Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:33

Чечен аёллари сўнгги йилларда камроқ туғмоқда


Кейинги 10-15 йил ичида Чеченистонда туғилиш даражаси ўта юқори, ўлиш даражаси эса анча паст бўлди. Натижада Чеченистон Россиянинг аҳоли сони энг тез ўсиб бораётган ҳудудларидан бирига айланди.

Расмий маълумотларга кўра, Чеченистон аҳолиси 2008 йилнинг 1 январида 1 миллион 205 минг кишини ташкил қилган. Бу кўрсаткич 2010 йилнинг октябрига келиб 1.269 миллионга, 2015 йилнинг ноябрида эса 1.391 миллионга етган.

Чеченистон аҳолисининг камида ярмининг ёши ҳали 30 га тўлгани йўқ.

Айни дамда Чеченистонда туғилган болалар сони 2004 йили 25800 нафар бўлган. 2009 йилга келиб бу кўрсаткич 36532 га етган. Аммо кейинги йилларда туғилганлар сони озайган: 2012 йил 34770, 2015 йил эса 29498 чақалоқ туғилган. 2016 йилнинг илк олти ойи давомида эса туғилиш даражаси 6,9 фоизга қисқарган. Бу Россия бўйича энг йирик қисқаришдир.

Болалар ўлими даражаси ҳам тушган. Бу кўрсаткич 2012 йилда ҳар 1000 туғилишга 24,9 ҳолатни ташкил этгани ҳолда 2011 йилга келиб 11,8 ҳолатгача пасайган. Аммо бу қисқариш туғилишлар сонидаги ўзгаришдан анча оздир.

Туғилиш даражасининг пастлашига бир неча омил таъсир қилган бўлиши мумкин.

2000 йиллар охирида оила қурганлар, яъни 2004-2009 йиллардадаги ўсишга туртки бўлган оилаларда ҳозир икки ёки уч фарзанд бўлиб, улар моддий сабабларга кўра ёки Чеченистондаги ҳозирги вазият туфайли бошқа фарзанд қилмасликка қарор қилган бўлишлари мумкин. Чеченистоннинг қаттиққўл президенти Рамзан Қодиров мамлакатда қўрқув муҳитини юзага келтирган.

Туғилиш даражаси 2009 йил энг юқори кўрсаткичга етгани ҳайратланарли эмас. Чунки 2007 йил Рамзан Қодиров мамлакат президенти этиб тайинланган ва унга чечен жамиятини исломий ҳамда қаттиққўл мафкурага таяниб ўзгартиришига эрк берилган.

Қодиров ҳамда унинг атрофидагилардан ҳайиққан минглаб чеченистонлик Россияни тарк этди. Инсон ҳуқуқлари фаоли Светлана Ганнушкина 2013 йил бутун бошли кўча турғунлари уйларини сотиб, автобусда ғарб томон йўл олаётганини айтган эди. Тарк этаётганларнинг оз қисми расмийларга бу ҳақда хабар беради. Шу сабаб расмий рўйхатдан ўтган ҳамда аслида мамлакатда яшаётганлар сони ўртасида йирик тафовут юзага келган.

2013 йил олмон матбуоти 10 мингга яқин чеченистонлик Германияда бошпана излагани ҳақида ёзди. Чеченистон ҳукумати эса буни рад этди.

Германия ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, 2016 йилнинг январь-май ойларида 2244 нафар чеченистонлик Германиядан сиёсий бошпана сўргаган.

XS
SM
MD
LG