Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:35

Беларусь 20 декабрдан қуруқликдаги чегара пунктларини ёпади


Беларусь коронавирус пандемияси туфайли 20 декабрдан бошлаб бир нечта чегара пунктини ёпади.

Бу чора президент Лукашенкога қарши норозилик намойишлари манзарасида аҳоли ҳаракатланишини чеклаши айтилмоқда.

10 декабрь куни ҳуқуқий маълумот миллий интернет порталида ушбу масала бўйича ҳукумат ҳафта бошида қабул қилган қарори эълон қилинди. Қарор эълон қилинганидан кейин 10 кун ўтгач кучга киради. Қарорга биноан, белоруслар фақат иш ёки ўқиш учун саёҳат қилишлари мумкин бўлади.

Чекловлар қанча вақт давом этиши номаълум.

Беларусда 9 август куни бўлиб ўтган президентлик сайловида амалдаги президент Лукашенко ғолиб бўлгани эълон қилингани ортидан норозилик намойишлари бошланиб кетди. Намойишчилар Беларусни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко истеъфосини, адолатли ва очиқ сайловлар ўтказилишини ҳамда сиёсий маҳбуслар озод этилишини талаб қилмоқдалар.

Сайлов ортидан кўплаб намойишчи ҳибсга олинди ва қийноққа тутилди. БМТ маълумотларига кўра, бугунга қадар хавфсизлик кучлари 27000 дан ортиқ шахсни ҳибсга олган. Бир неча киши полиция қўлида нобуд бўлди.

Мухолифат раҳбарлари Лукашенко COVID-19 чоралари баҳонасида фаоллар ҳаракатига чеклов қўйишга уринаётганини айтишмоқда.

Сайловда ғалаба қозонганини иддао қилиб келаётган мухолифат етакчиси Светлана Тихановская 10 декабрь куни Twitterда «Лукашенко COVID туфайли #Беларуснинг ички чегараларини ёпди. Очиғини айтайлик: диктатор мамлакатни қўрқитиб, инсон ҳуқуқларини поймол қилмоқда», деб ёзди.

«У COVIDга парво ҳам қилмай келаётган эди. Эндиликда қатағон қилинаётган белоруслар қоча олмайди, чет элда бошпана излай олмайди», дея қўшимча қилди Тихановская.

Ҳукумат қарори «Беларусь Республикаси фуқаролари, шунингдек, Беларусь Республикасида доимий ёки вақтинча яшаш учун рухсатнома олган чет элликлар Беларусь давлат чегарасидан ўтишини вақтинча тўхтатишни» буюради.

Бу чекловлар мамлакат чегаралари бўйлаб барча автомобиль, темир йўл ва дарё назорат пунктларида жорий қилинади. Тақиқлар дипломатик ва хизмат паспортлари бўлган шахслар, расмий делегациялар аъзолари, халқаро йўл транспорти бўлинмалари ҳайдовчилари, самолёт ва кемалар экипажлари, поезд бригадалари, хизмат сафарида бўлган шахслар ҳамда бошқа баъзи тоифадаги одамларга тааллуқли эмас.

Қарорга мувофиқ, чет эл фуқаролари мамлакатга кираётиб коронавирусга чалинмаганликларини тасдиқловчи тест натижаларини тақдим этишлари керак бўлади.

Лукашенко сайлов натижалари сохталаштирилмаганини айтиб, лавозимини тарк этишдан бош тортмоқда.

ЕИ, АҚШ ва бошқа давлатлар Лукашенкони легитим президент ўлароқ тан олишдан бош тортди ва кўплаб Беларусь амалдорларига қарши санкция жорий қилди.

XS
SM
MD
LG