Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2019, Тошкент вақти: 14:04

Трамп Бош Ассамблеядаги чиқишида БМТни ислоҳ қилишга чақирмоқчи


АҚШ президенти Дональд Трамп

АҚШ президенти Дональд Трамп 18 сентябрь куни Нью-Йоркда хориж ҳукуматлари етакчиларини БМТни ислоҳ қилишга чақиради. Душанба кунги чиқишида БМТни тез-тез танқид қилиб турувчи Трампнинг ташкилот ишини қандай қилиб яхшилаш мумкинлиги ҳақида гапириши кутилмоқда.

БМТ Бош Ассамблеясининг бу йилги саммити 18 сентябрь куни ўз ишини бошлайди. 19-25 сентябрь кунлари эса ҳар йили ўтказиладиган умумий дебатлар бўлиб ўтади.

Бу йилги саммитда БМТ бош котиби Антонио Гутерреш ҳамда 120 давлат етакчиси иштирок этади. Россия президенти Владимир Путин ва Германия канцлери Ангела Меркель бу йилги анжуманда қатнаша олмасликларни билдирган.

Мазкур Ассамблеяда Трамп, Франция раҳбари Эммануэль Макрон, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев биринчи марта чиқиш қилади.

БМТга энг катта маблағ ажратувчи АҚШнинг янги маъмурияти ташкилотни молиялаштириш кўламини озайтиришини айтиб келади. Гутерреш эса АҚШ бундай қиладиган бўлса, БМТ “ҳал қилиб бўлмайдиган муаммолар” ичида қолишини айтди.

Июнь ойида Трамп маъмурияти босими билан Бош Ассамблея ташкилотнинг тинчлик ўрнатиш учун сарфлайдиган бюджетини 600 миллион долларга озайтириш учун овоз берди. Ташкилотнинг мазкур йўналишдаги йиллик бюджети тахминан 8 миллиард доллардир.

Оқ уй матбуот котиби Сара Сандерс 15 сентябрь куни Трамп бош котиб Гутеррешнинг БМТни ислоҳот қилишга қаратилган ҳаракатларини қўллашини билдирган эди.

“Табиийки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ўз олдига қўйган мақсадларини амалга ошириш учун катта имкониятлар бор. Аммо бунинг учун у самаралироқ бошқарилиши керак”, деди жумладан Сандерс.

18 сентябрь куни Трамп Франция президент Макрон ҳамда Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан учрашади. Бундан ташқари, президентнинг Лотин Америкаси давлатлари етакчилари билан кечки овқат устида учрашаши режаланган.

Оқ уй матбуот котиби Франция ва Исроилни “АҚШнинг энг яқин ҳамкорлари” ўлароқ таърифлади.

“Трамп Макрон ва Нетаняҳу билан бир беча мавзуни муҳокама қилади. Асосий эътибор Эроннинг беқарорлаштирувчи ҳаракатлари, жумладан, Яқин Шарқ давлатлари суверенитетини бузаётганига қаратилиши кутилмоқда”, деди жумладан Сара Сандерс.

Макрон Эрон ядровий дастури бўйича 2015 йилда эришилган келишувни сақлаб қолиш тарафдори¸ Нетаняҳу эса келишув бекор қилинишини истайди.

14 сентябрь куни Трамп ўз сайлов кампаниясида таъкидлаганидек, Эрон келишув “руҳини” бузаётганини такрорлади.

Бош Ассамблея саммити бошланишидан аввал АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан учрашди. Икки дипломат Украина ҳамда Сурия масалаларини муҳокама қилган.

Учрашув ортидан Россия Ташқи ишлар вазирилиги матбуот котиби Мария Захарова Тиллерсон билан Лавров Сурия бўҳронини, шарқий Украинадаги можарани ҳамда Яқин Шарқ билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилганини айтди.

Тиллерсон учрашув ортидан журналистлар билан суҳбатлашмади.

XS
SM
MD
LG