Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:00

“Янги Ангрен” ИЭС: Ишчилар станцияда яна ёнғин чиққанини айтмоқда. Расмийлар жим


“Янги Ангрен” ИЭС (архив сурат)
“Янги Ангрен” ИЭС (архив сурат)

Тошкент вилоятидаги “Янги Ангрен” ИЭС станциясида 11 февраль кечаси ёнғин содир бўлгани айтилмоқда.

Станция ишчиларига кўра, бу гал 4-блокда ёнғин чиққан, ҳодиса жойида ишчилар бўлмаган ва ёнғин тезда ўчирилган.

Озодлик гаплашган ишчилар ИЭС ҳудудига кириб ишлаш тобора хавфли тус ола бошлагани, уларнинг хавотирлари раҳбарият томонидан беэътибор қолдирилаётганидан шикоят қилмоқда.

Станция раҳбарияти ишчилар иддаоси ва сўнгги 20 кун ичида улардан келаётган шикоятлар бўйича Озодлик мурожаатларини жавобсиз қолдирмоқда. "Иссиқлик электр станциялари" АЖ матбуот котиби Муҳаммаджон Бекмуҳамедов эса бу хабарларни рад этди.

Аммо ишчиларнинг иддаосига кўра, "раҳбарлар бу каби ҳодисаларни яширишга уринмоқда". "20 январдаги ҳодисадан буён станция раҳбарлари ишчилар оғзини ёпиш учун қўрқитмоқда", деб айтди Озодлик суҳбатлашган "Янги Ангрен" ИЭС ишчилари.

2021 йил январида айни станциянинг 5-блокида портлаш бўлган ва унда 3 киши ўлган. 2020 йил 30 январида чиққан ёнғинда эса станция 4-3-блоклар томи ёниб кетган, унда ҳеч кимга шикаст етмаган.

Станцияда 11 февраль тунда ёнғин содир бўлгани ҳақида бир неча ишчи Озодликка ёзди. Уларнинг айтишича, ёнғин станциянинг яқинда портлаб кетган 5-блокига туташ 4-блокида чиққан.

“Соат тунги 2 ларда ёнғин бўлди. Бу сафар 4-блок ёнди. Хайрият, бу сафар ҳеч ким жабр кўрмаган, чунки ишчилар бўлмаган. Тезда ўчиришган. Станцияга кириб ишлашга қўрқиб қолди ишчилар”, - деди исмини очиқламасликни сўраган ИЭС ишчиларидан бири Озодлик билан телефон мулоқотида.

"Кеча яна "Янги Ангрен" ИЭСдаги 4-энергоблокда соат кечаси 2да ёнғин чиқди, қурбонлар йуқ. Яширишди, ҳамма ишлар босди-босди бўлсаю, раҳбарият бу борада чоралар кўрмаса, жабрини ким тортади?! Ёнғинлар яна бўлмаслигига ким кафолат беради, раҳбарлар яна айбсиз, айбдорлар эса ишчи ходимлар бўлиб чиқаверадими?" деб ёзди шахсини сир тутган яна бир ишчи Озодликка.

Ишчилар қозон ортиқча қизиб кетгани боис навбатдаги ёнғин содир бўлганини иддао қилмоқда.

“Бу қозонлар 1980-йилларда қурилган эски қозонлар. Қозоқ кўмири кучли бўлгани учун қозонлар қизиб, атрофдаги бункерга йиғилган кўмирларни ҳам қиздириб юборяпти. Ишлаш жуда хавфли бўлиб қолди. Биз бу ҳақда раҳбарларга кўп марта айтганмиз, лекин ҳеч ким бунга парво қилмаяпти. 20 январдан бери ҳам кичкина ёнғинлар бўляпти. Лекин станция раҳбарлари 20 январь куниёқ йиғилиш ўтказиб, ишчиларни қўрқитди: "Бу суриштирувлар битсин, ҳамманг прокуратурага битта-битта жавоб берасан", дейишган, ҳаммани оғзини ёпяпти шунақа қилиб”, - дейди станциянинг қозонхонасида ишлашини айтган ишчилардан бири.

Озодлик 11 февраль тунги ёнғин ва ишчиларнинг шикоятлари ортидан яна “Янги Ангрен” ИЭС раҳбариятига такрор-такрор қўнғироқ қилди. ИЭС Бош директори Питько Виталий Юрьевичнинг қабулхонаси ва бошқа масъуллардан жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Станция коммутаторларидан бири телефон гўшагини кўтарди, мухбир саволларини эшитди, аммо жавоб учун бошқа коммутаторга боғланинг, дея алоқани узиб қўйди.

Аммо "Иссиқлик электр станциялари" АЖ матбуот котиби Муҳаммаджон Бекмуҳамедов 10 га яқин ишчидан олинган бу маълумотни қатъиян рад этди. Ҳатто Озодлик мухбирини ҳодисани жойини "кўздан кечириш" учун Ангрендаги ИЭСга таклиф қилди.

Матбуот котибининг кескин раддиясидан сўнг Озодлик станция ишчиларига яна боғланди. Ишчилар эса раддияни рад қилди.

"Йўқ, ёнғин аниқ бўлган, турбинага ҳам ўтган. Станцияга камерали телефон билан қўйишмайди, акс ҳолда суратларини кўрсатар эдик", деди шахсини сир сақлаган ишчилардан бири.

Раддияни рад қилган яна бир ишчи эса шундай фикр билдирди:

"Булар одамларга зарар етмагани учун олдинги ёнғинларга ўхшатиб, осонгина ёпиб юборишмоқчи бўляпти. Бу биринчи мартамас, аввал ҳам бости-бости қилишган. Бунақа ёнғинлар тез-тез бўлади. Бечора ишчиларнинг жони кимга керак?! Аслида яна каттароқ фалокат бўлмасидан туриб, Тошкентдаги катталар станцияни жиддий текширсин, ўзлари кўради ичкаридаги аҳволни!"

Шахсини сир сақлаган учинчи ишчи ҳам Озодликка ёнғин содир бўлганини яна бир марта тасдиқлади.

"Йўқ. Яширишяпти. Эрталаб сменадан чиққан ишчилар айтиб келишдику, кечаси 2 да яна ёнғин чиқди деб. Ахир 20 январдагиси ҳам 7-ёнғин бўлган.
Ундан олдинги ктц 1-даги том қисмидаги ёнғин интернетга чиқиб кетганди. Станцияда хақиқат йўқ".

Озодлик бу вазиятга ойдинлик киритиш учун “Янги Ангрен” ИЭС веб сайтида берилган +99871236-65-25, +99871809-68-22 телефон рақамларига, коммутаторларга тегишли деб берилган +998712361412, +998706456088 телефон рақамларига такрор-такрор қўнғироқ қилди, аммо ҳанузгача раҳбариятидан жавоб олишнинг имкони бўлмади.

“Янги Ангрен” ИЭСда шу йил 20 январь куни фожиали ҳалокат содир бўлганди. Ўшанда тозалаш учун ўчирилган 5-блокда портлаш бўлган, 3 ишчи ўлган, яна 3 нафари жароҳатланган.

Станция раҳбарияти портлашга ишчилар техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмагани сабаб бўлди, деб баёнот берган. Бу “техник хатога” масъул кўрилган станция ўрта бўғиндаги раҳбари - 5-блок цех раҳбари бўлган Сирожиддин Шодиев, ҳодисадан 3 кун ўтиб, ўзини осиб қўйганди.

Яқинлари станция раҳбарларининг С. Шодиевга босим ва тазйиқ ўтказиб, унинг ўлимига сабаб бўлди, деб даъво қилган.

Марҳумнинг аммаси 11 февраль куни Озодлик билан суҳбатда, ўтган тунда 4-блокда содир бўлган ёнғин, бу ҳодисаларга расмийлари таъкидлагани каби “ишчилар йўл қўйган хато” эмас, балки тизимли муаммо сабаб бўлаётганини тасдиқлайди, деб таъкидлади.

Амманинг даъво қилишича, жияни бу муаммоларни ҳал қилиш ва ишчилар хавфсизлигини сақлаш зарурлиги ҳақида ўзидан юқорида турган раҳбарларни муттасил огоҳлантирган, аммо бу огоҳлантирув ва талабларига жавобан, дўқ-пўписа ва камситишларга дучор бўлган:

“Жияним жуда яхши ишчи эди, виждон билан ишлаган. Мана яна ёнғин бўлди, бунга ҳам ишчиларнинг хатоси сабаб бўлдими?! Инвесторга берилди станция, лекин инвестор пул киргизмади, ҳамма нарса ўша эскилигича турипти. Бу қурилмалар ўзимизнинг қўнғир кўмирга (Ангрген конидан чиқадиган кўмир – таҳр.) мослаб қурилган, унақа кучли қозоқ кўмирига мослашмаган. Шахсан мен бу ёнғинлар, портлашларга қозоқ кўмири сабаб, деб биламан. Шуни назарга олмаяпти раҳбарлар. Қачонгача давом этади бу?! Ишчилар ўлиб кетаверадими?! Раҳбарлар жазога тортилмайдими?!”

"Янги Ангрен" ИЭСда портлаш: жиноят иши очилди, қурбонлар оиласига $10000дан тарқатилди, портлаган цехнинг раҳбари ўзини осди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:32 0:00

Озодлик радиоси 20 январь куни ИЭСнинг таъмир учун тўхтатилган 5-блокида портлаш содир бўлгани, портлаш оқибатида 3 киши ўлгани ва 3 киши оғир жароҳат билан шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар қилган эди.

Портлаш юзасидан Ўзбекистон ЖКнинг 257-моддаси 2-қисми «а, б» бандлари билан “Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш одам ўлиши ва бошқа оғир оқибатлар келиб чиқиши” айби остида жиноят иши қўзғатилган.

Расмий баёнотда портлаш “чанг-кўмирли ҳаво аралашмасининг чақнаши” натижасида содир бўлгани, чақнашнинг келиб чиқиш сабаблари бўйича суриштирув ишлари бошлангани айтилди.

Янги-Ангрен иссиқлик электр станциясида содир бўлган фавқулодда вазият тўғрисида станция бошқарув компанияси Kun.uz наширига маълумот тақдим этганди.

Унда айтилишича, портлаш содир бўлган "5-қозон агрегати вақтинча тўхтатилган ва у кимёвий тозаланаётган пайтда қозон тозаловчиларнинг техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этмаганлиги ана шундай аянчли оқибатларга олиб келган".

22 январь куни Озодлик боғланган масъуллардан бири - “Янги Ангрен” ИЭСда участка раҳбари, деб тақдим қилинган Учқун Мерганов портлашга “бахтсиз ҳодиса” деб қаралаётганини тасдиқлаган ва сўнгра бандлигини айтиб, алоқани узиб қўйганди.

Аммо ҳодиса қурбонларидан икки нафари – 52 яшар Манзура Тўйчиева ва 40 яшар Назира Режабоеванинг яқинлари Озодлик билан суҳбатда ҳодисага станция ҳудудида техника ва ишчилар хавфсизлиги таъминланмагани портлашга сабаб бўлган, деб даъво қилган.

XS
SM
MD
LG