Линклар

Шошилинч хабар
16 июл 2018, Тошкент вақти: 10:02

Жиззахда боғча болаларини урган "олий маълумотли педагог" ишдан олинди. Прокуратура текширув бошлади (ВИДЕО)


Жиззахда болаларни ураётган боғча тарбиячиси акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди

Ижтимоий тармоқларга тушган видеода боғча болаларини калтаклаётгани акс этган тарбиячи аёл ишдан бўшатилди. Бу ҳолат, Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига сафари арафасида, шаҳардаги 39-боғчада содир бўлган ва болаларни урган тарбиячининг 37 яшар олий маълумотли педагог экани аниқланган.

Боғча тарбиячисининг кичик ёшдаги боғча болаларини бир бурчакка тўплаб олиб, юз-қўлларига папка билан ураётгани акс этган видео 29 март куни ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Қатор маҳаллий нашрлар, жумладан Kun.uz нашрининг хабар қилишича, шундан сўнг Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги (МТВ) бу видео туширилган боғчани аниқлаш учун тезкор текширув ўтказган.

Аниқланишича, видео шу йилнинг 27 мартида Жиззахдаги 39-сонли "Наврўз" боғчасида олинган.

МТВ матбуот хизиматига таяниб берилган хабарга кўра, болаларни папка билан ураётган тарбиячининг шу боғчада 2007 йилдан буён ишлаётган олий маълумотли педагог, 37 яшар Моҳира Маматқулова экани аниқланган.

"Суриштирув давомида ҳодиса содир бўлган куни оилавий муаммолари сабабли кайфияти бўлмаган. Тарбиячи М.Маматқулованинг 11 йиллик иш фаолияти давомида камчиликлар кузатилмагани маълум қилинди", дея қўшимча қилади, жумладан, Gazeta.uz нашри.

Маълум қилинишича, айни пайтда бу тарбиячининг иши прокуратурага оширилган. У билан боғча маъмурияти ўртасида тузилган меҳнат шартномаси ҳам бекор қилинган. Шунингдек, МТВ боғчанинг 3 мулозимини ишдан бўшатган.

Бундан ташқари, Жиззах шаҳар мактабгача таълим бўлими бошлиғи Фахриддин Қодиров ҳам лавозимидан олинган.

Видеони эса ушбу боғчада амалиёт ўтаётган талаба суратган олган ва тармоқларда тарқатган. Айтилишича, бу талаба Жиззах давлат педагогика институти 1-босқич талабасидир.

Бу видео президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига 30-31 март кунлари қилган ташрифи арафасида тармоқларга тушди.

Хабарда айтилишича, ҳодисага кескин чора кўрган вазирлик 31 март куни вилоятдаги барча боғча раҳбарлари, Жиззах шаҳридаги барча боғчалар мудирлари ва тарбиячиларини йиғиб, махсус йиғилиш ўтказган.

Бундан бир йил аввал - 2017 йилнинг март ойида ҳам Сурхондарё вилояти Денов туманининг 10-боғчасидаги болаларнинг тарбиячилар томонидан калтакланиб, таҳқирлангани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалган, кейинчалик нафақат бу вилоят балки республика бўйлаб мактабгача таълим муассасаларида текширув бошлангани маълум бўлган эди.

XS
SM
MD
LG