Линклар

Шошилинч хабар
15 май 2021, Тошкент вақти: 20:35

Чехия Россияга ультиматум қўйди


Россиянинг Чехиядаги элчиси Александр Змеевский Чехия ташқи ишлар вазири Якуб Кулханек билан учрашувга келмоқда. 21 апрел, 2021 йил

Чехия Москвадаги элчихонасининг четлатилган ходимларига 22 апрель куни тушга қадар ишга қайтишга рухсат берилмаса, янада кўпроқ россиялик дипломат мамлакатдан чиқариб юборилиши ҳақида Россияни огоҳлантирди.

Чехия Врбетице қишлоғида жойлашган ўқ-дори омборида 2014 йили содир бўлган портлашда Россиянинг қўли борлиги гумон қилинмоқда. 19 апрель куни Чехия томонидан Россия разведка хизмати ходимлари экани аниқланган 18 нафар россиялик дипломат Прагадаги ишидан четлатилди. Бунга жавобан Москва Чехия элчихонасининг 20 ходимини бадарға қилди.

21 апрель куни Чехия ташқи ишлар вазири Якуб Кулханек журналистларга:

"Россия эртага соат 12:00 гача барча четлатилган дипломатлар Москвадаги Чехия элчихонасига қайтишига изн бериши керак", деди.

"Агар улар қайта олмаса, мен Россиянинг Прагадаги элчихонаси ходимлари сонини қисқартираман", деди 21 апрель куни вазир этиб тайинланган Кулханек.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Прага "ультиматумларни НАТО доирасидаги коммуникация билан чеклаши" кераклигини айтди.

"Россия билан бундай оҳангда мулоқот қилиб бўлмайди", деди Захарова.

Унинг сўзларига кўра, 22 апрель куни Чехия элчиси чақиртирилади.

Кремль Прага айбловларини "асоссиз" дея таърифлаб, уларни рад этмоқда.

Россиянинг Прагадаги элчиси чақиртирилганидан сўнг сўзлаган Кулханек Москванинг жавоби "номутаносиб" экани ва Чехия элчихонаси ишини фалажлаганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, Чехиядан 18 нафар рус дипломатининг чиқариб юборилгани "Россия элчихонаси фаолиятига зиён етказмаган".

Чехия Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳозир Москвадаги элчихонада 5 дипломат ва 19 нафар бошқа ходим қолди.

Вазирликнинг билдиришича, Россиянинг Прагадаги элчихонасида ҳозирда 27 дипломат ва 67 нафар бошқа ходим бор. Иккала мамлакатнинг ҳам бошқа шаҳарлардаги консулликларда қўшимча ишчилари бор.

Можаро зўраяр экан, Чехия ҳукумати Россиянинг "Росатом" давлат корпорациясини Дуковани атом электр станциясида янги блок қуриш бўйича миллиардлаб доллар қийматга эга тендердан четлатди.

Кулханек лавозимига тайинланишидан олдин ташқи ишлар вазири лавозимини бажарган ички ишлар вазири Ян Гамачек Прага Россиянинг COVID-19га қарши "Спутник V" вакцинасини харид қилиш ниятидан воз кечганини билдирди.

Ўтган ҳафта Чехия ҳукумати 2014 йил октябрида Врбетице қишлоғидаги ўқ-дори омборида юз берган портлашда Россия махсус хизматларининг қўли бўлиши мумкинлиги ҳақида баёнот берган эди.

2014 йил октябрь ойида содир бўлган портлаш оқибатида 50 тонна ўқ-дори ёнган, икки киши ўлганди. Орадан икки ой ўтгач, омборда яна бир портлаш содир бўлиб, 13 тонна ўқ-дори йўқотилган.

"The Insider" нашрига кўра, чех ҳукумати 2018 йил охирларида‑ёқ омбор айнан россиялик агентлар томонидан портлатилгани тўғрисида маълумотга эга бўлган, аммо муайян сабабларга кўра улар энди эълон қилинмоқда.

Чехия ҳукуматига кўра, ГРУ агентлари мамлакатда 2014 йилнинг 11–16 октябрь кунлари бўлган ва биринчи портлаш содир бўлган 16 октябрда Россияга жўнаб кетган. Икковлон Чехияга Руслан Боширов ва Александр Петров номига олинган сохта паспортлар билан кирган.

Британия махсус хизматлари ушбу агентлар 2018 йилда Сергей ва Юлия Скрипалларни заҳарлаш учун Буюк Британияга борганида ҳам шу паспортлардан фойдаланганини айтиб келади.

XS
SM
MD
LG