Линклар

Шошилинч хабар
14 май 2021, Тошкент вақти: 22:46

The Insider бош муҳаррири: Россия Бош разведка бошқармаси агентлари фақатгина Чехияда ишламаган


“The Insider” нашри бош муҳаррири Роман Доброхотов

“The Insider” нашри бош муҳаррири Роман Доброхотов Чехиянинг Врбетице қишлоғидаги ўқ-дори омборлари портлаши ва бунда чех ҳукумати Россия Бош разведка бошқармаси (БРБ – ГРУ)нинг икки жосуси – 29155-сонли махфий қисм зобитлари Анатолий Чепига ва Александр Мишкинларни айблаётгани юзасидан изоҳ берди.

Доброхотовга кўра, чех ҳукумати 2018 йил охирларидаёқ омбор айнан россиялик агентлар томонидан портлатилгани тўғрисида маълумотга эга бўлган, аммо муайян сабабларга кўра улар энди эълон қилинмоқда. Шунингдек, у икки кишининг ўлимига сабаб бўлган Чехиядаги портлашлардан ташқари, Болгарияда юз берган худди шундай воқеаларда ҳам Чепига ва Мишкиннинг қўли бўлишини мумкинлигини айтади.

Чехия ҳукуматига кўра, ГРУ агентлари мамлакатда 2014 йилнинг 11–16 октябрь кунлари бўлишган ва биринчи портлаш содир бўлган 16 октябрда Россияга жўнаб кетишган. Икковлон Чехияга Руслан Боширов ва Александр Петров номига олинган сохта паспортлар билан киришган.

Британия махсус хизматлари ушбу агентлар 2018 йилда Сергей ва Юлия Скрипалларни заҳарлаш учун Буюк Британияга борганида ҳам шу паспортлардан фойдаланганини иддао қилади.

Ёйинланган маълумотларга қараганда, Мишкин билан Чепига биринчи портлаш юз беришидан аввалроқ Николай Попа (Молдова фуқароси) ва Руслан Табаров (Тожикистон фуқароси) номидаги паспортлар нусхасини кўрсатиб омборга кириш учун рухсат олмоқчи бўлган.

– Нима деб ўйлайсиз, чех хавфсизлик хизматлари Врбетицедаги портлашни ким уюштирганидан хабар топганига анча бўлганми?

– Биз кўриб турган далиллар 2018 йил охири – 2019 йил бошларида‑ёқ чехларнинг қўлига теккан бўлса керак, чунки ўшанда Мишкин билан Чепиганинг ҳақиқий исмларини фош қилган эдик. Шунингдек, Петров ва Боширов қалбаки фамилиялар эканлиги ва улар Прагага учиб келишгани ҳам маълум эди. Яъни ўша пайтлардаёқ текширув ўтказиш лозим эди. Билишимча, чех ҳукумати бу ўртоқлар билан чинакамига қизиққан.

Шу боис, улар Чехиянинг айнан қаерларида бўлгани тўғрисида чех махсус хизматларида маълумот бордир, деб ўйлайман. Айни чоғда, улар шунчаки "Петров" билан "Боширов" мамлакатга учиб келганидан воқифлигини, сохта паспортлардан фойдаланишгани сабабли уларнинг мамлакат ичидаги ҳаракат нуқталарини билмасликлари мумкинлигини истисно этмайман. Балки шунинг учун ҳам текширув узоққа чўзилгандир.

Чех журналистларидан эшитишимизча, мамлакатда путинпарастлар ва уларга қарши кучлар ўртасида жиддий кураш бўлган ва ҳануз давом этмоқда. Президент Земан ва тарафдорлари бир томондан, уларнинг мухолифлари, жумладан, куч ишлатар идоралар ходимлари иккинчи томондан қаттиқ курашмоқда. Бинобарин, ушбу масалани қўзғамай туриш учун президентда ва махсус хизматларда қандайдир ички сиёсий сабаб бўлган бўлса ажаб эмас.

– Сизнингча, россиялик жосуслар аввал‑бошдан Чехияда портлаш уюштиришни кўзлаганми ёки, махсус хизматлар таъкидлаганидек, портлашлар ушбу қуроллар жўнатилажак мамлакат – Болгарияда юз бериши керакмиди?

– Жуда қизиқ савол. Ҳозирда махсус хизматлар, гўё портлаш Чехия ҳудудида бўлмаслиги кераклигини ва тасодифан шундай бўлиб қолганини иддао қилмоқда. Бу менга мутлақо тушунарсиз. Биринчидан, махсус хизматлар портлаш бевақт содир бўлганини қаёқдан билган? Иккинчидан, умуман, “кечиктирилган портлаш”ни қандай режалаштириш мумкин?

Техник жиҳатдан бу мен учун буткул тушунарсиз. Бирор жойга бомба қўяр экансиз, уни бошқа мамлакат ҳудудида портлайдиган қилиб ўрнатиш ниҳоятда мураккаб иш. Қолаверса, барчасини Чехия ҳудудида портлатиш мумкин бўлганида Болгария ҳудудида буни амалга оширишнинг нима ҳожати бор?

Бу ерда бир сиёсий ишора йўқмикан, деб ўйлайман. Гўё: “Кўринглар, чехларнинг дахли йўқ, қуроллар бошқа мамлакатда портлаши керак эди, тасодифан шундай бўлиб қолди”, дегандек. Балки икки мамлакат алоқаларидаги тарангликни шу тариқа бир оз юмшатмоқчи бўлишаётгандир.

Биз, яъни “Bellingcat” инсайдерлари баъзи тафсилотларни эълон қилмоқчимиз. Чехлар тарқатган маълумотларни текшириб, каттагина қисми ҳаққонийлигига ишонч ҳосил қилдик, шунингдек, Чехия ва Болгарияда портлашлар айнан қандай юз берганига доир майда тафсилотларни топишга ҳам муваффақ бўлдик. Эсингизда бўлса, тахминан ўша вақтларда, бир оз вақт жтиб Болгарияда ҳам иккита ўқ-дори омбори портлаган эди. Булар бари битта катта воқеани ташкил қиладики, уни яхлит ҳолича ҳикоя қилиш керак.

– Чехияда портлатилган қуролларга Емельян Гебревнинг дахли борми?

– Ҳа, энди буни сир сақлашдан маъно қолмади. Менимча, бу воқеаларда Гебрев бевосита алоқадорлигини ҳамма фаҳмлаб бўлгандир, ахир айнан у ўша омборлар орқали қурол-яроқ савдосини юритарди-да. Портлашлардан бир неча ой ўтиб Гебрев, ўғли (у отаси билан бирга ишларди) ҳамда топ-менежери – учови асабни фалаж қилувчи модда (“Новичок” эмасмикан?) билан заҳарланиши ҳам асло тасодиф эмас.

Дарвоқе, кўпчиликнинг ёдидан кўтарилган бир ғаройиб факт: Финляндиянинг VERIFIN лабораториясида сақланаётган Гебревнинг таҳлил натижалари сирли равишда ғойиб бўлган. Владимир Кара-Мурзанинг таҳлиллари каби.

Хуллас, аллақандай сиёсий ўйинларни деб бизга ахборот тўлалигича берилмаяпти. Аммо Чехиядаги, Болгариядаги портлашлар ҳамда Гебревнинг заҳарланишини – Кремлнинг қурол-яроғлар Украинага етиб бормаслиги учун амалга оширган йирик махсус операцияси деб аташ учун етарлича маълумотга эгамиз.

– Бу портлашлар қўпорувчилик ҳаракати, махсус операция эканлиги бошидан аён эдими?

– Ҳа, иккинчи портлашдан кейин шубҳа қолмади. Чехияда биринчи портлашга айтарли парво қилишгани йўқ: начора, ҳарбий омборлар гоҳо портлаб туради-да. Лекин роса бир ҳафта ўтиб биринчи омбордан бир чақирим нарида иккинчи портлаш юз бергач, вазиятни кузатаётганлар бунақаси тасодиф бўлмаслиги, қандайдир диверсия бўлаётгани ҳақида гапира бошлади.

Барчаси Украина ва Сурияда уруш кетаётган даврда рўй берди. Ўшандаёқ шубҳа-гумонлар фақат Россияга қаратилди. Бироқ матбуот бу воқеаларни жиддий ёритгани йўқ, чунки бошқа мавзулар кўп эди, чунончи, жамоатчилик асосан Украинада юз бераётган воқеаларни, Россиянинг у ердаги кирдикорларини кузатиш билан банд эди. Шу сабабли Чехия ва Болгариядаги воқеалар панада анча қолиб кетди.

– Врбетицедаги портлашлар ва икки кишининг ўлими учун Россияни жавобгарликка тортса бўладими?

– Мана, ишда далил-исботлар пайдо бўла бошлади, муайян ҳуқуқий оқибатларга ҳам навбат келади, албатта. Айрим оқибатларни ҳозирданоқ кўриб турибмиз – мен россиялик айғоқчилар бадарға қилинаётганини назарда тутяпман. Гап шунчаки 18 чоғли дипломат ҳақида эмас: Чехия бу одамлар Ташқи разведка хизмати (СВР) ёки ГРУга ишлаган, деб рўй-рост айтмоқда. Бу ўз-ўзидан 18 кишининг дипломат ниқобида айғоқчилик қилганини англатади.

Умуман олганда, бу дипломатия меъёрларининг ўта жиддий бузилишидир. Битта элчихонанинг шунча ходими мезбон мамлакатдан ҳайдалиши жаҳон дипломатияси тарихида илгари ҳеч кўрилмаган ҳолдир. Ва бу Россия-Чехия муносабатларининг аҳволидан дарак бериб турибди.

Охирги бир ярим йилда Россия-Болгария алоқаларида ҳам туб бурилиш бўлди: болгарлар ҳам Россия дипломатларини тез-тез бадарға қилиб турибди.

Болгарияда ҳам, Чехияда ҳам Россия махсус хизматлари элчихоналарни ўзларининг маҳаллий қароргоҳига айлантириб олган экан. Болгариядаги элчихона орқали бутун Болқон минтақаси, Чехиядаги элчихона орқали эса Марказий Европа жосуслар тармоғи билан қоплаб олинган.

– Россия билан дипломатик алоқалар, унга нисбатан икки томонлама сиёсат энди ўзгарадими?

– Россиянинг Шарқий ва Марказий Европа мамлакатларига нисбатан ташқи сиёсати стратегик эмас, балки тактик характерда эди, яъни у кечиктириб бўлмас муайян вазифаларни бажаришга йўналтирилганди. Ва бу мамлакатлар ҳудудида қотиллик, теракт ва заҳарлашни ўз ичига олган бундайин катта операциялар амалга оширилганда, эртами-кечми, миси чиқиши бошиданоқ аён эди. Бу кирдикорларни қилган одамлар албатта топилиши, давлатнинг иштироки исботланиши маълум эди. Ёпиқ қозон бир куни ахийри очилиши керак эди. Ўша кун келди, мана. Қилинган ёмонликлар учун жавоб бериш фурсати етди.

Марказий ва Шарқий Европани қўятурайлик, Британияда Скрипаллар ишида ҳам шундай сурбетларча иш тутишган. Литвиненкони заҳарлаб жазосиз қолишганида охиригача шундай давом этади деб хомхаёл қилишган шекилли. Кейин Скрипалларни ҳам бемалол заҳарласа бўлади деб ўйлашди. Бунақа бўлмайди энди. Эртами кечми, қилмишларинг бадалини тўлайсан.

Ўйлаб ўйимга етолмайман: нақадар калтабин сиёсат! Болгария ва Чехия, бошқа Болқон давлатлари, Австрия, Венгрия – Россияда инсон ҳуқуқлари муттасил поймол этиб келинганига, Украинада уруш оловини ёққанига қарамай Россия билан илиқ муносабатда эди. Россия ҳукумати уларнинг ҳаётига ниҳоятда қўполлик билан аралашиб, давлат терроридан фойдаланиб худдики ўз қўлини кесгандек бўлди.

Энг асосийси, портлашлар юз берган пайтда дастлабки Минск протоколлари имзоланиб бўлинган, яъни Украина билан урушнинг асосий қайноқ палласи ортда қолганди. Яъни терактларни содир этишга ҳеч қандай зарурат йўқ эди. Хуллас, ҳар қанақасига олманг аҳмоқона ва шабкўр сиёсат олиб борилган.

Россия айбини тан олиши ва портлашлар ижрочиларини топшириши мумкинми?

– Биз ушбу терактлар, жумладан, Гебревни заҳарлашда иштирок этган деярли барча ГРУчиларнинг таржимаи ҳолларини биламиз. “Боширов” ва “Петров”ларни қўшиб ҳисоблаганда ўнга яқин киши, аксариятининг таржимаи ҳоли давомини ҳам тахмин қила оламиз. Улар турли лавозимларда ва минтақаларда Россия давлатига ишлашда давом этмоқда. Яъни, улардан бирортасини кислота тўла бочкада эритишганидан ёки ими-жимида йўқ қилиб юборишганидан бехабармиз. Барчалари ҳаётидан рози бўлишса керак деб ўйлайман.

Хуллас, токи Владимир Путин ҳокимият тепасида экан, улар ўзлари учун бирор салбий оқибатни кутмасалар ҳам бўлади. Россиянинг бу портлашлар бўйича ўтказилаётган текширувга ёрдам беришини, айбдорларни ўз қўли билан халқаро судга топширишини сира тасаввур қила олмайман. Бунақа бўлиши мумкин эмас.

XS
SM
MD
LG