Линклар

Шошилинч хабар
09 феврал 2023, Тошкент вақти: 17:54

Президент Байден АҚШ фуқароларини Украинани зудлик билан тарк этишга чақирди


АҚШ президенти Жо Байден.

Президент Жо Байден Россия билан уруш хавфи туфайли Украинада бўлиб турган АҚШ фуқароларини мамлакатни зудлик билан тарк этишга чақирди. “Америка фуқаролари дарҳол мамлакатдан чиқиб кетишлари лозим”, деди Байден NBC телеканалига берган интервьюсида.

Байденга кўра, АҚШ Украина атрофидаги вазиятда “террорчилик ташкилоти билан эмас, балки дунёнинг энг йирик армияларидан бири билан” тўқнаш келган.

АҚШ президенти ҳеч бир ҳолатда, ҳатто Россия бостириб кирганида америкаликларни қутқариш учун ҳам Украина ҳудудига қўшин жўнатмаслигини тасдиқлади. “Бу жаҳон уруши бўлур эди. Америкаликлар билан руслар бир-бирини ота бошласа, ўзимизни буткул бошқа оламда кўрамиз”, дея урғулади Оқ уй раҳбари.

Байденнинг таъкидлашича, Владимир Путин “бу ишни бошлаб аҳмоқлик қилган бўлса ҳам, АҚШ фуқароларига зарар келтириши мумкин бўлган ҳеч нимага қўл урмасликка унинг фаросати етади”.

10 февраль куни АҚШ Давлат департаменти ҳам “Россия ҳарбий ҳаракатлар бошлаши хавфи ортгани, шунингдек COVID-19 туфайли” ўз фуқароларини тезда Украинани тарк этишга чақирган эди.

Аввалроқ The Wall Street Journal нашри Украина ҳудудидан етиб келган америкаликларни Польшадан эвакуация қилиш режаси тасдиқлаганини хабар қилган.

Январь ойи охирларида Давлат департаменти АҚШнинг Киевдаги элчихонасида ишловчи дипломатларнинг оилаларига мамлакатданжўнаб кетишга кўрсатма берган эди. АҚШ ортидан Австралия, Буюк Британия, Германия, Канада ва Япония ҳам дипломатларининг бир қисмини эвакуация қилишини эълон қилган.

10 февраль куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Киевдаги дипломатик ваколатхона ходимларининг бир қисмига Россияга қайтиш тавсия этилиши мумкинлигини айтди. Лавров буни АҚШ ва Буюк Британия Украина ҳудудида гўё қандайдир провокациялар бошлаётгани билан изоҳлаган.

XS
SM
MD
LG