Линклар

Шошилинч хабар
25 сентябр 2021, Тошкент вақти: 02:15

Чиплаштириш, аутизм ва фитналар. Инфодемия ёки ёлғон ахборотлар пандемияни зўрайтирмоқда (ВИДЕО)


Дунё бўйлаб COVID-19 вирусидан эмлашга қарши оммавий норозилик давом этмоқда. Франция ва Грецияда минглаб одамлар кўчага чиққан. Улар ҳам карантин чекловларига, ҳам вакциналарга қарши намойиш ўтказмоқда. Янги дори ва унинг оқибатлари одамларга вируснинг ўзидан ҳам даҳшатлироқ туюляпти. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунёда пандемия билан ёнма-ён инфодемия тарқалмоқда, деб ҳисоблайди.

“Настояшчее время” телеканали шу ҳақда махсус материал тайёрлади.

Греция пойтахти Афинада митингчилар православ иконалари ва хочларини, “Фарзандларимиздан қўлингни торт!” деб ёзилган плакатларни кўтариб чиқишди. Митинг ўтган ҳафтада бўлган эди ва у полиция билан тўқнашувларга олиб келди. Шу кунларда эса Парижда янада каттароқ норозилик чиқишлари бўлиб ўтмоқда.

“Улар мени ишдан бўшатишлари мумкин, лекин менга барибир. Эмланишни хоҳламайдиган биз кабилар ишсиз қолишимиз мумкин”, дейди Париждаги митинг иштирокчиларидан бири.

Бу аёл ижтимоий хизмат ходими бўлиб, қариялар уйида ишлар экан. Франция президенти Эммануэл Макрон 12 июль куни тиббиёт ходимлари учун эмланиш мажбурий бўлишини эълон қилди. Одамлар бунга норозилик чиқишлари билан жавоб бермоқда.

Нега? Нима учун пандемия даврида аҳолини эмлашдек шак-шубҳасиз ва мантиқий чора турли мамлакатларда қаршиликка учрамоқда? Негаки жаҳонда фақат коронавирус пандемиясидан ташқари инфодемия деган бало ҳам шиддат билан ёйилмоқда.

Мазкур терминни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва БМТ муомалага киритган. Инфодемия – ёлғон миш-мишлар оқими, текширилмаган ёки атай бузиб кўрсатилган ахборот, муқобил ва ишончсиз муолажаларни тиқиштириш ва маълумотларнинг ҳаддан зиёд кўплигидир. Булар бари ҳар биримизга таъсир этади. Бироқ кимлардир қаршилик кўрсатади, қолганлар эса жабр тортади. Инфодемия одамларни ҳалокатга элтади.

“COVID-19” пандемияси вақтида ёлғон маълумотлар шунга олиб келдики, одамлар хавф-хатар зўрайиб бораётганига қарамай ниқоб тақишдан бош торта бошлашди. Улар ишончли даволаш усулларини ва эмловни рад этишди. Натижада касаллик авж олиб, ўлим кўпайди – ҳолбуки бунинг олдини олиш мумкин эди. Қисқаси, дезинформация кўп одамлар умрига зомин бўлди”, дейди АҚШ бош санитар врачи Вивек Мурти.

Эмланишдан бош тортган америкаликларнинг ярмидан ортиғи федерал ҳукумат ёки шартли Билл Гейтс шу йўл билан аҳолига микрочиплар ўрнатишга уринаётгани ҳақидаги фитна назариясига ишонади – “The Economist” журнали ҳамда Британиянинг маълумотлар таҳлилига ихтисослашган “YouGov” фирмаси ҳамкорликда ўтказган сўров натижалари шуни кўрсатмоқда. Сўровда жами 1500 киши қатнашган.

Вакцина билан одам танасига микрочип ўрнатилаётганига ишонадиганлар Россияда ҳам кўп. Масалан, хизмат кўрсатган режиссёр Никита Михалков бу ҳақда бутун бошли фильм суратга олганди.

“Бу чипларни бошқарадиганлар сизни бошқариш учун тўлиқ имкониятга эга”, дейди у.

Дарвоқе, Михалковнинг ўзи ҳам “чипланган”. Лекин айнан қайси вакцина билан – бунисини билмаймиз.

Бунга ўхшаш фильмлар бошқа мамлакатларда ҳам ишланди. Уларни катта аудитория ишончига сазовор кишилар суратга олмоқда. Масалан, Францияда 2020 йилда “Талон-торож” фильми чиққан эди. “YouTube”дан ўчирилгунича уни миллионлаб одам томоша қилди, ҳатто Софи Марсодек машҳур актриса уни ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида бўлишган эди.

“Талон-торож”да коронавирус пандемияси ёрдамида фуқароларни назорат қилишни кўзлаган дунё элиталарининг глобал фитнаси мавжудлиги иддао қилинади. Фильмни собиқ журналист Пьер Барнериас суратга олган. Лойиҳа учун маблағни у хайрия йўли билан тўплаган. Фильмда оддий фуқаролар ва машҳурлар, жумладан, Франциянинг собиқ соғлиқни сақлаш вазири Филипп Дуст-Блазининг фикрлари жамланган.

“Талон-торож” аллақачон экспертлар ҳамда фактларни текшириб кўрган оддий одамлар томонидан фош қилинган. Аммо Франциянинг “Le Figaro” нашри мухбирлари сўнгги митинглардан хабар беришича, оломон ҳануз пандемия “аввалдан режалаштирилган”ини ва “булар бари лабораториялар қуриш учун пул тўплаш мақсадида қилинаётган”ини муҳокама қилмоқда экан.

Вакцинага қўшиб одам танасига киритиладиган микрочиплар назарияси ҳамда дори-дармон ишлаб чиқарувчи йирик ширкатлар фитнаси назариясидан ташқари, эмдори инсон ДНКсини ўзгартиради, аутизм касаллигини қўзғатади ёки шунчаки ўлдиради мазмунидаги янглиш қарашлар ҳам кенг тарқалган. Бу “маълумотлар”нинг бари ижтимоий тармоқларда айланмоқда.

Америка Рақамли адоватга қарши кураш маркази “Facebook” ва “Twitter”нинг Америка сегментида ёлғон ва сохта ахборотнинг катта қисми атиги 12 киши томонидан ёйилаётганини аниқлаган эди. Ташкилот май ойида эълон қилган мазкур ҳисоботдан яқинда Оқ уй ва шахсан АҚШ президенти Жо Байден иқтибослар келтирди.

Ушбу 12 нафар антиваксер орасида машҳур остеопатлар, бьюти-блогерлар, хиропрактиклар ва собиқ бодибилдерлар бор. Ҳатто машҳур Кеннедилар сулоласи вакили, адвокат ва радиобошловчи кичик Роберт Фрэнсис Кеннеди ҳам улар сафига қўшилган. Бу одамлар эмловга қарши материаллар тарқатувчи корхона ёки ташкилотларни бошқаради. Тадқиқотга кўра, улар “Facebook”даги вакциналарга қарши мазмундаги контентнинг 70 фоизини яратиб, миллионлаб доллар пул ишламоқда.

Ушбу воқеаларнинг икки кулгили жойи бор. Биринчиси шуки, ҳисоботда айтилишича, бу 12 антиваксер 2020 йил октябрда “сурбетларча ўз стратегияларини келишиб олиш” мақсадида учрашишган. Шунинг ўзи фитна назариясига ўхшайди. Иккинчи нуқта янада ғаройиб: бу эмлов душманлари COVID-19 пандемияси даврида бизнесга кўмаклашиш дастурлари орқали ўз ширкатларига ажратилган федерал бюджет пулларини бажонидил қабул қилганлар...

19 июль куни улар ҳақида илк бор Жо Байден фикр билдирди:

“Facebook” одамларни ўлдирмайди. Бу 12 киши ёлғон ахборотларни тарқатяпти. Бу маълумотларга эргашган одамлар зарар кўрмоқда. Мана шу одамларни ўлдиради”, деган АҚШ президенти.

Инфодемияга қарши қандай курашиш керак? Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бу хусусда тавсиялар берган. Бу билан давлат ҳам, алоҳида фуқаролар ҳам шуғулланиши мумкин.

Биринчидан, вакцина душманлари устидан кулмаслик керак. Уларнинг сўзини ҳурмат билан тинглаш ва улар аслида нимадан қўрқишини, уларга қандай ахборот етишмаслигини тушуниш лозим.

Иккинчидан, уларга фойдали ва тўғри ахборотни етказиш керак. Бу ерда аҳолига маълумот бериш муассасалари ёрдамига эҳтиёж бор. Шунингдек, давлатлар ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши мумкин.

Қўшимчасига, одамларга вакциналар ҳақида барча зарур маълумотни оқилона ва лўнда қилиб тушунтириб бера оладиган мутахассисларга мурожаат қилиш имкониятини яратиб қўйиш керак.

Учинчидан, ахборот кампаниясига жамоатчилик фикри етакчиларини жалб қилиш лозим – улар суперюлдуз бўлиши шарт эмас. Бунақа одам врач, руҳоний ёки блогер бўлиши мумкин. Одамларнинг аниқ бир гуруҳи ҳурмат қиладиган шахс бўлса, бас. Аҳоли қанча кўп соғлом ахборот олса, инфодемия шунча тез барҳам топади.

Қуйидаги лавҳада социал антрополог Александра Архипова аҳолининг бир қисми инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкин бўлган вакциналардан юз ўгириб, оламшумул фитна ҳақидаги миш-мишларга алданаётгани сабаблари тўғрисида ҳикоя қилади:

XS
SM
MD
LG