Линклар

Шошилинч хабар
02 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:34

Фермерлар: Президент қарори ишламаяпти. Давлат буғдойни сув текин сотиб олмоқда


Буғдой ва буғдойзор
Буғдой ва буғдойзор

Қашқадарёлик ва сирдарёлик фермерларнинг Озодликка айтишича, давлат ва кластер корхоналари "президент қарорига қарши ўлароқ" улардан буғдойни бозор нархидан икки баравар паст нархда сотиб олмоқда, бажариш мушкул бўлган режалар қўймоқда. Уларнинг айтишича, давлат бир килограмм буғдойни 1500 сўмга сотиб олмоқда, бозордаги буғдой нархи эса 3000-3500 сўм.

Фермерлар маҳаллий ҳокимларнинг тазйиғи остида дон қабул қилиш корхоналари билан гўёки шартнома тузгани, лекин ҳеч нарса ёзилмаган қоғозга мажбуран имзо чекиб муҳр босиб бергани ёки шартномадаги шартлар фермер розилигисиз бир неча марта ўзгартирилганидан шикоят қилмоқда.

Буғдой нархи сувдан арзон

Қашқадарё вилоят, Косон туманидаги исми сир қолишини сўраган фермернинг айтишича, бу йил давлатга буғдой сотган барча деҳқон касод бўлди:

“Косондон" корхонаси фермер билан шартнома қилди. Фақат шартноманинг бўш бланкасига имзо ва муҳр қўйиб бердик, холос. Буғдойни шунчадан сотиб оламиз дейилмади. Ҳозир "Косондон" бир кило буғдойни 1500 сўмдан қабул қилиб оляпти. Бозорда эса бир баклажка бир литрли сувнинг нархи 2000 сўм. Бир йиллик меҳнатимизнинг қадри шунчами энди? Режадан ортган буғдойни ҳам мажбуран шу нархда оляпти. Лекин режани бажаролмаган фермерларга ўша "Косондон"нинг ўзи 3000 сўмдан сотяпти.”

Фермернинг айтишича, раҳбарлар деҳқонни тунашнинг ҳар қандай усулини ишлатишяпти:

“Масалан мен топширган ҳар мошина буғдойимдан уч сатилдан, тахминан 30 кило, лаборатория текшируви учун оляпти. Ахир лабораторияда текширишга бир ҳовуч буғдой етарлику. Бир йиллик меҳнатимни сув текинга олишди, бўйидан ҳам, энидан ҳам уриб қолишди. Буғдойдан даромад эмас, қарз билан чиқдим. Минерал ўғит, техника хизмати, ёнилғи нархлари бир неча марта ошди. Лекин бизнинг буғдой нархи ердан ўзи отилиб чиқадиган сувдан ҳам нархи паст бўлди”.

Президент қарори қоғозда қолди

Косон туманидаги исми сир қолишини сўраган ҳудуд раҳбарларидан бирининг айтишича, унинг ҳудудидаги фермерлар жуда қийин аҳволда қолган:

“Мисол учун 100 миллион сўм харажат қиласизда, маҳсулотингизни 50 миллионга сотасиз. Бу алам қилмайдими? Қарсак икки қўлдан бўлиши керак. Ўйинчилар шартлари баравар бўлиши керак. Фермерга ёнилғини, минерал ўғитни бозор нархида беряптими, унинг маҳсулотини ҳам бозор нархида олишлари керак. Мана ҳозир бозорда бир кило буғдой 3500 сўм. Биздан эса икки баравар арзон сотиб оляпти. Тепадан нима деймиз, нечта қарор чиқарамиз, бари қоғозда қолиб кетяпти. Ҳатто президент чиқарган қарорларнинг ҳам сариқ чақачалик қиймати қолмади. Бўлмаса бу йил 100 фоиз буғдойни эркин нархда олишлари керак эди. Йўқ, бўлмади. Аввалги зўравонлик, ҳокимларнинг яккаҳокимлиги давом этмоқда”.

Ҳудуд раҳбари буғдойдан тушган шу арзимас пул ҳам деҳқоннинг қўлига тегмаслигини айтади:

“Шу тоннасига бир ярим миллион сўмни ҳам тушиши билан солиқ олади. Кейин ғаллани ўрган комбайн хизматига кетади, кейин ғаллани ташиган машиналар ташкилоти турибди. Қарабсизки ҳисобингизда бир сўм ҳам пул қолмади. Ҳеч бўлмаса, фермерга режадан ортган буғдойини ўзига қолдиришса бўларди, шу ҳам йўқ. Кейин фермер ўзининг ғалласини ўзи ўғирлашга мажбур бўлади, дорисини сотади. Деҳқон яна қарздор бўлиб қолади. Фермерлар менга келиб йиғлагудай бўлиб шикоят қилишади. Мен нима ҳам қила олардим. Барча туманларда шу аҳвол. Қишлоқ хўжалиги, фермерлик, қўпол қилиб айтганда, узр, энасиникига кириб кетди. Каримов давридан бешбаттар бўлди”.

Озодлик Косон туман ҳокими билан боғланишга ҳаракат қилди. Қўнғироққа жавоб бериб, ўзини Соҳиб таништирган ҳоким ёрдамчисининг айтишича, туман ҳокими телефонини ташлаб ўзи ғалла ўримини кўргани кетган.

18 центнердан 30 центнергача кўтаришди

Сирдарё вилоят Оқ олтин туманидан Озодликка шикоят қилган фермерга кўра, ҳар гектар ердан олинадиган буғдой центнери сунъий ошириб борилгани сабаб, деҳқонга бир кило ҳам буғдой қолмаяпти:

“Ўтган йили буғдой экилганда “Бобур қишлоқ хўжалиги” МЧЖ кластер корхонаси билан ҳар гектар ердан 25 центнерданга шартнома қилган эдик. Бу йил май ойида эса буни 30 центнерданга кўтариб қўйишди. Ҳаммага мажбурий қайта шартнома қилдирди. Буларнинг иши жуда қизиқ. Аслида республикадан бизга келадигани 18 центнер. Буни компьютердан кўрсангиз ҳам бўлади. Вилоят яна 4 қўшиб 22 центнер қилиб қўяди, туман яна 3 қўшиб 25 қилган эди. Ўримга келиб яна 5 қўшди. Нима хоҳлашса шуни қилишади. Чунки буғдойнинг харид нархи арзон, 1520 сўм. Куйиб қоладиган фермер билан итнинг ҳам иши йўқ. Лекин 30 центнер берадиган буғдойнинг ўзи йўқ. Буларнинг мақсади деҳқоннинг охирги чақасигача қоқиб олса. Бугун мени ҳоким чақирган эди. Яна 10 тонна берасан, бўлмаса ерни топшириш ҳақида аризангни ёз деди. Ана шундай қилиб ҳар йили фермерларни қўрқитиб буғдойини тортиб олишади”.

Фермернинг айтишича, гарчи уларнинг шартномаси кластер билан тузилган бўлса-да, лекин туман ҳокими Дилмурод Фозилов тазйиқ ўтказмоқда:

“Президент энди ҳокимлар фермерлар ишига аралашмайди, деб айтган эди. Лекин планни оширган ҳам, яна бунча топширасан деган ҳам ҳоким. Ерингни олиб қўяман деган ҳам ҳоким. Ҳеч нарсага тушунмай қолдик. Ит эгасини танимайдиган замон бўлди!”

Оқ олтин тумани ҳокими Дилмурод Фозилов мажлисда эканлигини айтиб, алоқани узиб қўйди.

Озодликка бундан аввал ҳам мамлакатнинг турли ҳудудларидан мурожаат қилган фермерлар ғалланинг режадан ортиғи ҳам тортиб олинаётганидан шикоят қилаётгани ҳақида ёзган эди.

Ғаллакорлар иддаосига кўра, маҳаллий ҳокимликлар ҳар бир фермердан шартномада кўрсатилган режадан ортиқча 40 тоннагача буғдой талаб қилмоқда.

Президентнинг ижро қилинмай қолган қарори

Фермерлар билан шартнома қилинганда 2021 йил ҳосилидан бошлаб давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечилиши ҳақидаги президентнинг 2020 йил 6 мартдаги қарори инобатга олинмади.

Қарорда 2021 йил ҳосилидан бошлаб:

давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечилади;

давлат хариди тўлиқ бекор қилинади ҳамда фермерлар ва бошқа корхоналар томонидан етиштириладиган ғалла барча истеъмолчиларга,
шу жумладан, донни қайта ишловчи корхоналар, ғаллачилик кластерлари ва трейдерларга биржа савдолари орқали ёки тўғридан-тўғри шартномалар (фьючерс, форвард ва бошқалар) асосида эркин нархларда сотилади, деб ёзилган эди.

Аммо, буғдой етиштирган фермерлардан олинган хабарларга кўра, президентнинг бу қарори ҳам бажарилмади.

XS
SM
MD
LG