Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:21

COVID-19: Италия ва Грецияда соҳиллар очилди, Германияда намойишлар, Янги Зеландияда бош вазирни кафега киритишмади


Коронавирусдан энг кўп зиён кўрган Осиё ва Европа давлатларида жорий қилинган карантин чоралари бирин-кетин бекор қилинмоқда.

Аксар Европа давлатида вирусга чалиниш, ўлимлар ҳамда шифохонага ётқизишлар сони озая бошлади, иқтисоднинг айрим сегментлари очилди.

Бугунга қадар Европада янги коронавирус келтириб чиқарадиган COVID-19 инфекцияси 152 мингдан ошиқ одам умрига зомин бўлди.

Ёз ойлари яқинлашар экан, Европа ҳукуматлари туризм саноатини очиш тараддудини кўрмоқда.

Июнь ойига қадар Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ўртасида жорий қилинган чекловлар бекор қилинади.

Германия Люксембург, Швеция, Франция ва Австрияга саёҳат бўйича жорий қилинган чекловларни бекор қилди, яқин кунларда Дания билан чегарасини ҳам очмоқчи.

Франция, Италия ва Грецияда соҳиллар очилди, аммо кўплаб соҳилларда кунда тобланишга ҳали изн берилмади.

Италия бош вазири Жузеппе Конте иқтисодни қайта очиш вирус янгидан тарқалишига сабаб бўлиши мумкинлигини тан олди, аммо бундай чора кўриш зарурлигини таъкидлади.

Италияда вирус бугунга қадар 32 мингга яқин ўлимга сабаб бўлди. 18 майдан бошлаб мамлакатда дўконлар, барлар, кафелар, ресторанлар ва музейлар ўз эшикларини очади.

Германияда 16 майдан бўш стадионларда футбол ўйинлари бошланди. Айни кунда мамлакат бўйлаб чекловларга қарши намойишлар ўтказилди. Янги Зеландияда эса бош вазир ўзи жорий қилган чеклов туфайли маҳаллий кафеларнинг бирига киритилмади.

Коронавирус статистикасини олиб бораётган Жонс Хопкинс университетининг билдиришича, жаҳонда коронавирусдан ўлганлар сони 313 мингдан ошди, 1,8 миллион бемор соғайди. Коронавирус юқтирганлар сони эса 4,7 миллиондан ошди.

Ҳалок бўлганлар сони бўйича АҚШ биринчи ўринга чиқди.

Мамлакатда вирусга чалинганлар сони 1,5 миллиондан, вирус туфайли нобуд бўлганлар сони 90 мингдан ошди.

АҚШда пандемия назорат остига олинмагани ҳақидаги хавотирларга қарамасдан, кўплаб штатда чекловлар бекор қилинди. 36 миллионга яқин шахс ишсиз қолгани учун вирус янада тез тарқалиши ҳақидаги хавотирларга қарамасдан, мамлакат иқтисодини қайта йўлга қўйиш учун чора кўрилмоқда.

Бразилия ва Мексика эса пандемиянинг янги ўчоқларига айланмоқда.

Бразилияда коронавирус юқтирганлар сони 233 мингдан, ҳалок бўлган сони эса 15 мингдан ошди. Мексикада эса вирусга чалинганлар сони 47 мингдан, вирус туфайли ҳалок бўлганлар сони 5 мингдан ўтди.

Вирус илк маротаба қайд этилган Хитойда эса кунига жуда оз вирус юқтириш ҳолати қайд этилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда кейинги ой давомида бирорта ҳам бемор вирус туфайли ҳалок бўлмади.

Аммо Хитой расмийлари тарқатаётган сонларга шубҳа билдирилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, бугунга қадар Хитойда вирус 82 мингдан ошиқ шахсга юқди, уларнинг 4633 нафари нобуд бўлди.

XS
SM
MD
LG