Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:47

Байден ва Путин хавфсизлик масаласида навбатдаги телефон мулоқотини ўтказади


Телефон мулоқоти икки давлат расмийларининг 10 январь куни Женевада ўтадиган  музокаралари олдидан амалга оширилади.
Телефон мулоқоти икки давлат расмийларининг 10 январь куни Женевада ўтадиган  музокаралари олдидан амалга оширилади.

30 декабрь куни AҚШ президенти Жо Байден ва Россия президенти Владимир Путин ўртасида рус қўшинларининг Украина чегараси яқинида жойлаштирилиши ва Москванинг НAТОдан талаб қилаётган хавфсизлик кафолатлари масалаларида телефон мулоқоти бўлиб ўтади.

Бир кун аввал Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши расмий вакили Эмили Хорн ушбу мулоқот ҳақида эълон қилган баёнотида икки етакчи “бир қатор мавзуларни, жумладан, Россия билан бўлажак дипломатик алоқаларни муҳокама қилади” дея маълум қилган эди.

Мазкур телефон мулоқоти икки давлат расмийларининг 10 январь куни Женевада ўтадиган музокаралари олдидан амалга оширилади.

10 январдаги учрашувдан сўнг 12 январь куни Россия ва НAТО ўртасида алоҳида музокаралар бўлиши ҳам кутилмоқда. Шунингдек, 13 январда Россия AҚШ ва унинг Европадаги иттифоқчиларини ўз ичига олган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЙХҲТ) билан учрашиши кўзда тутилган.

Юқори мартабали AҚШ маъмурияти расмийсининг матбуотга билдиришича, мулоқот Путиннинг ташаббуси билан амалга оширилмоқда. Бу декабр ойида икки томон ўртасидагии иккинчи телефон мулоқоти бўлади. Байден шу ой бошида ўз ҳамкасбини Россия қўшинлари Украинага ҳужум қилгани тақдирда “оғир оқибатлардан” огоҳлантирган эди.

“Байден Путинга Қўшма Штатлар "дипломатияга ва бу йўлдан олға боришга тайёрлигини, аммо Россия Украинага яна бостириб кирса, жавоб беришга ҳам шайлигини айтади”- деди AҚШ расмийси журналистларга.

Икки президентнинг сўнгги телефон мулоқотидан сўнг Кремл Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари томонидан рад этилиши деярли аниқ бўлган талаблари ҳақида оммага бонг уриб келмоқда.

Бу талаблар бир пайтлар Совет Иттифоқи таркибида бўлган Украина ва Грузияни НAТОга қабул қилмаслик мажбуриятини олишни назарда тутади. Шунингдек Москва НAТОдан ўз чегаралари яқинида ҳарбий машғулотларни тўхтатиб, Марказий ва Шарқий Европада қуролларини жойлаштирмаслигини талаб қилмоқда.

Шунга қарамасдан, AҚШ расмийлари, қурол-яроғ назорати масаласи Вашингтон ва Москва ўртасидаги кун тартибидаги бошқа масалалар бўйича музокаралар олиб боришга замин яратади деб ҳисобламоқда.

26 декабрь куни Россия давлат телевидениеси орқали эфирга узатилган интервьюда Путин агар Ғарб унинг талабларини бажармаса, турли вариантларни кўриб чиқишини айтди.

Ўша интервьюда Путин Россиянинг жавоби "хилма-хил бўлиши мумкинлигини" айтиб, бу ҳарбий қўмондонларнинг таклифларига боғлиқ бўлишини қўшимча қилган.

Байден маъмурияти Украина ўзининг ташқи ва хавфсизлик борасидаги сиёсатини танлаш ҳуқуқига эга деган позицияда қатъий туриб, Россиянинг баъзи талабларини "қабул қилиб бўлмайдиган" деб баҳоламоқда.

AҚШ маъмурияти Россия билан дипломатия олиб боришга тайёрлигини ва бўлажак музокараларда Кремл ҳаракатлари борасида ўз хавотирларини билдиришини маълум қилди.

Россия Украина билан чегараси яқинида 100 000 га яқин аскар тўплагани Ғарбнинг “эҳтимолий босқин учун тайёргарлик” деган хавотирларига сабаб бўлмоқда.

Россия томони эса буни режалаётганини рад этиб, Украина ва НAТОни провокацияларда айбламоқда. Россия 2014 йилда Украинанинг Қрим ярим оролига бостириб кирган ва қарийб саккиз йилдан бери уруш олиб бораётган Украина шарқидаги айирмачиларни қўллаб-қувватлайди.

Байден ва унинг маъмурияти Европадаги иттифоқчилари ва Украина билан сиёсатини мувофиқлаштиришга интилаётган бир шароитда Россиянинг ҳарбий қўшин жойлаштириши трансатлантик дипломатияни безовталанишига сабаб бўлмоқда. Бу ҳамкорлик Россия агар Украинага бостириб кирса, жиддий иқтисодий санкциялар қўлланилишини кўзда тутади.

Россиянинг Украинага бўлган навбатдаги тажовузига алянс шарқий фронтда НAТО кучларини кучайтириш билан жавоб бериши мумкин. Кремл эса айнан шуни олдини олмоқчи.

AҚШ расмийлари Украина ва Европадаги иттифоқчилар билан келишмасдан Европанинг хавфсизлиги борасида ҳеч қандай қарор қабул қилинмаслигини таъкидлади.

Эмили Хорннинг таъкидлашича, AҚШ Европадаги иттифоқчилари ва ҳамкорлари билан Россиянинг чегара яқинидаги ҳарбий ҳаракатлари юзасидан "умумий ёндашув" ишлаб чиқиш борасида маслаҳатшувларни давом эттирмоқда.

Aввалроқ 29 декабр куни AҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Украина президенти Владимир Зеленский билан суҳбатлашди.

Блинкен Вашингтон “Украина мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сўзсиз қўллаб-қувватлашини” яна бир бор таъкидлаган.

“Байден Путин билан бўладиган қўнғироқдан сўнг тез орада Зеленский билан ҳам гаплашмоқчи. Бироқ аниқ сана ҳали белгиланмади”,- дея маълум қилди AҚШ маъмурияти расмийси.

XS
SM
MD
LG