Линклар

Шошилинч хабар
23 июн 2021, Тошкент вақти: 06:50

Беларусь ИИВ намойишлар давомида огоҳлантирувчи ўқ отилганини тасдиқлади


Беларус махсус кучлари намойишчиларни тарқатмоқда - Минск, 29 ноябрь

Беларусь Ички ишлар вазирлиги 29 ноябрь куни авторитар президент Александр Лукашенко истеъфосини талаб қилиб навбатдаги акцияга чиққан намойишчиларга қарши «махсус воситалардан» фойдаланилганини тасдиқлади.

30 ноябрь куни вазирлик матбуот котиби Вольга Чемаданова Telegramда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари намойишчиларни тарқатиш учун огоҳлантирувчи ўқ отишгани ҳақида ёзди.

Аввалроқ Озодлик радиоси Беларусь ҳуқуқ-тартибот органлари айрим намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва шовқинли гранаталардан фойдалангани ҳақидаги хабар қилган эди.

«Хавфсизлик хизмати ходимлари махсус воситалардан фойдаланишга мажбур бўлди – ҳавога бир неча марта огоҳлантирувчи ўқ узилди ва кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланилди», деб ёзди Чемаданова.

Котиб жами 313 киши оммавий тадбир ўтказиш тўғрисидаги қонунни бузгани учун ҳибсга олинганини қўшимча қилди.

Қароргоҳи Минскда жойлашган «Весна» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази ҳисобларига кўра, 29 ноябрь куни мамлакат бўйлаб 420 дан ортиқ намойишчи ҳибсга олинган.

«Весна» маълумотларига кўра, уларнинг аксари Минскда қўлга олинган. Шунингдек, Брест, Гродна ва бошқа шаҳарларда ҳам намойишчилар ҳибсга олинган.

Минскнинг деярли барча туманларида намойишлар бўлиб ўтган. Шу сабабдан бу сафарги акцияда қатнашган намойишчиларнинг умумий сони номаълум бўлиб қолмоқда.

Жорий йил августидан бери Беларуснинг Минск ва бошқа шаҳарларида президент сайловининг расмий натижаларига қарши оммавий норозилик акциялари бўлиб ўтмоқда. АҚШ ва Европа Иттифоқи сайлов натижаларини тан олишдан бош тортди.

Мухолифат сайловда аслида Светлана Тихановская ғалаба қозонганини айтиб, Лукашенко истеъфосини, барча сиёсий маҳбусларнинг озод қилиниши ҳамда янги сайлов ўтказилишни талаб қилмоқда.

Тихановская сайлов ортидан расмийлар тазйиқи туфайли Беларусни тарк этди.

Айни дамда Литвада яшаётган Тихановская 29 ноябрь куни Twitterда «Бу тузум ҳар ҳафта намойишлар сусаяётганини иддао қилади. Ҳар ҳафта ўз қўшинларини кўздан ёш оқизувчи газ ва шовқинли гранаталар билан Беларусь халқини уриш ва қўрқитиш учун юборади. Шунга қарамай, халқ ҳар ҳафта Лукашенко тузумига қарши тинч норозилик намойишига йиғилмоқда», деб ёзди.

Лукашенко 27 ноябрь куни Минск касалхонасига қилган ташрифи чоғида янги конституция қабул қилинса, истеъфога чиқиши мумкинлигини айтди.

Беларусь давлат матбуоти хабарларига кўра, авторитар раҳбар «Янги конституция остида сизлар билан президент ўлароқ ишламайман», - деган.

Лукашенко конституцияни ислоҳ қилиш ва президент ваколатларини ўзгартириш зарурлигини айтган, аммо янги конституция қачон қабул қилиниши мумкинлиги ҳақида ҳеч нима демаган.

Бугунга қадар Лукашенко бир неча марта конституцияга ўзгартиришлар киритиш ҳақида гапирди, аммо мухолифат авторитар етакчи аслида ҳокимиятда қолиш мақсадида вақтни чўзаётганини айтмоқда.

XS
SM
MD
LG