Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:40

Ўзбек чегарачилари отиб ўлдирган уч қирғизистонлик бир оиладан бўлган


Ўзбекистон чегарачилари отган уч қирғизистонликнинг дафн маросими пайтида олинган сурат. Тепақўрғон қишлоғи, 2022 йилнинг 6 майи.
Ўзбекистон чегарачилари отган уч қирғизистонликнинг дафн маросими пайтида олинган сурат. Тепақўрғон қишлоғи, 2022 йилнинг 6 майи.

Ўзбек чегарачилари ўқидан ҳалок бўлган уч қирғизистонлик бир оила аъзолари бўлгани тўғрисида Озодлик радиоси қирғиз хизматига 6 май куни Жалолобод вилоят Олабуқа туманидаги Актам қишлоқ ҳукумати раиси Мирлан Қамчибеков маълум қилди. Унинг айтишича, ҳалок бўлганлар 48 ёшдаги ота ва унинг 24 ҳамда 22 ёшдаги ўғилларидир.

“Сўнгги беш йилда мазкур чегара ҳудудида ўқ отилмаган эди. Ҳозир ўзбек ва қирғиз чегарачилари музокара ўтказмоқда. Аскарлар ҳодиса содир этилган ҳудудни ўраб олган”, -деб таъкидлади Мирлан Қамчибеков.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳам 6 май куни ҳодиса юзасидан расмий маълумот тарқатди.

“2022 йилнинг 5 май куни ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Оқтом қишлоғи ҳудудидан ўтган қисмида бир гуруҳ номаълум шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасидан Қирғизистонга ноқонуний равишда кўп миқдордаги товар-моддий бойликларини олиб ўтилаётганлиги ўзбек чегара нарядлари томонидан кузатилган ва ушбу қонунбузарликни олдини олиш бўйича чоралар кўрилган.

Чегара наряди томонидан Давлат чегараси бузғунчиларини қўлга олиш вақтида, қоидабузарларнинг бир гуруҳи ҳарбий хизматчиларга нисбатан қаршилик кўрсатиб, куч ишлатиб, тан жароҳатлари етказган ва қуролларни олиб қўйишга ҳаракат қилган.

Ушбу ҳолатда ҳарбий хизматчилар қонунчиликда белгиланган тартибда қурол қўллашга мажбур бўлганлар. Натижада, 3 нафар шахслар яраланиб, уларнинг жиноий шериклари томонидан Қирғизистон ҳудудига олиб кетилган”,-дейилади Ўзбекистон томони тарқатган расмий баёнотда.

Билдирилишича, ҳолат юзасидан Ўзбекистон томонидан 6 май куни Жиноят Кодексининг 223-моддаси (“Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш”) билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қирғизистон чегара хизмати 5 май куни Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистоннинг уч фуқаросига қарши қурол ишлатгани ҳақида хабар берганди. Қирғиз томони расмий баёнотида ўзбек чегарачилари яралаган фуқаролар Олабуқа туман касалхонасига етказилгани ва ўша ерда ҳушига келмасдан вафот этгани таъкидланган.

Қирғизистон Чегара хизмати тергов тадбирлари бошланганини қўшимча қилган, бироқ ҳодисага оид бошқа тафсилотни очиқлаган эмасди.
Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара узунлиги 1378 километрни ташкил қилади. Шундан 85 фоизи ёки 1170 километри аниқланиб, 2017 йилги шартнома билан ратификация қилинган. Яна 10 фоиз бўйича келишувга эришилган, қолган 5 фоиз чегара масаласи эса ҳал этилмаган эди.

Бироқ ўтган йилнинг март ойида Қирғизистон МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев “Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегараси масаласи 100 фоиз ҳал этилган”ини айтган.

XS
SM
MD
LG