Линклар

Шошилинч хабар
05 август 2021, Тошкент вақти: 01:17

Халқаро хабарлар

BioNTech / Pfizer ЕИдан коронавирусга қарши ўз вакцинасини рўйхатдан ўтказишни илтимос қилди

BioNTech ва Pfizer ўзлари ишлаб чиқарган вакцина 95 фоиз самара кўрсатганини иддао қилганлар.

Германиянинг BioNTech ва унинг ҳамкори бўлган АҚШнинг Pfizer ширкатлари Европа Иттифоқи мувофиқлашитрувчи органларига ўз вакцинасини рўйхатдан ўтказиш илтимоси билан ариза топширди.

Бу икки ширкат бу ишни рақобатчи Moderna ширкати коронавирус инфекциясига қарши ўзи ишлаб чиқарган вакцинани рўйхатга олиш илтимоси билан АҚШ ва ЕИ расмийларига мурожаат қилганидан бир кун ўтиб амалга оширди.

АҚШнинг Moderna ширкати ўз вакцинаси 94,1 фоизлик самара кўрсатганини билдирган. BioNTech ва Pfizer ўзлари ишлаб чиқарган вакцина 95 фоиз самара кўрсатганини иддао қилганлар.

Дастлабки тахминларга кўра, Pfizer вакцинаси таннархи Moderna ширкатиникидан арзонроққа тушади.

BioNTech BNT162b2 деб номланаётган вакцина рўйхатга олинса, у 2020 йилнинг охиригача Европа Иттифоқида қўлланила бошланиши мумкинлигини билдирди.

BioNTech ва Pfizer аввалроқ вакцинани рўйхатдан ўтказиш илтимоси билан АҚШ ва Британия ҳукуматига мурожаат қилган.

Дори-дармонлар бўйича Европа агентлиги (EMA) 29 декабрда BioNTech ва Pfizer вакцинасининг хавфсизлиги ва самарадорлиги юзасидан махсус йиғилиш ўтказишини билдирди.

Кун янгиликлари

Навальний штаблари собиқ раҳбарларининг ярмидан кўпи чет элда ёки терговга қатнамоқда

Чебоксаридаги Навальний штаби

Алексей Навальний минтақавий штабларининг 37 раҳбаридан атиги 2 нафари сўнгги икки йил давомида қатағонга учрамаган — бу РБК суриштирувида маълум бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Россияда Навальний штаблари экстремистик ташкилотлар деб топилиб, улар фаолияти тақиқланган.

РБК маълумотига кўра, штабларнинг 11 нафар собиқ мувофиқлаштирувчиси ҳозирда терговга тортилган, 8 нафари Россияни тарк этган. 2020-2021 йилларда 37 штаб бошлиғидан 35 нафарига маъмурий жазо тайинланган.

Навальний штаблари 2017 йили – мухолифатчи Россия президентлигига номзодини қўйиш учун тарғибот кампаниясини бошлаган пайтда тузилган эди. Уларнинг бир қисми Навальнийни номзод сифатида рўйхатга олиш рад этилганидан сўнг ҳам фаолиятини давом эттирган.

Штаблар тармоғи тарқатилган пайтда (жорий йилнинг апрелида) улар сони 37 та эди. Штаблар тармоғи раҳбари Леонид Волков прокуратура штабларни экстремистик ташкилот деб топиш талаби билан судга мурожаат қилганидан сўнг улар тарқатилишини эълон қилган.

РБК қайдича, собиқ штаб раҳбарлари 2020-2021 йилларда ўтаган маъмурий қамоқ муддатлари жами 457 кунни ташкил этган, уларга қўлланилган жарималар миқдори эса 4 миллион рублдан ортиқдир.

Координаторлардан бири — архангельсклик Андрей Боровиков “Rammstein” гуруҳи клипини эълон қилгани учун порнографик материалларни тарқатишга доир иш бўйича жиноий жавобгарликка тортилиб, 2.5 йилга озодликдан маҳрум этилган. Москва штаби раҳбари Олег Степанов ҳамда Хабаровск штаби бошлиғи Алексей Ворсинлар уй қамоғида сақланмоқда. Яна саккиз нафар собиқ штаб раҳбарлари эса, РБКга кўра, чет элга кўчиб кетишган.

Собиқ минтақавий координаторлардан уч нафари Алексей Навальний ёки унинг сафдошларига қарши чиқишлар қилган.

Собиқ мувофиқлаштирувчилардан 15 нафари эса РБКга сиёсат билан шуғулланишда давом этишаётганини маълум қилганлар. Улардан икки нафари ҳозирда Томск ва Новосибирск шаҳар думалари депутатларидир.

Экстремистик ташкилотларга алоқадор шахсларнинг сайловда ўз номзодини кўрсатишини тақиқловчи қонундан истеъфода этган ҳолда собиқ координаторлардан ҳеч кимни 2021 йилги сайловда рўйхатга олишмаган.

Навальнийнинг ўзи айни пайтда колонияда жазо муддатини ўтамоқда. Унинг сафдошларидан бир қанчаси “санитария иши” бўйича айбланган, бошқалари хорижга чиқиб кетишган.

Бугун, яъни 4 август куни Москва суди Навальний тузилмаларининг экстремистик ташкилотлар деб топилишига нисбатан апелляция шикоятини кўриб чиқмоқда. Навальнийнинг сафдоши Иван Ждановга кўра, суд аллақачон қарор қилиб бўлган.

Чехияда поездлар тўқнашуви оқибатида уч киши нобуд бўлди

Чехияда 4 август куни Домажлице ва Ближеов станциялари оралиғида икки йўловчи поезд тўқнашиб кетди.

Дастлабки маълумотларга кўра, Мюнхендан Прагага келаётган Ex 351 поезди билан Пльзень – Домажлице йўналиши бўйлаб қатновчи маҳаллий поезд ўртасида содир бўлган авария натижасида ҳар иккала поезд машинисти ва бир йўловчи аёл ҳалок бўлган, элликдан зиёд йўловчи тан жароҳати олган. Ҳодиса содир бўлган жойда қутқарув хизматлари вакиллари иш олиб бормоқда.

Чехия Транспорт вазирлиги қайдича, ҳалокатга Ex 351 поезди машинистининг семафор қизил чироғини эътиборсиз қолгани сабаб бўлган.

Ўтган йил июлида Чехиянинг Карлови Вари шаҳри яқинида йўловчи поездлар тўқнашиб кетган, ўшанда авария оқибатида икки киши ҳалок бўлиб, 30 чоғли одам жароҳатланган эди.

Ватанига қайтишдан бош тортган беларуслик енгил атлетикачи Европага учиб кетди

Беларуслик спортчи Кристина Тимановская Токио аэропортида, 2021 йил 4 августи

Беларуслик енгил атлетикаси Кристина Тимановская Токиодан Вена шаҳрига учиб кетди. У авторитар ҳукумат томонидан жазоланишидан хавфсираб, Токиодаги Олимпия ўйинларидан ватанига қайтиб боришдан бош тортган эди.

Спортчига Польша гуманитар виза бергани сабабли у Варшавага учиб кетиши кутилганди. Тимановская Австрияда қоладими ёки у ердан Польшага йўл оладими — ҳозирча аниқ эмас.

Austrian Airlines рейси Токиодаги Нарита халқаро аэропортидан маҳаллий вақт билан соат 11:05 да ҳавога кўтарилган ва, парвозларни кузатувчи flightaware.com онлайн-ресурсига кўра, соат 16:05 да Венага қўниши керак.

Тимановская 2 август куни Польша элчихонасига яширинган. Бу Беларусь терма жамоаси мутасаддилари уни Минскга қайтишга мажбурламоқчи бўлганидан сўнг юз берган. Аввалроқ Тимановская AP агентлигига мулозимлар мамлакат раҳбариятини очиқча танқид қилгани учун “у уйга қайтганидан сўнг албатта жазоланишига шама қилишган”ини маълум қилган эди.

Беларуснинг Олимпиададаги делегацияси раҳбари Дмитрий Довгалёнок бу борада изоҳ беришдан бош тортди, дея хабар қилган АР агентлиги.

Бундан олдин Беларусь Миллий олимпия қўмитаси давлат ахборот агентлигига вазиятни кузатиб бораётгани ва Тимановскаянинг баёнотлари юзасидан текширув бошлаган Халқаро олимпия қўмитаси билан ҳамкорлик қилаётганини билдирган.

Аҳолиси “Спутник V” вакцинаси билан ҳам эмланаётган Сан-Маринонинг COVID-сертификатлари ЕИда тан олинади

Европа Иттифоқи унинг аъзоси бўлмаган Европанинг икки кичик давлати — Сан-Марино ҳамда Ватикан билан коронавирус инфекциясига қарши эмлов сертикатларини ўзаро тан олиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Brussels Times нашри Еврокомиссия хабарномасига таянган ҳолда хабар қилди.

Чор тарафдан Италия ҳудудлари билан қуршалган кичик республика — Сан-Маринода айни пайтда 23 минг киши тўлиқ эмланган бўлиб, бу аҳолининг қарийб 70 фоизини ташкил қилади. Сан-Маринода қўлланадиган вакциналардан бири бу Россиянинг “Спутник V” препаратидир.

Сан-Маринода берилган эмлов сертификатлари ЕИда тан олиниши ҳақидаги хабар Россия вакцинасининг “Twitter”даги расмий саҳифасида ҳам эълон қилинган.

ЕИнинг ўзида Россия вакцинасини қўллаш ҳозирча маъқулланган эмас. Бу масала кўрилмоқда, аввалроқ матбуот зарур ҳужжатларни расмийлаштиришда муаммолар туғилгани ҳақида хабар берган эди. ЕИнинг икки мамлакати — Венгрия ва Словакияда вакцина Россиядан тўғридан-тўғри сотиб олиниб, эмловда қўлланилган.

Европанинг рақамли COVID-сертификати бу шахснинг эмлангани ёки коронавирусга тестдан ўтгани ва ё касалликни бошидан кечиргани тўғрисидаги маълумотлар қайд этиладиган ҳужжатдир. Сертификат Европа Иттифоқи бўйлаб сафар қилишни осонлаштириш мақсадида жорий қилинмоқда. Тўлиқ эмланганлар сафар чоғида карантин қилиш ёки тестдан ўтиш мажбуриятидан озод бўлади.

Апрель ойи охиридан бери Сан-Маринода коронавирус инфекциясидан ҳеч ким вафот этган эмас, пандемия бошидан бери эса мамлакатда жами 90 та ўлим ҳолати қайд этилган.

Россия: Маданият вазирлиги театрлар репертуари патриотизмга мувофиқлиги юзасидан текширувдан ўтишини рад этди

Россия мадиният вазири Ольга Любимова

Россия Маданият вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг театрлар репертуарини миллий хавфсизлик стратегиясига мувофиқлик юзасидан текшириш таклифи вазирликнинг ўзи билан келишилмаган. Бу ҳақда ТАСС агентлиги вазир Ольга Любимова номидан баёнот тарқатган вазирлик матбуот хизматига таянган ҳолда хабар қилган.

Аввалроқ Кенгаш раиси Михаил Лермонтов Россия театрлари репертуарининг Путин тасдиқлаган миллий хавфсизлик стратегиясида белгиланган маънавий-ахлоқий қадриятларга мувофиқлиги текширилишини билдирган эди. У текширув натижалари қаерга жўнатилиши ва оқибатлари қанақа бўлишига аниқлик киритмаган, мулозим Маданият вазирлиги қошидаги кенгаш “жамоат назоратчиси” вазифасини зиммасига олиши кераклигини айтган, холос.

“Жамоатчилик кенгашидаги алоҳида аъзоларнинг ғоя ва мулоҳазаларини вазирликка нисбат бермаслик керак. Бу таклифлар биз билан муҳокама қилинган эмас”, дейилган вазир Ольга Любимованинг баёнотида.

Мулозима Маданият вазирлиги “маданият муассасаларининг ижодий фаолияти”га аралашишга ҳақли эмаслигини, мамлакатда цензура тақиқланганини урғулаган. Маданият соҳасидаги қонунбузарликларга эса, вазирга кўра, фақат ваколатли идораларгина баҳо бериши мумкин.

Бундан олдин Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Москвадаги “Современник” (“Замондош”) театрининг “Биринчи нон” спектаклини унда ветеранлар шаънига ҳақорат бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида текширган эди.

Қўмита расмий баёнотига кўра, текширувга “жамоатчилик вакилларининг мурожаатлари ва ОАВдаги чиқишлар” сабаб бўлган, “жамоатчилик норозилиги эса спектакллардан бирида актёрлар нафақат сўкиш сўзларни ишлатгани, балки Улуғ Ватан уруши ветеранларини ҳақорат қилгани важидан келиб чиққан”.

Бунга қадар “Россия офицерлари” ташкилоти Бош прокуратурадан спектаклни текширишни талаб қилган, кремлпараст SERB ҳаракати эса “Биринчи нон” спектакли намойишини тўхтатишга уринган.

Президент Байден Нью-Йорк губернаторини истеъфо беришга чақирди

Нью-Йорк губернатори Эндрю Куомо

АҚШ президенти Жо Байден Нью-Йорк губернатори Эндрю Куомони истеъфога чиқишга чақирди.

Байден бу билан жорий йил мартида билдирган позициясини такрорлаган: ўшанда президент Нью-Йорк штати бош прокуратураси суриштируви жинсий шилқимлик фактларини тасдиқлагудек бўлса, демократ губернатор истеъфога чиқиши кераклигини айтган эди.

Байден журналистларнинг “Куомо истеъфодан бош тортган тақдирда Нью-Йорк парламенти унга нисбатан импечмент тартибини қўллаши керакми?” саволини жавобсиз қолдирган. Бироқ президент Куомо қўл остидаги аёллар билан баъзан “мутлақо беғараз” қучоқлашганига ишонишини билдирган. “Лекин барча ҳолатда ҳам шундай бўлган эмас”, қўшимча қилган Байден.

АҚШ президентининг чиқишидан бир оз олдин ОАВ Нью-Йорк губернатори Эндрю Куомо иши бўйича тергов унинг бир неча аёлга, жумладан ўз офиси ходималарига (ишда расман 11 нафар жабрланувчи ҳақида гап боради) жинсий шилқимлик қилганига доир фактларни аниқлаганини хабар қилган эди.

Нью-Йорк прокурори Летиция Жеймс суриштирув натижаларини эълон қиларкан, губернатор федерал қонунлар ва штат қонунларини бузганини айтган.

Ўтган йили бир неча аёл Эндрю Куомони жинсий шилқимликда айблаб чиққан. У айбловларни рад этган ва, демократ партиядошлари талаб қилишига қарамай, истеъфо бермаган.

3 август куни тергов хулосаси тақдим этилган. Бунга қадар 200 га яқин одам сўроқ қилинган, ўн минглаб ҳужжат, матн ва суратлар ўрганилган.

Британия бош вазири Борис Жонсон Светлана Тихановская билан учрашди

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Беларусь мухолифати лидери Светлана Тихановская билан, Лондон, 2021 йил 3 августи

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон 3 август куни Лондондаги қароргоҳида Беларусь мухолифати лидери Светлана Тихановскаяни қабул қилди.

Учрашув чоғида Б. Жонсон Британия Беларусдаги фуқаролик жамиятини ҳамда мамлакат халқининг демократияга интилишини дастаклаши ҳақида билдирган.

“Биз шубҳасиз сиз томондамиз ва қилаётган ишларингизни дастаклаймиз”, деган Жонсон Тихановская мурожаат қиларкан.

Британия бош вазири Ryanair учоғи Минскка мажбуран қўндирилиб, унинг ичида бўлган мухолифатчи блогер Роман Протасевич ҳибсга олингани ортидан ўз ҳукумати Лукашенко режимига қарши биринчилардан бўлиб санкция жорий қилганини қайд этган.

Бунга жавобан Тихановская “жаҳондаги энг қудратли мамлакатлардан бири Беларусни дастаклаётгани”ни айтган.

Беларуслик мухолифатчининг Британия ташқи ишлар вазири ва парламент депутатлари билан ҳам учрашув ўтказиши режаланган.

Беларусда бир йил муқаддам ўтказилган президент сайловида Александр Лукашенкога рақиб ўлароқ ўз номзодини қўйган, кейинчалик босимлар туфайли мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган Светлана Тихановская аввалроқ АҚШга ҳам ташриф буюриб, Оқ уйда президент Жо Байден томонидан қабул қилинганди.

Ғарб мамлакатлари Беларусдаги президент сайловида сохталаштиришларга йўл қўйилгани даъвоси билан Лукашенконинг ғалабасини тан олишмаган, шунингдек, Беларусга қарши қатор санкция пакетларини жорий қилишган. Улар Беларусда демократик стандартларга риоя этилган ҳолда қайта сайлов ўтказишга чақириб келишмоқда.

Литва чегарачилари мигрантларнинг чегара масканидан бошқа жойлар орқали киришига йўл қўймайди

Литвалик чегарачилар Беларусь билан чегарани мустаҳкамламоқда

Литва чегарачилари сешанбага ўтар тун мобайнида Беларусь ҳудудидан Литвага ўтишга уринган ўнлаб одамларнинг чегарани кесиб ўтишига йўл қўймай, уларни ортига қайтарган. Бу ҳақда LRT нашрига берган изоҳида Литва ички ишлар вазири ўринбосари Арнольдас Абрамавичюс маълум қилди.

Литва ички ишлар вазири томонидан 2 август куни имзоланган буйруқда чегарачиларга одамларни чегарани кесиб ўтиш назарда тутилмаган жойлар, яъни расмий ўтказиш масканларидан бошқа ерлар орқали мамлакатга киритмаслик учун куч ишлатишга рухсат берган. Чегарачилар бундай ҳолларда одамларни расмий ўтказиш масканларига йўналтириши керак.

Мазкур қарор Яқин Шарқ ҳамда Осиё мамлакатлари, хусусан Ироқдан келган муҳожирлар оқимининг Беларусь орқали Литва ҳудудига ёпирилиши манзарасида қабул қилинган.

Ҳужжатга кўра, чегара чизиғини тақиқланган жойлардан кесиб ўтишга қасддан уринганлар жиноий хатти-ҳаракатларни содир этаётган шахслар ўлароқ кўрилади.

Вазир ўринбосарига кўра, аввалига одамлар адашган бўлишлари мумкинлиги ва бошқа мамлакат ҳудудига ўтаётганлари ҳақида огоҳлантирилади, бироқ чегарани кесиб ўтишга ҳаракат давом этган тақдирда чегарачилар куч ишлатишга ҳақли.

Шу билан бирга, Литва ҳукумати ноқонуний мигрантларнинг бошпана сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқини шубҳа остига қўймаслигини урғуламоқда.

Йил бошидан бери Литвага Беларусь орқали — одатда, чегара постларини четлаб ўтган ҳолда 4 минг нафарга яқин мигрант келган. Бу рекорд миқдор ҳисобланади. Мигрантлар оқими сўнгги ҳафталарда кескин ўсган, баъзи кечалари Литва чегарачилари 100 дан зиёд одамни қўлга олмоқда.

Литва ЕИга аъзо давлат бўлиб, мигрантлар у ерда бошпана олишга умид қилишади, чунки бу уларга Евроиттифоқ ҳудудида эркин яшаш имконини бериши мумкин.

Литва ҳукумати расмий Минскни мамлакат Александр Лукашенко режимига нисбатан кескин позицияни сақлагани учун ўч олиш мақсадида миграция оқимини рағбатлантираётганликда айблаб келади.

Беларуслик журналист Лукашенкони “ҳақорат қилганлик” иддаоси билан 18 ойга қамалди

Беларуслик журналист Сергей Гордиевич

Беларуслик журналист Сергей Гордиевич мамлакатнинг авторитар раҳбари Александр Лукашенкони ҳақорат қилганлик ва милициянинг икки ходимига туҳмат қилганликда айбланиб, 18 ойга озодликдан маҳрум этилди.

50 ёшли журналист устидан чиқарилган ҳукм кузатувчилар томонидан Беларусь расмийларининг мустақил оммавий ахборот воситалари, ҳуқуқбонлар ва фаолларга нисбатан репрессив хатти-ҳаракатларининг бир қисми ўлароқ баҳоланмоқда.

Беларусь журналистлар ассоциацияси 2 август куни Минскдан 300 километр узоқликда жойлашган Дрогичин шаҳридан бўлган Гордиевичга суд тақрибан 1600 АҚШ доллари миқдорида жарима ҳам солганини билдирган.

“Первий регион” нашрида ишлаган Сергей Гордиевичга қарши айблов Telegram мессенжеридаги чатда ёзилган ва ўтган йили ўчириб юборилган ёзувларга асосланган ҳолда белгиланган. Журналист мазкур айбловларни рад этган.

“Вясна” ҳуқуқбонлик маркази маълумотига кўра, июль ойида Беларусь милицияси фаоллар ва журналистларнинг уйлари ва офисларида 200 дан зиёд тинтув ўтказган. Мамлакатда маҳкамани кутаётган ва устидан ҳукм ўқилган ўнлаб журналист ҳибсхоналарда қолмоқда.

Москва метросидаги пранкда иштирок этган тожикистонлик блогер 2 йилу 4 ойга қамалди

Суд залига олиб кирилаётган блогер Кароматулло Жабборов (ўртада), Москва, 2021 йил 2 августи

Москванинг Пресненск тумани суди 2020 йилда Москва метросида ўзини коронавирус юқтирган бемор қилиб кўрсатган тожикистонлик блогер Кароматулло Жабборовни икки йилу тўрт ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилган. Бу ҳақда ТАСС агентлиги судланувчининг адвокатидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Суд Жабборовни бир гуруҳ шахслар билан, олдиндан тил бириктирган ҳолда безорилик қилганликда (РФ ЖКнинг 213-моддаси 2-қисми) айбдор, деб топган.

Жиноят ишининг қолган икки фигуранти — Станислав Мелихов ҳамда Артур Исаченко икки йилга шартли қамоқ жазоси олиб, ҳар бирига уч йилдан синов муддати тайинланган.

Прокуратура Жабборовни тўрт йил, унинг шерикларини эса уч йилданга озодликдан маҳрум қилишни сўраган.

Улар 2 февраль куни Москва метросида, ўнлаб йўловчи кўз ўнгида коронавирус “хуружи”ни ижро этишган: пранк иштирокчиларидан юзига тиббий ниқоб таққан бири ерга йиқилиб, титроққа тушган, қолганлари эса ёлғондакам ваҳима кўтарганлар.

Йўловчилар вагондан чиқиб қочишгани акс этган пранк видеоси интернетда ёйинланган. Кейинроқ Жабборов бир ойга ҳибсга олиб, устидан безорилик бўйича жиноят иши қўзғатилган. Шериклари эса шаҳардан чиқиб кетмаслик ҳақида тилхат олингач, қўйиб юборилган.

Айбланувчиларнинг адвокатлари йигитлар видеони интернетга “коронавирусдан ҳимояланишнинг муҳимлигини кўрсатиб бериш мақсадида” чиқаришганини иддао қилиб, ўзини касалга солганлик учун қамаш мумкин эмаслигини айтишмоқда.

Қозоғистонлик яна уч киши Pegasus жосуслик дастури орқали кузатилган бўлиши мумкин

Pegasus жосуслик дастури ёрдамида кузатилгани тахмин этилаётган Сауат Минбоев

Исроилда ишлаб чиқарилган Pegasus жосуслик дастури ёрдамида ташкил қилинган киберкузатувнинг эҳтимолий нишонлари рўйхатида қозоғистонлик яна уч кишининг фамилияси пайдо бўлди.

Улар давлатнинг собиқ ёки амалдаги юқори лавозимли мулозимларидир. Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ этиш маркази (OCCRP) сайтидаги маълумотга кўра, киберҳужумларга:

– Парламентнинг собиқ аъзоси, Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси ва ФВВнинг собиқ раҳбари Владимир Божко;

– “Қозоғистон темир йўли” миллий темир йўл ширкатининг собиқ раҳбари, илгари президент маъмуриятида бошлиқ, ҳукуматда бош вазир ўринбосари, қишлоқ хўжалиги вазири, энергетика вазири, саноат ва савдо вазири лавозимларида ишлаган Сауат Минбоев;

– Ҳозирда Хавфсизлик кенгаши котиби бўлиб ишлаётган, илгари президент маъмуриятига раҳбарлик қилган, бош вазир ўринбосари, пойтахт ҳокими, саноат ва янги технологиялар вазири лавозимларида ишлаган Асет Исекешевлар ҳам нишон бўлган бўлиши мумкин.

OCCRP маълумотига кўра, бу одамларнинг телефонларига кузатув дастури 2018 йилда ўрнатилган. Ўша пайтда Божко парламент қуйи палатаси спикери ўринбосари эди. Асет Исекешев 2018 йил сентябрда пойтахт ҳокимлигидан олиниб, президент маъмуриятига бошлиқ этиб тайинланган.

OCCRP 2018 йили улкан активларга эга “Meridian Capital” хусусий ширкати ортида турган “сирли миллиардер” ўлароқ таърифлаган Сауат Минбоев ўша йили “Қозоғистон темир йўли”га раҳбар бўлгани ҳақида ёзган.

Аввалроқ OCCRP Pegasus дастури ёрдамида кузатилгани тахмин қилинаётган қозоғистонликлар номларини очиқлаган эди. Рўйхатда мухолифатчи Мухтор Аблязов, қозоқ олигархи Бўлат Утемуродов, Назарбоевнинг ўртанча куёви Тимур Қулибоевнинг жияни Алибек Қулибоев, шунингдек мамлакатнинг биринчи шахслари — президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳамда бош вазир Асқар Маминларнинг исмлари қайд этилган.

Россия театрларининг Путин қарашларига нақадар хайрихоҳлиги текширувдан ўтказилади

Акстриса Лия Ахежакова "Современник" театрининг "Биринчи нон" спектаклида

Россия Маданият вазирлиги қошидаги Жамоатчилик кенгаши Россия театрларида уларнинг Владимир Путин имзолаган “миллий хавфсизлик стратегияси”га мувофиқлиги юзасидан текширув ўтказади.

Кенгаш раиси Михаил Лермонтовга кўра, гап аввало маънавий-ахлоқий қадриятлар ҳақида бормоқда. У текширув натижалари қаерга жўнатилишига ва оқибатлари қанақа бўлишига аниқлик киритмаган, мулозим Маданият вазирлиги қошидаги кенгаш “жамоат назоратчиси” вазифасини зиммасига олиши кераклигини айтган, холос.

Аввалроқ Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Москвадаги “Современник” (“Замондош”) театрининг “Биринчи нон” спектаклини унда ветеранлар шаънига ҳақорат бор ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида текширган эди.

Қўмита расмий баёнотига кўра, текширувга “жамоатчилик вакилларининг мурожаатлари ва ОАВдаги чиқишлар” сабаб бўлган, “жамоатчилик норозилиги эса спектакллардан бирида актёрлар нафақат сўкиш сўзларни ишлатгани, балки Улуғ Ватан уруши ветеранларини ҳақорат қилгани важидан келиб чиққан”.

Бунга қадар “Россия офицерлари” ташкилоти Бош прокуратурадан спектаклни текширишни талаб қилган, кремлпараст SERB ҳаракати эса “Биринчи нон” спектакли намойишини тўхтатишга уринган.

Анталияда туристларни олиб кетаётган автобус ағдарилиши натижасида уч киши нобуд бўлди

Анталия курортлари россиялик туристлар энг кўп борадиган дам олиш жойларидан бири бўлиб ҳисобланади

Туркиянинг Анталия вилоятида россиялик сайёҳларни олиб кетаётган автобус йўл-транспорт ҳодисасига учрагани оқибатида 3 киши ҳалок бўлган. “РИА Новости” агентлиги хабарига кўра, автобусдаги йўловчилардан яна 5 нафари оғир жароҳат олган, улардан икки нафари жонлантириш бўлимида ётибди.

Қайд этилишича, Анталия аэропортига кетаётган автобус 2 август куни маҳаллий вақт билан соат 18 лар атрофида Манавгат шаҳри яқинидаги автотрассада ағдарилиб кетган. Унда россиялик 22 нафар фуқаро бўлгани, улардан 9 нафари вояга етмаган болалар экани айтилмоқда. Туристлар Анталиядан Россиянинг Самара шаҳрига учиб кетиш учун аэропортга кетаётган эдилар.

Йўл полициясининг дастлабки тахминларига кўра, ҳайдовчи автобусни бошқаролмай қолиб, қарши йўлга чиқиб, ағдарилиб кетган.

Турк матбуоти автоавария чоғида жами 16 киши жабрланганини ёзмоқда. Жароҳати оғир бўлганлар яқин атрофдаги касалхоналарга етказилган. Автобус ҳайдовчисининг ўзи ҳам ҳушсиз аҳволда касалхонага йўллангани билдирилган.

ЕИ Лукашенко режимининг спортчи Тимановская қарши хатти-ҳаракатларини танқид қилди

ЕИнинг ташқи сиёсат бўйича вакили Жозеп Боррель

Европа Иттифоқи Беларусь расмийларининг спортчи Кристина Тимановскаяни Токиодан Минскка мажбуран қайтаришга уринганини кескин танқид қилиб чиқди. Айни пайтда Брюссель Польшанинг 24 ёшли беларуслик спортчи аёлга гуманитар виза тақдим этиш қарорини олқишлади.

ЕИ баёнотида қайд этилишича, Тимановскаяни мажбуран Минскка қайтаришга қилинган ҳаракат Лукашенко режими репрессив чораларининг шафқатсиз эканига яна бир мисолдир. Минск атлетларга қарши ҳам қатағон сиёсатини қўллаш ва бу билан Олимпия ўйинлари чоғида душманона хатти-ҳаракатларни тўхтатиш каби қадим қоидани бузиш мумкин, деб ҳисоблайди. Бу баёнот ЕИнинг ташқи сиёсат бўйича вакили Жозеп Боррель тилидан янграган.

2 август куни Кристина Тимановская Польшанинг Токиодаги элчихонаси биноси олдида кўриниш берган. Шу куннинг ўзида Польша ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Павел Яблонский Токиода ўз ҳукумати беларуслик спортчи аёлга зарур бўлган барча ёрдам беришини тасдиқлаган.

Вашингтон яна 24 нафар россиялик дипломатга АҚШни тарк этиш тўғрисида талабнома топширди

АҚШ ҳукумати Россияга 3 сентябргача Қўшма Штатлардан чиқиб кетиши лозим бўлган 24 нафар элчихона ходими рўйхатини топширди. Бу ҳақда The National Interest журналига интервюси чоғида Россиянинг Вашингтондаги элчиси Анатолий Антонов маълум қилган.

Унинг айтишича, кетаётган дипломатларнинг аксарияти ўрнига бошқа ходим олинмайди, чунки АҚШ виза бериш тартибини кучайтирган. Қолаверса, ўтган йили декабрь ойида Давлат департаменти Россия ТИВ ходимларининг АҚШда хизмат сафарида бўлиш муддатига уч йиллик лимит белгилаган эди, дея қайд этган Антонов.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс Россия элчисининг сўзларини “бир оз чалкаш” деб атаб, РФ ўзининг Вашингтондаги элчихонаси ходимлари визаларининг амал қилиши тўхтатилиши ҳақида огоҳлантирилгани ва ушбу ходимлар ўз визалари муддатини узайтириш бўйича сўров беришлари мумкинлигини урғулаган.

Давлат департаменти вакили Россия АҚШни РФдаги Америка дипломатик ваколатхоналарига Россия фуқароларини ишга ёллашдан воз кечишга мажбур қилганини эслатган, бу эса, Прайс сўзларига кўра, Россиядаги Америка дипмиссияси фаолиятига, жумладан унинг Россия ҳукумати билан “дипломатик иш олиб бориш” қобилиятига “салбий таъсир этган”.

Шу билан бирга Нед Прайс Россия элчихонаси ходимларининг визалари муддати чекланиши Россиядаги Америка дипломатик миссиясига нисбатан жорий этилган чеклов чоралари билан боғлиқ эмаслигини қўшимча қилган.

Май ойида Россия ҳукумати АҚШни “душман мамлакатлар” рўйхатига тиркаб, унинг дипломатик миссияларига россияликларни ишга қабул қилишни тақиқлаган эди. Ўшанда АҚШ техник ва маъмурий лавозимларда, шунингдек маслаҳатчи ва юрист бўлиб ишлаётган 182 ходимни бўшатишига тўғри келган.

2021 йил апрелида янги санкциялар манзарасида Россия ва АҚШ бир-бирининг ўн нафардан дипломатини бадарға қилган. 1 августдан бошлаб, ходимлар етишмаслиги сабабли АҚШ Россияда консуллик хизматлари кўрсатишни тўхтатган.

2017 йилга қадар Американинг Россиядаги дипломатик ваколатхоналарида минг нафардан зиёд россиялик ишлаган, бироқ Россия ТИВ АҚШ санкцияларига жавобан улар сонини 450 нафарга қисқартирган.

АҚШ: Республикачилар COVID-19 Хитой лабораториясидан тарқалганини айтишмоқда

COVID-19 генетик жиҳатдан модификацияланган вирус Хитойнинг Ухань шаҳридаги лабораториядан сизиб чиқиши натижасида тарқалган — АҚШ Вакиллар палатасидаги республикачилар суриштирувидан шундай хулоса чиқади, деб ёзган The Hill нашри.

Ҳисобот муаллифи конгрессмен Майкл Макколга кўра, лаборатория профилактик чораларни ўрганиш мақсадида вирус мутациялари устида тадқиқотлар ўтказган. Аммо изланишлар хавфсиз бўлмаган шарт-шароитда олиб борилган, деб ҳисоблайди конгрессмен.

Суриштирувда айтилишича, коронавирус одамга биринчи марта юқиши 2019 йилнинг ноябрь ойида эмас, сентябрь ойида қайд этилган.

Маккол Ухандаги вирусология институтига ва, ўз иддаосича, пандемияга қарши курашга халал берган Хитой компартияси вакилларига нисбатан санкциялар жорий этишга чақирган.

Май ойида АҚШ президенти Жо Байден COVID-19 вирусининг келиб чиқиши ҳақида маълумот сўраб разведка идораларига мурожаат қилган эди. Байден Хитой лабораториясининг вирус пайдо бўлишидаги роли хусусида маълумот олиш учун уч ой муҳлат берган.

2021 йил бошида Уханга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари борган. Улар суриштирув ўтказиб, COVID-19 пайдо бўлишига доир ҳақиқатга энг яқин тахмин бу унинг одамга ҳайвондан ўтганидир, дея хулоса қилган.

Пекин коронавирус ҳақидаги маълумотларни яширганлик айбловини ҳамда унинг лабораторияда яратилганини рад этиб, ЖССТнинг қўшимча суриштирувида иштирок этишдан бош тортган.

Коронавирус пандемияси бошланганидан бери ушбу вирус билан қарийб 200 миллион одамга юққан, ўтган давр мобанида шундан беш миллионга яқин бемор вафот этган.

Арманистон: Никол Пашинян бош вазир лавозимига тайинланди

Никол Пашинян

Арманистон президенти Никол Пашинянни бош вазир этиб тайинлашга оид фармонни имзолади. Уни бу лавозимга янги парламентнинг илк иш кунида иқтидордаги “Фуқаро шартномаси” партияси кўрсатган.

Пашинян ихтиёрида янги ҳукуматни шакллантириш учун 15 кун бор. Ҳукумат аъзолигига даъвогарларни депутатлар тасдиқлаши лозим. Маҳаллий нашрлар янги парламентдаги ўринларнинг учдан икки қисмини Пашинян тарафдорлари эгаллагани учун у ҳукуматни шакллантиришда ҳеч бир қийинчиликка дуч келмаслигини тахмин қилмоқдалар.

Мухолифат вакиллари парламентнинг илк мажлисига ваколатларини суиистеъмол қилганлик айблови билан ҳибсга олинган мухолифатчилар суратлари акс этмиш ва “сиёсий маҳбуслар” деб ёзилган майкаларда келганлар. Мухолифатчилар улар сиёсий сабабга кўра таъқиб этиляпти, деб ҳисоблайдилар.

Арманистонда навбатдан ташқари парламент сайлови шу йил июнида ўтказилган. Мазкур сайлов ўтказилишига Озарбайжон билан Тоғли Қорабоғ масаласи бўйича тинчлик шартномаси имзолангани ортидан Арманистонда юзага сиёсий инқироз сабаб бўлган. Икки давлат ўртасида ўтган йил ноябрида сулҳ шартномаси тузилганидан кейин Арманистонда бош вазирга қарши оммавий норозилик намойишлари бошланиб кетган. Пашиняннинг тарафдорлари Тоғли Қорабоғдаги мағлубиятга мамлакатнинг аввалги раҳбарлари, жумладан собиқ президентлар Роберт Кочарян ва Серж Саргсян ҳам жавобгар эканини иддао қилиб келадилар.

Украинада яшаётган ингушетиялик фаол БМТ комиссари ҳимоясига олинди

Илёс Белхароев

Украинада яшаб келаётган асли ингушетиялик фаол Илёс Белхароевни БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси ваколатхонаси ўз ҳимоясига олди. Россия Белхароевни қайтаришни талаб қилиб келмоқда. Ватанида у Ингушетия Экстремизмга қарши кураш маркази бошлиғини ўлимига алоқадорликда айбланган.

Белхароев миграция хизматидан ҳимоя сўраб мурожаат қилгани тўғрисида маълумотнома олган, унинг экстрадиция иши тўхтатилган. БМТ олий комиссари маҳкамаси Белхароевнинг сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинаётганини тан олди, дея хабар қилган “Кавказ.Реалии”.

Уч ой ичида Украина миграция хизмати унга қочқин мақомини бериш ёки қочқин мақомини беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиши керак.

Белхароев май ойида Интерпол сўровига асосан қўлга олинган. Терговчилар тахминича, у 2019 йилда шериклари билан бирга “Батал ҳожи издошлари” диний гуруҳининг жанговар қаноти етакчисига тўппонча ва ўқлар бергани, Ингушетия ИИВнинг Экстремизмга қарши кураш маркази бошлиғи Иброҳим Элжаркиев ва унинг укаси шу қуролдан отиб ўлдирилгани айтилмоқда.

Белхароевга қарши айблов унга нотаниш одамнинг кўрсатмасига асосланган бўлиб, ушбу гувоҳ қурол етказиб берилгани ҳақида бошқалардан эшитганини иддао қилган, дейди адвокат.

Элжаркиев иши бўйича 11 киши (айримлари — сиртдан) қўлга олинган. Январь ойида гумонланувчилардан бири ўз адвокатига ҳибсда уни қийноққа солишганини билдирган.

Илёс Белхароев “Кавказ.Реалии” билан суҳбатда ватанида ўз қариндошлари бўлмиш ингуш мухолифатчилари мунтазам таъқиб қилинаётганини айтган. Фаолнинг айтишича, 2013 йилда федерал ҳукуматнинг республика раҳбари лавозимига сайловни бекор қилиш ташаббусига қарши чиқишгани, Ингушетия ва Чеченистон ўртасида чегара белгиланганидан сўнг норозилик чиқишлари ташкил қилишгани учун ҳукумат улардан шу тариқа ўч олмоқда.

Италияда ҳакерлар COVID-19 қарши эмлов тизимига ҳужум қилишди

Италиядаги эмлов марказларидан бири

Италияда ҳакерлар Лацио вилоятидаги коронавирусга қарши эмлашни назорат қилувчи ширкатнинг маълумотлар базасига ҳужум қилишди.

Жиноятчилар соғлиқни сақлаш портали тизимини ўчириб қўйишган. Расмийлар аҳолини вилоятда эмлаш дастури ижроси кечиктирилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган, дея хабар қилди Reuters.

Маълумотлар базасига ким ҳужум қилганига аниқлик киритилган эмас. Полиция суриштирув олиб бормоқда.

Август ойида Италияда COVID-19 га қарши эмланганлар учун турли тадбирларга, ресторан ва қаҳвахоналарга бориш, учоқлар ва олисга қатновчи поездлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи махсус рухсатномалар жорий этилиши керак эди. Коронавирусга тест топшириб, салбий натижа қайд этганларга ҳам рухсатнома берилади, аммо бу ҳужжат атиги икки кун амал қилади.

Италия ОАВга кўра, ҳукумат эмланмаган ходимларни ишдан четлатишни пандемияга қарши кураш воситаси ўлароқ кўрмоқда. Мазкур тартиб тиббиёт соҳасига аллақачон татбиқ этилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Италияда мамлакат аҳолисининг 50 фоиздан ортиғи тўлиқ эмланган.

Ватанига қайтишни истамаган беларуслик спортчи қиз Токиода “хавфсиз жой”га етказилди

Беларуслик спортчи Кристина Тимановская Токио аэропортида, 2021 йил 1 августи

Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) ва Токио Олимпиадаси ташкилий қўмитаси беларуслик енгил атлетикачи Ксритина Тимановская билан тўғридан-тўғри мулоқот қилди. Бу ҳақда ХОҚ матбуот хизматига таянган ҳолда ТАСС хабар қилган.

Аввалроқ Япониянинг Sports Hochi нашри Тимановская хавфсиз жойга жойлаштирилганини маълум қилган эди. Тимановская ватанига қайтишни хоҳламаслигини эълон қилганидан сўнг ХОҚ вакиллари кейинги қадамлар хусусида у билан музокара олиб бормоқда.

ХОҚ 2 августга ўтар кечаси эълон қилган баёнотга кўра, қўмита аъзолари ва япон расмий шахслари Тимановская билан юзма-юз сўзлашишган. ХОҚ вакили Марк Адамс спортчи қизи тунни аэропортдаги меҳмонхонада япон ҳукумати ҳимояси остида кечирганини айтган.

Бу орада қўшни Польша ва Чехия Тимановскаяга ўз ёрдамини таклиф этмоқда. Польша ТИВ раҳбари Марцин Пшидач “Twitter”даги саҳифасида мамлакат спортчига гуманитар виза беришга тайёрлигини ва у ўз фаолиятини Польшада давом эттириши мумкинлигини билдирган.

Бир неча соатдан сўнг Тимановская Японияда у “хавфсизликда” ва полиция ҳимояси остида эканини маълум қилган.

Беларусь спортчилари бирдамлиги фондига (BSSF) кўра, Тимановскаяни Беларусь олимпия терма жамоаси енгил атлетикачиларининг мураббийлар штабини танқид қилгани учун Токиодан куч билан олиб кетмоқчи бўлишган.

Тимановская 2 август куни 200 метрга югуриш мусобақаларида иштирок этиш керак эди. 1 август куни унинг хонасига терма жамоа ходимлари келишиб, ашёлари билан бирга, куч ишлатган ҳолда аэропортга олиб кетишган. Аэропортда қиз полицияга мурожаат қилган. Беларусь Олимпия қўмитаси Тимановскаяни депортация қилиш қарори унинг руҳий-психологик аҳволи билан боғлиқлигини иддао қилмоқда.

Pfizer ва Moderna ЕИ учун коронавирусга қарши ўз вакциналари нархини оширди

Moderna ва Pfizer фармацевтика ширкатлари коронавирусга қарши ўз вакциналари нархи оширилганини эълон қилдилар. Бу ҳақда Financial Times нашри вакцина етказиб беришга оид шартномаларда акс этган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Ҳар иккала ширкат вакциналари ўз самарадорлигини кўрсатгани қайд этилган хабарда Pfizer препарати нархи 25 фоизга ошгани айтилган. Эндиликда бу ширкат вакцинасининг битта дозаси нархи Европа бозорида 19,5 еврони ташкил этади (аввалги нархи 15,5 евро эди.)

Moderna ширкати эса нархни 10 фоизга оширган. Сўнгги шартномаларда Moderna вакцинаси нархи 25,5 АҚШ доллари ўлароқ кўрсатилган. Financial Times маълумотига кўра, аввал бу вакцинанинг бир дозаси 22,6 доллардан сотилган.

Pfizer ва Moderna вакциналари синовининг учинчи босқичи бу препаратларнинг AstraZeneca ва Johnson & Johnson ширкатлари вакциналаридан самаралироқ эканини кўрсатган.

Европа комиссияси ва ЕИ мамлакатлари ҳукуматлари Европадаги вакцина ишлаб чиқарилувчи заводлардан препарат етказиб берилишини таъминлаш учун кўпроқ пул тўлашга рози бўлган.

Moderna ширкати ўз препаратлари бундан буён қимматроқ нархда сотилишини тасдиқлаган. Бироқ Pfizer ширкати вакили ЕИ учун вакцина нархи оширилган-оширилмагани юзасидан изоҳ беришдан бош тортган.

Россияда қарз туфайли мамлакатдан чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этилганлар сони 7 миллиондан ошди

Россияда қарзи борлиги туфайли мамлакатдан чиқиш ҳуқуқи чекланган фуқаролар сони 7 миллион 200 минг кишига етди. Бу ҳақда “РИА Новости” агентлиги Профессионал коллекторлик агентликлари миллий ассоциацияси маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Суд приставлари федерал хизмати маълумотига кўра, қарздорлиги туфайли Россиядан чиқа олмайдиганлар сони ўтган йил охирида 4 миллиондан сал кўпроқ эди.

Россияда қарздорларни жазолаш мақсадида уларнинг хорижга чиқиш ҳуқуқини чеклаш амалиёти 2005 йилдан жорий этилганди. Ҳозирда суд приставлари 30 минг рублдан кўпроқ қарзи бор ва қарзини тўлаш муддати 90 кундан ошган фуқароларга мамлакатни тарк этишни вақтинча тақиқлаб қўйиши мумкин. Алиментдан қарзи бор шахсларга эса қарз миқдори 10 минг рубль қилиб белгиланган.

Шу йил июль ойи охирида Россия ҳукумати қошидаги комиссия суд приставларига қарздорларнинг хорижга чиқиш паспортини олиб қўйиш ҳуқуқини берувчи қонун лойиҳасини маъқуллаган.

Саккиз нафар спортчи Токио Олимпиадаси аккредитациясидан маҳрум этилди

Дзюдочи Важа Маргвелашвили аккредитациядан маҳрум этилганлардан бири

Токио Олимпиадаси ташкилий қўмитаси саккиз спортчининг аккредитациясини бекор қилди.

Жумладан, грузиялик иккита дзюдочи Важа Маргвелашвили ва Лаша Шавдатуашвили Олимпия шаҳарчасини тарк этишгани учун бундай жаримага тортилди. Токио-2020 ташқилий қўмитаси қоидасига кўра, коронавирус пандемияси олдини олиш мақсадида Олимпиада иштирокчиларига шаҳарчани тарк этиш тақиқланган.

Иккала грузин спортчиси ҳам Токиода ўз тоифаларида кумуш медални қўлга киритган ва ўз чиқишларини якунлаган. Грузия терма жамоасининг хабар беришича, спортчилар мусобақадан кейин Япония пойтахтининг диққатга сазовор жойларини кўришни хоҳлаган ва уйга жўнаб кетишидан бир неча кун олдин сайрга чиқишган.

Бундан ташқари, ташкилотчилар исми ошкор қилинмаган терма жамоа спортчиларига нисбатан яна бир ишни тергов қилмоқда. Улар паркда спиртли ичимлик ичишган, бу ҳам қоидалар билан тақиқланган.

Охирги кунларда Токио Олимпия ўйинларида хизмат кўрсатаётган ходимларда коронавирус инфекциясининг яна ўнлаб янги ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда мусобақа ташкилотчилари 31 июль куни эълон қилишганди.

Токио Олимпиадасида касалланганларнинг умумий сони 246га етди.

Бир кун олдин, Токионинг ўзида биринчи марта тўрт мингдан ортиқ янги коронавирус ҳолати қайд этилган. Бу пандемия давридаги энг юқори кўрсаткич. Мамлакат ҳукумати вазиятнинг ёмонлашуви Олимпиада билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтиб келмоқда.

АҚШ Адлия вазирлиги: Россиялик хакерлар 2020 йилнинг майида прокурорлар почтасини бузиб кирган

Ўтган йилнинг охирида АҚШнинг SolarWinds компанияси дастурий таъминотини бузган россиялик хакерлар ўша йилнинг май ойида АҚШ федерал прокурорларининг электрон почталарини бузишган. Шанба куни бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги маълум қилди.

Associated Press нашри таъкидлашича, хакерлар Нью-Йоркдаги тўртта прокуратура идоралари ходимлари томонидан ишлатилган Microsoft серверларидаги электрон почта ҳисоб рақамларининг 80 фоизини бузиб кирган. Жамини олганда, АҚШнинг турли штатларида 27 та прокуратура муассасаси электрон почта манзиллари хакерлар ҳужумига учраган ва синдирилган.

Қўшма Штатлар Адлия вазирлиги аниқлик киритишича, почта аккаунтларини бузиб кириш ҳолатлари 2020 йилнинг 7 майидан 27 декабригача қайд этилган.

Маълум бўлишича, ўтган йилнинг декабр ойи ўрталарида россиялик хакерлар SolarWinds дастурий таъминотини бузиш орқали ўнлаб давлат ва хусусий ташкилотлар тармоқларига кира олишган. Зарар камида тўққизта давлат идорасига етказилган.

2021 йил апрелда Президент Байден маъмурияти Кремлга қарши янги санкцияларни эълон қилганди. Хусусан, SolarWindsнинг хак қилиниши ва Россиянинг 2020 йилги АҚШ президентлик сайловларига аралашувига жавобан бир гуруҳ россиялик дипломат АҚШдан чиқариб юборилган эди.

Россия барча бу каби айбловларни рад этиб келади.

Мьянмада ўтиш даври ҳукумати тузилади

Давлат кенгаши раиси ва ҳарбий хунта раҳбари генерал Мин Аун Хлайн

Мьянмада ўтиш даври ҳукумати тузилиши эълон қилинди. Бу ҳақда мамлакат Давлат маъмурий кенгаши маълум қилди.

Ўтиш даври ҳукуматини Давлат кенгаши раиси ва ҳарбий хунта раҳбари генерал Мин Аун Хлайн бошқаради.

Ўтиш ҳукумати генерал Ву Не Виннинг муваққат ҳукумати билан ўхшашлик асосида яратилди. У 1958 йилда ҳокимиятга келган ва 1960 йилги умумий сайловларга қадар ҳукуматни бошқарган.

1 феврал куни Мьянмадаги генераллар Аун Сан Су Чжи ҳукуматини ағдаришди. Хунта раҳбарияти иддаосича, ўтган йилнинг ноябр ойида бўлиб ўтган сайловларда “Демократия учун Миллий Лига” партияси фирибгарлик эвазига катта фарқ билан ғалаба қозонган.

Хавфсизлик кучлари ҳарбий тўнтаришга қарши оммавий намойишларни шафқатсизларча бостирди, юзлаб намойишчиларни ўлдирди ва кўплаб одамларни ҳибсга олди.

Жорий йилнинг июль ойи охиридаги сайлов натижалари бекор қилинди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG