Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 21:50

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистонда гўдаклар ўлими кўпайди

Ўзбекистонда 9 миллион туғиш ёшидаги аёлга 227 та туғруқхона хизмат кўрсатади.
Ўзбекистонда 9 миллион туғиш ёшидаги аёлга 227 та туғруқхона хизмат кўрсатади.

Ўзбекистонда 2021 йилда гўдаклар ўлими 2020 йилга нисбатан 160 тага кўпайди ва 7 214 тани ташкил қилди. Бу ҳақда 28 сентябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенати Кенгаши мажлисида маълум қилинди.

Сенат матбуот хизматининг билдиришича, бунинг асосий сабабларидан бири ҳудудларда 2018-2022 йилларда болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш давлат дастури камчиликлар билан ижро этилаётганидадир.

Бундан ташқари йиғилишда ҳомиладор, туғувчи, туққан аёллар ва янги туғилган чақалоқларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш мақсадида республикадаги туғруққа ёрдам берувчи муассасаларнинг моддий-техника базасини халқаро стандартларга мувофиқ мустаҳкамлаш ва зарур дори воситалари билан таъминлаш масаласи тўлиқ бажарилмагани ҳам қайд этилди.

Сенатга маълум қилинишича, Ўзбекистондаги 17,5 миллиондан ортиқ аёлнинг 9,1 миллиони туғиш ёшидадир. Уларга 227 та туғруқхона хизмат кўрсатади. 18 нафаргача бўлган болалар сони 11,3 миллион бўлиб, улар учун 238 та болалар даволаш-профилактика муассасалари хизмат кўрсатмоқда.

2022 йилнинг 8 ойи давомида 9,1 миллион нафар туғиш ёшидаги аёлдан 6,7 миллиони (74,1 фоизи) тиббий кўрикдан ўтказилган, улардан 2,9 миллионида (42,9 фоизи) экстрагенитал касалликлар аниқланган.

Йиғилишда бу борадаги муаммоларни бартараф этиш учун ишчи гуруҳи ташкил этилди. Ишчи гуруҳ бир ой муддатда мазкур йўналишда ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолат бўйича ўрганишлар ўтказиб, 1 ноябрга қадар Сенат Кенгашига аниқ таклиф киритиши белгиланди.

Кун янгиликлари

Энг кам пенсия миқдори 648 минг сўм этиб белгиланди

Uzbekistan - money
Uzbekistan - money

Ўзбекистон президентининг 30 апрель кунги 69-сонли фармонига мувофиқ, жорий йилнинг 1 майидан минимал истеъмол харажатлари 648 минг сўм миқдорида белгиланганлиги туфайли пенсиялар миқдори ҳам оширилган. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Президент фармонига кўра, май ойидан иш стажи тўлиқсиз чоғдаги ёшга доир пенсиянинг ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчи бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори ойига 648 минг сўм этиб белгиланган.

Бунинг натижасида 751 минг нафар ёшга доир ва 110 минг нафар боқувчисини йўқотганлик пенсияларини олувчи фуқароларнинг пенсиялари минимал истеъмол харажатлари миқдорига етказилади”, дейилган хабарномада пенсияларни ошириш учун Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан 180 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилишини қайд этган.

Аввалроқ Статистика агентлиги жорий йилнинг май ойидан ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 648 минг сўмни ташкил этгани ҳақида маълум қилган эди.

Хорижлик инвесторлар 3 йилга дивиденд солиғидан озод қилинади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев III Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида нутқ cўзламоқда (president.uz фотоси)
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев III Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида нутқ cўзламоқда (president.uz фотоси)

Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар акциялардан олинаётган дивидендлар бўйича солиқлардан озод этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 2 май куни III Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида cўзлаган нутқида қайд этган.

Ўз нутқида Ўзбекистон президенти яқинда мамлакатда хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун қабул қилингани, 250 та йирик корхонанинг давлат улушини ва салкам 1000 та кўчмас мулк объектларини сотиш, 12 та корхона акцияларини фонд бозорларида бирламчи оммавий жойлаштириш (IPO) учун янги дастур ишга туширилганини ҳам эслатиб ўтган.

Мирзиёев инвесторлар эътиборини сўнгги етти йил ичида олий таълим қамрови 9 фоиздан 42 фоизга ошган, олий ўқув юртлари сони эса 200 тадан ортганига қаратган.

“Низоларни адолатли ҳал этиш мақсадида Тошкент халқаро арбитраж маркази муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Унинг таркибида Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия, Италия, Швеция, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатлардан 90 дан ортиқ нуфузли ҳакамлар ўрин олган”, деган Ўзбекистон президенти ўз нутқида.

Аввалроқ 2-3 май кунлари бўлиб ўтадиган III Тошкент халқаро инвестиция форумида 84 та давлатдан вакиллар иштирок этиши хабар қилган. Форумнинг бугунги мажлисида ялпи сессиясида БМТ Бош котиби ўринбосари Татьяна Молчан, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров, Туркия президентининг ёрдамчиси Жевдет Йилмаз, Саудия Арабистони энергетика вазири Абдулазиз бин Салмон ас-Сауд, Сингапур парламенти спикери Сиа Киан Пенг, ЕТТБ президенти Одиль Рено-Бассо хоним, ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси президенти Абдулҳамид Ал-Халифа ва бошқа расмий шахслар иштирок этиши айтилган.

Муштлашувда қатнашган 15 нафар ўзбекистонлик Россиядан бадарға қилинади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россиянинг Туапсе шаҳридаги оммавий муштлашувда иштирок этган ўзбекистонлик 15 нафар фуқаро мамлакатдан чиқариб юборилади. Бу ҳақда Краснодар ўлкаси прокуратурасининг матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномага мувофиқ, ҳодиса 24 апрель куни содир бўлган — маиший характерга эга бўлган жанжал оммавий муштлашувга айланиб кетган.

Қайд этилган шахслар нефтни қайта ишлаш заводида иш юритувчи ташкилот ходимлари бўлиб ҳисобланади”, дейилган прокуратура хабарномасида.

Россиялик ҳуқуқ-тартиботчиларга кўра, муштлашувда қатнашаётгани айтилаётган ўзбекистонликларнинг ҳаммаси маъмурий жавобгарликка тортилган, уларни Россиядан бадарға қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Тошкентда сувдан қарзи бор хонадонлар тармоқдан узилмоқда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон пойтахтида истеъмолчиларнинг сувдан умумий қарздорлиги 200 миллиард сўмдан камаймаяпти, шу важдан ўтказилаётган рейдлар давомида кўплаб қарздор хонадонларнинг қувурлари асосий тармоқлардан узилмоқда. Бу ҳақда “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Ташкилот кунлар исий бошлагани ортидан ичимлик сувидан белгиланмаган вақтларда маиший эҳтиёжлардан бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳоллари ортганига эътибор қаратган.

Хабарномада ҳукуматнинг тегишли қарори билан маиший эҳтиёждан ташқари сувдан фойдаланиш, хусусан суғориш ишлари учун тунги 00:00 дан тонгги 5:00 га қадар фойдаланиш мумкинлиги белгилаб қўйилгани, бироқ бу талабга ҳам истеъмолчилар томонидан амал қилинмаётгани урғуланган.

Ўтган йилнинг декабрь ойидан бошлаб Тошкент шаҳрида ичимлик сувининг бир куб метри учун жисмоний шахслар, бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар 1400 сўмдан, юридик шахслар эса 3000 сўмдан ҳақ тўлай бошлаган.

Наманганлик пенсионер 7 яшар қизчага тегажоғликда гумонланяпти

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Наманганда 68 ёшли эркак 7 яшар қизчага нисбатан уятсиз ҳаракатларни содир этганликда гумонланмоқда.

Болалар омбудсмани матбуот хизмати қайдича, Янги Наманган туманида яшовчи Ф.О. исли аёл ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилиб, унда 27 март куни вояга етмаган қизи Ж. С. кўчада ўртоқлари билан ўйнаб юрган вақтида шу ердан ўтиб кетаётган И. Б. (эркак, 1956 йилда туғилган) қизни ўз автомашинасига чиқариб, унга уятсиз бузуқ ҳаракатлар қилганлигини билдирган.

Маълумотларга кўра, мазкур воқеа юзасидан жорий йилнинг 5 апрель куни Наманган шаҳар ИИО ТБ томонидан И. Б. га нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг 129-моддаси 1-қисми (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган, айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Болалар омбудсмани Наманганда содир бўлган ҳолатни ўз кузатувига олингани, ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилишини билдирган.

Озодликка етиб келган маълумотларда педофилияда гумонланаётган наманганлик И. Б. аввал ички ишлар органларида ишлаб, ўша ердан пенсияга чиққани иддао қилинган, бироқ бу иддао ҳали расмий манбалар томонидан тасдиқланганича йўқ.

Солиқ қўмитаси картадан картага ўтган пулларни текшириши мумкин

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Марказий банк ва Солиқ қўмитаси шубҳали p2p ўтказмалари (картадан картага ўтказмалар) бўйича маълумотлар алмашинувини бошлаши мумкин, дея хабар қилди “Газета.uz”.

Нашр бу хулосага мамлакат президентининг ҳали жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқилмаган “Яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида”ги қарори лойиҳасини ўрганиб чиқиш асносида келган.

Қарор лойиҳасига мувофиқ, жисмоний шахсларнинг товарлар ва хизматлар учун картадан картага тўловларини “тартибга солиш” мақсадида Марказий банк ва Солиқ қўмитасига икки ой муддатда, агар маълум чегарадан ошиб кетса, шу турдаги операциялар бўйича ўзаро маълумот алмашиш тўғрисида меморандум имзолаш таклиф қилиняпти.

Нашр жисмоний шахслар учун лимит йилига 100 миллион сўм, тадбиркорлар учун эса йилига 500 миллион сўм қилиб белгиланиши мумкинлигига эътибор қаратган.

Хавфсиз каналлар орқали ўзаро маълумотлар базалари билан интеграциялашган тизимни 10 июлгача яратиш режалаштирилган. У маълумотни қайта ишлаши ва хавфларни аниқлаши керак”, дейилган хабарда.

Ўзбекистонда картадан картага ўтказиладиган пулларни текшириш ваколатини олишга уриниш аввал ҳам кузатилган эди. Хусусан, Солиқ қўмитаси томонидан 2020 йил апрелида таклиф қилган қарор лойиҳасида жисмоний шахсларнинг барча карталарига 30 миллион сўмдан ортиқ маблағ тушса ва p2p транзакциялари сони 10 тадан ошса, банклар бу ҳақда солиқ органларини хабардор қилиши тартибини жорий этиш кўзда тутилган эди.

Мирзиёевни ҳақоратлашда айбланган йигит 5 йилга қамалди — ОАВ

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Наманганда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон президентига қарши ҳақоратли изоҳлар ёзган 28 ёшли йигит судланди, дея хабар қилди Uznews нашри.

Нашр қайдича, Д.Турсунов исмли наманганлик шахс Facebook тармоғида очилган профилига 2023 йил 8 май куни “Ўзбекистон Президенти Москвада Ғалабанинг 78 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этади” номли мақоладан кўчириб олинган экран тасвирини жойлаштириб, ушбу постда Ўзбекистон президентини ҳақоратлаган ва унга туҳмат қилган.

Бундан ташқари, у Facebook орқали турли постларга давлатга қарши изоҳлар қолдирган”, деб ёзган Uznews маълумот олинган манбани келтирган эмас.

Нашрга кўра, судланувчи 2016 йил 26 сентябрь куни Ўзбекистондан Озарбайжонга бориб, 2016 йил 30 сентябрь куни у ердан фуқаролик паспортига дунёнинг барча мамлакатларига чиқиш учун махсус рухсат стикери расмийлаштирилмаган бўлса-да, белгиланган тартибни бузиб, Эронга кириб, қонунга хилоф равишда чет элга чиққан.

Суд ҳукми билан судланувчи Ўзбекистон Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисми (Ўзбекистон Республикаси Президентини омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан ёки Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда уни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш) ва 223-моддаси (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилган ва унга нисбатан 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Охирги бир йилда Ўзбекистонда ўндан ортиқ блогер ва тармоқ фаоли таъмагирлик ва президентни ҳақорат қилиш айбловлари билан узоқ йиллик қамоқ жазоларига тортилган.

“Ҳақоратланган” президент: Термизлик тармоқ фойдаланувчиси 5 йилга қамалди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:22 0:00

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти январь ойида эълон қилган йиллик ҳисоботда Ўзбекистонда 2023 йилда инсон ҳуқуқлари вазияти сезиларли даражада ёмонлашганини қайд этган эди.

Ўзбекистонлик ёш футболчилар Олимпиадага йўлланма олишди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Футбол бўйича 23 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида 29 апрель куни Ўзбекистон терма жамоаси Индонезия терма жамоаси устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Мазкур ярим финал ўйинида урилган икки гол ўзбекистонлик ёш футболчиларнинг финалга чиқишига асос бўлган.

Бу Ўзбекистон U-23 терма жамоасининг жорий йилнинг 26 июль — 11 август кунлари Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиадага йўлланмани қўлга киритганини ҳам англатади. Бу ўзбекистонлик ёш футболчиларнинг ўз тарихидаги илк Олимпиада ўйинлари бўлади.

Кечаги ўйин ортидан Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига табрик йўллаган президент Шавкат Мирзиёев жамоанинг Олимпия ўйинларига йўлланма олишини “эл-юртимизнинг неча йиллик буюк орзуси” дея ифода этган.

Осиё чемпионати финалида Ўзбекистон терма жамоаси Япония терма жамоасига қарши майдонга тушади.

U-23 Осиё кубоги Қатарда 15 апрель куни бошланган бўлиб, 3 май куни ўз ниҳоясига етади.

Президент давлат муассасаларини Янги Тошкентга кўчиришни буюрди

Янги Тошкент шаҳрини қуриш ташаббуси Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигида президент Шавкат Мирзиёев томонидан кўтариб чиқилган
Янги Тошкент шаҳрини қуриш ташаббуси Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигида президент Шавкат Мирзиёев томонидан кўтариб чиқилган

Ўзбекистонда ижроия ҳокимияти органлари Янги Тошкент ҳудудига кўчирилади. Бу ҳақда президент Мирзиёев томонидан шу йил 19 апрелида имзоланган “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида айтилган.

Ҳужжат билан бош вазир Абдулла Арипов етакчилигидаги Янги Тошкент шаҳрини қуриш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашга уч ой ичида республика ижро этувчи ҳокимият органларини Янги Тошкент шаҳри ҳудудига кўчириш, уларнинг маъмурий биноларидан самарали фойдаланиш ва уларни сотишдан тушадиган маблағларни ушбу ҳудудда маъмурий биноларни барпо этишга йўналтириш топширилган.

Янги Тошкент шаҳрини қуриш ташаббусини 2021 йил 31 августида президент Шавкат Мирзиёев кўтарган эди. Мирзиёев режасига кўра, Янги Тошкент Тошкент вилоятида Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғига қурилиши лозим. Янги Тошкентга пойтахтдаги давлат идоралари кўчирилиши, Тошкент шаҳри эса “яшил ҳудуд”га айлантирилиши айтилган.

Мирзиёевнинг "Янги Тошкент" лойиҳаси эски саволларни ўртага чиқармоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:35 0:00

Янги Тошкент лойиҳаси доирасида 20 минг гектар ерда 1 миллион аҳоли учун турар-жой бинолари, жумладан, биринчи босқичда 60 минг кишига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, 30 та мактаб, 20 та болалар боғчаси, касалхона ва 5 та поликлиника қурилиши назарда тутилган.

Тошкент вилояти кадастри ўтган йили вилоятнинг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан Янги Тошкент учун 19 минг 729,4 гектар ер ажратилиши, бу ерларнинг 12,9 минг гектари экин экиладиган жойлар экани ҳақида маълумот тарқатган эди.

Шавкат Мирзиёев бир ҳафталик таътилдан қайтди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қисқа муддатли меҳнат таътилидан қайтган. Бу ҳақда 29 апрель куни эрталаб президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълумот тарқатди.

Озодлик аввалроқ президент матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда Шавкат Мирзиёев 22 апрелдан қисқа муддатли таътилига чиққани ҳақида хабар қилган эди. Ўшанда бу таътил қанча давом этишига аниқлик киритилган эмас.

Мирзиёев таътилда бўлган пайтда Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистонга сафари доирасида Ўзбекистонга ташриф буюрган, бироқ унинг Ўзбекистон президенти билан учрашиб-учрашмагани ҳақида ҳеч қанақа расмий маълумот тарқатилмаган. Айни пайтда Кэмерон минтақанинг бошқа мамлакатларида бўлган чоғида давлат раҳбарларининг барчаси билан учрашгани маълум.

Янги ҳафта бошидан ишга қайтган Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни президент маслаҳатчилари, қатор вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини тинглаши билдирилган.

Volkswagen ва Volvo заводлари ўзбекистонликларни ишга таклиф қилмоқда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Словакиядаги Volkswagen ва Volvo заводлари ўзбекистонликларни ишга таклиф қиляпти.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотига кўра, Volkswagen ширкати ёши 18 дан 45 гача бўлган 240 нафар мутахассисни ишга олишини билдирган. Улар премиум автомобилларни ишлаб чиқариш, кабел агрегатлари, шасси ва интерьерни йиғиш, монтаж ишлари, диагностика ва автомобилларни синовдан ўтказиш йўналишида ишлаши айтилмоқда.

Рус тилини коммуникатив даражада билиш талаб қилинаётган номзодлар уч сменада ишлашлари, ойлик маош 1200−1600 евро орасида экани айтилган.

Volvo ширкати эса 150 нафаргача юк машинаси ҳайдовчиси ишга олинишини эълон қилган.

Ёши 18 дан 45 гача бўлган ҳайдовчилардан рус тилини коммуникатив даражада билиш ҳамда С ва Е тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб қилинади. Уларга ойига 1700−2400 евро миқдорида маош ташкил этилмоқда.

Жорий йил 2 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтказилган миграцияни тартибга солиш ва меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар тақдимотида Ўзбекистонда бундан буён чет элда ишлаш истагида бўлганларнинг ишчи визаси, йўл чиптаси, хорижий тил ва касб бўйича малакани баҳолатишга сарфлаган харажатлари қисман қоплаб берилиши айтилган эди. Тадбир чоғида чет тили бўйича халқаро ёки унга тенглаштирилган сертификат олган фуқарога тил ўрганиш учун сарфлаган харажатининг 50 фоизи қоплаб берилиши ҳам айтилган.

Ўзбекистон интеллектуал мулк бўйича “қора рўйхат”дан чиқарилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон интеллектуал мулк ҳуқуқий муҳофазаси ва ҳимояси ҳолати бўйича АҚШ Савдо вакиллигининг 301-махсус ҳисоботида кузатувдаги давлатлар рўйхатидан чиқарилган. Бу ҳақда маълум қилган Адлия вазирлиги Интеллектуал мулк департаменти қайдича, мазкур “қора рўйхат”га 2000 йилда киритилган Ўзбекистон 24 йилдан буён “кузатувдаги давлатлар рўйхати”да қолаётган эди.

Муайян давлатнинг “кузатувдаги давлатлар рўйхати”га киритилиши унда интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича жиддий муаммолар мавжуд эканлигини кўрсатади ҳамда бевосита хорижий корхоналар томонидан инвестициявий фаолиятни амалга оширишда алоҳида эътибор қаратилади”, дейилган Интеллектуал мулк департаменти хабарномасида.

Департамент вакиллари эътирофича, “қора рўйхат”дан чиқишга охирги беш йилда интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш тартибларини соддалаштириш, халқаро шартномаларга аъзо бўлиш ва ташқи алоқаларни ривожлантириш ҳамда ЖСТнинг интеллектуал мулк ҳуқуқлари савдо аспектлари тўғрисидаги битими (TRIPS) талабларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш йўналишида амалга оширилган тизимли ишлар ва бошқа ҳаракатлар натижасида эришилган.

Ўзбекистон интеллектуал мулк бўйича “қора рўйхат”дан чиқиши ортидан мазкур рўйхатда Марказий Осиё мамлакатларидан фақат Туркманистонгина қолган.

Виктор Маҳмудов Россиядаги анжуманда ташқи кучлар Марказий Осиёга босим ўтказаётганидан нолиди

Марказий Осиё давлатлари байроқлари (иллюстратив сурат)
Марказий Осиё давлатлари байроқлари (иллюстратив сурат)

Марказий Осиё давлатлари ўз миллий манфаатларини ҳисобга олмаган ҳолда танлов қилиш бўйича ташқи кучлар босимини ўз гарданида ҳис қилишда давом этишмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Махмудов Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўтаётган халқаро анжуманда билдирган.

“Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасини ташқи сиёсатдаги энг устувор йўналиш сифатида кўряпти ҳамда бу минтақада тинчлик, хавфсизлик ва ўзаро ишончни қарор топтириш бўйича фаол саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Кўп афсуслар бўлсинки, бугунги кунда Марказий Осий давлатлари минтақа мамлакатларини ўз миллий манфаатларини ҳисобга олмаган ҳолда танлов қилиш қаршисида қолдиришга уринаётган ташқи кучлар босимини ўз гарданида ҳис қилишда давом этмоқда”, дея иқтибос келтирган Россиянинг ТАСС агентлиги Виктор Махмудов сўзларидан.

Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши котиби мазкур баёнотни Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмероннинг Ўзбекистон дохил Марказий Осиё давлатлари бўйлаб дипломатик сафари ортиданоқ берган. Жорий ҳафтада Ўзбекистонга ташрифи олдидан Бишкекда бўлган Кэмерон Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган интервьюсида президент Садир Жапаров билан Қирғизистонда матбуот эркинлигига оид вазият ёмонлашгани ҳамда Россиянинг Украинага “ноқонуний бостириб кириши” ҳақида гаплашганини айтган эди.

Хабарларга кўра, Санкт-Петербургдаги анжуман кун тартибидан террорчиликка қарши кураш муаммоларидан ташқари ахборот хавфсизлиги, миллий ўзига хослик ва анъанавий қадриятларни сақлаб қолиш каби масалалар муҳокамаси ҳам ўрин олган.

МБ раиси: Илк чоракда Ўзбекистонга хориждан $2,5 млрд пул ўтказилди

Ўзбекистон Марказий банки раиси  Мамаризо Нурмуратов
Ўзбекистон Марказий банки раиси  Мамаризо Нурмуратов

Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга хорижий ўлкалардан 2,5 миллиард доллар миқдорида пул ўтказмалари келиб тушган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,6 фоизга кўпдир. Бу ҳақда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов 25 апрель куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида билдирган.

МБ раисига кўра, пул ўтказмаларининг катта қисми, аниқроғи 84 фоизи Россия ва Қозоғистондан келган. Айни пайтда Нурмуратов Россияда ишлаётган мигрантдан Ўзбекистонга келаётган пул ўтказмалари оқими камайиб бораётганини қайд этган.

Россиядан келаётган пул 68 фоизгача қисқарганини очиқлаган мулозим бу орада узоқ хориж ўлкаларидан келаётган пул ўтказмалари ҳажми ошганига эътибор қаратган.

Al Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни танқид қилди

Ўзбекистонда расмийлар ижтимоий тармоқлардаги норозилик ифодаси устидан назоратни кучайтиришган. Бу ҳақда Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг куни кеча ёйинланган йиллик ҳисоботида айтилган.

Тармоқда танқидий материаллар жойлаштиргани учун, иддао этилишича, сохта ва сиёсий сабабларга кўра камида 10 нафар блогер судланди”, дейилган ҳисоботда.

“Жаҳондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият” деб номланган ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисмида ўтган йили қорақалпоғистонлик фаоллар устидан ўтказилган суд ва Нукус воқеаларида уларга нисбатан ҳуқуқ-тартиботчилар томонидан ҳаддан зиёд куч қўлланилганига алоҳида боб ажратилган.

Ҳуқуқбонлар Қорақалпоғистондаги норозилик аёвсиз бостирилганидан кейин хавфсизлик кучларининг фақат уч нафар ходимигина жавобгарликка тортилганини қайд этишган.

“Қорақалпоғистондаги қийноқ айбловлари дохил зўравонлик ҳолатларини ўрганиш учун 2022 йил июлида тузилган парламент комиссияси йил охирига келиб ҳам ўз хулосалари тўғрисидаги ҳисоботни ёйинламади”, деб таъкидланган ҳисоботда.

Ўзбекистон конституциясига Қорақалпоғистон суверенитетига оид моддани олиб ташлашни ҳам ўз ичига олган тузатишлар киритиш лойиҳаси туфайли 2022 йил 1 июлида Нукусда норозилик чиқишлари бошланган эди. Эртаси куни Қорақалпоғистон пойтахтига етиб борган президент Мирзиёев, агар қорақалпоқ халқи норози бўлса, Конституциядаги республика мухториятига доир моддаларни алмаштирмасликка ваъда берган. Орадан бир неча кун ўтгач, Ўзбекистон парламенти Конституциянинг янги лойиҳасида Қорақалпоғистон суверенитетига оид моддани сақлаб қолиш ҳақида қарор қабул қилган.

Расмий маълумотларга кўра, Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар чоғида камида 18 киши қурбон бўлган. Норозилик чиқишлари пайтида 38 нафар ҳуқуқ-тартиботчи дохил 243 киши тан жароҳати олгани, норозилардан 516 нафари қўлга олингани айтилган. Тартибсизликлардаги асосий айбдор деб кўрилган Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалган.

Ҳисоботда келтирилишича, Ўзбекистон қамоқхоналарида жиноятчиликда гумонланган шахсларга нисбатан қийноқлар ҳали ҳам кенг кўламда қўлланмоқда, бу ишни амалга оширган масъуллар эса жазосиз қоляпти.

"Халқаро Амнистия" ташкилоти ҳисоботида Ўзбекистондаги гендер зўравонлиги, жинсий озчиликлар ҳуқуқлари, меҳнаткашлар ҳуқуқлари, атроф-муҳитнинг соғломлиги бўйича ҳақ-ҳуқуқлар ва бошқа муаммоларга ҳам тўхталинган.

Ҳисобот муаллифлари инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ вазият Ўзбекистондан ташқари Россия, Беларусь, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон каби постсовет ўлкаларида ҳам тобора ёмонлашиб бораётганига эътибор қаратишган. Булар қийноқ ва ғайриинсоний муносабат, сўз ва матбуот эркинлигини чеклаш, жинсий зўравонликка кўз юмиш, жинсий тенгликка йўл бермаслик, сиёсий ҳуқуқларни чегаралаб қўйиш, мустақил партиялар тузишга рухсат бермаслик, фуқароларнинг тинч йўл билан йиғилишига қаршилик қилиш ва намойишларни тақиқлаш, хориждаги танқидчиларни ватанга зўрлаб қайтариш ёки уларни ҳамкор ҳукуматлар ёрдамида қамоққа олиш, чет элдан грант ёки маош олганларни хорижий агент ёки вакил деб тамғалаш, диндорларга нисбатан босим ва тазйиқ, халқаро қонунларни бузиш, асоссиз ва адолатсиз судлов, болалар ҳуқуқларни оёқости қилиш, мигрантларни қабул қилмаслик ёки камситиш, аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳит соғломлигига бефарқлик кабиларда акс этган.

Ҳуқуқбонларга кўра, 2023 йилга келиб дунёдаги демократия даражаси 1980-йиллардаги ҳолатга қайтган. Ҳисоботда айниқса Украина ва Ғазо секторида инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши билан боғлиқ вазият ўта аянчли экани урғуланган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG