Линклар

Шошилинч хабар
28 май 2022, Тошкент вақти: 02:51

Британия янги санкциялар жорий этган 206 киши орасида уч нафар ўзбекистонлик ҳам бор


Британия Ташқи ишлар вазирлиги.

Британия Москва Украинага уруш очгани ортидан Россиядаги 206 жисмоний ва юридик шахс, жумладан, уларга алоқадор бўлганларга нисбатан янги санкцияларни жорий этди.

13 апрель куни санкция жорий этилганлар орасида уч нафар ўзбекистонлик ҳам бор. Улар:

-1959 йилнинг 22 декабрида Тошкентда туғилган Россия фуқароси, аммо айни пайтда Тошкент шаҳри Устабоев кўчасида истиқомат қилаётган Гулбаҳор Исмоилова,

-келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Россия фуқароси Саодат Нарзиева

-1987 йилнинг 14 ноябрида Тошкентда туғилган, ҳозирда ҳам Ўзбекистон фуқароси бўлган, аммо Лондондаги Stafford Place кўчасида яшовчи Нигина Зоировалардир.

“Газета. уз”нинг ёзишича, Гулбаҳор Исмоилова россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг синглисидир. Британия Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, Алишер Усмонов санкциялар рўйхатига киритилганидан сўнг бир қатор активларини Гулбаҳор Исмоилова номига ўтказиб берган. Жумладан, Исмоилова «Дилбар» яхтасининг ягона эгаси ҳисобланади.

Исмоилованинг Британиядаги барча активлари музлатилган ва унга мамлакатга кириш тақиқланган. Гулбаҳор Исмоилова Тошкентдаги Федорович номидаги клиник санаторий акцияларининг 82,1 фоизига ҳам эгалик қилади.

Саодат Нарзиева ҳам Алишер Усмоновнинг синглисидир. Очиқ манбалардаги айрим маълумотларга ишонилса, касби гинеколог бўлган Саодат Нарзиева Швейцариядаги энг йирик банклардан бири бўлган Credit Suisse банкида 2 миллиард долларлик ҳисобга эга.

“Газета.уз”нинг ёзишича, Саодат Нарзиева Тошкентда акушер-гинеколог бўлиб ишлайди. У Humon Quality хусусий клиникасининг эгасидир.
Британия Ташқи ишлар вазирлиги унинг Британиядаги активларини ҳам музлатган ва мамлакатга киришини тақиқлаган.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги санкциялар рўйхатига киритилган учинчи ўзбекистонлик Нигина Зоировани россиялик миллиардер, “Альфа-банк” акцияларининг асосий эгаси Михаил Фридман билан афилланган шахс сифатида тилга олган.

Британиянинг билдиришича, Михаил Фридманга нисбатан санкциялар жорий этилгач, Нигина Зоирова бирданига учта ширкатнинг хўжайинига айланиб қолган. У Британияда Фридман номидан фаолият юритаётгани аниқланган. Зоировага қарашли активлар ҳам музлатилган.

Британия Москва 24 февралда Украинага уруш очгани ортидан 13 апрелда Россияга нисбатан навбатдаги санкциялар пакетини жорий этди. Мазкур санкция рўйхатига 206 жисмоний ва юридик шахс киритилган.

Улар орасида ЛУКОЙЛ президенти Вагит Алекперов, АФК "Система" ширкати директорлар кенгаши раиси Владимир Евтушенков, давлат думаси депутати ва машҳур хоккейчи Вячеслав Фетисов ҳам бор.

Бундан ташқари Украина махсус хизматлари томонидан аввалроқ ҳибсга олинган ва Путиннинг биродари экани айтиладиган россияпараст сиёсатчи Виктор Медведчук ҳам санкциялар рўйхатига киритилди.

Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Европа Иттифоқи ва Ғарб давлатлари қаторида Британия ҳам Россияга нисбатан қатор санкцияларни жорий этган ва уларни кучайтириб бормоқда.

Лондон аввал Россиядан нефть ва газ сотиб олишга эмбарго киритган. Бундан ташқари Россия президент Владимир Путиннинг қизлари ва ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга нисбатан санкция эълон қлган.

XS
SM
MD
LG