Линклар

Шошилинч хабар
26 январ 2022, Тошкент вақти: 04:42

Ўзбекистон хабарлари

COVID-19: Касалхонада даволанаётганлар сони 3 мингдан, эмланган сони 700 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда шу кунгача коронавирус инфекциясига қарши эмланган фуқаролар сони 718 минг 471 нафарга етган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 29 апрель кунининг ўзида мамлакат бўйлаб 71 минг 775 нафар киши эмланган.

Эмланганлар сони бўйича илк учликни Фарғона водийси вилоятлари (Фарғона вилояти - 105 минг 158 нафар, Наманган вилояти - 75 минг 477 нафар, Андижон вилояти - 72 минг 242 нафар) эгаллаб турибди, кейинги ўринда эса Самарқанд вилояти (69 минг 585 нафар) бормоқда.

Бу орада вазирлик ковид-марказларда даволанаётган беморлар сони 3092 нафарга чиққанини маълум қилди.

ССВ қайдича, 2021 йил 29 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 90 минг 808 нафарга етган.

Ўтган кеча-кундузда республиканинг барча вилоятлари ва пойтахт Тошкентда жами 402 киши коронавирусга чалиниб, бу йил ҳисобидан рекорд кўрсаткични ташкил этган.

Айни пайтда кеча Андижон, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 192 нафар бемор тузалган, пировардида COVID-19 дан соғайганларнинг жами сони 87 минг 67 нафарга етган.

Вазирлик пайшанба куни коронавирус юқтириб олган беморлардан 2 нафари вафот этгани, шу тариқа хасталик қурбонлари сони 649 нафарга етганини ҳам қўшимча қилган.

Кун янгиликлари

Тошкент иситиш тизими 3−4 соат ичида, сув тизими 6 соат ичида тикланиши маълум қилинди

Тошкент шаҳридаги марказий иситиш қозонхоналари 3-4 соат оралиғида тўлиқ иш режимига ўтади ва хонадонлар исий бошлайди, деб хабар берди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги.

Расман билдирилишича, Тошкент вақти билан соат 19:00 ҳолатига кўра, пойтахтдаги 12 та локал қозонхона ишга тушди. Шаҳардаги жами қозонлар сони эса 202 тани ташкил этади.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги яна бир хабарида Тошкентда ичимлик суви таъминоти 6 соат ичида тўлиқ тикланиши тўғрисида маълум қилди.

Хабарда таъкидланишича, яқин уч соат ичида Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Учтепа, Шайхонтоҳур, Олмазор туманларига ва Чилонзор туманининг бир қисмига сув бериш тўлиқ тикланади.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятов Тошкентни сув билан таъминловчи "Қодирия" сув иншоотида бўлиб, вазиятни ўз назоратига олди.

Тошкент истиш ва сув тизими 25 январь куни юз берган Марказий Осиё ягона электр тармоғидаги узилиш оқибатида ишдан чиққан эди.

ФВВ Тошкент метросидан 415 нафар йўловчини эвакуация қилди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тошкент метрополитенидан 415 нафар йўловчини эвакуация қилди.

Вазирлик матбуот хизматининг билдиришича, мазкур йўловчилар 25 январда электр энергияси таъминотида узилиш юз бергани оқибатида метро бекатлари оралиғида тўхтаб қолган поездларда қолиб кетган.

“Машинасозлар” бекатидан 135, “Бодомзор” ва “Минор” бекатидан 70 нафари, “Амир Темур” бекатидан 210 йўловчи эвакуация қилинган.

Ўзбекистондаги 64 конда газ ва нефть қазиш вақтинча тўхтатилди

Ўзбекистон вилоятларида 25 январь куни электр энергиясида узилиш юзага келгани ортидан “Ўзбекнефтгаз”га қарашли Газли, Шўртан ҳамда Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаларидаги 64 та кон фаолияти вақтинча тўхтаб қолди.

Устюрт газ қазиб олиш бошқармаси ихтиёридаги конлар эса муқобил электр энергияси таъминоти борлиги сабабли ишини давом эттирмоқда.

Расман билдирилишича, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Муборак газни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ-кимё мажмуаси ва Uzbekistan GTL иши ҳам тўхтаб қолган.

“Иқтисодиёт тармоқлари ҳамда аҳолига суюлтирилган газ ва нефть маҳсулотларини узлуксиз етказиб берилмоқда, айни вақтда узилишлар мавжуд эмас”,-дейилади расмий билдирувда.

“Ўзбекнефтгаз” мамлакатда 20 кунга етадиган 47 минг тонна бензин ва 4 ойга етадиган 144 минг тонна дизель ёқилғиси захираси борлигини таъкидлади.

Ўзбекистондаги ИЭС ва ГЭСлар фаолияти қайта тикланаётгани хабар қилинди

“Янги Ангрен” иссиқлик электр станцияси.

Энергетика вазирлигининг билдиришича, ҳудудларда электр энергияси таъминоти босқичма-босқич тикланмоқда.

Вазирлик айни пайтда Чорвоқ, Ходжикент ва Товоқсой гидроэлектр станциялари, Навоий иссиқлик электр станцияси, Тахиатош иссиқлик электр станцияси ҳамда Фарғона иссиқлик электр маркази орқали энергетика тизимига қувват узатиш бошланганини маълум қилди.

Марказий Осиё Ягона электр тармоғидаги узилиш Ўзбекистондаги Тошкент ва Сирдарё иссиқлик электр станциялари (ИЭС) фаолиятининг тўхтатилишига сабаб бўлган эди.

Энергетика вазирлиги аввалроқ ягона электр тармоқдаги авария туфайли мазкур тармоққа уланган Тошкент ва Сирдарё иссиқлик электр станцияларида аварияга қарши ҳимоя тизими ишлаб кетган. Натижада иккала станция автоматик равишда ўчиб қолгани ҳақида хабар берганди.

“Бу ҳолат ўз ўрнида Талимаржон ва Тўрақўрғон ИЭСларнинг иш фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатган”, — деб билдирди вазирлик.

ИЭСлар ўчиб қолгани оқибатида Фарғона ва Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Фарғона водийси ҳудуди, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё вилоятлари тармоқларида электр энергияси таъминотида узилишлар қайд этилган.

Энерготизимдаги узилиш юзасидан ҳукумат комиссияси ташкил этилди

Комиссия бош вазир Абдулла Арипов ҳузурида ташкил этилган.

Ўзбекистон президенти топшириғи билан электр энергияси таъминотида юзага келган носозликлар сабабини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссияси ташкил этилди.

Энергетика вазирлигининг билдиришича, комиссия бош вазир Абдулла Арипов ҳузурида ташкил этилган. Комиссияга биринчи навбатда генерация жараёнини тиклаш ҳамда юқори ва паст кучланишли электр тармоқларига кучланиш бериш орқали истеъмолчиларнинг электр таъминотини тиклаш вазифаси қўйилди.

“Ҳукумат комиссияси энергетика соҳаси вакилларига содир бўлган носозликлар такрорланмаслиги, сабабларини аниқлаш, электр таъминотининг барқарорлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда зудлик билан амалга ошириш юзасидан қатор вазифалар юклади”,-дейилади хабарда.

Тошкент ҳокимлиги корхона, ташкилот ва муассасалардан ходимларга эртароқ рухсат беришни илтимос қилди

Тошкент метроси.

Ўзбекистон энергетика тизимидаги йирик узилишлар сабаб Тошкент шаҳар ҳокимлиги 25 январь куни корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларидан ходимларни эртароқ уйларига жўнатишни илтимос қилди.

Расман билдирилишича, электр таъминотидаги узилишлар натижасида Тошкент метрополитени ўз фаолиятини қисқа муддатга тўхтатди, шунингдек, шаҳар кўчаларидаги светофорлар ишида носозликлар кузатилмоқда.

“Шу сабабли, бир вақтнинг ўзида катта тирбандликнинг олдини олиш мақсадида, корхонангизда фаолият юритаётган ходимларга 15:30 дан кейин жадвал асосида жавоб беришингизни тавсия қиламиз”,-дейилади хабарда.

Ҳокимлик ҳозирда юқоридаги носозликларни бартараф этишга барча кучлар сафарбар этилганини, туну-кун ишлайдиган махсус тезкор штаб фаолияти йўлга қўйилганини билдирди.

Ўзбекистон энерготизимида "йирик носозлик" - Энергетика вазирлиги

Иллюстратив сурат

25 январь куни Тошкент вақти билан тахминан соат 11:00 ларда пойтахтнинг кўплаб, айрим хабарларга кўра эса, барча ҳудудларида электр энергиясида узилишлар содир бўлган.

Республиканинг бошқа шаҳар ва ҳудудлари ҳам электрсиз қолгани хабар қилинмоқда.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги тарқатган хабарга кўра, мамлакат энерготизимидаги йирик узилишларга Қозоғистон электр тармоғидаги "катта авария" сабаб бўлган.

Авария натижасида Олма-ота, Шимкент, Тарас, Туркистон (вилоятларида) ва атроф ҳудудларида электр энергия таъминотида ўчишлар юзага келгани айтилади.

Ижтимоий тармоқларда қўшни давлатлар - Қозоғистон ва Қирғизистоннинг Чимкент, Тараз, Олмаота, Туркистон, Ўш ва Бишкекда шаҳарларида ҳам электр энергияси ўчиши кузатилгани хабар қилинмоқда.

"Ягона электр тармоғига уланган Ўзбекистон электр тармоғи бу авариянинг салбий таъсири натижасида Қозоғистондан келувчи 530 линиядаги кучланиш ва частотани кескин ўзгариши оқибатида Тошкент ИЭСи, Сирдарё ИЭСи да авария ҳимоя воситалари ишлаб кетиб бу иккала станцияни ҳам автоматик равишда ўчишига олиб келган.

"Натижада Фарғона ва Тошкент шаҳри ва вилояти, Фарғона водийси ҳудуди, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Навоий, Қашқадарё вилоятлари тармоқларида электр энергияси ўчди.

Ҳозирги вақтда қўшни давлат тармоқларидан узган ҳолатда ҳар бир ИЭСларни алоҳида ишга тушириб, босқичма-босқич тармоқларни улаб, ишга тушириш чоралари кўрилмоқда", дейилади Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Ўзбекистон Уй жой коммунал хизмат вазирлиги мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида электр энергияси тизимида кузатилган узилишлар боис, иситиш, оқова ҳамда ичимлик сув тармоқларида ҳам узилишлар кузатилишидан огоҳлантирди.

Тошкент аэропорти электрдаги узилишлар сабаб самолётларни қабул қилишни тўхтатгани хабар қилинмоқда.

Ижтимоий тармоқларда мобил телефон алоқаси ҳам тез орада узилишидан хавотирлар билдирилмоқда.

ССВ: COVID-19 га қарши эмловда қўлланилган вакцина сони қарийб 41,5 миллион дозага етди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари бошланган 2021 йил апрелидан буён шу кунгача 41 миллион 479 минг 697 доза вакцинадан фойдаланилган, дея маълум қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Вазирлик 1-босқичда эмланганлар сони 19 миллион 202 минг 166 нафарни, 2-босқичда эмланганлар сони 14 миллион 414 минг 597 нафарни, 3-босқичда эмланганлар сони эса 7 миллион 862 минг 934 нафарни ташкил этганини билдирган.

ССВ қайдича, Pfizer вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмланган 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар орасида 1-босқичда эмланганлар 456 минг 357 нафарни, 2-босқичда эмланганлар 257 минг 968 нафарни ташкил қилган.

Вазирлик 24 январь куни Ўзбекистон ҳудудлари бўйлаб 1 минг 123 киши коронавирусга чалингани, шу тариқа хасталик юқтириб олганларнинг умумий сони 216 минг 186 нафарга етганини маълум қилган.

Душанба куни республиканинг барча ҳудудларида 1 минг 278 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 205 минг 495 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 3 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 545 нафарга етганини қўшимча қилган.

Мирзиёев Хитой ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг онлайн учрашувида иштирок этади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитой халқ республикаси раиси Си Цзиньпин билан (архив сурати)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 25 январь куни “Марказий Осиё давлатлари - Хитой” онлайн саммитида иштирок этади. Бу ҳақда маълумот тарқатган президент матбуот хизмати мазкур тадбир дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилишини қайд этган.

“ХХР Раиси Си Цзиньпин ташаббуси билан ташкил этиладиган тадбир кун тартибига мувофиқ, Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасидаги 30 йиллик ҳамкорлик якунлари сарҳисоб қилинади, кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади ва амалий ҳамкорликнинг истиқболли соҳалари белгилаб олинади”, дейилган хабарномада.

Онлайн саммит якунида давлат раҳбарлари қўшма баёнот қабул қилиши режалангани қўшимча қилинган.

Хитой Ўзбекистоннинг ташқи савдо ҳамкорлари орасида энг йирикларидан бири (Россиядан кейин иккинчи ўринда) бўлиб ҳисобланади. Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2021 йилда Ўзбекистон билан Хитой ўртасида қарийб 7 миллиард 441 миллион долларлик олди-берди қилинган. Бунинг 4 миллиард 900 миллион доллардан кўпроғи импорт, 2,5 миллиард доллардан зиёди эса экспортга тўғри келади, яъни Ўзбекистон Хитойга сотган молига қараганда бу мамлакатдан қарийб икки баравар кўп мол сотиб олади.

Кучли қор туфайли Тошкент-Истанбул ва Истанбул-Тошкент рейсларининг парвози кечиктирилди

Истанбул, 2022 йил 24 январи

Туркиянинг Истанбул халқаро аэропортида об-ҳаво шароитининг ноқулайлиги важидан 25 январь кунги HY-271 Тошкент – Истанбул рейси вақти соат 07.40 дан 13.00 га кўчирилган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Uzbekistan Airways авиаширкати матбуот хизмати бунга Истанбул аэропортида кузатилаётган кучли қор ва кўришнинг етарли даражада эмаслиги сабаб бўлганини билдирган.

Айни пайтда авиаширкат юқорида қайд этилган сабабга кўра Истанбул – Тошкент йўналиши бўйича HY-072 вақти соат 12.30 дан 17.50 га кўчирилганини очиқлаган.

Uzbekistan Airways мазкур хабарномасида Урганч – Тошкент йўналиши бўйича HY-056 рейси вақти ҳам соат 16.20 дан 20.05 га ўзгартирилганини қўшимча қилган, бироқ бунинг сабабини изоҳлаган эмас.

Истанбулда одатий бўлмаган кучли қор ёғиши кузатилаётгани, ноқулай об-ҳаво шароити туфайли транспорт ҳаракатида муаммолар юзага келгани ҳақида аввалроқ ижтимоий тармоқларда турли хабар ва видеолар тарқалган эди.

Олий суд ижтимоий тармоқлардаги экстремистик канал ва аккаунтлар рўйхатини янгилади

Ўзбекистон Олий судининг 2021 йил 24 декабридаги ҳал қилув қарори билан ижтимоий тармоқларга жойланган экстремистик материаллар рўйхати янгиланди.

Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоеванинг Телеграм тармоғидаги расмий канали орқали маълум қилишича, Олий суд томонидан экстремистик материал деб топилган ҳамда Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тарқатиш, намойиш этиш ва сақлаш тақиқланган материалларнинг тўлиқ рўйхати вазирлик веб-сайтида эълон қилинган.

Мазкур рўйхатга Олий суднинг 2019 йил 12 марти, 2020 йил 29 апрели, 28 октябри ва 2 декабри, 2021 йил 16 феврали, 9 ва 25 марти ҳамда 24 декабридаги ҳал қилув қарорлари асосида экстремистик деб топилган каналлар ва аккаунтлар номи киритилган.

Мазкур канал ва аккаунтларнинг аксарияти YouTube, Telegram, Facebook, Instagram ва Одноклассники каби ижтимоий платформаларда жойлашган бўлиб, уларнинг аксариятида асосан салафийлик ҳамда “Ҳизбут-Таҳрир” ғояларини акс этганини кўриш мумкин.

Мулозима: Ўтган йили меҳнат қонунчилиги энг кўп халқ таълими тизимида бузилган

Иш ҳақини тўламаслик билан боғлиқ ҳолат Ўзбекистонда меҳнат муносабатларида энг кўп кузатилган ҳуқуқбузарлик экани қайд этилди

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қошидаги Давлат меҳнат инспекцияси ўтган 2021 йил давомида меҳнат муносабатларига риоя қилиниши бўйича 16 минг 105 та ташкилот ва корхонада ўрганишлар ўтказиб, 11 минг 963 та қонунбузарлик ҳолатини аниқлаган. Бу ҳақда Меҳнат вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева 24 январь куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Мулозимага кўра, ўтган йил мобайнида меҳнат қонунчилигини бузган 11 минг 141 нафар мансабдор шахсга нисбатан 20 миллиард сўмдан кўпроқ суммада маъмурий жарималар тайинланган.

Давлат меҳнат инспекцияси қайдича, 2021 йилда меҳнат қонунчилиги энг кўп бузилаётган соҳа халқ таълими тизими бўлган – тизимдаги ташкилот ва мактабларда 11 минг 216 та қонунбузарлик ҳолати аниқланган. М. Мирзаева, шунингдек, ўтган йили мансабдор шахслар томонидан ходимларнинг ҳуқуқлари бузилиши бўйича боғчаларда 7 минг 613 та, тиббиёт муассасаларида 3 минг 788 та, қурилиш соҳасида 2 минг 912 та, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида 891 та, саноат корхоналарида 1 минг 33 та, транспорт соҳасида 572 та ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарида 268 та ҳолат аниқланганини билдирган.

Мулозиманинг айтишича, меҳнат муносабатларига оид қонунбузарликларнинг энг катта улуши иш ҳақини тўламаслик (12,31 фоиз) билан боғлиқдир. Шунингдек, инспекция томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида меҳнат шартномаларни расмийлаштириш (6,18 фоиз), меҳнат таътиллари (4,89 фоиз), ишдан ноқонуний бўшатиш (4,19 фоиз), бўш иш ўринларни яшириш (10,05 фоиз), ходимларни мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш (3,52 фоиз), меҳнат шароити юзасидан иш жойларида аттестация ўтказиш (4,1 фоиз), ходимларни шахсий ва жамоавий ҳимоя воситалари билан таъминлаш (5,28 фоиз), иш ва дам олиш вақтига риоя этмаслик (1,27 фоиз) ва бошқа йўналишлар бўйича ҳам қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган.

Ўзбекистонга киришда экспресс-антиген тест топшириш талаби бекор қилинди

Иллюстратив сурат.

Хорижий давлатлардан Ўзбекистонга кириб келаётганлардан 25 январдан бошлаб экспресс-антиген тест топшириш талаб қилинмайди. Бу ҳақда Республика махсус комиссияси қарор қабул қилди.

Қарорда қайд этилишича, экспресс-антиген тестни коронавирус инфекциясига камида 48 соат олдин топширилган ПЗР тест натижасига эга бўлмаган шахслар топширади.

Қарорга асосан, бундан буён халқаро аэропортлар, темир йўл вокзаллари ва автомобиль (пиёдалар) ўтказиш чегара пунктларидан ўтаётган шахслардан камида 48 соат олдин топширган ПЗР тестлари мавжуд бўлса, экспресс-антиген тест топшириш талаб қилинмайди.

Республика махсус комиссияси аввалги қарори билан 15 январдан Ўзбекистонга хориждан кириб келаётган фуқароларга экспресс-антиген тест топширишни мажбурий қилиб қўйган эди. Мазкур тест учун ҳар бир кишидан 5 доллардан ҳақ олинаётгани Ўзбекистон жамоатчилигида жиддий танқидларга сабаб бўлган.

Алишер Усмонов “Охангаронцемент”ни сотиб олди

Алишер Усмоновга қарашли USM холдингининг Akkermann Cement CA шўъбаси “Охангаронцемент”нинг 98,6 фоиз акциясини сотиб олгани тўғрисида “Газета.uz” ширкат матбуот хизматига таянган ҳолда хабар берди.

Akkermann Cement CA шўъбаси директорлар кенгаши раиси Антон Селявконинг айтишича: “Ишлаб чиқаришдан олинган барча даромад Ўзбекистонда қолади ва республиканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун йўналтирилади”.

Хабарда таъкидланишича, Akkermann Cement CA Алишер Усмоновга қарашли USM холдинги таркибига киради. Бундан аввал шўъба Россиядаги Новотроицк ва Горнозаводск шаҳарларидаги цемент заводларига эгалик қилган ва 2021 йилда 4 миллион тонна цемент ишлаб чиқарган.

“Охангаронцемент” Ўзбекистондаги энг йирик корхоналардан бири ҳисобланади. 2017 йилнинг ноябрида Россия Хитойнинг Beijing Triumph International Engineering Со ширкати билан ҳамкорликда "Охангаронцемент" ширкати базасида йилига 3 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган завод қуриши расман билдирилган эди.

Лойиҳавий қиймати 160 миллион доллар бўлган завод 2020 йилда ишга туширилган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Фирдавс Абдуҳолиқов коррупцияга алоқадорлигини билдирди

Коррупцияга қарши кураш агентлиги Фирдавс Абдухалиқов алоқадор бўлган ширкатларга камида 8 миллард сўмлик маблағ ўтказиб берилганини билдирди.

Кинематография агентлиги директори ва субсидия маблағларини тақсимлаш бўйича қарорлар қабул қилиш ваколатига эга Бадиий кенгаш раиси Фирдавс Абдуҳолиқов коррупцига алоқадорлиги тасдиқлангани тўғрисида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 24 янаварь куни маълум қилди.

Расмий билдирувда таъкидланишича, субсидия маблағларини Абдуҳолиқов ўзининг яқин қариндошлари орасида бўлиштирган. Жумладан, Фирдавс Абдуҳолиқов хотини Шарапова Ф., таъсисчи бўлган ширкатга субсидияларнинг 70 фоизини, қизи Рашидова А.,га 20 фоизини, ўғли Абдухаликов А.,га 10 фоизини ўтказган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг иддао қилишича, Фирдавс Абдуҳолиқов алоқадор бўлган ширкатларга сериалларни суратга олиш учун камида 8 миллард сўмлик маблағ ўтказиб берилган.

“Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўрганиш натижалари бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун Бош прокуратурага юборилди”, -дейилади расмий хабарда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG