Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2022, Тошкент вақти: 12:04

Халқаро хабарлар

Борис Жонсон Британия бош вазири лавозимига даъвогарлик қилмоқчи эмас

Борис Жонсон

Британиянинг собиқ бош вазири Борис Жонсон 23 октябрь оқшомида Консерваторлар партияси лидери лавозимига ўз номзодини қўймаслигини, шундан келиб чиққан ҳолда, бош вазир лавозимига қайтиш учун курашмаслигини билдирди.

Ўз баёнотида Жонсон номзодини қўйиш учун зарур бўлган 100 нафар депутатнинг овозини йиғишга муваффақ бўлгани ва ғалаба қозониш имкониятига эга эканини, бироқ бу билан партияни бирлаштиролмаслигини билгани учун лидерликка даъвогарлик қилмасликка қарор қилганини билдирган.

Шарҳловчилар эндиликда янги бош вазир лавозимини Британиянинг собиқ молия вазири Риши Сунак эгаллаши деярли аниқ бўлиб қолганини қайд этмоқдалар.

Якшанба куни Сунак Лиз Трасс истеъфосидан кейин Консерваторлар партияси лидери лавозимига ўз номзодини қўйишини расман билдирган. Партиянинг янги лидери айни пайтда янги бош вазирга ҳам айланади.

Кун янгиликлари

Украинада Россия бомбардимони ортидан электр таъминотида узилишлар бўлмоқда

“Укрэнерго”нинг билдиришича, узилишлар совуқ кучайиб бораётган бир паллага тўғри келмоқда.

Украинада Россия 5 декабрь куни қилган бомбардимон ортидан электр таъминотида узилишлар юзага келди. “Укрэнерго”нинг билдиришича, узилишлар совуқ кучайиб бораётган бир паллага тўғри келмоқда.

Россия 5 декабрь куни Украинанинг қатор ҳудудларига ракеталар билан зарба берди. Украина армияси қўмондонлигининг айтишича, Россия 70 та ракета отган, улардан 60 таси уриб туширилган.

Россия томони аввал режалаштирилган 17 та нишонни йўқ қилганини билдирди. Россия расмийларига кўра, зарбалар ҳарбий мақсадга эга бўлган ва Украина ҳарбий заҳиралари ва қуролларинин темир йўл орқали етказиб берилишинининг олдини олган.

Киев ва Ғарб давлатлари Россия зарбалари тинч аҳоли ва фуқаровий инфраструктурага қаратилганини билдирмоқда. Бироқ Россия бу айбловни инкор қилмоқда.

Швеция полицияси чечен блогер Абдураҳмонов отиб кетилганини тасдиқламади

34 ёшдаги Абдураҳмонов Чеченистонни 2015 йилда тарк этган эди.

Швеция полицияси чеченистонлик мухолифатчи блогер Тумсо Абдураҳмонов отиб кетилгани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлай олмайди, айни пайтда инкор ҳам этолмайди. Швеция полицияси “Кавказ.Реалии” таҳририятига мана шундай расмий жавоб йўллади.

“Швеция полиция бошқармаси оммавий ахборот воситаларида Швецияда яшаган одамнинг ўлдирилгани тўғрисида ёзаётганидан хабардор. Биз бу хабарларни тасдиқлай олмаймиз ва бошқа қўшимча изоҳ ҳам бера олмаймиз”, - деди полиция матбуот котиби Ирен Соколов.

Швецияда Рамзан Қодировнинг ашаддий танқидчиларидан бири бўлган чеченистонлик блогер Тумсо Абдураҳмонов 2 декабрга ўтар кечаси отиб кетилгани тўғрисида дастлаб 1ADAT телеграм-канали “Европа ва Чеченистондан бўлган манбалардан олинган маълумотларга таянган ҳолда” хабар қилган эди.

Кремль сиёсати ва Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг танқидчиси бўлган 34 ёшдаги Абдураҳмонов Чеченистонни 2015 йилда тарк этган эди.

“Кавказ.Реалии” мухбирлари Абдураҳмоновнинг ўзи ёки унинг яқинлари билан боғланишга ҳаракат қилаётгани, лекин бу иш ҳозирча натижасиз бўлаётганини билдирилди.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидан ўтиш тартиби енгиллатилади

"Дўстлик" чегара назорат ўтказиш пункти.

Қирғизистон парламентининг тармоқ қўмитаси Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидан ўтиш тартибини енгиллаштирувчи ҳужжатни маъқуллади.

Ташқи ишлар вазири ўринбосари Айбек Артиқбаевнинг маълум қилишича, мазкур ҳужжатга асосан икки давлат фуқаролари чегарадан ID-карта билан ўта олишади. Балоғатга етмаган болалар эса хорижга чиқиш паспорти билан ўтказилади. Мазкур ҳужжат қачондан бошлаб кучга кириши маълум қилинмади.

Ҳозирда Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари чегарадан фақат хорижга чиқиш паспорти билан ўта оладилар.

Ўзбекистон томони ҳозирча бу хабарга муносабат билдиргани йўқ.

Айни пайтда икки давлат ўртасида қатор чегара назорат ўтказиш пунктлари ишлаб турибди. Ўш вилоятидаги “Дўстлик” чегара бекати 2017 йилда қайта очилган. Кўп ўтмай Жалолободдаги “Маданият” ва “Баймак” постлари ҳам қайта очилган.

Кўпчилик Ўзбекистон фуқаролари авиа чипта нархлари арзонроқ бўлгани сабабли Қирғизистон орқали бошқа мамлакатларга борадилар. Айрим ўзбекистонликлар Қирғизистон ҳудудида ишлайдилар. Хорижга чиқиш паспорти билан чегарадан ўтиш баъзи ноқулайликларни келтириб чиқарар эди, жумладан, хориж паспорти муҳрлар билан тез тўлиб қолгани ортидан уни тез-тез янгилаш лозим бўлади.

Мўғулистонда кўмир ўғирланганидан норози бўлган намойишчилар ҳукумат истеъфосини талаб қилишмоқда

Мўғулистон ҳукумат саройи олдидаги норозилик акциясидан лавҳа, Улан-Батор, 2022 йил 5 декабри

Мўғулистонда норозилар Улан-Батордаги ҳукумат саройига ёриб киришга уриняпти. Улар кўмир билан боғлиқ коррупция ҳолатини тергов қилиш ва ҳукуматни истеъфога чиқаришни талаб қилишмоқда. Бу ҳақда Мўғулистон ҳукмрон партиясининг нашри бўлмиш “Монголин унэн” хабар қилди.

Улан-Батордаги намойишлар 12,9 миллиард долларлик кўмир ўғирланганига оид фактлар фош бўлиши ортидан 4 декабрь куни бошланган. Бу кўмир Хитойга етказиб бериш учун мўлжалланганди. Пойтахтдаги марказий майдонга табиий бойликлар ўғирланиши бўйича тергов ўтказилишини сўраб чиққан намойишчилар бу ишга алоқадор бўлган шахсларнинг исмини очиқлашни талаб қилишган.

Норозилардан бир қанчаси қўлларида миллий байроқлар ва “Халқдан ўмаришни бас қилинг”, “Менинг келажагим ҳақида ўйлаб, қорин қаппайтиришни тўхтатинг” каби плакатларни кўтариб олган эдилар. Улар бу гал “охиригача боришлари”ни айтишмоқда.

Мўғулистоннинг аҳоли сони бўйича учинчи ўринда турувчи Дархон шаҳрида якшанба куни одамлар “Ўғриларга қарши бирлашайлик” шиори остида юриш уюштиришган. Намойишчилар фикрича, уларнинг Конституцияда кўрсатилган ҳуқуқ ва эркинликлари тобора кўпроқ чекланяпти, турмушлари эса кундан-кунга ёмонлашиб бормоқда.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, мамлакат ҳукумати мазкур масалани уч марта муҳокама қилган ва “Эрдэнэс Тавантолгой” деб номланган давлат кўмир ширкатига нисбатан “махсус режим” жорий қилган.

“Кўмир ўғирланиши факти бўйича шартномалар, транспортировка ва темир йўл билан алоқадор ўнта жиноят иши очилган”, деган Мўғулистон иқтисодий тараққиёт вазири Хурэлбаатар Чимед. Вазирга кўра, бу ишлар бўйича кўмир ширкатларининг беш нафар собиқ директори гумонланмоқда.

Мўғулистон расмийлари норозилар билан мулоқот қилиш учун ишчи гуруҳ ҳам ташкил қилишган.

ЕИ Россияга қарши санкцияларнинг тўққизинчи пакетини қабул қилишга ҳозирланмоқда

Европа Иттифоқида Россиянинг Украинага бостириб киришига жавобан кириталажак санкцияларнинг янги пакети муҳокама қилинмоқда. Бунга оид чора-тадбирлар юзасидан, Politico нашрининг дипломатлардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, шу ҳафтанинг ўзида келишувга эришилиши мумкин.

Нашр қайдича, муҳокама қилинаётган чоралар ичида Россия иқтисодиётининг технологиялар, молия ва медиа секторларига оид янги чекловлар киритилиши каби масалалар бор. Тўққизинчи пакет ўз ичига 180 та санкция бандини олиши мумкин.

Келишувга шу йилнинг 12 декабрида ўтказилиши режаланган ЕИ ташқи ишлар бўйича кенгаши мажлисигача эришилиши кутилмоқда.

Россия қўшинлари Украинага бостириб кирган 24 февралдан шу кунгача Европа Иттифоқи Москвага қарши санкцияларнинг саккизта пакетини қабул қилган.

Financial Times Владимир Зеленскийни йил одами деб эълон қилди

Владимир Зеленский

Украина президенти Владимир Зеленский 2022 йилда Financial Times газетаси томонидан “йил одами” деб эълон қилинди.

Зеленскийга бағишланган материалда нашр Украина лидери ўз халқнинг жасорати ва матонати тимсолига айланганини қайд этган.

Financial Times мулоҳазасича, 44 ёшли Зеленский «империяни тиклаш васвасасига мубтало бўлган» Россия президенти Владимир Путиннинг тамоман аксидир.

Газета Зеленскийни Иккинчи жаҳон уруши даврида британияликларни жипслаштириш учун радио орқали чиқишлар қилган собиқ бош вазир Уинстон Черчиллга қиёслаган. Зеленский ҳормай-толмай кампания учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланмоқда. Хусусан, у шу йўл билан европаликларни Путинга қарши курашиш учун украиналикларга дастак беришга ишонтирган, деб ёзган Financial Times.

Мақола муаллифларига кўра, Зеленскийнинг Россия ҳужуми бошланган пайтда АҚШ томонидан берилган эвакуация таклифини қабул қилмай, Киевда қолишга қарор қилиши урушдаги энг муҳим нуқталардан бири бўлган. Украина президенти бу ҳаракати билан армия ва халқни ишғолчиларга қарши туришга ундаган.

Швецияда чеченистонлик мухолифатчи блогер ўлдириб кетилди

Тумсо Абдураҳмонов

Швецияда Рамзан Қодировнинг ашаддий танқидчиларидан бири бўлган чеченистонлик блогер Тумсо Абдураҳмонов отиб кетилган. 1ADAT телеграм-каналнинг “Европа ва Чеченистондан бўлган манбалардан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилишича, Тумсо бир гуруҳ шахслар томонидан отиб ўлдирилган.

Айни пайтда қотилликка оид бошқа маълумотларга аниқлик киритилаётганини ёзган мухолифат нашри ҳодисага оид бошқа тафсилотларни очиқламаган, бироқ Швеция махсус хизматлари Тумсо Абдураҳмоновнинг укасини яшириб қўйишганини маълум қилган.

Озодлик рус хизмати Тумсонинг сафдошларидан олинган маълумотга таянган ҳолда блогернинг 2 декабрга ўтар кечаси ўлдирилгани, бироқ бошқа тафсилотлар маълум эмаслиги ҳақида хабар қилган. Швеция ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳодиса юзасидан ҳозирча бирор изоҳ берганларича йўқ.

Қирғиз-тожик чегарасидаги тошбўрон оқибатида икки киши жароҳатланди

Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қишлоқлардан бири.

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида вазият тинч. Бу ҳақда Озодлик радиоси қирғиз хизматига 5 декабрь куни Боткен туман ҳокими Учқунбек Жўрўбаев маълум қилди.

3 декабрь куни қирғиз-тожик чегарасида икки томон фуқаролари ўртасида низо юз берган эди. Жанжал ўзаро тошбўронга айланиб кетган. Бунинг оқибатида Қирғизистоннинг бир нафар ва Тожикистоннинг бир нафар фуқароси тан жароҳатлари олгани, улар касалхонага олиб борилгани хабар қилинган.

Қирғизистон Чегара хизматининг билдиришича, бу воқеа Тожикистоннинг Сомонион қишлоғи ва Қирғизистоннинг Дахма қишлоғи чегарасида юз берганини билдирди. Расман хабар қилинишича, тошбўрон икки давлат фуқароларининг ўзаро даҳанаки жангидан келиб чиққан.

Ҳозирча Тожикистон расмийлари чегарадаги сўнгги можаро тафсилотлари ҳақида расмий баёнот бермаган. Озодлик радиосининг тожик хизмати (“Озоди” радиоси) Тожикистоннинг Сомонион қишлоғи яшовчиларига таяниб, “Қирғизистон томондан тожикистонлик фуқарога тош отилгани”, қишлоқ яшовчиси калтаклангани, кейин эса кичик жанжал чиқанини хабар қилди.

Қирғизистоннинг Кўктош қишлоғида яшовчи Жамол исимли фуқаро Озодлик радиоси қирғиз хизматига можарони тожикистонликлар бошлаганини айтган. Унга кўра, тошбўронда Тожикистон томонидан камида 40 киши иштирок этган. Жамол Қирғизистон томонидан қанча одам бўлгани тўғрисида аниқ маълумот айтмаган.

Воқеа гувоҳи бўлган Жамол тошбўрон бошланган пайтда ҳавога қарата ўқ отилганини, лекин ким ўқ узганини билмаслигини ҳам таъкидлаган.

Озодлик радиоси тожик хизмати манбаси эса “қирғиз томони аскарлари осмонга қарата ўқ узган”ини айтган.
Қирғизистон Чегара хизмати эса чегарачилар эмас, Қирғизистон фуқароси ов милтиғидан ҳавога қарата ўқ узганини маълум қилди.

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида содир бўлган сўнгги воқеа муносабати билан 3 декабрь куни Боткен туманининг Дахма участкасида икки давлат чегара вакиллари учрашди.

Қирғизистон Давлат чегара хизмати хабарига кўра, йиғилишда Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳудудий бошқармалари раҳбарлари ҳам иштирок этган.

Сўнгги бир йилдан бери Тожикистон-Қирғизистон чегараси Марказий Осиёдаги энг низоли ҳудудлардан бирига айланди.
Жорий йилнинг 14-16 сентябрь кунлари Қирғизистон-Тожикистон чегарасида юз берган навбатдаги отишмаларда Қирғизистоннинг 63 нафар фуқароси ҳалок бўлди.

Расмий Бишкек буни Тожикистоннинг “қуролли ҳужуми ва тажовуз”и сифатида баҳолади ва буни тасдиқловчи ҳужжатлар борлигини маълум қилди. Душанбе эса айбни Қирғизистон томонига юклаган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги жорий йилда чегарадаги можароларда 41 фуқаро ҳалок бўлгани ва 200 га яқин фуқаро жароҳатлангани ҳақида хабар берди. “Озоди” радиоси ўз манбаларига таяниб, 74 киши рўйхатни эълон қилган. Бироқ, маълумотни бошқа мустақил манбалардан текширишнинг иложи бўлмади.

2021 йилнинг апрель ойи охирларида “Головной” сув тақсимлаш объекти жойлашган ҳудуд учун жанжалдан келиб чиққан бир неча кунлик қуролли тўқнашув оқибатида қирғиз томонидан 36 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлди, 154 киши яраланди. Тожикистон ҳукумати эса расман 19 нафар қурбон ва 87 нафар ярадор ҳақида хабар берган.

Расман билдирилишича, сўнгги 10 йилда Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида 144 низо содир этилган. Уларда ҳар икки тарафда 200 дан ортиқ киши ҳалок бўлди.

Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги 970 километрлик чегаранинг деярли ярми аниқланмаган ва белгиланмаган ва шу сабаб чегаранинг икки томонида яшовчилар ўртасида сув, ер ва яйлов учун можаро кўп келиб чиқади.

Вашингтон Эрон қуролларининг Россияга берилишига қаршилик қилади

Украина президенти Владимир Зеленский ва уриб туширилган Эрон камикадзе дрони. 2022 йил, 27 октябрь.

АҚШ Эрон билан ядровий қурол тўғрисидаги боши берк кўчага кириб қолган музокараларни давом эттирмоқчи эмас. Бунинг ўрнига Вашингтон Эрон қуролларининг Россияга етказиб берилишига қарши курашмоқчи ва Эронда икки ойдан бери давом этаётган норозиларни қўллаб-қувватламоқчи. Бу ҳақда Эрон бўйича АҚШ махсус вакили Роберт Мэлли Bloomberg агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

Мэлли: «Ҳозирнинг ўзидаёқ, Эрон Россияга қурол жўнатишнинг олдини олишимиз, шунингдек, Эрон халқининг орзу-умидларини қўллаган ҳолда, вазиятни ўзгартиришимиз мумкин», деб айтди.

Ноябрнинг бошларида Халқаро атом энергияси ташкилоти Эрон уранни бойитиш бўйича ишларни давом эттираётгани тўғрисида маълум қилган эди. Теҳрон эса агентликдан текширувларни тўхтатишни талаб қилган. АҚШ ва унинг иттифоқчилари Эроннинг бу талабига қарши чиқди.

Расман Эрон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги Теҳрон ядровий дастури бўйича сўзлашувлар тўхтатилган эмас. Бироқ Мэллининг айтишича, августдан то шу кунгача бу борада бирор марта мулоқот ўтказилмаган.

Мэлли АҚШ «Эрон қуролларининг Россияга етказиб берилишини сусайтиришга, олдини олишга, тўхтатишга ва санкциялар жорий этишга» ҳаракат қилишини айтди.

Расмий Москва ва Теҳрон Эрон Россияга Украинадаги урушга қурол етказиб бераётганини инкор қилиб келмоқда. Теҳрон Украина уруши бошлангунига қадар Россияга дронларни етказиб берганини тан олган.

Айни пайтда Украинада Эронда ишлаб чиқарилган «Шахед-131» ва «Шахед-136», Россияда эса "Герань-1" ва "Герань-2" деб номланган дронлар, шунингдек, кўп нишонга олувчи «Мўхожер-6» дронлари ишлатилгани қайд этилган.

The Washington Post газетаси Москва Теҳрон билан Эрон дронларини Россияда ишлаб чиқариш тўғрисида келишувга эришганини хабар қилган.

Эронда аҳлоқ полицияси тугатилди

Эрон аҳлоқ полицияси ходими.

Эронда аҳлоқ полицияси тугатилгани тўғрисида бош прокурор Муҳаммад Жафар Мунтазирий маълум қилди. Эронда икки ойдан бери давом этаётган норозилик намойишлари иштирокчиларининг талабларидан бири аҳлоқ полициясини тугатиш эди.

“Аҳлоқ полицияси одил судловга ҳеч қандай жиҳатдан алоқадор эмас”, деб айтган бош прокурор.

Мунтазирийнинг айтишича, ҳукумат аёллар ҳижоб ўраб юришга мажбурлиги тўғрисидаги қонунни қайта кўриб чиқиши мумкин. Унга кўра, бугунги кунда бу масала парламент ва Адлия вазирлиги ҳамкорлигида муҳокама қилинмоқда. Бу борадаги қарор бир ёки икки ҳафта ичида қабул қилинади.

Бундан аввал Эрон расмийлари норозиларнинг бу каби талаблари бажарилиши иложсиз эканинии билдирган эди. Теҳрон норозилик намойишларини АҚШ, Исроил ва бу давлат билан боғлиқ “террорчи, сепаратчи гуруҳлар”, Ироқда манзил қурган курд мухолифатчилари уюштиргани тўғрисида баёнот берган.

Аҳлоқ полицияси Эронда 2006 йилда президент Маҳмуд Ахмадийнажот даврида таъсис этилган эди. Бу полиция биринчи навбатда аёлларнинг «камтарона аҳлоқи»ни назорат қилган. Эронлик аёллар ва қизлар аҳлоқ полицияси ўзларига нисбатан қўпол муомилада бўлганини қайд этганлар.

Қатарда ўтаётган футбол бўйича жаҳон чемпионатида 21 ноябрь куни Эрон терма жамоаси мусобақа бошланишидан аввал ўз мамлакати гимнини куйлашдан бош тортди.

Жамоа сардорининг айтишича, футболчилар Эронда давом этаётган норозилик намойишлари иштирокчилари билан бирдам эканликларини билдириш мақсадида мана шундай қарорга келишган. Эрон гимни мусиқаси янграган пайтда эронлик футболчилар уни куйламади. Футбол ишқибозлари ҳам уларни қўллаб-қувватлади.

Эрондаги норозилик намойишлари сентябрь ойи ўрталарида 22 ёшли Маҳса Аминий ўлимидан сўнг бошланиб кетган. Курд миллий озчилигига мансуб бўлган бу аёл рўмолини рисоладагидек ўрамагани учун Теҳронда ахлоқ полицияси томонидан тутилиб, калтаклангани ортидан жон берган эди.

Шу кунгача давом этаётган намойишларни полиция куч қўллаб тарқатишга ҳаракат қилмоқда. Ҳуқуқ фаолларига кўра, полиция куч қўллагани ортидан камида 400 намойишчи, жумладан, 40 нафар бола ҳалок бўлди. Намойишда иштирок этгани учун 15 мингдан кўпроқ киши қўлга олинди. 14 ноябрда Эрон суди қўлга олинган норозиларга нисбатан илк ўлим ҳукмини чиқарди.

Қирғизистон ҳукумати яна «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилиши тез орада бошланишини билдирди

Иллюстратив сурат.

Қирғизистон ҳукумати яна 2000 йилдан бери кун тартибида турган «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилиши тез орада бошланишини маълум қилди.

Қирғиз ҳукумати матбуот хизматининг билдиришича, бу ҳақда Япония пойтахти Токиода ўтган Марказий Осиё инвестиция форумида министрлар кабинети раиси Ақилбек Жапаров гапирган. У қурилиш лойҳаси 6 миллиард долларга баҳоланганини маълум қилган.

Бундан аввал ҳам бир неча марта «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилиши тез орада бошланиши тўғрисида баёнот берган қирғиз расмийлари лойиҳанинг қиймати 4-5 миллиард доллардан ошмаслигини айтиб келаётган эди.

Хитой Темир йўл қурилишини лойиҳалаштириш институтининг билдиришича, қурилишнинг иқтисодий – техник асосламаси 2023 йилнинг апрелида тайёр бўлади. Бундан аввалроқ қурилишнинг дастлабики этапида Қирғизистон 20 фоиз, иккинчи этапида 10 фоиз, Ўзбекистон 30 фоиз, учинчи этапда Хитой 30 фоиз, тўртинчи этапда ҳар бир мамлакат ўзаро тенг маблағ ажратиши хабар қилинганди.

Жорий йил сентябрида Самарқандда ўтган ШҲТ саммитида Ўзбекистон, Қирғзистон ва Хитой темир йўлни қуриш тўғрисидаги уч томонлама шартномани имзолаганди. Шартномага асосан темир йўл “Тўруғарт-Арпа-Маымал-Жалолобод» йўналиши орқали Ўзбекистонга ўтади.

Мазкур темир йўлни қуриш ташаббуси 2000-йиллар бошларида кўтарилган, аммо ҳанузгача амалга ошмай қолмоқда. Қирғизистон расмийлари ўн йиллардан бери бу қурилиш “яқин орада бошланиши”ни ваъда қилиб келган.

Латвия ичига Қрим ҳам кирган Россия харитасини намойиш қилган “Дождь” телеканалини жаримага тортди

Латвиянинг электрон оммави ахборот воситалари миллий кенгаши аннексия қилинган Қрим яримороли Россия таркибида акс эттирилган харитани намойиш қилган ҳамда Россия армиясига нисбатан “бизнинг армия” жумласини ишлатган “Дождь” телеканалига 10 минг евро миқдорида жарима солди. Бу ҳақда кенгаш раиси Иварс Аболиниш Твиттердаги ўз саҳифасида маълум қилди.

Мулозим бу телеканал томонидан сўнгги бир неча ой ичида йўл қўйилган иккинчи сезиларли қонунбузарлик эканини қайд этган. Аболиниш биринчи қонунбузарлик нимадан иборат бўлганига аниқлик киритган эмас.

Жиддий қонунбузарликлар сони учтага етган тақдирда, “Дождь” телеканали ёйин рухсатномасидан маҳрум бўлиши мумкин.

Бишкекда йил охиригача Эркиндик хиёбонида норозилик акциялари ўтказиш тақиқланди

Эркиндик хиёбонида сўз эркинлигига босимни тўхтатиш талаби билан ўтказилган REакция юришидан лавҳа, Бишкек, 2022 йилнинг 25 ноябри

Бишкекнинг Биринчи май туман суди 2022 йил 31 декабригача мазкур туманда митинглар ўтказишга тақиқ муддати узайтирилишини қонуний деб топди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати туман суди матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, 2022 йилнинг 1 декабридан 31 декабригача туманнинг бир қанча жойида, шу жумладан Эркиндик хиёбонида оммавий йиғилишлар ўтказишга тақиқ жорий этилган.

Шу тариқа Ала-Тоо майдони, Эркинлик хиёбони, парламент, президент маъмурияти, Олий суд, Қирғизистондаги Россия элчихонаси ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биноси олдида оммавий тадбирлар ўтказишга тақиқ киритилган. Айни пайтда мазкур чекловларнинг Ала-Тоо майдонидаги давлат ва муниципалитет томонидан ўтказиладиган тадбирларга дахли йўқ. Шаҳарликлар аввалда бўлгани каби ҳозир ҳам Горький хиёбони ҳудудида митинг қилиш ҳуқуқига эга.

Биринчи май туман суди шу йилнинг 11 март куни ТИИБнинг тумандаги айрим жойларда акция ва митинглар ўтказишни тақиқлаш тўғрисидаги қарори қонунийлигини тасдиқлаган. Сентябрь ойида Биринчи май туманида митинглар ўтказишга тақиқ муддати 1 декабргача узайтирилган.

Шу йилнинг 25 ноябрь куни Бишкекдаги Эркиндик хиёбонида #Reакция деб номланган тинч норозилик акцияси бўлиб ўтган, тадбир иштирокчилари Қирғизистондан депортация қилинган журналист Болот Темировни ватанига қайтариш ҳамда сўз эркинлигига босимни тўхтатишни талаб қилиб чиқишган эди.

Сахалинда газ кони ишчилари иш ташлади

Ишчилар ойлик маошлари кечиктирилаётганидан норози.

Россиянинг Сахалин оролида Киринск газконденсат конининг 1,5 мингдан кўпроқ ишчиси иш ташлади. Озодликнинг Сибир. Реалии лойиҳаси хабарида айтилишича, “Газпром” га қарашли “Нефтегазкомплектмонтаж” ширкати ишчилари ойлик маошлар кечиктирилаётганидан норози.

Сибир. Реалии манбаси ойлик иш ҳақлари мудом кечиктирилаётганини, бунинг ортидан ширкатдан камида 200 киши ишдан бўшаб кетганини айтди. Ишчилар бу борада прокуратурага ҳам мурожаат қилганлар.

Айни пайтда Сахалин вилоят прокуратураси ширкатда текширув ишларини бошлаган.

Иқтисодчилар баҳор ойларидаёқ Россия Украинага бостириб киргани оқибатида жорий этилган санкциялар оқибатида Сахалиндаги газ конларида муаммолар юзага келишини прогноз қилган эдилар.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Россия нефтига 60 доллар нарх белгилади

АҚШ ва Европа Иттифоқи Россия нефтининг 1 баррелига 60 доллардан нарх белгилади. Вашингтоннинг бу қарори ҳақида АҚШ молия вазири ўринбосари Уолли Адейемо, Европа қарори тўғрисида Reuters манбалари маълум қилди. “Бу максимал нарх вақти келиб ўзгартирилмайди, у бозор нархидан доимий равишда 5 фоиз пастда ушлаб турилади”, деб айтган дипломатлардан бири Reuters агентлигига.

Адейемонинг айтишича, Европа Польшанинг позициясига қарамай, бу нарх борасида ўзаро муросага эришади. Польша Россия нефтига жуда баланд нарх белгиланди деб ҳисобламоқда ва уни 30 долларга туширишни таклиф қилмоқда. Россияга нисбатан нефть эмбаргоси 5 декабрдан кучга киради.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиядан денгиз орқали кемаларда ташиладиган нефтни сотиб олишдан воз кечди. Айни пайтда бошқа давлатларга ҳам 60 доллардан юқори нархда Россия нефтини сотиб олишга рухсат берилмайди.
.
Ўтган ҳафтада кемалар орқали ташиладиган Россиянинг Urals маркали нефтининг нархи жаҳон бозорида 55 долларни ташкил қилган. Россия белгиланган чекловсиз ҳам нефть сотишда давом этиши мумкин эди. Бироқ Россия нефтига нархни чеклаш ғояси муаллифларига кўра, максимал нархнинг ўрнатилиши чекланган нархни тезроқ мувофиқлаштириш имкониятини яратади.

Россия нефтни бозор нархидан арзонга сотмаслигини билдирган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG