Линклар

Шошилинч хабар
30 январ 2023, Тошкент вақти: 07:11

Халқаро хабарлар

"Москва-Астрахань" автобуси аварияга учраши оқибатида 5 киши ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Россиянинг Разянь шаҳри яқинида "Москва-Астрахань" автобуси аварияга учраши оқибатида 5 киши ҳалок бўлди.

Разянь вилояти соғлиқни сақлаш вазири Андрей Прилуцкийнинг билдиришича, йўловчилардан 20 нафари турли тан жароҳатларини олган, улардан 12 нафари касалхонага ётқизилган.

Москвадан Астраханга кетаётган автобус Разянь вилоятининг Скопинск туманида темир йўл устунига урилган.

Расмийларга кўра, бунга йўлнинг музлаб қолгани сабаба бўлган. Ҳайдовчи тойғоқ йўлда бошқарувни йўқотиб қўйган.

Автобусда жами 49 йўловчи бўлган. Жароҳат етмаган йўловчилар бошқа автобусда Астраханга етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан “Икки ва ундан кўп шахсларнинг ўлимига сабаб бўлган йўл қоидасининг бузилиши” моддаси асосида жиноят иши қўзғатилди.

Кун янгиликлари

Афғонистонда ярим ой ичида совуқ туфайли 160 дан зиёд одам нобуд бўлди

Афғонистоннинг тоғли ҳудудларидан бири (архив сурати)

Ўзбекистонга қўшни бўлган Афғонистонда 10 январдан буён 160 дан зиёд одам ва камида 70 минг бош уй ҳайвони нобуд бўлган. Мамлакатнинг айрим жойларида ҳаво ҳарорати – 34 даражагача пасайгани сабабли бу сафарги қиш мавсуми сўнгги йилларнинг энг совуқ қиши ўлароқ эътироф этилмоқда.

2021 йил августида Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олган “Толибон” ҳаракати томонидан шакллантирилган ҳукумат маълумотига кўра, 10 янвадан 26 январгача мамлакатда 162 киши ўлган. Бир неча кун аввал толиблар ҳарорат кескин совиб кетиши оқибатида 70 минг бошга яқин чорва ҳайвони нобуд бўлгани ҳақида маълумот тарқатишган.

Маълумотларга кўра, совуқдан ўлганларнинг кўпчилигини чўпонлар ҳамда қишлоқларда яшаб, “тиббий ёрдам олиш имкониятидан маҳрум бўлган” кишилар ташкил қилган. Қалин қор туфайли ҳозирда Афғонистоннинг кўп жойлари бошқа ҳудудлардан узилиб қолган: тоғли жойлардаги кўп йўллардан ўтишнинг имкони йўқ – “у ерларда машиналар тиқилиб қолган, йўловчилар эса ҳарорат пастлиги оқибатида ҳалок бўлишган”.

“Толибон” вакиллари иддаосича, улар фуқароларга ёрдам бериш учун ҳарбий вертолётларни йўллашган, бироқ вертолёт учувчилари тоғли ҳудудларда ерга қўнишни уддалашолмаган.

Афғонистон пойтахти Кобулда яшовчилар “ҳалигача ҳеч қанақа ёрдам ололмаган”ларини, ўзларига нон ва ўтин сотиб олиш учун пул етмаётганини, айримлар исиниш учун пластик ёқишаётганини айтишган.

Бунга параллел равишда “Толибон”нинг аёлларга ННТларда ишлашни тақиқлашга оид фармони ортидан кўплаб гуманитар ташкилотлар мамлакатдаги ўз фаолиятларини тўхтатиб қўйишган.

БМТнинг фавқулодда ёрдам бўйича мувофиқлаштирувчиси Мартин Гриффитс ўзининг Афғонистонга сафари чоғида халқаро ташкилот бу тақиқнинг бекор қилиниши йўлида ҳаракат қилаётганини билдирган. Гриффитсга кўра, мамлакатдаги гуманитар буҳрон туфайли 28 миллион афғонистонлик ёрдамга муҳтож, улардан 6 миллионига очарчилик хавф солмоқда.

Бундан 1,5 йил муқаддам ҳокимият тепасига келган толиблар илк кезларда мамлакатда аёллар ҳуқуқларига риоя қилиниши юзасидан ваъдалар беришган, бироқ тез орада бу борада чекловлар киритишни бошлашган. Улар Аёллар ишлари бўйича вазирликни тугатишган, қизларнинг мактаб ва университетларда ўқиш имконидан маҳрум қилишган, аёлларга спорт билан шуғулланишни тақиқлашган, телебошловчилардан эфирга ҳижобда чиқишни талаб қилишган.

АҚШ: Ўзбекистонлик Сайфулло Соипов Нью-Йоркдаги террор хуружида айбдор деб топилди

АҚШ федерал судьяси жорий йилнинг 26 январь куни асли ўзбекистонлик Сайфулло Соиповни беш йил муқаддам Нью-Йорк шаҳрининг Манҳэттен мавзеида велойўлакда одамларни юк машинаси билан уриб юборганликда айбдор деб топди.

2017 йилнинг 31 октябрида содир этилган ҳужум оқибатида саккиз киши нобуд бўлган, яна 12 киши жароҳат олган эди.

Қўшма Штатларга 2010 йилда кўчиб борган 34 ёшли Сайфулло Соипов қотиллик, одам ўлдиришга қасдланганлик ва “Исломий давлат” экстремистик гуруҳига моддий ёрдам кўрсатганлик каби жами 28 модда бўйича айбдор деб топилган.

CNN хабарига кўра, судланувчининг адвокати Девид Паттон ўзининг сўнгги ҳимоя нутқида мижозининг ўткинчиларга ҳужум қилгани фактини инкор этмаслигини айтган, бироқ у айбловнинг ҳужум сабаби Исломий давлатга қўшилиш истаги бўлган деган даъвосига қарши чиққан.

Reuters ахборот агентлигининг ёзишича, 6 февраль куни ҳакамлар ҳайъати ўлим жазоси муносиб жазо бўлиши тўғрисида қарор қабул қилиши керак. Мазкур жазо ўлим жазосини бекор қилиш тарафдори бўлган президент Жо Байден маъмурияти бошқаруви чоғида федерал даражада илк бор қўлланилиши мумкин.

Нью-Йорк шаҳрида содир этилган ҳужумда олти нафар хорижлик сайёҳ ва икки нафар америкалик ҳалок бўлган эди. Аввалроқ судда Соипов қилмишидан пушаймон эмаслиги ва имкон қадар “кўпроқ” одамни ўлдирмоқчи бўлганини айтган. Ҳибсга олинганидан кейин Соипов уни ҳужумни амалга оширишга ИШИД видеолари уни илҳомлантирганини эътироф этган. Соиповнинг адвокатлари суддан Нью-Йорк прокуратурасини ўз мижозига нисбатан ўлим жазосини талаб қилиш имкониятидан маҳрум қилишни сўраган.

Нью-Йоркдаги қонли ҳужум ортидан кейин АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Дональд Трамп Сайфулло Соиповни ўлимга ҳукм қилишни талаб қилган эди. Кейинроқ у бир нечта шу мазмундаги твитлар ёзиб, ўзбекистонлик мигрантни қатл этишга чақирган. Соиповнинг адвокатлари Трамп қўнғироқлари прокурорнинг бу масалада холис бўлишига монелик қилиши мумкинлигини айтишган.

Асли тошкентлик Сайфулло Соипов 2010 йили 21 ёшида Green Card лотереясида ютиб олгани ортидан АҚШга бориб, бир қанча штатда истиқомат қилган. АҚШдаги танишлари Соиповни радикал исломчи эмас, молиявий муаммолари бор тажовузкор йигит деб таърифлашган.

Тошкентдаги Соиповлар оиласи, иддаоларга кўра, ўзига тўқ ҳисобланган ва умуман диндор бўлган эмас. Соипов АҚШга жўнаб кетишдан олдин Тошкент Молия институтини тамомлаган ва пойтахтдаги меҳмонхоналардан бирида ҳисобчи бўлиб ишлаган.

EИ Россиянинг музлатилган резервларини Украинага бериш йўлини топди

Европа комиссияси Россия Марказий банкининг музлатиб қўйилган активларини инвестициялар ва қайта тиклаш учун Украинага қонуний равишда ўтказиб беришнинг йўлини топди. Бу ҳақда Bloomberg ўз манбаларига таянган ҳолда хабар берди.

Айни пайтда Европа давлатларида Россия Марказий банкининг музлатиб қўйилган 300 миллиард долларлик активларидан 34 миллиард доллари мавжуд. Жаҳон банки Украинани қайта тиклаш учун камида 350 миллиард доллар маблағ кетади, деб ҳисоблайди.

Bloomberg манбаларига кўра, Еврокомиссия адлия хизмати таклиф қилинган режага асосан Россия пулларини экспроприация қилиш мумкин эмас, муайян бир вақтдан кейин эса асосий маблағни ва фоизларни Москвага қайтариш шарт бўлади. Агар ЕИ Россия активларини бошқаришда зарар кўрса, Россияга иттифоқ давлатлари ҳисобидан товон пули тўлашга тўғри келади.

Юристлар Европа комиссиясига тақдим этган режа муҳокама қилиниш арафасида турибди. ЕИнинг қатор давлатлари режа юридик жиҳатдан асосли эканини шубҳа остига олмоқда. ЕИ мутасаддилари бу каби режалар “Катта еттилик” давлатлари билан ҳамкорликда амалга оширилиши лозим деб ҳисоблайди.

Германия ҳукумати аввал юридик масалалар ҳал этилганидан сўнг Россиянинг музлатилган активларини Украинага кўмак сифатида беришга тайёр эканини билдирган.

2022 йил охирида АҚШ Сенати мусодара қилинган Россия активларини Украинага ёрдам сифатида жўнатиш назарда тутилган қонуни қабул қилган эди.

Мазкур ташаббусга қаршилар мусодара қилинган маблағлар масаласи юзасидан судларга даъво аризалари киритилиши мумкинлигини, бу эса АҚШнинг инвестициявий жозибадорлигига зарба беришини айтмоқдалар.

ХАЭА раҳбари Запорожье АЭСи атрофида портлашлар бўлганини билдирди

Халқаро атом энергияси агентлиги директори Рафаэл Гросси.

Россия босиб олган Запорожье АЭСи атрофида 25-26 январь кунлари қатор портлашлар эшитилди. Бу ҳақда Халқаро атом энергияси агентлиги директори Рафаэл Гросси баёнот берди.

Унга кўра, 25 январь куни эрталаб 8 марта портлаш бўлган. Унда АЭС ҳудудидаги офисларнинг деразалари титраган. 26 январда эса портлашлар сони кўпайган.

Гросси АЭС атрофидаги жаговар ҳаракатлар объект яқинида ядровий хавфсизлик зонасини яратиш шартлигини кўрсатиб турганини таъкидлади. ХАЭА раҳбари бу масалани Украина президенти Владимир Зеленский билан муҳокама қилганини ва Россия ҳамда Европа Иттифоқи билан маслаҳатлашувларни давом эттириш ниятидалигини айтди.

"Росэнергоатом" вакили ТАССга ХАЭА баёнотини шарҳлар экан, портлашлар тўғрисидаги маълумотларни провокация деб атади ва ташкилотни миш-мишларга эмас, аниқ маълумотларга ишонишга чақирди.

Украинанинг “Энергоатом” ширкати Гросси баёнотига муносабат билдирмади.

Уруш шароитида конфликт ҳудудида маълумотларни тезкор текшириш имконияти мавжуд эмас.

Запорожье АЭСи март ойи бошларида Россия томонидан босиб олинган эди. АЭС атрофида мунтазам портлашлар бўлиб турибди. Бу портлашларда Москва ва Киев бир-бирларини айблаб келади.

Афғонистонда аҳолининг ярми очликда яшамоқда

Афғонистонда озиқ-овқат тақчиллиги ортидан аҳолининг ярми очликда яшаётгани тўғрисида Жаҳон озиқ-овқат дастури маълум қилди. 2021 йилнинг августида Толибон Кобулда ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг халқаро ҳамжамият Афғонистонга ёрдамни тўхтатган ва миллионлаб афғон қашшоқлашган эди.

“Афғонистон халқининг ярми очликда яшамоқда, қорни тўйиб овқатланмаётганларнинг сони эса аввалгидан ҳам кўпайди”, деди халқаро ташкилот вакили Филипп Кропф.

Унга кўра, мамлакатда 7 миллион бола ота-онаси билан бирга қашшоқликда яшамоқда. 40 миллионга яқин аҳоли яшайдиган Афғонистонда ҳозирча очликдан ўлганлар тўғрисида маълумот мавжуд эмас. Гуманитар инқирозни бартараф этиш учун маблағ йўқ.

Ўн кун олдин Афғонистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги саккиз вилоятда қаттиқ совуқдан одамлар ўлгани ва 80 мингга яқин чорва нобуд бўлганини билдирди. Очарчиликни бошидан кечираётган мамлакатда ҳаво ҳарорати -34 даражага етди.

Россия аннексия қилган Қримда бир кунда камида 25 қрим-татар қамоққа олинди

"Росгвардия"чилар Симферополь суди олдида 25 январь куни 30 кишини қўлга олган эди.

Симферополь судларида 26 январь куни камида 25 қрим-татар қамоққа олинди. Улар бир кун олдин шаҳарнинг Киев туман суди биноси олдида қўлга олинган эди.

25 январда ўнлаб қрим-татар «Ҳизбут Таҳрир”га аъзоликда айбланиб судланаётган олти қримликни дастаклаш учун суд биноси олдишга йиғилган эди. Полиция ўшанда 30 кишини қўлга олган. Кейинроқ уларнинг кўпчилигига “жамоат тартибини бузилишига сабаб бўлган оммавиий йиғилишни уюштириш” айблов билдирилди.

Жумага ўтар кечасигача судлар 26 қрим-татарга нисбатан ҳукм ўқиди. Улардан 25 нафари 10 суткадан 15 суткагача маъмурий қамоққа, бир нафари 20 минг рубль жаримага тортилди.

Россия 2014 йилда Қримни аннексия қилганидан сўнг асосан қрим-татарларни « Ҳизбут Таҳрир»га аъзоликда айблаб қамай бошлади. Бугунги кунда уч юздан ортиқ қрим-татар “террорчилик”да айбланиб узоқ йилларга қамалган.

Қрим-татарларнинг ўзлари эса Қримнинг босиб олинишига қарши бўлганлари учун Москва ўч олмоқда деб ҳисоблайди.

АҚШ “Вагнер” ҳарбий ширкатини жиноятчи ташкилот деб эълон қилди

АҚШ «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкатини трансмиллий жиноий ташкилот сифатида эълон қилди ва қатор шахсларга нисбатан янги санкциялар жорий этди.

АҚШ Молия вазирлигининг билдиришича, санкциялар рўйхатига Россия саноат савдоси вазири ва бош вазир ўринбосари Денис Мантуров, Татаристон президенти Рустам Минниханов, бизнесмен Сергей Адоньев киритилди.

Вашингтон «Вагнер» ва унинг асосчиси Евгений Пригожин билан ҳамкорлик қилган деб ҳисоблайдиган олти шахсни ва 12 ширкатни ҳам санкциялар рўйхатига қайд этди.

Бундан ташқари АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Вашингтон Украина босқинига алоқадор бўлган 531 рус ҳарбийсига виза чеклови жорий этишини билдирди.

АҚШ «Вагнер»ни жиноий ташкилот деб эълон қилиши ва унга қўшимча санкциялар жорий этиши тўғрисида бир неча кун олдин хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби маълум қилган эди.

“Вагнер” ва Пригожин бундан аввал ҳам ЕИ ва АҚШ санкцияларига дучор бўлганди. Пригожин “Вагнер”нинг жиноий ташкилот сифатида эълон қилишини шарҳлар экан: “Энди “Вагнер” ва америкаликлар ҳамкасб бўлди. Бизнинг ўзаро муносабатларимизни энди “жиноий кланларнинг разборкаси” деб атасак бўлаверади”, деб айтди.

“Вагнер” Россиядаги норасмий ҳарбий хусусий ширкат бўлиб, у Сурия, Африка ва Украинадаги урушларда иштирок этган.

Аввалроқ “Вагнер” Украина урушига Россия қамоқларида ўтирган маҳкумларни ёллаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган эди.

АҚШ Туркияни Россиядан учиб келаётган “Боинг”ларни қабул қилмасликка чақирди

Иллюстратив сурат

Вашингтон Россия авиаширкатларига АҚШда ишлаб чиқарилган учоқлар билан Туркияга парвоз қилишни тақиқлаш бўйича Анқарага босим ўтказмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal газетаси ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Нашр суҳбатдошларига кўра, ўтган йилнинг декабрь ойида АҚШнинг юқори лавозимли мулозимлари Туркия томонини Украинага қарши босқинчилик урушини олиб бораётган Россияга қарши санкцияларга риоя қилиш лозимлиги ҳақида огоҳлантиришган.

The Wall Street Journal Қўшма Штатларнинг бу борадаги позициясини Анқарага Савдо вазирлиги вакиласи Тея Розман Кендлер етказганини қайд этган. У ўтган йил сўнгида расмий ташриф билан Туркияда бўлган эди. Вазирлик газета билан сафар тафсилотларини очиқлаган эмас, бироқ АҚШ томонидан Россия, Беларусь ва Эрон учоқларига қарши киритилган чекловларга риоя этилишини назорат қилиш мақсадида хорижий авиаширкатлар билан иш олиб бораётганини урғулаган.

WSJ маълумотига кўра, Россия авиаширкатлари ўтган йилнинг 1 октябридан бери Туркияга АҚШда ишлаб чиқарилган “Боинг” учоқларида икки мингдан зиёд рейсни амалга оширган.

АҚШнинг Boeing корпорацияси 2022 йилнинг март ойи бошидан Россиядаги учоқларга техник хизмат кўрсатишни тўхтатган. Европанинг Airbus ширкати ҳам шу каби қарор қабул қилган.

Politico: Ғарб давлатлари Украинага қирувчи учоқлар бериш имкониятини муҳокама қилишмоқда

F-16 қирувчи учоқлари

АҚШ ва Европа мамлакатлари Украинага қирувчи учоқлар бериш эҳтимолини муҳокама қилишяпти, дея хабар қилди Politico нашри мулозимлар ва дипломатлардан олинган маълумотга таянган ҳолда.

Нашр қайдича, Украина учун танк олиш учун кураш ибтидо бўлган, холос – эндиликда Киевга қирувчи учоқлар етказиб бериш ҳақида ички баҳс-мунозаралар олиб бориляпти.

“Кейинги табиий қадам қирувчиларни етказиб бериш бўлади”, дея иқтибос келтирган Politico европалик дипломатлардан бирининг сўзларидан.

Қирувчи учоқларни етказиб бериш юзасидан муҳокама танкларга оид мунозаралардан ҳам баҳслироқ бўлиши кутилмоқда. Европада мулозимлар ва дипломатларнинг кўпчилиги ўз ҳукуматлари бу ғояни нафсиз деб ҳисобламаётганини билдиришган, бироқ уларда экскалациядан хавотир юқорилигича қолмоқда.

Нашр журналистлари билан суҳбатлашган дипломатлардан бирига кўра, Вашингтон гўё Киевга “ҳозирда учоқ етказиб беришнинг имкони йўқ”, деган.

“[Қирувчи учоқларни етказиб бериш бўйича] қизил чизиқ бор, лекин ўтган ёзда HIMARS етказиб бериш ҳам қизил чизиқ бўлган эди ва бу чизиқ сурилди. Кейин танкларга нисбатан қизил чизиқ бор эди ва у ҳам ўрнидан силжиди”, дея қўшимча қилган дипломат.

Аввалроқ Нидерландия ташқи ишлар вазири Вопке Хукстра, агар Киев ўз мамлакатидан F-16 учоқларини сўрайдиган бўлса, Вазирлар маҳкамаси бундай учоқларни етказиб бериш имкониятини кўриб чиқишини билдирган эди.

Қўшма Штатлар 25 январь куни Украинага 31 та Abrams танки йўлланишини очиқлаган, Германия эса Киевга 14 та Leopard 2 танкини беришга рози бўлган ҳамда бошқа мамлакатларга ҳам ўзи ишлаб чиқарган танкларни Украинага етказиб беришга рухсат берган.

Украина армияси Соледардан чекинди

Украина армияси Донецк вилоятидаги Соледар шаҳридан чекинди. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари шарқий гуруҳи расмий вакили Сергей Череватий маълум қилди. Унга кўра чекиниш «шахсий таркибнинг ҳаётини сақлаб қолиш» мақсадида амалга оширилган. Россия ҳукумати икки ҳафта олдин Соледар босиб олинганини билдирган эди, бироқ Киев буни инкор қилиб келган.

Череватийга кўра, украин армияси Соледарда Россия қўшинига иккита Чеченистон урушида кўрилган талофатлар даражасида зарар етказган.

Россия Мудофаа вазирлиги 13 январда Соледар босиб олинганини билдирган эди. Украинаи армияси расмийлари эса бу хабар ёлғон эканини, шаҳар учун жанглар давом этаётганини маълум қилган.

Соледар Россия қўлга киритган иккинчи йирик шаҳар бўлди. Бундан аввал Россия ўтган йилнинг ёзида Лисичанскни босиб олган эди.

Ҳарбий таҳлилчиларнинг айтишича, Соледарнинг босиб олиниши Россия учун яна бир йирик шаҳар – Бахмутни эгаллашга стратегик база яратади.

Россия бир неча ойдан бери Бахмут йўналишида қаттиқ қаршиликка учрамоқда. Бахмут Украина шарқида стратегик аҳамиятга эга.

АҚШ ва Германия Украинага Abrams ва Leopard танкларини етказиб беришларини тасдиқлашди

АҚШда ишлаб чиқарилган M1 Abrams танклари (иллюстратив сурат)

Қўшма Штатлар Украинага 31 та M1 Abrams танкини тақдим этади. Бу ҳақда Вашингтонда ўтказилган брифинг чоғида АҚШ президенти Жо Байден маълум қилди.

Украинага M1 Abrams танкларига хизмат кўрсатиш учун M88 русумли 8 та таъмир-эвакуация машинасини ҳам йўллаш кутилмоқда. Оқ уй вакиллари украиналик ҳарбийларнинг танклар эксплуатациясига тайёрлаш учун дастур устида ишлар бошлаб юборилгани ҳақида билдиришган.

Байденга кўра, M1 Abrams танкларини Украинага етказиб бериш учун бир неча ой кетиши мумкин.

Аввалроқ Bloomberg агентлиги Германия Украинага Leopard 2 русумли 14 та танк жўнатишга қарор қилгани ҳақида хабар қилган. Шунингдек, Берлин иттифоқчиларга ҳам ўз техникасини Украинага етказиб бериш учун керакли бўлган рухсатномани бергани очиқланган. Қайд этилишича, Берлин ўз ҳамкорлари билан биргаликда Украина учун тез орада иккита танк батальонини шакллантириш ниятида.

Зеленский буйруқни бажармаган ҳарбийлар учун жазо кучайтирилишини кўзда тутган ҳужжатни имзолади

Президент Зеленскийнинг Бахмутга сафаридан лавҳа (архив сурати)

Украина президенти Владимир Зеленский ҳарбий ҳолат ва жанговар шароитда ҳарбийлар жавобгарлигини кучайтириш бўйича мамлакат Жиноят кодексига киритилган ўзгартишларга қўл қўйди.

Ўзгартишларга мувофиқ, бундан буён судлар командирига бўйсунмагани, буйруқни бажармагани, командирига нисбатан таҳдид ёки зўравонлик қилгани, жанг майдони ёки ҳарбий қисмни ўз ихтиёри билан ташлаб кетгани учун судланган ҳарбийларга камайтирилган ёки шартли жазо муддати беришга ҳақли бўлмайди.

Ҳужжатда буйруқни бажармаганлик учун 3 йилдан 7 йилгача, дезертирлик учун 5 йилдан 12 йилгача, ҳарбий қисм ёки хизмат жойини ўзбошимчалик билан ташлаб кетганлик учун 5 йилдан 10 йилгача, жанг майдонини ўзбошимчалик билан ташлаб кетганлик ёки қурол қўллашдан бош тортганлик учун ҳам 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган.

Аввалроқ ҳуқуқ фаоллари Зеленскийни мазкур қонун лойиҳасини тасдиқламасликка чақирган эдилар. Улар фикрича, ЖКга киритилаётган ўзгартишлар ҳарбийларнинг судда ҳимояланиш бўйича тамал ҳуқуқларини сезиларли даражада чеклаб қўяди. Ўтган йилнинг декабрь ойида мазкур ўзгартишларга қарши уюштирилган петицияни бир кунда 25 мингдан зиёд киши имзолаган эди.

Украина бош қўмондони меросга қолган 1 миллион долларни армия ҳисобига ўтказди

Украина Қуролли кучлари бош қўмондони генерал Валерий Залужний.

Украина Қуролли кучлари бош қўмондони генерал Валерий Залужний январь ойида келиб чиқиши украиналик бўлган АҚШ фуқаросидан 1 миллион доллар мерос олди ва уни армия ҳисобига ўтказди. Бу ҳақда New York Times хабар берди.

Хабарда айтилишича, Залужнийга 1 миллион долларлик меросни АҚШ фуқароси Грегори Степанец васият қилиб кетган. Хабарда Степанец Залужний билан қай тарзда қариндошлик ришталарига эга экани айтилмаган.

Украина Қуролли кучлари матбуот хизмати Залужний меросга олган пулини армия ҳисобига ўтказиб берганини тасдиқлади.

New York Times газетасининг Украина Миллий банкига таяниб ёзишича, ўтган йили мамлакатдаги фирмалар ва аҳоли украин армиясига 22 миллиард гривна (тақрибан 500 миллион доллар) маблағ ўтказган.

АЭХА экспертлари украин АЭСларида ҳарбий техника йўқлигини билдирди

АЭХА экспертлари Запорожье АЭСида.

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик – АЭХА экспертлари Украина АЭСларида ҳарбий техника топмади, деб билдирди Европарламентда қилган чиқиши чоғида агентлик раҳбари Рафаэль Гросси.

Аввалроқ Россия ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин украин ҳарбийлари АЭСлар ҳудудларига техника, жумладан, HIMARS ракеталарини ва ўқ-дориларни жойлаштираётгани тўғрисида маълумотлар борлигини билдирган эди.

Наришкиннинг фикрича, Украина бу ишни “адашган ракета” келиб тушиши оқибатида бомбалар портласа “Россияни айбдор қилиш” мақсадида амалга оширмоқда.

Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михаил Подоляк Наришкиннинг бу иддаоларини рад этган ва Москвани Запорожье АЭСини босиб олишда айблаган эди.

“Украина ҳар доим текширувчи органлар, жумладан, АЭХА учун очиқдир. Россиянинг бу ёлғонни тарқатишдан мақсади ўз провокацияларини оқлашдир”,- деб ёзди Подоляк твиттерда.

Бундан аввал Украинанинг “Энергоатом” ширкати АЭХА экспертлари мамлакат ҳудудидаги барча АЭСларда, жумладан, Россия томонидан босиб олинган Запорожье АЭСида ҳам мунтазам равишда ишлаётганларини маълум қилган эди.

Германия Украинага “Леопард” танкларини беришга рози бўлди

Германия Украинага «Леопард» танкларини жўнатишга рози бўлгани тўғрисида 24 январь куни Der Spiegel журнали ва n-tv телеканали хабар берди. Айни пайтда Вашингтон Киевга М1 "Абрамс" танкларини етказиб бериш масаласини муҳокама қилмоқда.

Берлин бошқа давлатларга ҳам немис танкларини Украинага етказиб беришига қаршилик қилмайди. Немис танкларини сотиб олган давлатлар уларни бошқа мамлакатга жўнатиш учун Германиянинг рухсатини олиши лозим.

Аввалроқ Германия рухсати билан Польша, Нидерландия ва Испания Украинага «Леопард» танкларини бермоқчи эди. Кейинроқ Италия, Дания ва Финляндия ҳам шундай ниятда эканини билдирган.
.
ABC телеканали Украина ҳукуматидаги манбасига таянган ҳолда Киевга 12 давлат “Леопард” танкларини беришни режалаштираётгани, умумий ҳисобда юзта танк берилиши ҳақида гап бораётганини хабар қилди.

24 январда The Wall Street Journal газетаси АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятидаги манбаларга таяниб, Вашингтон Украинага М1 "Абрамс" танкларини етказиб бермоқчи эканини ёзди.

Sky News Arabia Украинага АҚШ 10 танк, Politico эса таҳминан 30 танк берилишини хабар қилди. Вашингтон расман бу ҳақда 25 январ куни эълон қилиши кутилмоқда.

Oryx тадқиқот лойиҳасининг билдиришича, Украина уруш бошланганидан бери 449 та танкини йўқотган. Associated Press агентлигининг ёзишича, танкларни етказиб бериш жараёни "бир неча ойларга ёки йилларга чўзилиши” мумкин. Бундан ташқари ҳарбийлар бир неча ой мобайнида танкларни бошқаришни ўрганишлари лозим бўлади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG