Линклар

Шошилинч хабар
05 феврал 2023, Тошкент вақти: 08:32

Ўзбек рок мусиқаси афсонаси Даврон Ғойипов оламдан ўтди (ВИДЕО)


Даврон Ғойипов 1980 йилда  Ўзбекистондаги илк hard rock мусиқа гуруҳи - "Оригинал"га асос солган.

Ўзбекистонлик таниқли поп-рок қўшиқчиси Даврон Ғойипов узоқ хасталикдан сўнг 61 ёшида вафот этган.

Бу ҳақда 7 октябрь куни тармоқларда тарқалган хабарларни Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков тасдиқлади.

"Бугун ўзбек эстрадаси санъати осмонининг яна бир юлдузи сўнди. Ўзбекистонлик таниқли рок-поп хонандаси Даврон Ғойипов хасталикдан сўнг, 61 ёшида вафот этди", деб ёзди Назарбеков ўзининг Фейсбук саҳифасида.

Ўзбек роки асосчиси Даврон Ғоипов: Рок – бу миллий мусиқа!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:22 0:00

Таниқли бошловчи Толибжон Исроиловнинг Инстаграм саҳифасида марҳумнинг яқинларига таяниб ёзишича, Даврон Ғойипов 8 октябрь куни ўзи туғилган Урганч шаҳрида дафн этилади.

Қўшиқчини яқиндан билган ўзбек шоу-бизнеси вакилларидан бирининг Озодликка билдиришича, Даврон Ғойипов шу йил мартида Сурхондарё вилоятида автоҳалокатга учраган. Ҳодисада умуртқа поғонаси жиддий шикастланган қўшиқчи шундан буён Қарши шаҳридаги касалхонада муолажа олаётган эди. Манбанинг айтишича, аввалроқ Даврон Ғойипов шифохонанинг жонлантириш бўлимига ўтказилган эди.

Даврон Ғойипов 1961 йил 7 октябрда Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида туғилган. Фаолиятини 1978 йилда "Ялла" гуруҳининг бас гитарачиси сифатида бошлаган хонанда 1980-йилларда Ўзбекистондаги илк hard rock мусиқа гуруҳи - "Оригинал"га асос солган. Тез орада бутун Совет Иттифоқига танилган Ғойипов ижросидаги "Сен қайдан биласан", “Керак эмас шаҳло кўзларинг”, “Шошмагин”, "Бу нима бу", "Қайдасан" қўшиқлари ўша пайтдаги ёшлар орасида катта шуҳрат қозонган.

Даврон Ғойипов Ўзбекистоннинг совет давридаги қудратли партия арбобларидан, собиқ компартия раҳбари Шароф Рашидовнинг яқин сафдоши ва социалистик меҳнат қаҳрамони Рўзмат Ғойиповнинг ўғлидир. Қашқадарё вилоят партия қўмитасига раҳбарлик қилган Ғойипов 1980-йиллар бошидаги "пахта иши" фигурантларидан бўлган. У коррупция айбловлари билан ҳибсга олиниш арафасида ўз жонига қасд қилгани айтилади. Айни жиноят иши доирасидаги тергов жараёнига партия арбобининг оила-аъзолари ҳам жалб қилинган. Жумладан, Даврон Ғойипов 1984 йилда “пахта иши” доирасида суд қилиниб, 5 йил Россиянинг Ангарск қамоқхонасида жазо ўтаган. 1990 йилда Тошкентга қайтган Даврон Ғойипов "Оригинал" гуруҳини қайта тиклайди ва "Бу нима, бу" фильмида суратга тушади.

Ғойиповлар сулоласининг бошқа бир кўзга кўринган аъзоси - "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпаниясининг собиқ раҳбари Арслон Рўзметов 2008 йилда Ўзбекистон қамоқхонасида вафот этган эди. Бир муддат Москванинг "Внуково" халқаро аэропортини бошқарган Арслон Рўзметов ватанида иқтисодий жиноятларда айбланган ва 2007 йилда Тошкентнинг сўрови билан Ўзбекистонга экстрадиция қилинганди.

Форум

XS
SM
MD
LG