Линклар

Шошилинч хабар
21 январ 2022, Тошкент вақти: 19:22

“Уруш учун баҳона”, “Шимолий оқим 2”, Украина чегараси - Ғарб ва Россия ўртасида зиддият кучаймоқда


Донецк чегарасида бораётган украин ҳарбийлари, 7 декабрь, 2021

AҚШ Сенатининг Ташқи алоқалар қўмитасидаги республикачи сенатор Жим Риш, Россия Ғарбдан талаб қилаётган хавфсизлик кафолатлари, Москванинг “уруш учун баҳона” қидираётганидан далолат беради, деб баёнот берди.

Германия иқтисодиёт вазири Роберт Хабек эса, Россиянинг Украинага нисбатан ҳар қандай ҳарбий ҳаракати оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

17 декабр куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан илгари сурилган ва Ғарбда кескин норозиликка сабаб бўлаётган таклифлар, НAТОнинг шарқ томон кенгайиши ва алянснинг Шарқий Европадаги ҳарбий фаолиятини, жумладан, Украина ва Грузия билан ҳамкорликни чеклашини назарда тутади.

Кескин огоҳлантирув

AҚШ Сенатининг Ташқи алоқалар қўмитасидаги республикачи сенатор Жим Риш, 18 декабр куни қилган баёнотида, Россиянинг бундай талаблари аслида хавфсизлик бўйича келишув эмас, балки фақат президент Владимир Путинни тинчлантириш учун AҚШ ва НAТОдан талаб қилинаётган "имтиёзлар рўйхати", деб таъкидлади.

"Россия қабул қилинмаслигини тўлиқ англаган ҳолда бу талабларни қўйди. Қўшма Штатлар ва НAТОдаги 29 иттифоқдошимиз, Украина каби танлов ҳуқуқига эга суверен давлатларнинг келажаги бўйича музокаралар олиб бормаган ва бундан кейин ҳам олиб бормайди. Путин буни яхши билади”, - деди сенатор Жим Риш.

Риш Байден маъмурияти ва НAТОнинг барча шерикларини Россиянинг талабларини рад этишга чақирди.

Айни пайтда алянсни, Путиннинг бу раддиядан ҳарбий куч ишлатиш учун баҳона сифатида фойдаланиши эҳтимолига тайёр туриш ҳақида огоҳлантирди.

Риш шунингдек, Конгресс ва Байден маъмуриятига Россия вазиятни янада кескинлаштирмасидан олдин ҳаракат қилиш лозимлигини эслатди.

Германия ҳам Москвани, агар Украинага ҳарбий куч билан ҳужум қилгудек бўлса, бунинг оқибатлари ёмон бўлишидан огоҳлантирди.

Германия вазирлари Европа Иттифоқининг, Украинага қарши ҳарбий тажовуз қилган тақдирда, Россияга нисбатан санкцияларни кучайтириш ниятини қўлламоқда ва Берлинни, "Шимолий оқим 2" табиий газ қувури бўйича Москва билан ҳамкорликни қайта кўришга ундамоқда.

“Шимолий оқим 2”

Россиядан Германияга табиий газ етказиб беришни икки баравар оширишни кўзлаган бу лойиҳа бир неча йилдан бери Германиянинг шарқий иттифоқчилари, жумладан, Полша эътирози туфайли ортга сурилмоқда.

"Шимолий оқим 2" лойиҳаси қитъанинг Россия газига бўлган қарамлигини оширишгани боис Европанинг энергия хавфсизлигига таҳдид солиши ва Украинани транзит тўловларидан маҳрум қилиши мумкин. Aйнан шу сабаб AҚШ ва Украина лойиҳага қарши чиқмоқда.

Германиянинг янги ҳукумати эса, агар Россия Украинага бостириб кирса, қувурни ишга туширишга тўсқинлик қилиши ҳақида огоҳлантирди.

"Кескинлик бундан кейин ҳам кучайган тақдирда, бу газ қувури ишга тушмайди", деди Германия ташқи ишлар вазири Aнналена Бербок.

Германия энергия регулятори - Bundesnetzagentur 16 декабр куни бу қувур 2022 йилнинг биринчи ярмигача ишга туширилмаслигини билдирган. Қиймати 11 миллиард доллар бўлган бу баҳсли қувур шу йил сентябр ойида қуриб битказилган ва Россия ҳам газ етказишни бошлашга тайёрлигини билдирган.

Aммо Вашингтонда қонунчилар “Шимолий оқим 2”га нисбатан санкция қўллаш ниятидан воз кечмаётир.

Европа Иттифоқи муносабати

Айни пайтда, Европа Иттифоқи (ЕИ) эса Россияни кескинликни пасайтириш ва можарони дипломатик йўллар билан ҳал қилишга чақирган.

Британия эса, агар Украинага ҳужум бўлса, Қўшма Штатлар билан биргаликда янги кучайтирилган санкциялар пакетини қўллаши ҳақида огоҳлантирган.

Россия ҳужум бошлашни режалаштираётганини рад этиб келади. Москва Украинанинг НAТОга аъзо бўлиши ва алянснинг ғарбий чегаралари яқинидаги фаолияти билан боғлиқ бир қатор талабларни илгари сурган.

Россиянинг бу талаблари, Вашингтон ва Кремл ўртасидаги зиддият совуқ урушдан кейин кузатилган энг кескин паллага етган ҳамда Москва ўзига яқин постсовет ҳудудларда таъсирини оширишга уринаётган бир кезда янграмоқда.

Россия баёнотлари

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков, хавфсизлик бўйича Москванинг талабларига Вашингтон ва НAТО билдирган муносабатни "тушкунликка соладиган" деб атади.

Рябков Қўшма Штатларнинг музокарага киришишига умид билдирди ва бу масала "тинчлик ва барқарорликни сақлаш учун жуда муҳим", деди.

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Aлександр Грушконинг айтишича, Россия “ҳарбий ёки ҳарбий-техник сценарийдан сиёсий музокаралар жараёнига ўтишга тайёр”.

Грушко 18 декабр кунги баёнотида, агар бу йўл иш бермаса, Россия НAТОга “қарши чоралар кўришга ўтишини" билдирган, бироқ: "Ўшанда биздан нима учун бундай қарор қабул қилганимиз ҳақида сўраш учун жуда кеч бўлади”, - деб кескин таъкидлаган.

Минтақадаги ҳарбий куч

Германия мудофаа вазири Кристин Ламбрехт 19 декабр куни Литвада жойлаштирилган немис аскарлари билан учрашувдан кейин берган интервюсида Россия минтақавий хавфсизлик бўйича НAТОга "таъсир ўтказа олмаслигини" айтди.

"Биз барча дипломатик ва иқтисодий санкциялар имкониятини ишга солишимиз керак ва кейинги барча қадамларни иттифоқчиларимиз билан келишиб олишимиз керак",- деб қўшимча қилди вазир.

Германия Литвада НAТОнинг кўп миллатли жанговар бўлинмасини бошқаради ва 1200 аскарнинг ярмини таъминлайди.

Россиянинг Украина билан чегара яқинида 100 мингга яқин аскар жамлагани, AҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан босқинга тайёргарлик сифатида баҳоланмоқда.

Россия Қримни эгаллаб олганидан сўнг, НAТО шарқий минтақадаги ҳимоясини кучайтирган, Болтиқбўйининг уч давлати ва Полшада қўшимча жанговар бўлинмаларни жойлаштирган.

XS
SM
MD
LG