади. Энг узун туннель 6787 метрни ташкил этади.
Пулли йўл қурилиши Тошкентдан Андижонга сафар қилиш вақтини ҳозиргидан 2 соат 14 дақиқага камайтириши айтилмоқда.
Йўл қурилиши бўйича давлат-хусусий шерикчилик келишуви 49 йил мобайнида амал қилади.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон президенти томонидан жорий йилнинг 30 августида имзоланган қарорда Тошкент–Андижон пулли автойўлни қуриш 2026 йилда бошланиши белгиланган. Йўл 2032 йилда фойдаланишга топширилиши керак.
Инсон аъзолари савдоси билан шуғулланган талаба жазоланди
Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси Б.А. инсон аъзолари олди-сотдисида айбланиб, жиноий жазога тортилди, дея хабар қилди “Kun.uz” нашри.
Суд ҳужжатларида қайд этилишича, 21 ёшли талаба “мўмай даромад орттириш мақсадида” ижтимоий тармоқларга инсон аъзоларини сотиб олиши ҳақида эълон жойлаштирган. У буйракни 38 минг, жигарни 43 минг ҳамда суяк илигини 23 минг доллар деб баҳолаган.
Ушбу эълондан сўнг аъзоларини сотмоқчи бўлганлар у билан боғланган. Талаба мурожаатчилардан бирига унинг битта буйрагини 38 минг долларга сотиб олишини, кўчириб ўтказиш Германияда амалга оширилишини, бунинг учун олдиндан 350 доллар тўлаши кераклигини айтган. Талаба ушбу пулни олган вақтида тезкор тадбирда ушланган.
Айбланувчи судда бу ишни муҳтожлик важидан қилгани, Германияда ҳеч қандай таниши йўқлигини айтган.
Суд ҳукми билан Б.А. Жиноят кодекси 25- (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 133-1-моддаси 1-қисмида (инсон аъзоларининг ёки тўқималарининг олди-сотдиси) назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбдор деб топилган ва унга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Постсовет ўлкаларида сўнгги йилларда одам органлари савдоси кенгаяётгани кузатилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистонда одам тана аъзоларини хориждаги донорларга контрабанда қилувчи жиноий гуруҳларнинг борлиги Бухорони титратган “одамхўр Қораевлар иши”дан сўнг маълум бўлган.