Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:14

"Чақнаш" ва "бахтсиз ҳодиса". Чирчиқдаги портлашни ҳукумат комиссияси ўрганади 


Расмий маълумотга кўра, Чирчиқдаги “Максам-Чирчиқ” АЖ корхонасидаги ёнғин 4 октябрь куни соат 08:40 ларда содир бўлган.
Расмий маълумотга кўра, Чирчиқдаги “Максам-Чирчиқ” АЖ корхонасидаги ёнғин 4 октябрь куни соат 08:40 ларда содир бўлган.

Ўзбекистондаги кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи иккинчи йирик корхона саналган “Максам-Чирчиқ” АЖ (“MAXAM CHIRCHIQ” AJ)да 4 октябрь эрталаб портлаш ва ёнғин рўй берди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тошкент вақти билан соат 8.40 ларда содир бўлган ҳодисани портлаш эмас, "чақнаш" деб атамоқда.

Расмий хабарда шунингдек, "бахтсиз ҳодиса" ҳақида сўз боради.

Ҳодисадан кўп ўтмай расмийлар заводнинг икки ходими жабр кўргани, ёнғин ўчириб бўлинганини маълум қилишди.

Озодлик суҳбатлашган завод ходими портлашдан жабрланганлар орасида хомиладор аёл ҳам бўлганини айтди.

“Портлашдан жабрланганлар икки киши, синтез цехи слесари ва яна бир ходим. Уларни Чирчиқ шошилинч тиббий марказининг реанимация бўлимига олиб кетишди.Шу цехда ишловчи хомиладор аёл шол холатига тушиб қолган, у уйига жўнатилди. Портлаш бўлган синтез цехи тўхтаган”.

Завод ходимининг сўзларига кўра, портлаш корхонанинг Аммиак-1 ишлаб чиқариш цехи синтез бўлимида содир бўлган.

“Синтез оборудование разгерметизация бўлиб портлаган ва табиий газ сизишидан ёнғин содир бўлган”, - деди исми очиқламнамслиги истаган “Максам-Чирчиқ” АЖ ходими.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги айни пайтда портлаш ва ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва келтирилган зарар миқдори аниқланаётганини маълум қилган.

“Ҳозирча ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. Атроф-муҳитга хавфи бўлса билдирар эдик. Хотиржам бўлинг!", - деди Озодлик суҳбатлашган ФВВ ходими.

Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази ҳам Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги “Максам Чирчиқ” кимё заводи яқинида, эрталаб портлаш содир бўлган аммиак ишлаб чиқариш цехида зарарли чиқиндилар аниқланмаганини билдирди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги портлаш келиб чиқиш сабаби ва келтирилган зарар миқдори аниқланаётганини маълум қилган.
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги портлаш келиб чиқиш сабаби ва келтирилган зарар миқдори аниқланаётганини маълум қилган.

Ўзгидромет расмийларига кўра, завод атрофида атмосфера 12 та ифлослантирувчи моддаларга текширилган.

Бундан аввал “Ўзкимёсаноат” ҳам завод атрофида ифлосланиш қайд этилмаганини айтиб чиққанди.

Айни пайтда портлаш юзасидан ҳукумат комиссияси тузилган.

“Максам-Чирчиқ” АЖ корхонасининг Синтез цехида содир бўлган чақнаш сабабларини ўрганиш ва келгусида бу каби ҳолатлар такрорланишига йўл қўймаслик юзасидан зарур чора-тадбирларни белгилаш мақсадида Ҳукумат комиссияси тузилди", дейилади расмий билдирувда.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан комиссияга Бош вазир ўринбосари, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов раҳбар этиб тайинланган.

Бундан аввал Чирчиқдаги заводда юз берган портлаш бўйича Энергетика вазирлиги даражасида текширув бўлаётгани билдирилганди.

Атроф-муҳитни энг кўп ифлослантирувчи корхона

Аммиак ва азот каби заҳарли кимёвий моддалар ишлаб чиқарувчи “Максам-Чирчиқ” АЖ, Ўзбекистон Давлат экология қўмитасига кўра, атроф-муҳитни энг кўп ифлослантирувчи корхоналардан.

Ўзбекистон Давлат Экология қўмитаси икки йил аввал атмосфера ҳавоси, тупроқ ва сувга чиқарилаётган чиқиндилар ҳажмидан 40 баравар кўп бўлган корхоналарни аниқлаган.

Рўйхатда “Максам-Чирчиқ” АЖ атроф-муҳитни энг кўп ифлослантирадиган иккинчи йирик корхона сифатида тилга олинган.

Қўмитага кўра, корхона атмосферага аммиак чиқиндисини 2.6 баравар, азод оксидини эса 4.7 баравар кўп чиқариши аниқланган.

4 октябрь кунги портлаш ва ёнғин оқибатида яна ҳам кўп заҳарли модда чиққан бўлиши мумкин, деган хавотирни кучайтирди.

“Ўтган асрнинг 40-йилларида қурилган заводлар булар. Шу заводлар атрофида одамлар ўн йиллардан бери яшаб келяпти. Одамлар кўникиб ҳам қолишган. Лекин, вазият аслида жуда фожиали. Бу заводлар нафақат ҳавони заҳарлаяпти. Чиқиндилари Чирчиқ дарёсига ҳам оқяпти. Суви қоп-қора. Аслида бунақа заводлар одамлар яшайдиган жойлардан узоқда қурилиши керак”, - дейди ўзбекистонлик фаол Вазира Эгамбердиева Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистондаги биринчи азот заводи базасида ташкил этилган “Максам-Чирчиқ” АЖ корхонаcида 40дан ортиқ турдаги кимёвий маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Булар Ўзбекистоннинг ўзидаги қишлоқ хўжалиги соҳаси учун ишлатиладиган минерал ўғитлар, енгил саноатда ишлатиладиган бир қатор кимёвий тола ва матолар ва тиббиёт соҳалари учун зарур кўплаб кимёвий маҳсулотлардир.

Бундан ташқари карбамид, аммиакли селитра , аммоний сулфат, суюқ техник аммиак, сувли техник аммиак, консентрланган ва консентрланмаган нитрат кислотаси, катализаторлар ишлаб чиқарилади.

Улкан заводлар жойлашган Чирчиқда аҳоли йиллар давомида заҳарли чиқиндилар ва ҳавонинг ифлосланишидан азият чекиб келади.

Тошкент вилоятидаги “Оҳангаронцемент”, Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳам мамлакатдаги энг кўп ифлослантирувчи корхоналардан.

Аммо “Максам-Чирчиқ” АЖ раҳбари ёрдамчиси портлаш ва ёнғин оқибатида ҳавога заҳарли газ чиққан бўлиши борасидаги хавотирларни рад этди.

“Агар атмосферага хавф солса бу ҳақда аҳолини огоҳлантирган бўлардик, завод ҳудудини ҳам текширдик, ҳавода ҳеч қандай заҳарли концентрация аниқланмади”, - деди “Максам-Чирчиқ” АЖ раҳбари ёрдамчиси эканини айтган, аммо ўзини таништирмаган корхона вакили.

Ўтган йилларда “Максам-Чирчиқ” АЖнинг айрим ходимлари Озодликка корхонада меҳнат ҳуқуқлари бузилаётгани, маошлари вақтида берилмаётгани ҳақида арз қилишган.

“Максам-Чирчиқ” АЖ раҳбари ёрдамчиси Озодликка бу иддаони рад қилди.

Айни пайтда Телеграмдаги "Компромат. узб" канали “Максам-Чирчиқ” да содир бўлган талон-торожликлар ортидан очилган жиноят иши нима бўлди?!", деган саволни ўртага қўйди.

"Жамоатчилик билсин, секингина ёпиб юборилдими ёки растрата қилганларга нисбатан жиноят иши қўзғатилдими? Бу ёнғинни жиноят ишига алоқаси йўқ деб умид қиламиз", - деб ёзди "Компромат. узб" .

Тўрт йил аввал заводнинг бир қанча ходими уюшган жиноий гуруҳ билан тил бириктирганлик ва завод мулкини талон-торож қилганда айбланиб қамалган, аммо жиноят ишининг тафсилотлари жамоатчиликка маълум қилинмаган.

Лекин бу ишнинг кўп жиҳатлари ёпиқ қолмоқда.

Сўнгги ўн йилда Ўзбекистондаги кимёвий махсулотлар ишлаб чиқарадиган энг йирик “Навоийазот” корхонасида камида икки марта йирик портлаш рўй берди.

Биринчи портлаш 2013 йилда заводнинг ацетилен ишлаб чиқариш цехида, иккинчи портлаш эса 2015 йилда аммиак содир бўлган.

Форум

XS
SM
MD
LG