Линклар

Шошилинч хабар
04 август 2021, Тошкент вақти: 11:52

БМТ: Қозоғистонда ОИВ “жадаллик билан” тарқалмоқда


40 йил муқаддам, 1981 йилнинг июнь ойи бошларида АҚШда инсон иммун тизимини шикастловчи янги вирус рўйхатга олинган эди. Орадан олти йил ўтиб одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) Қозоғистонга ҳам етиб келди.

1990-йилларда вирус кўпроқ инъекция йўли билан, яъни асосан гиёҳвандлар орасида тарқалган бўлса, сўнгги ўн йилликда у жинсий алоқа орқали ёйилмоқда.

БМТ Марказий Осиё ва Шарқий Европада ОИВ “жадаллик билан” тарқалаётганини қайд этган. Бугунги кунда вирусни юқтирганлар сони 80 миллион кишини ташкил қилади, шундан 35 миллион нафари вафот этган.

ИНИО орасидаги аутрич. Кўпчилик учун бу шунчаки, тушунарсиз сўзлар йиғиндисидир. Қарағандалик 43 ёшли Светлана учун эса бу сўнгги 5 йил давомида шуғулланиб келаётган ишини англатади. Светлана инъекцион наркотиклар истеъмол қилувчи одамлар (ИНИО) билан алоқа ўрнатади, улар йиғиладиган ва истиқомат қиладиган жойларга боради.

Светлана ва унинг ҳамасблари бўлмиш аутрич-хизматчиларнинг вазифаси гиёҳвандларга ОИВ юқтириш хавфини қандай қилиб камайтириш, уларга маслаҳатлар бериш, тиббий йўл-йўриқ кўрсатишдан иборат. Аёл бундай одамларнинг эҳтиёжларини жуда яхши билади – ўзи ҳам кўп йиллар “игнага ўтирган”.

“Таниш-билишлар қолган, уларнинг тилини тушунаман. Асосан “гапни оғиздан оғизга етказиш” принципи бўйича ишлаймиз: бири билан сўзлашамиз, у эса шеригини тортади. Баъзан уларни қизиқтирадиган бирор нарса ўйлаб топиб, чақириб оламиз ва анализ топширтирамиз, соғлиқларини текширамиз. Чунки бунақа одамлар соғлиғини қадрламайди. Лекин иккинчи сафардан бошлаб жон деб келади. Биринчи галда уларнинг мақомини аниқлашимиз лозим, чунки улар ОИВ билан касалланган‑у, ўзлари бехабар бўлиши мумкин, бу эса катта таваккалчилик. Ўзимиз олиб келиб текширмасак, ОИВ ютқирганини улар кейинчалик ё касалхонада ё қамоқда билади. Шу боис бизнинг ишимиз озодликда юрганларни аниқлаш ва уларга ҳолатини билдиришга қаратилган. Уларга презерватив ва бир марталик игналардан фойдаланиш кераклигини, игна билан уриш учун эритмани алоҳида идиш-товоқда тайёрлаш лозимлигини, умумий игна ва идишлар жуда хавфлилигини тушунтирамиз”, дейди Светлана.

Инфекция хавфига енгил-елпи қараб бўлмайди. Бунга Светлана ўз тажрибасида ишонч ҳосил қилган. У ўз ташхисини етти йил муқаддам, сил бўлиб касалхонага тушганида билиб олганди. Шифохонада таҳлилга қон топширганди, кўп ўтмай ОИТС (СПИД) маркази ходими келиб “Сизда ОИВ бор”, деб айтади. Светлана ўшанда карахт бўлиб қолганини эслайди. Ўз ҳолатини қабул қилиш осон кечмаганди унда.

“Ўшангача ҳар олти ойда қон топшириб турардим, чунки эримнинг ОИВ мақоми мусбат эди. Лекин менинг натижаларим ҳамиша манфий чиқарди. Беш-олти йил бирга яшаган бўлсак, ҳамиша манфий мақомда бўлганман. Шу боис, ҳеч қанақа муолажа буюришмас, фақат эҳтиёт чораларини кўришимни тавсия қилишарди. Аммо барибир юқтирдим, катта эҳтимол билан, эримга қўшилиб “игнага ўтирганим” туфайли. Соғлиғимга катта путур етаётганини ҳис қилардим. Устига-устак, бир йилдан зиёд силнинг очиқ тури билан оғригандим. Менда ОИВ борлиги аниқлангач, атиги 34 та СD-ҳужайрам қолганини айтишди. Бу жуда кам, ҳалокатли даражада кам. Иммунитетим аллақачон йўқ эди, бунча миқдордаги ҳужайралар билан, агар тезда даволанишни бошламаса, одам ўлиб кетади ёки ОИТСга чалинади. Соғлом инсонда бунақа ҳужайралар сони мингга яқин бўлади. Ўшанда ретровирусларга қарши муолажа ола бошладим, шу туфайли соғлиғим анча яхшиланди”, дея ҳикоясини давом эттиради Светлана.

Унинг омади бор экан: қариндошлари юз ўгиришмади, қайтага, тиргак бўлишди. Светлана касалини ҳар кимга айтавермайди, бундан бир нечта яқинлари ва қизи, шунингдек, бошлиғигина хабардор.

“Игна уриш”ни бас қилгач, аёл метадон қабул қилишга ўтади – бу ўриндош терапия бўлиб, Қозоғистонда инъекцион наркотиклар истеъмолчилари орасида ОИВ тарқалишини камайтириш мақсадида жорий қилинганди. Параллел равишда ретровирусларга қарши муолажани ҳам давом эттирди – ҳар куни таблетка ютади, канда қилмайди. Буларнинг бари унга тирик қолишида, ишга жойлашишида ва ўзини рисоладагидек инсон деб ҳис қилишида ёрдам берди.

ЯНГИ ПРЕПАРАТЛАР ВА МИНТАҚАДА ОИВ ИНФЕКЦИЯСИНИНГ “ЖАДАЛ” ТАРҚАЛИШИ

40 йил муқаддам, Американинг Касалликлар назорати ва профилактикаси маркази (CDC) илк бор инсонда оғир иммунитет танқислигига олиб келувчи вирус ҳақида хабар берган, дунё “20 аср вабоси”нинг дарди бедаволигидан даҳшатга тушган бўлса, сўнгги ўн йилликда ОИВга муносабат сезиларли даражада ўзгарган. Эпидемия бошланган пайтларда вирус қўзғатадиган хасталик ўлимга элтади, деб тахмин қилинарди, ҳозирда эса замонавий препаратлар ёрдами билан вируснинг организмга зарарини сезиларли даражада камайтириб, шу орқали ҳатто касалланиш хавфини нолгача тушириш мумкин.

“Эпидемия ибтидосида бу касалликни даволаб бўлмайди, деб ҳисоблашган. Беморлар ўз ОИВ мақомларини тан олмас, диспансер назорати ва муолажадан бош тортарди. ОИВ-мақомга эга шахсларни камситиш, жамиятдан четлатиш касаллик профилактикаси ва муолажаси йўлидаги энг катта тўсиқлар эди. Сўнгги 30 йил ичида вазият тубдан ўзгарди. Турли тадқиқотлар олиб борилди, ОИВ геноми ўрганилди, ОИВ инфекцияси диагностикаси, профилактикаси ва муолажасига оид халқаро тавсиялар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди”, дейди эксперт, Қозоғистон дерматология ва юқумли касалликлар илмий маркази директори в.б. Асилхон Абишев.

Бугунги кунда Қозоғистонда, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тавсияларига мувофиқ, ташхис қўйиш билан муолажа тайинланади, ҳолбуки илгари СD-ҳужайралар сони муайян даражага тушганидан сўнггина касалликни даволашга киришилар эди.

“Ҳозирда ОИВни юқтирган аёллар ва уларнинг фарзандларига профилактик муолажа кўрсатилади, бу келгусида соғлом болалар дунёга келишини таъминламоқда. Аҳолининг заиф гуруҳлари ўртасида профилактика чора-тадбирлари олиб бориш орқали мазкур гуруҳларда ОИВ тарқалишини камайтиришга эришдик. ЖССТ ҳам Қозоғистонни ОИВ тарқалиши даражаси паст мамлакатлар сирасига киритган”, изоҳ беради Абишев.

Бироқ сўнгги йилларда Қозоғистонда ОИВ билан боғлиқ вазият тобора хавотирли тус олмоқда. Қозоғистон дерматология ва юқумли касалликлар илмий маркази маълумотига кўра, 2020 йил декабрь ҳолатига мамлакатда 26 700 нафардан ортиқ мусбат ОИВ-мақомли одам мавжуд. Инфекциянинг тарқалиш даражаси 100 минг нафар аҳолига 143.4 кишини ташкил қилади. Бу Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткичдир (Туркманистон ЖССТ ва UNAIDSга статистик маълумотларни тақдим этмайди).

Июнь ойи бошида БМТ қуйидаги маълумотни эълон қилди: ОИТСдан вафот этиш 2010 йилдан бери 43 фоизга камайиб, ОИВ инфекциясини янгидан юқтириш ҳолларини қисқартиришда ўсишга эришилган. Ўнлаб мамлакатлар касалланишни камайтиришда катта муваффақиятга эришди. Аммо Қозоғистон мансуб Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда Шарқий Европада салбий динамика кузатилмоқда: бу давлатларда ОИВ тарқаляпти, тарқалганда ҳам “жадаллик билан”, дея қайд этган БМТ.

Сўнгги 20 йил мобайнида минтақада янги ОИВ юқтириш ҳолатлари 43 фоизга, ОИТС билан боғлиқ ўлимлар сони эса 32 фоизга ўсган. Марказий Осиё ва Шарқий Европа минтақаларида ОИВ юқтирганларнинг аксари қисмини ҳамон инъекцион наркотиклар истеъмолчилари ташкил қилади – янги ҳолатларнинг 48 фоизи айнан улар ҳиссасига тўғри келмоқда. 22 фоиз ҳолатлар – жинсдоши билан яқинлик қилган эркакларда аниқланган бўлса, 20 фоизи гетеросексуал жуфтликлар ҳамда секс хизматчиларнинг мижозларида қайд этилган. Секс хизматлари кўрсатувчиларнинг ўзи эса, БМТ статистикасига кўра, янги ОИВ юқтирганларнинг 8 фоизини ташкил этган.

АСОСИЙ ТАРҚАЛИШ ЙЎЛЛАРИ: ОИВ ЖИНСИЙ АЛОҚА ОРҚАЛИ ЮҚИШИ ЯНА КЎПАЙГАН

Қозоғистонда биринчи ОИВ юқтириш ҳолати СССР парчаланишидан олдин, 1987 йилда қайд этилганди. Касаллик илк бор Африка мамлакатларидан Олмаотага ўқишга келган тўрт талабада аниқланган. Кейинги саккиз йил давомида касалланиш даражаси жуда паст бўлди: 1995 йилгача Қозоғистонда атиги 30 та янги ҳолат қайд этилди, уларнинг аксариятида вирус жинсий алоқа йўли билан юққан.

1996 йилда Қарағанда вилоятининг Темиртов шаҳрида яшовчи гиёҳвандлар орасида касаллик бирдан авж олди: ўшанда 36 та янги ҳолат қайд этилган ва уларнинг барчасида вирус гуруҳ бўлиб, игна орқали танага гиёҳванд моддалар юбориш туфайли юққан эди. Ўшандан бери гиёҳвандлар орасида ОИВ юқтириш ҳоллари сони муттасил ошмоқда.

2006 йил Қозоғистон соғлиқни сақлаш тизими тарихининг қора саҳифаларидан бири бўлди – Чимкентда болаларнинг оммавий равишда ОИВ юқтиргани аниқланди.

Вирус уларга тиббиёт муассасаларида юққан бўлиб, тергов идораси бунга тиббиёт ходимларининг совуққонлиги сабаб бўлганини маълум қилган эди. Касалланган болалар сони 200 нафарни ташкил қилди.

Шу воқеа ортидан соғлиқни сақлаш вазири алмашди (бироқ ССВ раҳбарлигидан олинган иқтисодчи Ерболат Досаев давлат хизматидан қувилгани йўқ, турли йилларда катта лавозимларда ишлади, ҳатто Марказий банк раиси мартабасигача кўтарилди).

Тиббиёт ва маъмурий бошқарув ходимларидан бир нечаси суд қилиниб, шартли ва ҳақиқий қамоқ жазоларига ҳукм қилинди. Ҳозирда улар муддатини ўтаб бўлиб, озодликка чиққан.

XS
SM
MD
LG