Линклар

Шошилинч хабар
28 сентябр 2022, Тошкент вақти: 00:55

Халқаро хабарлар

Bayraktar дронларини ишлаб чиқарувчи турк ширкати Украинада завод қурмоқчи

Туркиянинг Baykar ширкати Украинада рўйхатдан ўтиб, Bayraktar дронлари ишлаб чиқариладиган завод қурилиши учун ер участкасини сотиб олди. Бу ҳақда Украинанинг Туркиядаги элчиси Василий Боднар «РБК-Украина» нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Киев билан Анқара 2022 йилнинг февраль ойи бошидаёқ Украинада Bayraktar учувчисиз учқичларини ишлаб чиқариш бўйича завод қуришни кўзда тутувчи шартномани имзолаган эди.

Айни пайтда Baykar ширкати раҳбари Халуқ Байрактар июль ойи ўрталарида Туркия ҳеч қачон ўз дронларини Россияга етказиб бермаслигини билдирган.

Кун янгиликлари

Махачқалъадаги норозилик чиқишлари чоғида Озодликнинг жамоатчи мухбири ҳам қўлга олинди

Юлия Вешневецкая

Доғистон маркази бўлмиш Махачқалъа шаҳрида 26 сентябрь куни норозилик акцияси чоғида полиция томонидан тутиб кетилган шахслар орасида Озодликнинг рус хизмати жамоатчи мухбири Юлия Вешневецкая ҳам бўлган. “Свобода” хабарига кўра, журналист аёл ҳалигача қўйиб юборилгани йўқ.

Қайд этилишича, душанба куни қўлга олинганлар ичида бўлган “Новое Дело” нашри мухбири Идрис Юсупов ҳамда “RusNews” бош муҳаррири Сергей Айнбиндер 17 соат тутиб турилганидан кейин озод қилинган.

Маълумотларга кўра, 25 ва 26 сентябрь кунлари Махачқалъада кузатилган норозилик чиқишлари чоғида жами 230 чоғли (якшанба куни 120 нафар ва душанба куни 110 нафар) киши ушлаб кетилган.

Полиция норозиларга қарши саккизта жиноят иши очган, аммо уларга РФ Жиноят кодексининг қайси моддаси бўйича иш очилгани очиқланаётгани йўқ. Иштирокчиларнинг кўпига эса маъмурий жазо қўлланилган.

Япониянинг Isuzu ширкати Россияда автомобиль ишлаб чиқаришни тўхтатмоқчи

Ульяновск шаҳрида ўз заводига эга бўлган Япониянинг Isuzu автоконцерни Toyota ва Mazda ширкатлари ортидан Россияда автомобиль ишлаб чиқаришни тўхтатиш ҳақида бош қотира бошлади. Бу ҳақда Япониянинг Yomiuri нашри хабар қилди.

Ширкат мазкур қарорни автомобилсозлик заводи (АО “Исузу Рус”) учун зарур компонентларни етказиб бериш имконияти йўқлиги туфайли қабул қилиши мумкин. Бу ерда автомобиль ишлаб чиқариш Россия Украинага қарши уруш бошлаганидан кейин жорий йилнинг баҳорида тўхтатиб қўйилган эди.

Isuzu бренди Россияда 2006 йилдан бери фаолият кўрсатиб келаётганди.

Россия Мудофаа вазирлиги мобилизациядан бошқа мамлакатларга қочиб кетганларни қайтаришни талаб қилмайди

Россия-Грузия чегарасидаги фуқаролар (иллюстратив сурат)

Россия Мудофаа вазирлиги қисман ҳарбий сафарбарлик доирасида Қозоғистон, Грузия ва бошқа мамлакатлар идораларига у ердаги россияликларни мажбуран қайтариш бўйича ҳеч қанақа мурожаатнома йўллаган эмас ва бундай қилишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда РИА Новости агентлиги вазирликдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Аввалроқ Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги мобилизациядан қочаётган россияликлар расмий қидирувга берилган тақдирда ватанига қайтарилиши мумкинлигини ҳақида билдирган эди.

Айни пайтда Грузия билан чегарада 27 сентябрдан эътиборан Россиянинг кўчма чақирув пункти иш бошлаган. Бу маълумотни Шимолий Осетия ҳукуматининг матбуот хизмати тасдиқлаган.

МДҲ хавфсизлик идоралари раҳбарлари ҳафта охирида Москвада йиғилади

Кремль воизи Дмитрий Песков Россия президенти Владимир Путин МДҲ бош чекистлари билан мулоқотда бўлишини тасдиқлади

Россия пойтахти Москвада жорий ҳафта охирида МДҲ давлатлари хавфсизлик идоралари ва разведка хизматлари раҳбарлари жам бўлади.

“РИА Новости” агентлигининг Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, постсовет ўлкалари бош чекистлари билан Россия президенти Владимир Путин видеоконференция воситасида мулоқот қилмоқчи. Песков Путиннинг МДҲ давлатлари разведкачилари билан учрашуви жума куни бўлиб ўтмаслигини урғулаган.

Аввалроқ Россия нашрлари 30 сентябрь куни Москвада ўтказилажак йиғилишда Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон делегациялари иштирок этиши ва ўша куни Путин йиғилганлар билан мулоқот қилиши ҳақида ёзишган эди.

Turkish Airlines учоқлари йил охиригача Минск, Сочи, Ростов ва Екатеринбургга учмайдиган бўлди

Туркиянинг Turkish Airlines авиаширкати 2022 йил 31 декабригача Беларусь пойтахти Минск, Россиянинг Сочи, Ростов ва Екатеринбург шаҳарларига парвозларини бекор қилди. Бу ҳақда авиаширкат сайти маълумот тарқатди.

Мазкур қарор сабаби очиқланмаган. Авиаширкат вакиллари қайдича, бекор қилинган рейсларга чипта олган йўловчилар бошқа йўналишни танлашлари ёки чипта пулини тўлалигича қайтариб олишлари мумкин.

Turkish Airlines авиаширкатининг бошқа бир хабарномасида Украинага парвозлар ҳам бекор қилингани билдирилган.

Мигрантлар сони кўпайгани ортидан Қозоғистон Россия билан музокаралар ўтказмоқчи

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев

Украинадаги уруш учун Россияда ҳарбий сафарбарлик эълон қилингани ортидан чегарадан ўтаётган россияликлар сони кескин ошиб кетгани туфайли Қозоғистон расмийлари Москва билан музокаралар ўтказади. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Туркистон вилояти жамоатчилиги олдида қилган чиқишида билдирди.

Тоқаевга кўра, халқаро таранглик авж олган бир паллада Қозоғистон “халқаро ташкилотларда, биринчи галда БМТда ўтказилаётган овоз беришларда нейтрал позиция”сини сақлаб турибди, бу эса мамлакатнинг “миллий манфаатларига мос келади”.

“Давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ўзгармас бўлиши лозим. Бу асосий принципдир. Мен ҳар доим халқаро майдонда бу ҳақда очиқ ва аниқ гапириб келганман. Яқинда БМТнинг энг юксак минбаридан туриб бу ҳақда яна бир марта билдирганим ҳам тасодиф эмас. Шундоққина ёнгинамизда кенг кўламли уруш боряпти. Буни эсда тутаркан, биз биринчи навбатда ўз мамлакатимиз хавфсизлиги ҳақида ўйлашимиз лозим”, деди Тоқаев.

Қозоғистон президенти ҳукуматга мобилизация эълонидан кейин Россиядан қочиб келаётган россияликларга кўмак кўрсатишни топширди. У “келаётганлар ёрдам олишади, бироқ уларга ҳеч қанақа имтиёз берилмайди”, дея қайд этди.

“Уларнинг кўпчилиги иложсиз қолгани туфайли кетишга мажбур бўлишган. Биз улар ҳақида қайғуриб, уларнинг хавфсизлигини таъминлашимиз лозим. Бу сиёсий ва гуманитар масаладир”, деди Тоқаев.

Айни пайтда Қозоғистон расмийлари мигрантлар оқиб келиши манзарасида биринчи галда ўз фуқаролари манфаатларини ҳисобга олишлари керак, дея бирдирди бош вазир Алихан Смаилов ҳукумат йиғинида. Унга кўра, бу аввало меҳнат бозорига тааллуқли.

“Қўшни мамлакатлардан келган мигрантлар мамлакатимизда фақат белгиланган қонунчилик доирасидагина ишлашлари мумкин”, деди Смаилов.

Россияда ҳарбий сафарбарлик эълон қилинганидан кейин Қозоғистонга келувчилар сони 2-3 баравар кўпайган, 21 сентябрдан бери мамлакатга 98 минг чоғли россиялик кириб келган. Россия Мудофаа вазирлиги урушга 300 минг киши сафарбар қилиниши мумкинлигини билдирган, бироқ оммавий ахборот воситалари сафарбар қилинганлар сони миллиондан ошиши мумкинлиги ҳақида хабар қилишмоқда.

Россия бомбардимон қилишда давом этаётган Харьковда гей парад ўтказилди

Харьковдаги гей парад иштирокчилари.

Россия армияси ракеталар ва артилерия орқали ўқ отишда давом этаётган Харьков шаҳрида 25 сентябрь куни гей парад ўтказилди деб хабар берди “Настояшчее время” телеканали. ЛГБТ+ паради хавфсизлик нуқтаи назаридан Харьков метросида ўтказилди ва унинг иштирокчилари сони ҳам чекланди.

Ташкилотчилар парад ўтказиш орқали Украина демократиясининг Россия тоталитар режимидан устунлигини кўрсатмоқчи бўлишганини айтишди.

“Биз учун бугун биринчи навбатда Украина, Украина учун кураш турибди. Ҳар куни биз қўлимиздан келган ҳаракатларни амалга оширмоқдамиз. ЛГБТ одамлар жанг қилишмоқда, волонтёрлик қилишаяпти, кўмак кўрсатишаяпти. Бугун биз бир оз вақт ажратиб, инсон ҳуқуқлари масаласини кўтармоқчи бўлдик”, деди "ХарьковПрайд" ташкилотчиларидан бири Анна Шаригина.

Парад иштирокчилари камалакранг рамзларни кўтарган ҳолда Харьков метросининг барча станцияларини айланиб чиқди. Улар Украина учун бошқалар билан бирдай курашаётганини, демак барча каби тенг ҳуқуққа эга бўлишлари шартлигини айтишган.

Россия 24 февралда Украинага бостириб кирганидан сўнг ЛГБТ ҳамжамиятига оид минглаб одамлар ҳам украин армияси ва кўнгиллилар отрядларига қўшилиб, рус армиясига қарши жанг қилмоқда. Қолган ЛГБТ фаоллар эса гуманитар ёрдам йиғиш ва тарқатиш билан шуғулланяпти.

Евгений Пригожин "Вагнер" ҳусусий ҳарбий ширкатига алоқадор эканини тан олди

Евгений Пригожин Владимир Путин билан.

Президент Путинга яқин экани айтиладиган миллиардер Евгений Пригожин Украинадаги урушда иштирок этаётган жангариларга доҳил бўлган "Вагнер" ҳусусий ҳарбий ширкатига алоқадор эканини илк маротаба тан олди. "Вагнер"чилар Сурия, Африка, жумладан, Ливиядаги урушларда қатнашган.

У ўзига тегишли "Конкорд" ширкати сайтида “Вагнер”ни 2014 йилда ташкил қилганини билдирган. Пригожинга кўра, у шу кунгача ўзи “Рус ватанпарварлигининг асоси” деб атайдиган “вагнер”чиларга панд бериб қўймаслик учун бу ширкатга алоқадор эканини инкор қилиб келган.

Пригожин бунга қадар “Вагнер”га ўзининг алоқадорлигини ёзган журналистлар билан судлашган. Яқинда Пригожин Россия қамоқхоналарида “Вагнер”га жангари ёллаётгани тўғрисидаги видеолар тарқалган эди. Айрим маълумотларга қараганда, Пригожин Украинадаги урушга 6 минг маҳкумни ёллаган.

The Bell нашри 2019 йилдаги журналистик суриштирувида Пригожин “Вагнер”ни ташкил этишга Россия армияси Бош штаби ташаббуси билан жалб қилинганини ёзган эди.

Путин Эдвард Сноуденга Россия фуқаролигини берди

Сноуден 2020 йилнинг ноябрида Россия фуқаролигини олиш учун ариза берганди.

Россия президенти Путин АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги (МХА)нинг собиқ ходими Эдвард Сноуденга Россия фуқаролигини берди. Бу борадаги фармон меъёрий ҳужжатлар порталида эълон қилинди.

Сноуден 2020 йилнинг ноябрида твиттер саҳифасида Россия фуқаролигини олиш учун ариза берганини ёзганди. Сноуден 2013 йилнинг июнида The Guardian ва The Washington Post газеталарига АҚШ разведкаси жаҳоннинг кўп давлатларида одамларни ахборот ва алоқа тармоқлари орқали тотал кузатаётгани тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилган.

Мазкур маълумотларда, разведка жаҳондаги 35 сиёсий лидернинг, жумладан, Германия канцлери Ангела Меркелнинг телефон мулоқотларини тинглаб боргани қайд этилган. Пентагоннинг ҳисоботида белгиланишича, Сноуден жами 1,7 миллионта махфий файлни ўғирлаган.

Шундан сўнг 2013 йилда Сноуденга нисбатан АҚШда жосуслик ва махфий ҳужжатларни ўғирлаш бўйича айблов билдирилган. Сноуден АҚШдан қочиб Ҳонконгда бошпана топди. Кейинроқ у Россияга келган ва шу ерда яшаб келаётган эди.

Ижевскдаги мактабга қилинган ҳужум қурбонлари 15 кишига етди

Ҳалок бўлганларнинг 11 нафари ўқувчи, икки нафари қўриқчи ва икки нафари ўқитувчи.

Россия Федерацияси таркибига кирувчи Удмуртия республикасининг Ижевск шаҳрида 26 сентябрь куни 88-сонли мактабда содир этилган отишмада ҳалок бўлганлар сони 15 кишига етди. Ҳалок бўлганларнинг 11 нафари ўқувчи, икки нафари қўриқчи ва икки нафари ўқитувчи. Ҳужумчи воқеа жойида ўз жонига қасд қилган.

Расман билдирилишича, ҳужумни мазкур мактабнинг собиқ ўқувчиси, 1988 йилда туғилган Артём Казанцев амалга оширган. Ҳужум пайтида унинг кийимида нацистик рамзлар бўлгани айтилмоқда. Айни пайтда Казанцевнинг уйида тинтув ўтказиляпти. Ҳозирча ҳужум мотивлари номаълум.

Ҳодиса муносабати билан Удмуртияда уч кун мотам тутилиши эълон қилинган.

Россияда бу ўқув юртларига қилинган ҳужумларнинг навбатдагиси бўлди. 2021 йилнинг 20 сентябрида талаба Тимур Бекмансуров Перм давлат университети кампусида ўқ отиб 6 кишини ўлдирган эди.

2021 йил майида Ильназ Галявиев Қозондаги 175-сонли гимназияда ўқотар қуролдан 9 кишини отиб ўлдирган, 24 кишини яралаган.

Коинот кемаси астероид билан тўқнашди

DART кемаси 2021 йилнинг 23 ноябрида учирилган эди.

Бу NASA ўтган йилнинг ноябрида бошлаган тажрибанинг асосий аспектларидан бири бўлди. Унга асосан Ерга хавф туғдирувчи астероидларнинг йўналишини ўзгартириш режалаштирилган.

650 килоли DART кемаси Ердан 11 миллион километр узоқликдаги диаметри 160 метр, тезлиги соатига 22 минг километр бўлган Dimorphos астероиди билан тўқнашган. Олимларнинг айтишларича, тажриба муваффақиятли якунланган. DART кемаси 2021 йилнинг ноябрида Колифорниядаги Ванденберг ҳарбий базасининг космодромидан учирилган эди.

Тажрибанинг кейинги босқичида астероиднинг бошқа йирик Didymos астероиди атрофидаги ҳаракатланиш траекторияси ўрганилади. Бир неча ой мобайнида Hubble коинот телескопи ва барча қитъалардаги ўнлаб обсерваториялар воситасида Dimorphos йўналишини Didymos орбитасига яқинлаштиришга нақадар муваффақ бўлингани ўрганилади.

Мазкур тажриба Ер билан тўқнашиш хавфи мавжуд коинот жисмлари траекториясини ўзгартириш мумкинлигини исботлашга қаратилган илк уринишдир.Тадқиқотчиларга кўра, Dimorphos Ерга хавф солган эмас. Бироқ бу каби кичкинагина астероид билан тўқнашув ҳам Ерда кўплаб одамларнинг ўлимига ва ўнлаб миллиард долларлик зарарларга сабаб бўлиши мумкин.

Олимларнинг айтишларича, яқиндагина ўтказилган тадқиқотлар динозаврлар Ер диаметри 10 километр бўлган астероид билан тўқнашгани оқибатида қирилиб кетганини кўрсатди.

Тожикистонда “Душанбе сити банк” “Мир” карталарига хизмат кўрсатишни тўхтатди

Иллюстратив сурат

Тожикистоннинг “Душанбе сити банк” 23 сентябрь куни бошланган техник носозликлар туфайли Россиянинг “Мир” тўлов тизими карталарига хизмат кўрсатишни тўхтатиб қўйган. Бу ҳақда ТАСС агентлиги банк баёнотига таянган ҳолда хабар қилди.

“Ҳозирги пайтда “Душанбе сити банк” банкоматлари ва РОS-терминалларида “Мир” тўлов тизими карталарига хизмат кўрсатилмаяпти”, дейилган банк хабарномасида.

“Коммерсант” газетаси қайдича, “Душанбе сити банк” пластик картали мижозлар сони бўйича Тожикистонда иккинчи ўринда туради.

Ўтган ҳафта якунида UZCARD умумреспублика процессинг маркази Ўзбекистонда халқаро банклар томонидан чиқарилган “Мир” карталарига хизмат кўрсатиш вақтинча тўхтатилгани ҳақида эълон қилган ҳамда буни “техник ва профилактик ишлар олиб борилаётгани” билан изоҳлаган.

Ундан ҳам аввалроқ АҚШ Молия вазирлиги огоҳлантируви манзарасида Туркия, Қозоғистон ва Вьетнамдаги бир неча банк “Мир” картасига хизмат кўрсатиш бўйича чеклов жорий этишгани хабар қилинган.

Қозоғистон ИИВ расмийси мамлакат орқали Ўзбекистон ва Қирғизистонга минглаб россиялик ўтиб кетганини тасдиқлади

Қозоғистон чегарасида навбат кутаётган россияликлар, 2022 йил 22 сентябри

Сўнгги кунларда Қозоғистон ҳудуди орқали 40 мингга яқин россиялик фуқаро ўтиб кетган. Уларнинг аксарияти Қирғизистон ва Ўзбекистонга йўл олгани айтилмоқда.

Қозоғистон ИИВ миграция қўмитаси раиси в.б. Аслан Аталиқовнинг 26 сентябрь куни ўтказилган брифингда билдиришича, охирги беш кун ичида 6 минг чоғли россиялик Қозоғистон аэропортлари орқали бошқа мамлакатларга учиб кетишган.

Мулозимга кўра, агар 21 сентябргача Қозоғистонга бир кунда 9-12 минг нафар россиялик кириб-чиққан бўлса, 22 сентябрдан эътиборан Қозоғистонга келаётганлар сони икки-уч баравар кўпайган.

Эронда норозилик акциялари ортидан рўй берган тўқнашувларда 41 киши нобуд бўлди – ОАВ

Теҳронда бўлиб ўтган норозилик акциясидан лавҳа

Эрондаги норозилик чиқишларидан сўнг полиция билан намойишчилар ўртасида юз берган тўқнашувлар натижасида ҳалок бўлганлар сони 41 нафарга етган. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар қилди.

Ахлоқ полицияси томонидан рўмолини нотўғри ўрагани учун тутиб кетилган 22 ёшли Махса Аминийнинг дафн маросими чоғида бундан 10 кун муқаддам бошланган намойишлар шу кунда Эроннинг кўплаб вилоятларига ёйилган. Хусусан, норозилик чиқишлари пойтахт Теҳрон дохил Қараж, Шероз, Табриз, Кирмон, Киш, Язд, Нишобур, Исфаҳон ва Машҳад шаҳарларида қайд этилган. Сўнгги кунларда асосан аёллар иштирок этаётган намойишларга эркаклар ҳам қўшила бошлаган.

Ижтимоий тармоқларда охирги кунларда тарқатилаётган кадрларда қуролсиз намойишчилар билан полиция кийимида бўлган кишиларнинг тўқнашувлари акс этган.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, шу пайтгача акцияларда камида 1200 нафар намойишчи ҳибсга олинган.

Қозоғистон Украинанинг ишғол этилган ҳудудларида ўтказилган референдум натижаларини тан олмоқчи эмас

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Айбек Смадияров

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Айбек Смадияров Украинанинг ишғол этилган ҳудудларида Россияга қўшилиш бўйича ўтказилган сохта референдумлар натижаларини тан олмаслигини билдирди.

“Ўзини Украинадан мустақил деб эълон қилиб олган ЛХР ва ДХР ҳамда Запорожье ва Херсон вилоятларидаги ҳарбий маъмуриятлар томонидан Россияга қўшилиш бўйича ўтказилган референдумларга келсак, Қозоғистон бу ерда давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, уларнинг суверен тенглиги ва биргаликда тинч-осойишта яшаши тамойилларидан келиб чиқади”, дея иқтибос келтиришган маҳаллий ОАВ Смадияров сўзларидан.

Мулозимга кўра, Қозоғистон президенти аввал ҳам бу борада халқаро ҳуқуқ принципларига оғишмай риоя қилинишини ҳақида бир неча бор айтган.

Шу йил 23 сентябридан 27 сентябригача ЛХР, ДХР, Запорожье ва Херсон вилоятларидаги босиб олинган ҳудудларда Россия таркибига қўшилиш бўйича сохта референдумлар ўтказилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар (https://www.ozodlik.org/a/ukrainada-referendum-boshlandi/32047557.html) қилган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG