Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2021, Тошкент вақти: 04:05

Халқаро хабарлар

Беларусь: БелаПАН агентлиги директори экстремистик уюшма тузганликда айбланмоқда

Ирина Левшина

БелаПАН ахборот агентлиги директори Ирина Левшина ҳамда ташкилотнинг собиқ раҳбари Дмитрий Новожиловга экстремистик уюшма тузганлик бўйича айблов билдирилди. Бу ҳақда Озодликнинг беларус хизмати хабар қилди.

Мазкур модда бўйича уларга нисбатан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан етти йилгача қамоқ жазоси қўлланилиши мумкин. 18 август куни Левшин ва Новожилов оммавий тартибсизликни уюштирганликда гумонланиб қўлга олинган эдилар. Кейинроқ Тергов қўмитаси улар солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбланаётганини билдирган.

БелаПАН Беларусда 1991 йил ноябрида ташкил этилган мустақил хусусий ахборот агентлигидир. Расмийлар бу ташкилот ходимларининг уй ва офисларида бир неча бор текширув ва тинтувлар ўтказишган, уларга нисбатан жиноят ишлари очишган. 2018 йил июнида агентлик асосчиларидан бири Алесь Липайга қарши жиноят иши очилган. У солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбланган. Ўшанда ҳамкасблари журналист касбий фаолияти туфайли таъқиб этилаётганини айтишган.

Шу йил 13 ноябрида БелаПАН агентлиги Беларусда экстремистик уюшма деб тан олинган, бунга оид қарор Ички ишлар вазирлиги томонидан олинган. Оммавий ахборот воситалари бу Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) томонидан қабул қилинмаган иккинчи ҳолат эканига эътибор қаратишган. Бунгача ИИВ Польшанинг “Белсат” телеканалини экстремистик уюшма деб эълон қилган.

Кун янгиликлари

ЖССТ: “Омикрон” штаммини юқтирганлар орасида ўлим қайд этилганича йўқ

Иллюстратив сурат

Дунёда коронавируснинг янги “Омикрон” штамми юқиши ҳали бирон ҳолатда инсон ўлимига сабаб бўлмаган. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълум қилди.

Аввалроқ ЖССТ эксперти Мария ван Керкҳове CBS телеканалига берган интервьюсида ҳозирча “Омикрон” штаммига чалингарларда касаллик бирмунча енгил кечаётганини айтган. Бироқ тиббиётчи ва олимлар янги штамм тарқалиши энди бошланганини айтиб, жамоатчиликни огоҳликка чақиришмоқда.

ЖССТнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлар дастури директори Майкл Райанга кўра, “Омикрон” нақадар юқумлилиги ва қанчалик оғир асоратларга олиб келиши мумкинлигини аниқлаш учун уни яна бир неча ҳафта ўрганиш керак бўлади.

Айни пайтда янги штамм 30 дан ортиқ мамлакатда қайд этилган. Европа касалликлар профилактикаси ва назорати маркази келгуси ойлардан эътиборан қитъада коронавирус юқтирган беморларнинг тахминан ярмини айнан “Омикрон” штаммига чалинганлар ташкил этишини башорат қилмоқда.

Кўплаб мамлакатларда вирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида турли чекловлар жорий этилган.

“Омикрон” штамми ноябрь ойи бошида Африка жанубида аниқланган. ЖССТ маълумотига кўра, вируснинг ушбу варианти мутациялари сони аввал аниқланган барча штаммларникидан кўп – 32 та. Бу ўзгаришлар “Омикрон”нинг юқумлилигини ва инсон ҳужайраларига кириб олиш имкониятларини оширади.

Мьянма мухолифати етакчиси тўрт йилга озодликдан маҳрум этилди

Аун Сан Су Чжи

Мьянма суди мамлакатнинг собиқ давлат маслаҳатчиси ва Нобель мукофоти совриндори Аун Сан Су Чжини тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. У иғвогарликда ва коронавирус пандемияси шароитида санитария чекловларини бузганликда айбдор, деб топилди.

Бу қишда хунта иқтидорга келганидан бери Аун Сан Су Чжига нисбатан чиқарилган биринчи ҳукмдир. Собиқ маслаҳатчи яна бир неча жиноятда айбланмоқда. Унга тайинланадиган умумий қамоқ муддати 100 йилдан ортиқ бўлиши мумкин. Мьянма собиқ давлат маслаҳатчисининг адвокатлари барча айбловларни инкор этишмоқда.

Аун Сан Су Чжи 76 ёшда. У 2016 йилда давлат маслаҳатчиси лавозимини эгаллаган ва амалда Мьянма ҳукуматига раҳбарлик қилган.

Жорий йилнинг 1 февраль куни ҳарбийлар Аун Сан Су Чжи ҳукуматини ағдариб ташлаган. Хунта раҳбарияти у бошчилик қилган “Миллий лига демократия тарафдори” партиясининг ўтган йил ноябрь ойида бўлиб ўтган сайловдаги ишончли ғалабасини “ялпи сохталаштириш натижаси” дея изоҳлаган. Июль ойи охирида сайлов натижалари бекор қилинган.

Аун Сан Су Чжи беш йил муқаддам Мьянма ҳукумати мамлакатни қисман демократлаштириш томон қадам қўйишида муҳим роль ўйнаган.

Amnesty International халқаро инсон ҳақлари ташкилоти 6 декабрдаги баёнотида Аун Сан Су Чжи устидан чиқарилган ҳукмни қоралаган.

Қозоғистон Мудофаа вазирлиги норозиликни бостиришда қўлланиладиган махсус воситалар билан таъминланмоқда

Қозоғистон Мудофаа вазирлиги қуролли кучлар томонидан қўлланаётган махсус воситалар рўйхатини тасдиқлашга оид буйруқ лойиҳасини ишлаб чиқди.

Ўн беш банддан иборат махсус воситалар рўйхати “Электрон ҳукумат” порталида эълон қилинган бўлиб, улар одатда оммавий норозилик ва кўчадаги тартибсизликларни бостиришда фойдаланишга мўлжалланган. Хусусан, рўйхатда зарбани қайтарувчи қалқон, металл қўлкишан, кўзни ёшлантирувчи газ баллончаси, махсус таёқ, кўтариб-тушириладиган пардали ва ичига алоқа қурилмаси ўрнатилган дубулға, зирҳли нимчалар, ёруғлик-шовқин гранаталари ва бошқа воситалар номлари келтирилган.

Мудофаа вазирлиги хабарномасига кўра, ҳужжатда “ҳарбий хизматчилар иштирокидаги турли тадбирларда ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш учун жалб этиладиган ҳарбий полиция аслаҳалари рўйхати” белгиланган. Вазирлик бу ерда гап “ҳарбий парадлар, халқаро кўргазмалар, машқлар ва бошқа тадбирлар” ҳақида эканини иддао қилмоқда.

“Мен ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатга қаршиман! Электрошок қурилмаси, транспорт воситаларини мажбуран тўхтатувчи қурилма? Армия ташқи душманга қарши курашиши керак, халққа қарши эмас! Бу қанақа расвогарчилик!” деб фикр билдирган лойиҳа остидаги изоҳида Марина Серебренникова исмли фойдаланувчи.

Қозоғистон конституцияси сўз эркинлигини ва тинч йиғилишлар ўтказиш ҳуқуқини кафолатлайди, аммо мамлакат Жиноят кодексидаги “жамоат тартибини сақлаш”га қаратилган моддалар ушбу ҳуқуқларни чеклайди. Экспертлар конституция билан Жиноят кодексидаги номувофиқликларни бартараф этиш ва ижтимоий ҳаётдаги бошқа чекловларни олиб ташлаш учун ислоҳотлар зарурлигини таъкидлайдилар.

Россиянинг Рязань вилоятида ўзбекистонлик икки болакай чўкиб кетди

Иллюстратив сурат

Россиянинг Рязань вилояти Рязянь туманидаги Дедюхино қишлоғида 4 ва 7 ёшли ака-ука чўкиб кетди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитасининг минтақавий бошқармаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Асли ўзбекистонлик бўлган ва қаровсиз қолдирилган бу болакайлар шу йилнинг 3 декабрида қишлоқдаги устини муз қоплаган сунъий сув ҳавзасига чиққанлар, муз ёрилиши оқибатида ҳовузга тушиб, чўкиб кетганлар.

Воқеа жойида маҳаллий тергов бошқармаси ходимлари дастлабки тергов ҳаракатларини ўтказганлар, зарур экспертиза чораларини тайинлаганлар. Болаларнинг отаси фарзандларининг жасади Ўзбекистонга олиб кетилиб, ўша ерда дафн этилишини айтган.

Трампга қарашли ширкат янги ижтимоий тармоқни яратишга 1 млрд доллар сармоя жалб қилганини очиқлади

Дональд Трамп

Дональд Трампга қарашли “Trump Media & Technology Group” (TMTG) ширкати инвесторлардан “Truth Social” номли янги ижтимоий тармоқни яратишга бир миллиард доллардан ортиқ маблағ жалб этган. Бу ҳақда ширкат тарқатган хабарномада маълум қилинган.

“Миллиард доллар – рақамли гигантларга цензура ва сиёсий камситишга барҳам берилиши кераклиги ҳақида муҳим сигналдир. Америка “Truth Social”га ўтишга тайёр – ушбу платформада сиёсий мафкурангиз учун сизни камситишмайди”, деган ширкат соҳиби, АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп.

Трамп жамоаси янги ижтимоий тармоқни яратиш режалари ҳақида 2021 йил январида ўз тарафдорларини АҚШ Конгресси биносини ишғол этишга даъват қилгани туфайли барча йирик платформалар собиқ президентнинг аккаунтларини блоклаб қўйганидан сўнг эълон қилган. Трампнинг ўзи ҳеч кимни зўравонлик қилишга тарғиб этмаганини иддао қилиб келади.

“Truth Social” ижтимоий тармоғи, Трамп вакилларига кўра, “либерал медиа консорциуми” ва йирик технологик ширкатларга қарши кураш олиб боради. 2021 йил октябрида Трамп ширкати тармоқ 2022 йилнинг биринчи чорагида ишга тушишини маълум қилган.

Ўша ойдаёқ ҳакерлар “Truth Social” ижтимоий тармоғига (платформа фойдаланувчилар учун ҳозирча ёпиқ) кириб олиб, унда Дональд Трампнинг сохта аккаунтини очишган.

Москвада 8 нафар тожикистонлик тадбиркорларга қуролли ҳужум уюштиргани учун қамалди

Иллюстратив сурат

Москва суди Тожикистоннинг саккиз нафар фуқаросини Москва вилоятида тадбиркорларга қуролли ҳужум уюштиргани учун 8,5 йилдан 16 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилди. ТАСС агентлиги хабарига кўра, маҳкумлар жазо муддатини қаттиқ тартибли қамоқхонада ўтайди.

“Суд жиноят иши фигурантларидан олти нафари Москва шаҳри ва вилояти ҳудудида тадбиркорларнинг хусусий уйларига талончилик мақсадида ҳужумлар уюштирган қуролли гуруҳ аъзолари эканини аниқлади. Ҳужумлар чоғида улар ўқотар, газли ва травматик қуроллардан фойдаланиб, жабрланувчиларнинг қиймати 11,5 млн рублдан ортиқ мол-мулкини тортиб олишган”, дейилган ТАСС хабарида.

Жорий йилнинг май ойида Тожикистоннинг беш фуқароси Россия бош ҳарбий разведка идораси – ГРУ биносига ҳужум қилишга урингани учун 9 йилдан 17 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Бироқ, “Интерфакс” агентлиги хабарига мувофиқ, судланганлар айбларини тан олишмаган. Улардан бири суд мажлиси чоғида бақириб, жиноят иши сохталаштирилганини ва уларга туҳмат қилишаётганини айтган.

Россияда оғир жиноятлар учун қамоққа олинган кўплаб тожикистонликлар жиноят иши сохталаштирилганидан ва сўроқ чоғида уларни қийноққа солишганидан шикоят қилишади.

Франция ва Қатар Кобулдан 300 нафардан зиёд кишини олиб чиқиб кетди

Кобул аэропорти

Франция ва Қатар Афғонистонда қўшма инсонпарварлик амалиёти ўтказиб, Кобулдан 300 дан зиёд одамни олиб чиқиб кетишди. Учоқ бортида толиблар томонидан ҳаётига хавф кўрилган 258 нафар афғонистонлик, 60 нафар ҳолландиялик ва 11 нафар франциялик бўлган.

Кобулдан парвоз қилган учоқ Дохага қўнган, у ердан одамлар Францияга йўлланиши айтилмоқда.

Франция президенти Эммануэль Макрон Афғонистондан одамларни олиб чиқишга кўрсатган кўмаги учун Қатарга миннатдорлик билдирган.

Макрон Европа Иттифоқи расмийлари Кобулда умумий элчихона очиш имкониятини кўриб чиқаётганларини қўшимча қилган. Афғонистонда ҳокимият толиблар назорати остига ўтганидан кейин ЕИ мамлакатлари бу мамлакатда ўз фаолиятини тўхтатишган эди.

Франция ТИВ маълумотига мувофиқ, жорий йил 10 сентябридан буён Қатар, расмий Париж илтимосига кўра, Афғонистондан одамларни олиб чиқиб кетиш учун 10 та рейс ташкил қилган. Мазкур учоқлар билан 110 нафар франциялик ва 396 нафар афғонистонлик олиб чиқиб кетилган. Франциялик дипломатлар эвакуация ишлари яқин орада давом этиши билдирганлар.

Озарбайжон мина майдонлари харитаси эвазига арман асирларини озод қилди

Арманистон-Озарбайжон чегараси

Озарбайжон Арманистон билан ноябрнинг ўртасида бўлиб ўтган қуролли тўқнашувлар пайтида асирга олган 10 арман ҳарбий хизматчини озод қилди. Бунинг эвазига Арманистон Тоғли Қорабоғнинг Озарбайжонга қайтарилган ҳудудлари ҳамда уларга туташ ерлардаги мина ўрнатилган майдонлар харитасини Бокуга топширди.

Бу ҳақда шанба оқшомида Озарбайжон хавфсизлик хизмати хабар қилди. Хабарда айтилишича, асирларга харита алмашув жараёнига Россия мудофаа вазирлиги воситачилик қилган.

Шу йилнинг 16 ноябрида икки давлат ўртасидаги чегарада ўтган йили ўт очиш тўхтатилган буён энг йирик жанг бўлиб ўтган эди.Озарбайжон томони 7, Арманистон 6 ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлгани тўғрисида баёнот берган.Бундан ташқари Арманистон бош вазири Никол Пашинянга кўра, 30 дан зиёд арман аскари асир олинган бўлиши мумкин. Икки асир ноябрда қайтарилгани хабар қилинган.

Ўтган йилги урушда Боку Тоғли Қорабоғнинг бир қисми ҳамда 1994-йилда сепаратистик уруш тугаганидан бери этник арман кучлари назоратида бўлган унга туташ ҳудудлар устидан назорат ўрнатди.

Минтақага кузатувчи сифатида 2000 га яқин рус аскари сафарбар этилди.

Тоғли Қорабоғ халқаро миқёсда Озарбайжоннинг бир қисми сифатида тан олинган.

Туркия мухолифати ўтказган митингда Эрдўғоннинг истеъфоси талаб қилинди

Туркия байроғи

4 декабрда Түркиянинг Мерсин шаҳрида мухолифатдаги Республика халқ партияси (CHP) митинги бўлиб ўтди. Партия лидери Камол Қиличдорўғли нутқ сўзлаган митингда 21 минг киши иштирок этгани хабар қилинди.

Митинг иштирокчилари Туркияда сўнгги бир неча ой давомида турк лираси қадри кескин тушиб кетгани ва иқтисодий бўҳрон учун ҳукуматни айблаб, президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва ҳукуматнинг истеъфосини талаб қилди.

Шу куни президент Эрдўғон Туркиянинг Сиирт шаҳри аҳолиси билан учрашди. Президент кортежидаги машиналардан бири олдига бомба қўйилгани аниқланганини Ички ишлар вазирлиги билдириб, автомашина йўқ қилингани хабар қилинди.

Туркияда ўтган ойда инфляция 22 фоизни ташкил қилди, лира қадри кескин тушиб кетди. 10 йил муқаддам 1 АҚШ доллари 2 Янги турк лирасига тенг эди, шу кунда қарийб 14 лирага етди.

АҚШ мактаблари дастурига коммунизм ва ГУЛАГ тарихини киритишга оид қонун тайёрланди

Нью-Йоркдаги бино томига ўрнатилган Ленин ҳайкали.

АҚШ Конгрессининг Намоёндалар палатасига мактаблар ўқув дастурларига коммунизм тарихини киритишни рағбатлантирувчи қонун лойиҳаси тақдим этилди. Республикачилар тайёрлаган лойиҳани матбуот анжуманида Флорида штатидан депутат Мария Салазар тақдим этди. Кубалик эмигрантлар оиласида туғилган Конгресс аъзосига кўра, қонун лойиҳаси устида АҚШ парламенти қуйи палатасининг 60 аъзоси ишлаган.

Салазарнинг фикрича, 1997 - 2012 йиллар орасида туғилган ёшлар (Z авлоди) коммунизмга хайрихоҳлик билдирадики, шу сабабли мактаблар ўқувчиларга коммунизмнинг даҳшатлари тўғрисида кўпроқ маълумот бериши лозим.

"Ҳақиқат коммнизмнинг саратон касаллиги эканлигидадир. У берадиган ягона тенглик бир хилда камбағал, бир хилда оч, бир хилда мазлум бўлиш ва бир хилда бадарға қилиниш тенглигидир”, деди Мария Салазар.

Конгрессмен Дэн Креншоунинг (Техас) сўзларига кўра, коммунизм “тарих чиқиндихонасида қолиши керак”.

Креншоунинг фикрича, америкалик мактаб ўқувчилари Сталин ГУЛАГида миллионлаб кишилар очликдан ўлганини, Мао Цзе Дун ўтказган маданий инқилоб давомида ўн миллионлаб хитой ўлдирилганини, шу кунда ҳам Хитойдаги уйғур мусулмонлар замонавий қулликда яшаётганини билиши керак.

Москвада ўзбекистонлик ва қирғизистонлик фаррошлар муштлашди

Москванинг Басманний туманида қирғизистонлик ва ўзбекистонлик фаррошлари ўртасида жанжал келиб чиққан.

“Коммерсант” нашрига кўра, воқеа 2 декабр куни Машков кўчасида содир бўлган.

3 декабр куни полиция 7 нафари Қирғизистон ва тўрт нафари Ўзбекистон фуқаролари бўлган жами 11 кишини ҳибсга олган.

"Ушланганлар устидан майда безорилик бўйича баённомалар тузилди. Терговга қадар текширув бошланди", - дея хабар берди газета ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага асосланиб.

Можаро қор туфайли бошлангани айтилмоқда. “Бу жуда оддий – баъзилар ҳовлини қор кўчкиларидан тозалашаётган бўлса, бошқалар томни олиб, пастдаги аллақачон тоза йўлларга қор ёғдиришган".

Россияда муҳожир ишчилар орасида жанжаллар бўлиб туради.

Икки йил аввал ўнлаб ўзбекистонлик ва қирғизистонлик ўзаро муштлашган, 27 нафари ҳибсга олинган эди.

Россияда бир ойда COVID-19 дан ўлганлар сони 75 000тани ташкил этган

Россия давлат статистика агентлиги "Росстат" октябр ойида мамлакатда CОVID-19 дан вафот этганлар сони 74 893 нафарни ташкил этганини билдирди.

Бу пандемия бошланганидан бери ойлик энг юқори кўрсаткичдир.

Агентликнинг беришича, пандемиядан октябр ойи оҳиригача жами ўлимлар сони 537, 000 дан ошган.

Бу АҚШ ва Бразилиядан кейин дунёдаги энг ёмон ўлим статистикасидир.

Мамлакатда инфекциялар кўпайиб кетган ноябр ойи статистикаси эълон қилинмади.

Ҳукуматнинг расмий CОVID-19 ўлим кўрсаткичлари "Росстат" рақамларининг деярли ярмини ташкил қилади.

Ушбу номувофиқликни ҳукуматнинг коронавирус бўйича ишчи гуруҳи тиббий кўрикдан сўнг вирус ўлимнинг асосий сабаби сифатида аниқланган ўлимларни ҳисобга олган ҳолда тушунтирилиши мумкин.

"Росстат" вирус билан боғлиқ ўлимларни кенгроқ таъриф остида рақамларни эълон қилади.

Байден Москванинг "қизил линия"ларини тан олмаслигини айтди

АҚШ президенти Жо Байден Украина бўйича Москва даъво қилаётган "қизил линиялар"ни тан олмаслигини айтди.

Байден Россиянинг Украинага бостириб киришини қийинлаштирадиган кенг қамровли ташаббуслар тайёрлаётганини ҳам таъкидлади.

Байден Россия президенти Владимир Путиннинг Украина бўйича "қизил линия"лар ҳақидаги баёнотларига изоҳ берди.

"Мен ҳеч кимнинг қизил чизиқларини тан олмайман", деди Байден.

АҚШ президенти, шунингдек, Владимир Путин билан “узоқ мулоқот”га умид қилишини ҳам қўшимча қилди.

"Биз Россиянинг хатти-ҳаракатлари ҳақида анчадан бери биламиз. Мен Путин билан узоқ суҳбатлашамиз, деб умид қиламан", - деди Америка президенти Россия-Украина чегарасидаги вазиятни изоҳлар экан.

У бундай суҳбат қачон ва қайси форматда бўлиши мумкинлигини айтмади.

Ҳозирда 94 мингдан ортиқ россиялик ҳарбий хизматчи Украина билан чегарасида тўплангани айтилмоқда.

Жума куни Украина мудофаа вазири Алексей Резников январ ойининг охирини Россиядан ҳарбий таранглик учун энг эҳтимолий вақт деб атади.

Жума куни Олий Радада сўзлаган Резников Россия аллақачон Украина яқинида қишки машғулотларни бошлагани, разведка хизматларини кучайтиргани ва алоқаларни текшираётганини қўшимча қилди.

Қозоғистонда порахўрликда айбланган Олий суд судьяси қамалди

Мейрам Жангуттинов

Қозоғистон Олий судининг собиқ судьяси Мейрам Жангуттинов беш йилга озодликдан маҳрум этилди. Суд ҳукмига кўра, у Туркистон вилоятида туман судьяси вазифасида ишлаган аёлдан бошқа ишга ўтказиб қўйиш ваъдаси билан пора олган. Судланувчи маҳкамада айбини бўйнига олган эмас, дея хабар қилди Озодликнинг қозоқ хизмати.

Жангуттиновни ҳибсга олиш учун санкция шу йил апрелида берилган. У февраль ойидаёқ қўлга олинганди. Ўшанда унинг судьялик ваколати ўтган йил декабрида тугагани ҳақида эълон қилинганди.

Жангуттиновга пора берган судья ҳам худди шунча муддатга қамалган. Уларнинг иккаласига ҳам умрбод ҳар қандай давлат мансабини эгаллаш тақиқланган. Ҳукм бўйича судланувчилар адвокатларининг позицияси ҳақида ҳеч нарса дейилган эмас.

Толиблар аёллар ҳақларига доир фармон чиқарди - унда таълим олиш ҳуқуқи ҳақида ҳеч гап йўқ

Кобулдаги "Гўзаллик салони" ёнида турган афғон аёли, 2021 йил октябри

Афғонистонда иқтидорга келган Толибон ҳаракати аёллар ҳуқуқларига оид фармон чиқарди.

Ҳужжатда афғон жамияти етакчилари – уламолар ва оқсоқоллар аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жиддий чора-тадбирлар кўришга чақирилган.

Фармонга мувофиқ, афғон аёлларини, жумладан беваларни эрга тегишга мажбурлаш мумкин эмас. Шу билан бирга, бева қайта турмушга чиққан тақдирда янги эридан маҳр олишга ҳақли бўлади.

“Аёл – мулк эмас, балки эҳтиромга лойиқ ва эркин инсондир”, дейилган ҳужжатда.

Ҳаж ишлари вазирлиги ҳамда Ахборот ва маданият вазирлигига аёллар ҳуқуқларини тарғиб қилиш вазифаси топширилган. Шунингдек, Олий суд қуйи судларга аёлларнинг талабномаларини кўриб чиқишга кўрсатма бериши лозим.

Аммо ҳужжатда вояга етмаган қизларнинг турмушга берилаётгани, аёлларнинг ишлаши ва таълим олиши ҳақида ҳеч нима дейилмаган. Ушбу масалалар ҳуқуқбонларни жиддий ташвишлантирмоқда.

Толибон Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаганидан сўнг аёллар ва қизларга оид қатор чекловларни жорий этган. Хусусан, уларнинг таълим олиши жиддий чекланган, спорт билан шуғулланиши тақиқланган.

Толиблар журналист аёлларни ҳам эфирга ҳижоб ўраб чиқишга мажбурлашмоқда. Бундан ташқари, мухбир аёлларга одамлар гавжум жойларда бўлиш ва воқеа жойидан репортаж олиб бориш ман этилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG