Линклар

Шошилинч хабар
29 июл 2021, Тошкент вақти: 14:19

Беларуслик собиқ судья: “Ноҳақ жазолашдан бош тортдиму, “хавфли” одамга айландим”


Алексей Пацко Брест суди биноси ëнида

33 ёшли Алексей Пацко беш йил Беларуснинг Пинск туманида судья бўлиб ишлаган. У суд тизимига қисқагина давом этган либераллашув чоғида ва ўзининг “идеалистик” қарашлари билан келганини айтади. 2019 йилги сайловдан сўнг судлар устидан ҳукумат назорати кескин кучайди – шу қадарки, судьяларга “ижтимоий муҳим моддалар” бўйича ҳукмларни “келишган ҳолда” қабул қилишни тавсия эта бошлайдилар. Августдаги президент сайловларидан сўнг оммавий норозилик бошланганида эса, Беларусь судлари қонунларни писанд қилмай қўйди.

2020 йил 9 август куни Алексей ўзи учун қарор берди: намойишчиларни жазоламайди, уларни қамоққа олишдан бош тортади. Шундан сўнг уни дастлаб “сиёсий” ишларни кўришдан четлатишди, кейин эса ишдан бўшатишди. Унга ва адвокат онасига қарши жиноят иши очилгани маълум бўлгач, бутун оила Украинага кўчиб кетди.

Алексей Пацко “Озодлик”нинг беларус хизматига интервьюсида 9-10 август кунлари Пинскда сиёсий ишлар бўйича суд қарорлари қандай қабул қилингани ва Беларусь ҳукумати суд тизимини қай тариқа назоратга олгани ҳақида сўзлаб берди.

“Мен Пинскда туғилганман ва яшаганман. БелДУ юридик факультетини битирдим. Хотиним, уч фарзандим бор. Судда иш бошлагунимча турли ширкатларда ҳуқуқий маслаҳатчилик қилдим. Карьера қуришга интилдим. Аммо на мен ва на оилам ҳеч қачон тамоман ҳукумат ёнини олмаганмиз.”

2015 йилда мени судьяликка тайинлашди. Ўшанда 28 ёшда эдим, тизимга нисбатан максималистик ва идеалистик қарашларим бор эди. Вазият ҳам бошқача эди ҳали: либераллашув юз бериб, тизим ўзини ўзи яхшилашга ҳаракат қиларди. Ёшларни турли лавозимларга таклиф этишар, қўлимизда нималарнидир ўзгартириш имкони бордек туюларди. Судьялик фаолиятим бошларида бу мансаб сиёсий мазмунга деярли эга эмасди”, дея ҳикоя қилади Алексей.

Унинг айтишича, сиёсий босим зўрайганини у 2017 йилда, Пинск ва бошқа шаҳарларда Лукашенконинг “Текинхўрлар тўғрисида”ги фармонига қарши норозилик чиқишлари ўтказилган пайтда пайқаган. Ўшанда одамлар ҳеч қаерда ишламайдиган, ҳатто ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда ишсиз қолган фуқаролардан ҳам “текинхўрлик солиғи” ундирилишига қарши бош кўтаришганди.

Кейинроқ, 2019 йил охирида шаҳарда Россия билан интеграцияга қарши чиқишлар бўлган.

“Ўшанда биз, судьяларга усталик билан босим қилинган. Яъни намойишчиларни бундай суд қилинг, бунча муддат беринг, деб тўғридан-тўғри буйруқ беришмаган, балки бу ишлар “жамият учун муҳим”лиги, уларга “масъулият билан қараш лозим”лиги ва “қонун бўйича” жазолаш кераклиги ҳақида ишора ва йўл-йўриқлар бўлган, – деб хотирлайди Пацко. – Бу чиройли иборалар орқали аён бўлдики, моҳият – уларнинг мазмунида эмас, шаклида экан. 2017 йилги митингларда қатнашганлардан айримларини мен ҳам суд қилганман. Эсимда, уларга жарима тайинлаган эдим: расмий жиҳатдан, оммавий тадбирлар тўғрисидаги қонун бузилиши бор эди”.

Унинг сўзларига кўра, судлар фаолиятида ўзгаришлар 2019 йилги парламент сайловларидан сўнг бошланган: шунга қадар судьялар қарор чиқаришда бирмунча мустақил бўлган.

“2019 йилнинг кузида суд раислари алмаштирилди, жумладан, бизнинг Пинск тумани ва Брест вилояти судларида ҳам. Шундан сўнг “жилов тортила бошлади”. Ярим-ёрти демократик тартиблар барҳам топди. Юқори билан маслаҳатлашиб иш кўриш амалиётига ўтилди, бошлиқлар назорати кучайди. Булар бари “сифат ва самарадорлик” шиори остида қилинарди”, дейди собиқ судья.

Барча судьялар қаторида Пацкога ҳам у кўраётган ва кўрадиган ишлар юзасидан раҳбариятга маълумот киритиш талаби қўйилди. Бир оз кейинроқ эса “суднинг иш қобилиятини бузган ва иш сифатини туширган” судьяларни мукофотдан маҳрум қилиш тизими жорий этилди.

“2020 йилги сайловларга яқин қолганда коррупция, гиёҳванд воситалар олди-бердиси, маст ҳолда машина бошқариш каби “ижтимоий муҳим” моддалар бўйича раҳбарият билан маслаҳатлашиш амалиёти киритилди. Энди шунақа ишлар кўрилса, қарорни ҳукумат розилиги билан чиқариш керак эди. Буйруқ эмас, тавсия сифатида қилинса-да, бу ишлар одил судлов фаолиятига аралашиш бўлиб, жиноят деб баҳоланмоғи лозим”, урғулайди Пацко.

Лукашенко 2020 йилги сайловларда номзодини кўрсатмоқчи бўлганида Пацко уни қувватлаб имзо чекишдан бош тортади, яна кўп ҳамкасблари шундай қиладилар. Уларга ҳеч нима дейишмайди. Аммо сайловга оз қолган пайтда судьяларга очиқча буйруқ берилади: “ҳамма муддатидан олдин овоз бериб, бу ҳақда ёзма билдиришнома тақдим этсин”.

“Мен бормадим. Барчани ортидан кузатиб юришнинг иложи йўқ. Шунчаки, судьяларни қўрқитиб қўймоқчи бўлишди холос”, дейди Пацко.

9 август куни, унинг айтишича, Беларусда одамлар “Лукашенкога қасдма-қасд овоз берганлар”.

“Биз кўпроқ Виктор Бабарико ёки Валерий Цепкалога овоз беришга мойил эдик. Лекин уларга сайловда қатнашишга изн беришмади. Тихановская муқобил номзод эди. Сайловчиларни бирлаштириш ва Лукашенкога қарши овоз бериш учун атайлаб уни танлашди, номзоднинг шахси унчалик муҳим эмасди. Хуллас, “ким бўлса бўлсин, фақат Лукашенко эмас” принципи бўйича ҳаракат қилинди”, тушунтиради Алексей.

“9 август якшанба куни эди. Мен ишда эдим, суд раиси ва унинг ўринбосарлари ҳам. Ҳамма иш жойида эди, чунки нимадир бўлишини сезиб турардик”, таъкидлайди собиқ судья.

Сайлов арафасида Пинскда бир неча кузатувчи ва фаол ҳибсга олинган, улар душанба, 10 август куни суд қилиниши керак эди.

“Раҳбарият эртага уларга 15 сутка беришни таклиф қилди ва ишни менга топширмоқчи бўлди. Мен рад этдим. Ўзларича насиҳат қилган бўлишди: “Оилангни, болаларингни ўйласанг-чи! Қизиққонлик билан нимага эришмоқчисан?” Мен оёқ тираб олдим. Шундан сўнг ҳибсдагиларни суд қилиш учун бошқа судьяларни таътилдан чақириб олишди”, ҳикоясини давом эттиради Алексей Пацко.

Ўнинчи ва ўн биринчи август кунлари Пинскда одамлар президент сайлови натижалари сохталаштирилишига қарши намойишга чиқадилар. Куч ишлатар идоралар намойишни шафқатсизларча бостирди, сўнг Тергов қўмитаси “оммавий тартибсизликларда иштирок этиш” айблови билан ўнлаб кишилар устидан жиноят иши очади. 2021 йилнинг апрелида Брест шаҳрининг Москва тумани суди 14 кишини айбдор деб топиб, уларни 5.5 йилдан 6.5 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этди.

Пацкога кўра, “оммавий тартибсизлик” учун қўлга олинганлар битта ҳуқуқбузарлик учун аввалига маъмурий, кейин эса жиноий модда бўйича суд қилинган бўлиб, бу Жиноят-процессуал кодексга мутлақо зиддир.

“Ўнинчи август куни шаҳарда махсус амалиёт эълон қилинди. Шундан сўнг икки кун мобайнида 120-140 киши қўлга олиниб, милиция ертўласига ташланди. Орадан 72 соат ўтди. Энди уларни ё озод қилиш, ё эҳтиёт чорасини белгилаш керак эди. Нима қилишди денг? Соат 23:34 да улар, гўё маъмурий қамоқ жазосини олгандан сўнг такроран ҳуқуқбузарлик содир этгани учун қўлга олинди дея расмийлаштирилди. Баённомаларни жиноят иши тартиб-қоидаларига кўра тузиб, судга оширишди. Аммо кишини битта қилмиши учун ҳам маъмурий, ҳам жиноий жавобгар қилиб бўлмайди ахир!” – дея ишнинг ҳуқуқий томонларини тушунтиради собиқ судья.

“Одамларни жазолашдан бош тортганимдан сўнг ишхонада мен билан гаплашмай қўйишди, чунки “хавфли” бўлиб қолган эдим. Маълум вақт майда-чуйда ишларни кўриб юрдим. Тез орада вилоят судига чақириб, “ўйлаб кўриш”ни илтимос қилишди. Гапларидан англашилдики, мени истеъфога жўнатишмоқчи эмас, аммо жим юришим керак эди. Беш йиллик судьялик ваколат муддатим якунлаёзган экан, ҳужжатларимни қайтариб олдим. Октябрда эса мени бўшатишди”, дейди Пацко.

Алексей суд раисининг олдиндан огоҳлантирганига қарамай, TUT.BY ҳамда “Наша Нива” нашрларига интервью бериб, кўп гапларни очиқ айтади, яъни “жим юрмайди”. Шунинг учун уни ҳеч қаерга ишга олишмайди. Айримлар рўй-рост тан олади: “КГБ сизни қабул қилишимни тақиқлаган, ўзингиздан қолар гап йўқ...”

“Онам юрист бўлиб ишларди, мени ўзига ёрдамчи қилиб олди, – дейди Алексей. – Роппа-роса икки кун ўтгач, солиқдан текширувчилар келиб, мен юридик хизмат кўрсатиш билан гўё ноқонуний тадбиркорлик қилаётганимни айтишди. Сўнг КГБ ходимлари танишларимдан уларга аслида онам эмас, мен хизмат кўрсатганим ҳақида кўрсатув олишга урингани, ҳатто тазйиқ қилаётганидан хабар топдик”.

Шу билан бирга, у судьялик даврида кўрган эски ишлар қайта бошдан “экспертиза” қилинаётгани дараги келади. Алексей Пацко нишонда эканини, уни ўраб турган ҳалқа тобора тораётганини тушунади. Ва Украинага жўнаб кетади.

Ўзининг айтишича, “уларни ғафлатда қолдирган”. Чунки, кетганидан сўнг икки кун ўтгач шахсан прокурор ўринбосари бошчилигида, уни излаб, онаси ва синглисининг уйини тинтув қилишибди. Тинтув чоғида Алексейга қарши ЖК 380-моддаси (Ҳужжатларни қалбакилаштириш) билан иш очилганини айтишган. Эртаси куни эса онаси ўзи устидан 427-модда (хизмат сохтакорлиги) бўйича жиноят иши қўзғатилганини эшитади. Шундан кейин Алексей уни ҳам бу ерга кўчириб келтирган.

“Яқин орада Беларусга қайта олмасак керак. Хотиним, бола-чақамни ҳам олиб келганман. Энг асосийси, улар хавфсизликда. Тўғри, мажбурий кўчиш одамни стрессга солиб, ўрганган турмуш тарзи ва қулайликлардан маҳрум қилади. Аммо афсусланишдан фойда йўқ. Амаллаймиз. Энг муҳими, барчамиз биргамиз”, дейди Алексей Пацко.

XS
SM
MD
LG