Линклар

Чиқиш визаси ўзбекистонлик оилаларни бир-биридан жудо қилмоқда


Чиқиш визасини олиш билан боғлиқ муаммолар сабаб айрим ўзбекистонликлар хориждаги фарзандлари ва турмуш ўртоғи ёнига қайта олмаётганини айтмоқда.

Тошкентлик Лобар Юнусова Озодликка мурожаат қилар экан, Бирлашган Араб амирликларидаги эри ва ҳали бир ëшга ҳам тўлмаган қизининг ёнига қайтиш учун тўққиз ойдан бери Ички ишлар вазирлигидан чиқиш визаси ола олмаётганидан арз қилди:

- Мен Бирлашган Араб aмирлигига турмушга чиққанман. Тўққиз ойдан ошди Ўзбекистонга келганимизга¸ қайтиб кетолмаяпмиз. Чиқиш визаси беришмаяпти. Эрим ва бир ёшга тўлмаган қизим у ёқда қолган. Мен икки қизим билан бу ерда. ОВИРга борсак аниқ жавоб айтишмайди. “Эртага келинг, индинга келинг”дан нарига ўтишмайди. Катта қизимнинг мактаби қолиб кетаяпти, - деди Лобар.

Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида таҳсил олаётган Султонбек ҳам рафиқаси ва фарзандлари Ўзбекистонга ота-онасини кўргани бориб, ортга қайта олмаётганини айтади:

- ОВИРга сўнгги бор ариза топширганидан бери бир йил ўтди, жавоб йўқ. Ундан олдин ҳам топширишган, беришмаган. Ҳеч қанақа сабаб айтишмайди. Ҳозир мен борсам¸ менга ҳам беришмаса ўқишсиз қолиб кетаман, деб қўрқаяпман, - дейди Султонбек.

Польшада поляк қизга уйланган Собиржон эса рафиқаси, бир ёшли қизи билан Ўзбекистонга борганида чиқиш визани олишда сарсонгарчиликларга дучор бўлганини ҳикоя қилади:

- Бир ойда қайтамиз, деб қайтиш билетни ҳам олдик. Келин поляк бўлгани учун унга чиқиш визаси керак эмас эди. У қизим билан қайтиб кетди, мен қолиб қолдим. Икки ой деганда беришди. Энди Ўзбекистонга бормоқчи эмасман, - дейди Собиржон.

Самарқандлик Зарина эса АҚШга эри ва фарзандлари ёнига қайтиш учун ОВИР визасини кутиб ўтирмаганини айтади:

- Мен ўтган йили Ўзбекистонга касал ётган онамни кўриш учун қўлимда чақалоғим билан боргандим. Икки фарзандим бу ерда эрим билан қолганди. Уларни мактаби бор-да. Мен виза ололмай Ўзбекистонда 6 ой қолиб кетдим. Чиқмагач¸ Украина орқали АҚШга учиб келдим. Чунки Киевга учганда ОВИР сўрамайди, Киевда ҳам паспортда ОВИР бор-йўқлигини текширмайди. Бошқа иложим йўқ эди. Лекин энди Ўзбекистонга қайтиб боролмасам керак, чунки ҳукумат рухсатисиз чет элга чиқдим, - дейди ҳозир АҚШда оиласи билан яшаётган Зарина.

Озодлик бу каби шикоятларга изоҳ олишни сўраб Ички ишлар вазирлиги қошидаги Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасига мурожаат этди.

Бошқарма мулозимининг айтишича, чиқиш визаси олиш учун сўровномани нотўғри тўлдирганлар, нотўғри маълумот берганлар, аввал чет элга чиқиш тартибини бузганларга виза бериш кечикиши ёки аризаси рад этилиши мумкин:

- Одатда, бизда виза узоғи билан уч ҳафтада берилаяпти. Айрим фуқароларники чўзилиши мумкин. Лекин жуда кам ҳолларда чўзилади. Сўровномани тўғри тўлдирган бўлса ва аввал чет элга чиққанида ишкал қилмаган бўлса¸ албатта¸ берилади, - деди Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси мулозими.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг Озодликка айтишича, чиқиш визаси олиш билан боғлиқ муаммолар¸ ортиқча оворагарчиликлар қаршисида қолганлар оз эмас:

- Мен собиқ сиёсий маҳбус, ёзувчи Мамадали Маҳмудовни иши билан ўтган ҳафта ОВИРга борганимда у ерда виза ололмай турган ўнлаб одамни кўрдим. Бу биргини Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида. Баъзилари олти ой, баъзилари бир йилдан бери ололмаяпти. Мамадали акага тўққиз ойдан бери беришмаяпти. Чехияга ижодий сафарга бориши керак ёзда, беришмаяпти. Бирор бир изоҳ берилмасдан виза берилмаётганини айтишади, - дейди Суръат Икромов.

Чиқиш визаси СССР замонида жорий этилган тартиб бўлиб, Ўзбекистон бу тартибни сақлаб қолган 15 постсовет республикаси орасидаги ягона, дунёда эса Шимолий Корея билан бирга икки давлатнинг биридир.

Суръат Икромов порахўрлик ва ортиқча қоғозбозлик манбаи бўлган "чиқиш визаси"ни бекор қилиш вақти аллақачон пишиб-етилганини айтади:

- Бу фақат айрим порахўр амалдорларнинг чўнтагини тўлдираяпти¸ холос. Бунинг хавфсизликка ҳеч алоқаси йўқ. Ўтган йили Сурияга кетмоқчи бўлганлардан бирига пора эвазига чиқиш визасини берган амалдор қамалганини биламиз. Чиқиш визаси Ўзбекистонда йўқ қилиниши керак. Чунки одамлар эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига эгадирлар, - дейди Икромов.

Ўтган йил Интернетда "Ўзбекистон фуқаролари ташаббус гуруҳи" муваққат президент Шавкат Мирзиёевга чиқиш визасини бекор қилиш чақириғи билан чиққан эди.

Сhange.org сайтида чиқиш визасини (ОВИР) бекор қилиш сўралган петиция эълон қилинди¸ лекин ҳозирча вазият ўзгаргани йўқ.

-Ўзбекистонда президент ўзгарди, совет давридан қолган чиқиш виза бекор қилинмади. Биз ҳозир виза ололмаётганларни ишлари билан танишиб, Ички ишлар вазирлигига шикоятнома тайёрлаяпмиз. Керак бўлса¸ суд орқали одамларни ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳаракат қиламиз, халқаро ташкилотларга билдирамиз, чунки одамларнинг ҳуқуқлари бузилаяпти, - дейди Сурат Икромов.

Шу йил январь ойида Ўзбекистон ҳукумати расмий порталида “ички ва хорижга чиқиш паспортларини бериш тартибини жорий қилган ҳолда хорижга чиқиш учун рухсатнома (стикер) расмийлаштириш тартибини бекор қилиш” лойиҳаси кўриб чиқилаëтгани хабар қилинди.

Ички ишлар вазирлиги¸ хусусан Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг Озодлик гаплашган расмийлари бу лойиҳанинг қонунга айланиш эҳтимоли жуда заиф эканини билдиришди.

XS
SM
MD
LG