Линклар

Шошилинч хабар
21 октябр 2020, Тошкент вақти: 06:52

Тожикистон: Экстремизмда гумонланаётган журналист устидан маҳкама қолдирилди


Журналист Далер Шарифов.

Тожикистонда диншунос журналист Далер Шарифов устидан суд бошқа кунга қолдирилди. “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти аввалроқ бу журналистга қўйилаётган айбловларни “абсурд” деб атаган.

Душанбенинг Шомансур туман судида 13 апрель куни Д. Шарифов иши юзасидан маҳкама бўлиб ўтиши керак эди, бироқ журналистнинг адвокати Озодликнинг тожик хизматига давлат қораловчиси келмагани сабабли суд 15 апрелга қолдирилганини билдирди.

Душанба куни суд биноси олдига маҳкама тингловида қатнашишни истаган кўплаб журналист ва фаоллар йиғилган. Аммо, Шарифовнинг адвокатига кўра, суднинг очиқ ёки ёпиқ бўлиши ҳозирча маълум эмас.

Журналист Далер Шарифовнинг судига йиғилган журналист ва фаоллар, Душанбе, 2020 йил 13 апрели.
Журналист Далер Шарифовнинг судига йиғилган журналист ва фаоллар, Душанбе, 2020 йил 13 апрели.

Сиёсий ва диний мавзуларда қалам тебратувчи 32 ёшли журналист жорий йилнинг 28 январида ҳибсга олинганди. Полиция унинг Душанбедаги квартирасида тинтув ўтказиб, журналистнинг компьютери ва китобларини мусодара қилган.

Кейинроқ Шарифовга миллий, ирқий ва диний адоват қўзғатганлик юзасидан айблов билдирилган. Бу айбловлар исботлангудек бўлса, у 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Тожикистон бош прокуратураси ўз айблов хулосасида журналист 2013 йилдан 2019 йилгача ижтимоий тармоқларда “диний адоват қўзғатиш”га қаратилган “экстремистик қарашдаги 200 дан зиёд мақола ва шарҳ” эълон қилганини билдирган.

Айни пайтда Шарифовнинг яқинлари ҳамда инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлигини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар журналистга қўйилаётган айбловлар асоссизлигини айтиб, уни зудлик билан озод этишни талаб қилмоқдалар.

Мазкур айбловларни “абсурд” деб атаган “Чегара билмас мухбирлар” (RSF) ҳамда Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Шарифовнинг ҳибсга олиниши март ойида бўлиб ўтган парламент сайлови арафасида танқидчи журналистнинг овозини ўчиришга йўналтирилганини билдирган. Зикр этилган сайловда президент Имомали Раҳмон етакчилигидаги ҳукмрон партия ғалаба қозонган.

Тожикистонлик журналист ва блогерларнинг Европа конгресси Шарифовнинг ҳибсга олинишини ноқонуний деб атаб, унинг мунтазам равишда диний экстремизм ва террорчиликка қарши чиқиб келганини урғулаган.

Далер Шарифов 2013 йилдан 2019 йилгача “Озодагон” онлайн нашри билан ҳамкорлик қилган. Мазкур нашр узоқ йиллик босимлардан сўнг ўтган йили ёпилганди.

Журналистнинг ҳамкасблари ва маҳаллий фаоллар Д. Шарифовни дастаклаш учун Фейсбукда #FreeDaler хэштеги остида флешмоб бошлаганлар.

Саккиз йил муқаддам Шарифовга ҳужум уюштирилгани ортидан у бир неча кун касалхонада ётиб чиққанди.

Олдинроқ Human Rights Watch, Халқаро Амнистия, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик, Норвегия Хельсинки қўмитаси каби нуфузли халқаро ташкилотлар ҳам расмий Душанбени журналистни озод қилишга чақирган. Мазкур ташкилотлар авваллари тожик расмийларини мамлакатда ўзгача фикрлилик ва мустақил оммавий ахборот воситаларига босим ўтказгани учун бир неча бор танқид қилган.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти ҳисоботига кўра, Тожикистон матбуот эркинлиги рейтингида 2019 йили дунёдаги 180 мамлакат орасида 161-ўринни эгаллаган.

XS
SM
MD
LG