Линклар

Шошилинч хабар
27 январ 2022, Тошкент вақти: 22:21

“Буйрагингни сот”: Россиянинг энг қашшоқ минтақаларидан бирида маҳаллий аҳоли қарзга ботиб қолган


Тува пойтахти Қизил шаҳри.

Надежда Сатнинг ҳикояси Жанубий Сибирдаги Тува вилояти аҳолисига яхши таниш. Сат 10 йил олдин машина сотиб олиш учун кредит олган.

“Тувада қарзсиз қоплаб бўлмайдиган харажатлар бор”, дейди у Озодлик радиоси рус хизматига берган интервьюсида.

“Масалан, машина. Жамоат транспорти жуда ёмон – бизда поезд, трамвай ёки троллейбус йўқ. Ҳатто оддий автобуслар ҳам онда-сонда чиқади. Шунчаки пул тўплаб, машина харид қилиш мушкул, айниқса, автомобиллар қимматлаб бораётганини ҳисобга олсак”.

Москвадан 3 600 километр шарқда жойлашган Қизил шаҳрида яшовчи Сат ўғлининг боғчаси уйидан 10 километр узоқда бўлгани учун машина сотиб олган.

“Боғчалар билан ҳам катта муаммолар бор”, деб тушунтирди у.

“Навбатимиз етиб келгач, боришга мажбур бўлдик. У ерда жамоат транспорти йўқ, шунинг учун машина сотиб олиш учун кредит олишга мажбур бўлдим. Эски иномарка олиб, пулини беш йил давомида тўладим”.

Кейин унинг қизи мактабни тугатганда, Сат Тувада олий маълумот олиш имконияти йўқлигини англаб етган. Қизини бошқа вилоятдаги институтга ўқишга юбориш учун яна кредит олган.

“Шундай қилиб, мен 10 йил давомида машина ва қизимнинг ўқиши учун кредит тўладим”, дейди у.

Сатнинг сўзларига кўра, оила қарз тўловларига умумий ойлик даромаднинг 40 фоизини сарфлаган.

Сўнгги рақамларга қарасак, Сат омадли бўлганини айтиш мумкин. Кремлпараст Бутунроссия халқ фронти (Общероссийский народный фронт, ОНФ) томонидан яқинда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, Тува Россиянинг энг кўп қарзга ботган ҳудуди бўлиб, маҳаллий аҳоли ўртача даромадининг 78 фоизини қарзларини қоплаш учун тўлайди.

Москвадаги Олий ижтимоий-иқтисодий фанлар мактабининг иқтисод профессори Валерий Миронов:

“Тувада қарздорлик даражаси 78 фоиз бўлса, бу ҳақиқатан ҳам ақл бовар қилмас”, деди.

“Бу ҳайратланарли рақам жиддий тадқиқотда аниқланган. 40 фоиз қарзнинг ўзи етарлича оғир. Бу ерда эса улар 78 фоиз эканини аниқлашибди. Бу улар оладиган ҳар 10 000 рубль иш ҳақидан 8 000 ини қарзларига тўлайди деганидир”.

Профессионал қарз йиғувчилар миллий ассоциацияси президенти Элмана Меҳтиеванинг Озодликка айтишича, Тувадаги вазият ташвишли, чунки у ерда иш ҳақи жуда паст.

“Тува ҳақиқатан ҳам доим қарздорлик даражаси юқори бўлган минтақалардан бири бўлиб келган”, дейди у.

“Демак, бу янгилик эмас, лекин бу, албатта, эътиборга лойиқдир”.

ОНФ тадқиқоти Марказий банк, Росстат давлат статистика агентлиги ва йирик банклар маълумотларига асосланган.

Меҳнат вазирлиги жорий йилнинг август ойида Тувада мамлакатдаги энг юқори қашшоқлик даражаси қайд этилганини маълум қилганди. Росстат апрель ойида тарқатган маълумотларга кўра, Россияда ўртача қашшоқлик кўрсаткич 12.1 фоизни ташкил қилади.

Тувада ўртача иш ҳақи ойига тахминан 37 000 рублни ташкил қилади. Расмий ишсизлик даражаси эса қарийб 12 фоизга тенг.

“Содда қилиб айтганда, одамлар шунчаки жон сақлаяпти”, дейди Озодлик билан суҳбатда маҳаллий фуқаро Аяна Хрума.

“Агар улар ўз турмуш даражасини бироз бўлса‑да яхшилашни истасалар – янги музлатгич ёки кир ювиш машинасини олмоқчи бўлсалар – уларга кредит керак... Болаларни ўқув йилига тайёрлаш ёки қишки кийим-кечак сотиб олиш учун яхшигина маблағ керак. Бу жуда қийин. Улар янги “Toyota” ёки “Audi” сотиб олиш учун кредит олишмаяпти... Одамлар деярли ҳамма нарса учун кредит олади, чунки пуллари йўқ”.

Унинг сўзларига кўра, кичик шаҳар ва қишлоқларда одамлар кўпинча ҳатто озиқ-овқат сотиб олиш учун кредит олишади, айниқса, иш ҳақи ва ижтимоий тўловлар кечиктирилганда.

“Вазият жуда оғир”, дейди Хрума.

Минтақада юқори фоиз ставкаларига эга микрокредит саноати эса гуллаб-яшнамоқда.

“Микрокредитлар жуда агрессив тарзда реклама қилинмоқда”, дейди маҳаллий турғун Аяна Монгуш.

“1 фоизли кредитни ваъда қиладилар, лекин кунига 1 фоиз эканини ҳамма ҳам тушунмайди. Лекин одамлар ҳеч нарса сотиб ололмасликдан шунчаки чарчаган, маошдан маошгача яшашдан чарчаган. Шунинг учун кейин нима бўлишини ўйламасдан кредит олишади”.

Қизиллик Чечек Сариғлар 2008 йилда қарздорлик тузоғига тушган. У йиллар давомида 20 000 рубль ойлик маошининг ярмини банкка тўлаган. Айрим ойларда тўловларни бера олмаган, шунинг учун микрокредит олган. У тўловни ўтказиб юборганида, фоиз ставкалари кескин ошган ва қарз йиғувчилар уни таъқиб қила бошлаган.

“Кеча‑кундуз қўнғироқ қилишарди”, деб эслайди у.

“Қаерда яшашингни биламиз. Оилангни биламиз. Бориб буйрагингни сот”.

“Мен ичишни бошладим”, деб тан олди у ва ўз жонига қасд қилиш ўйлари хаёлидан ўта бошлаганини қўшимча қилди.

Ҳозир у иккинчи эри билан яшамоқда, ичишни ташлаган. Жорий йил бошида у банк кредитини тўлаб битирган, лекин ҳали-ҳануз микрокредиторлардан қутилгани йўқ.

“50 минг қарз олганман, энди эса 100 минг рубль қайтаришим керак”, деди у.

“Аммо ҳозир осонроқ. Умумий ойлик даромадимиз 40 000 рублни ташкил этади. Бу ойлик маошларимиз, шунингдек, тикувчилик ва ҳунармандлик қилиб топадиган даромадимни ўз ичига олади. Каттароқ болаларим эса уйдан чиқиб кетишган ва ўзлари пул топади. Ҳали ҳам қарзларим бор, тўпловчилар ҳамон чалишади, лекин бу мени унчалик безовта қилмайди”.

Мироновнинг айтишича, Надежда Сат каби Тувада яшовчи кўпчилик одамлар минтақадаги инфратузилма ва ижтимоий хизматлар ёмонлиги туфайли қарзга ботиб қолган. 2020 йилда вилоят ўз бюджетига 7 миллиард рубль ажратган, Москвадан қўшимча 18 миллиард рубль маблағ олган.

Вилоятда темир йўл йўқ, бу эса барча маҳсулотлар нархини ошириб, бизнеслар у ерда фаолият юритишига тўсқинлик қилади.

“Ҳукумат бундай минтақани қўллаб-қувватлаш учун нима қилиши мумкин? Ҳукумат, ҳеч бўлмаганда, асосий ижтимоий хизматлар нормал даражада кўрсатилишини таъминлаши мумкин. Биринчи навбатда соғлиқни сақлаш ва таълимни назарда тутяпман”. Айни пайтда минтақада қарз муаммоси кучаймоқда”, дейди Миронов.

“Асосийси, тўловни ўз вақтида бериш ва кредитингизни барбод қилмаслик”, дейди Хурума.

“Шунда ейиш учун бирор нарса сотиб олишингиз мумкин бўлади”.

XS
SM
MD
LG