Линклар

Сирли тарзда йўқолиб қолган чеченистонлик қўшиқчидан ҳануз дарак йўқ


Зелимхан Бакаев

Москвада истиқомат қилаётган қўшиқчи Зелимхан Бакаевнинг қариндошлари у 8 августдан бери қаёққадир ғойиб бўлганини айтмоқда.

Чеченистонлик машҳур қўшиқчининг оиласи унинг қаерда экани хусусида маълумот талаб қилмоқда. У август бошида Чеченистонда дом-дараксиз кетган эди.

Бугунги кунга келиб, Чеченистондаги ҳукуматга қарашли ОАВ қўшиқчи Зелимхон Бакаев Германияда эканини иддао қилмоқда. Айни чоқда инсон ҳақлари ҳимоячилари маҳаллий хавфсизлик кучларини одам ўғирлаганлик ва инсон ҳақларини қўпол тарзда бузганликда айбламоқда.

Бироқ Грозний-ТВ давлат каналидан янграган ушбу иддао фақат YouTube каналига жойлаштирилган иккита видеороликка асосланади. Уларда Бакаевга ўхшаган бир киши Германияда вақтини чоғ ўтказаётгани ҳақида ҳикоя қилинади.

Видеороликлар шубҳа туғдиради. Уларнинг иккитасини YouTube каналининг фойдаланувчиси Артём Лебедев жойлаштирган. Роликлар Германиядан бошқа жойда тасвирга олинган ва Бакаевнинг қаерда эканини аниқлашга бўлган уринишларни чалғитиш учун Интернетга жойлаштирилган деб тахмин қилинмоқда.

Бакаевнинг сирли йўқолиб қолиши ва қўққисдан қайта пайдо бўлиши Чеченистон хавфсизлик кучларининг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ хавотирлар янграётган пайтда пайдо бўлди. Хавфсизилк кучлари қонунбузарлик, хусусан, одамларнинг йўқолиб қолиши, қийноққа солиниши ва ўғирлаб кетилишида айбланмоқда. Бундан олдинроқ ушбу минтақадаги ноанъанавий жинсий мойиллиги бор кишиларнинг ҳақлари поймол қилингани ва уларни қийноққа солиш кампанияси ўтказилганига оид маълумотлар пайдо бўлган эди. Ушбу кампания илк марта суриштирув ўтказишга ихтисослашган “Новая газета”да ёритилганди.

“На ваҳҳобий ва на террорчи”

Қариндошлари Москвада истиқомат қиладиган қўшиқчи Бакаевнинг 8 августдан бери дом-дараксиз кетганини айтмоқда. Бир қариндошининг 16 августда “Озодлик” радиосига билдиришича, Бакаев август ойи бошида синглисининг тўйида қатнашгани Чеченистон пойтахти Грозний шаҳрига келган.

Унинг қаерда экани хусусида саволлар пайдо бўлгач, орадан бир неча кун ўтиб, Чеченистоннинг матбуот ва ахборот вазири Жамбулат Умаров Бакаев соғ-саломат экани ва “тез орда кўриниш бериши”ни айтди. Бироқ у бу гапни қаердан олгани ҳамда қўшиқчининг қаерда эканини маълум қилмади.

Шу билан бирга у Бакаевнинг на ваҳҳобий ва на террорчи эканини, унга қонунни қўлловчи идоралар дахл қилмаганини билдирди.

Чеченистон ҳукумати қонунбузарликда айбланмоқда

Чеченистон ўзининг қаттиққўл етакчиси Рамзан Қодиров раҳбарлигида 90-йиллар бошидан бошланган ва республикани вайрон қилган қақшатқич уруш ва бузмакор қўзғолонларни тинчитди. Қодиров Грозний шаҳрининг қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборган қурилиш ишларига бош-қош бўлди.

Лекин Кремль танқидчилари президент Владимир Путин Қодировга Чеченистонни бўлгинчилик ва қонунбузарликларга йўл бермайдиган тарзда бошқаришга рухсат берганини айтиб келади. Чеченистон Россиянинг мусулмонлар кўп яшайдиган минтақаси ҳисобланади.

Апрель ойида “Новая газета” Чеченистондаги хавфсизлик кучлари ноанъанавий жинсий мойиллиги бор кишиларни бир жойга йиғиб, қийноққа солгани ҳақида хабар тарқатган эди.

“Ўғлим бирор жойга бормоқчи бўлса, бизга айтиб кетар эди”

Жорий ойнинг бошида Бакаевнинг онаси Қодировга ўғлини топишда ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди. Лекин республика Ички ишлар вазирлигидаги манбанинг маълум қилишича, Бакаев “ўзи кетгани сабабли” унинг йўқолиб қолишига оид жиноят иши очилмади. Энди ушбу хабар Чеченистон раҳбариятига етиб борган ва улар ушбу масалани ўрганмоқда.

Баваевнинг дўсти “Озодлик” радиосининг Шимолий Кавказ хизматига қўшиқчининг мамлакатдан чиқиб кетиш режаси ҳам, унинг Европа иттифоқига киришига изн берадиган Шенген визаси ҳам бўлмаганини айтди.

Бакаевнинг онаси эса видеороликлар YouTube каналига қўйилишидан олдин “Озодлик” мухбирига, “ўғлим бирор жойга борадиган бўлса, бизга айтиб кетар, мен у қаерга боришини ҳар доим билар эдим”, деб айтган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG