Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2022, Тошкент вақти: 16:33

Халқаро хабарлар

Декабрь ойидан бошлаб Кипрга бораётган россияликлардан виза йиғими олинади

Кипр ороли ҳудуди

Кипр расмийлари 1 декабрдан эътиборан Россия фуқаролари учун кириш ҳужжатларини расмийлаштиришга 80 евродан виза йиғими жорий қилишмоқда. Яна бир ойдан сўнг 6 ёшдан 12 ёшгача бўлган россиялик болалар учун 40 евродан пул тўлаш лозим бўлади.

Авваллари Россия фуқаролари учун Кипр визасини расмийлаштириш текин эди.

Кипр ҳукумати изоҳига кўра, тартиб-таомилнинг ўзгариши Европа Иттифоқи ва Россия ўртасида соддалаштирилган виза тартибига оид шартноманинг тўхтатилиши билан боғлиқ.

ЕИ Россия билан соддалаштирилган виза тартибининг амал қилишини сентябрь ойида тўхтатиб қўйган. Шу важдан россияликлардан олинадиган виза йиғими миқдори 35 евродан 80 еврога кўтарилган. Бундан ташқари, визага ариза топшириш учун зарур бўлган ҳужжатлар сони кўпайган.

Кейинроқ Эстония, Латвия, Литва, Польша, Финляндия ва Чехия ўз чегаралари орқали россиялик туристларнинг Европа Иттифоқи ўтказишни тўхтатиб қўйишган.

Кун янгиликлари

Европа комиссияси Россиянинг музлатилган активларини мусодара этиш режасини таклиф қилди

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен (ч) Украина президенти Владимир Зеленский (ў) билан, Киев, 2022 йил 15 сентябри

Европа Иттифоқининг ижроия органи бўлган Европа комиссияси уруш натижасида Украинага етказилган зарар ўрнини тўлдириш учун Россиянинг музлатилган активларини мусодара қилиш бўйича режани таклиф қилди. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен билдирди.

Унга кўра, бу зарар миқдори 600 миллиард евродан ошиб кетган. Россия ва унинг олигархлари мамлакатни тиклаш харажатларини қоплашлари лозим ва Европа расмийларида Москвани бадал тўлашга мажбур қилиш учун воситалар мавжуд. Бу мақсадлар учун ЕИда Россия Марказий банкига қарашли 300 миллиард евро ҳамда россиялик олигархларга тегишли 19 миллиард евро музлатиб қўйилган, дея эслатган Урсула фон дер Ляйен.

Еврокомиссия Россиянинг музлатилган активларидан махсус жамғарма тузишни таклиф қилган. ЕК раҳбарига кўра, Европа Иттифоқи ва унинг ҳамкорлари бу маблағларни бошқариб, қисқа муддат ичида инвестиция қилишлари, бундан тушган даромадни эса урушдан кўрилган зарарни қоплаш учун Украинага беришлари мумкин эди.

«Биз бу ишни амалга ошириш учун халқаро шартнома устида ишлаймиз ва биз бу маблағларга етиб бориш учун биргаликда қонуний йўлларни топа оламиз», деган мулозима.

Ўз мурожаатида Еврокомиссия раҳбари уруш бошидан бери 100 мингдан зиёд украиналик ҳарбий ва камида 20 минг нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлганини билдирган. «Россия ўзининг мудҳиш жиноятлари учун товон тўлаши лозим», деган Урсула фон дер Ляйен.

Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский урушдан кейин Украинани тиклаш учун бир триллион доллардан кўпроқ маблағ керак бўлишини билдирган. Украина инфратузилма вазири Александр Кубраков эса энергетика тизимини қайта тиклашга бир неча юз миллион доллар лозим эканини айтган, бироқ аниқ бир рақамни очиқламаган.

Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа қатор мамлакатлар санкция жорий этиб, Россия ва унинг олигархларига тегишли активларни музлатиб қўйган эди.

Қозоғистонда фуқаролик олиш учун этник қозоқлар ҳам давлат тили бўйича имтиҳон топширади

Қозоғистонда 2023 йилда фуқаролик олиш учун қозоқ тили бўйича имтиҳон жорий қилиш режаланган. Бу имтиҳондан аввало ҳужжатларидаги тегишли катагида миллати ёзилмаган этник қозоқлар ўтиши керак. Бу ҳақда 29 ноябрь куни журналистлар билан мулоқот чоғида Қозоғистон меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири Тамара Дуйсенова билдирган.

«Ҳозир узоқ хориждан ҳужжатларида қайси миллатга мансуб экани кўрсатилмаган этник қозоқлар келишяпти. Биз ҳужжатида миллати ёзилмаган этник қозоқлар учун кейинги йилда синов ўтказамиз», деган Дуйсенова.

Вазир миграцион сиёсатнинг янги концепциясига кўра 2027 йилгача Қозоғистон фуқаролигини олиш учун англаш даражасида қозоқ тилини, мамлакат тарихи ва Конституциясини билиш кўзда тутилганини қўшимча қилган.

Аввалроқ Қозоғистон ҳукумати фуқароликка оид қонунчиликка тузатишлар киритган, унга мувофиқ, давлат (қозоқ) тили, тарихи ва миллий қонунчилик асосларини билмаслик Қозоғистон фуқаролигини олиш ёки тиклаш юзасидан берилган аризани рад қилиш учун қўшимча асос бўлиши мумкин.

Беларусь мухолифати лидерларидан бири Мария Колесникова қамоқдан касалхонага кўчирилди

Ўтган йилнинг сентябрида Колесникова Беларусда президентлик сайловлари натижаларига қарши намойишларни уюштирганликда айбланиб 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Президент Александр Лукашенкога қарши ўтказилган кўп ойлик намойишларнинг лидерларидан бири Мария Колесникова Гомелдани қамоқхонадан тез ёрдам касалхонасининг реанимация бўлимига кўчирилди. Бу ҳақда Беларусь президентлигига сайловдаги собиқ номзод Виктор Бабарико штабига мансуб телеграм каналида маълум қилинди.

Колесникова Бабариконинг сайлов штаби раҳбари бўлган. Хабарда айтилишича, Колесникова қамоқдан 28 ноябрь куни хирургик патология ташхиси билан касалхонага кўчирилган. Ўша куниёқ у жарроҳлик амалиётидан ўтган, унинг аҳволи барқарор оғир экани билдирилди.

Қамоқхона маъмурияти бу хабарга муносабат билдирмади. Мутахассисларга кўра, хирургик патология ўта ёмон тиббий кузатув оқибатида пайдо бўлади. Колесникова кас алхонага кўчирилишидан олдин қамоқхонанинг жарима изоляторига жойлаштирилган эди. Бунга нима сабаб бўлгани маълум қилинган эмас.

Ўтган йилнинг сентябрида Колесникова Беларусда президентлик сайловлари натижаларига қарши намойишларни уюштирганликда айбланиб 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Халқаро ташкилотлар Колесниковани сиёсий маҳбус деб эълон қилган ва унинг озод этилишини талаб қилиб келмоқда.

Кремль матбуот котиби “Россия-Қозоғистон-Ўзбекистон газ иттифоқи” тўғрисида тушунтириш берди

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков “Россия-Қозоғистон-Ўзбекистон газ иттифоқи” ни ташкил этиш ташаббусини президент Владимир Путин кўтарганини тасдиқлади ва бу борада тушунтириш берди.

Песковга кўра, уч давлат ўртасида иттифоқ тузиш зарурияти газ экспорти масаласини мувофиқлаштириш эҳтиёжи ортидан пайдо бўлган. Путин айни пайтда “фақат мувофиқлаштирувчи механизм ташкил этиш”ни таклиф қилмоқда.

“Балки бу масалани яна муҳокама қилиш зарурдир. Уч мамлакат ҳамкорлиги ва ташқи бозор инфратузилмасини ривожлантириш учун қандайдир бир юридик орган тузилиши эҳтимол”,- деди Песков журналистларга.

Песковга кўра, бу тузилма орқали Россия газини Қозоғистоннинг шимолий вилоятларига, Хитойга ва бошқа давлатларга экспорт қилиш учун имконият пайдо бўлади.

28 ноябрда Москвага борган Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳамкасби Владимир Путин билан музокаралар ўтказгани ва шундан сўнг Мишустин билан учрашгани ҳақида хабар берилган.

“РИА Новости”нинг ёзишича, Тоқаев Мишустин билан учрашувда Россия ва Ўзбекистон билан уч томонлама “қандайдир иттифоқ тузиш” масаласини кўриб чиқишга тайёр эканини билдирган.

“Бугун Владимир Владимировчи билан биз қандайдир уч томонлама иттифоқ тузишимиз кераклиги тўғрписида гаплашдим ва у Ўзбекистон президентига телефон қилмоқчи”, деб иқтибос келтиради Тоқаев сўзларидан агентлик.

Бироқ Тоқаевнинг матбуот хизмати сайтида ҳам, Кремль сайтида ҳам бу борада бирон маълумот берилмаган эди.

Шундан сўнг қозоқ президентининг матбуот котиби Руслан Желдибай икки давлат президентлари Ўзбекистон иштирокида “газ иттифоқи”ни ташкил этиш масаласини муҳокама қилганлари ҳақида маълумот берган. Бу маълумот ортидан Дмитрий Песков ҳам бу борада тушунтириш берган.

Аммо бу масалада Ўзбекистон томони ҳозирча расмий муносабат билдирмади.

Россия дунёда газ қазиб олиш ва экспорт қилиш борасида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Украинадаги уруш ортидан Европа Иттифоқи Россияга газ қарамлигини камайтира бошлади ва бунинг оқибатида Москва ўз газининг асосий қисмини Хитойга сота бошлади.

Қозоғистон ва Ўзбекистонда қазиб олинган газ ўз аҳолисининг эҳтиёжи учун аранг етади. Бироқ Туркманистон Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали ўтган қувурлар орқали Хитойга газ экспорт қилади.

Alibaba асосчиси Жек Ма Хитойни тарк этди

Жек Ма Токио марказида оиласи билан яшамоқда.

Alibaba асосчиси Жек Ма Хитойни тарк этган ва сўнгги 6 ойдан бери Япония пойтахти Токиода яшамоқда. Бу ҳақда Financial Times ўз манбаларига таянган ҳолда хабар берди.

Нашр манбаларига кўра, Жек Ма Токио марказида оиласи билан яшамоқда ва ўзининг жамоатчилик фаолиятини кескин қисқартирган. Манбалар миллиардер айни пайтда нималар билан шуғулланаётгани тўғрисида турлича маълумотларни айтганлар. Айрим манбалар Ма электрон тижоратдан ташқари бошқа бизнесга аралашиш ҳаракатларини қилаётганини айтса, айрим манбалар Ма коллекциячилик ва акварел бўёқларда сурат чизиш билан қизиқа бошлаганини билдирган.

Ма Хитой ҳукуматининг технология ширкатларига босими кучайгани ортидан мамлакатни тарк этган. Бизнесмен 2020 йилда Шанхайда ўтган анжуманда Хитой ҳукуматини “чоллар ўйлаб топган тартиб меъёрлари замон талабларига жавоб бермайди” деб танқид қилганидан сўнг жамоатчилик орасида кам кўриниш бера бошлаган эди.

2021 йилнинг апрелида Хитой Давлат бозор муносабатлари бошқармаси Alibaba Group Holding Limited ширкатини антимонополия қонунларини бузганликда айблаб 18,2 миллиард юан (2,8 миллиард доллар) жаримга тортган эди. Бу Хитой замонавий тарихидаги энг рекорд натижа бўлди.

Бетарафлик куни арафасида полиция Ашхободдан вилоятликларни бадарға қилмоқда

Туркманистонда полиция Ашхободга бошқа шаҳарлардан келганларни пойтахтан чиқармоқда. Улар байрам кунлари Ашхободга келмасликлари тўғрисида тилхат ёзиб беришмоқда. Бу ҳақда Озодлик радиоси туркман хизмати хабар берди.

Ҳар бир бадарға қилинган ички мигрант учун полициячиларга 100 манат (28 доллар) миқдорида мукофот берилмоқда, деб айтди туркман хизматининг полициядаги манбаси. Унга кўра, полиция Ашхободда вақтинча яшаш рухсатномаси бўлган ички мигрантларни ҳам қўлга олмоқда.

12 декабрда Туркманистонда Бетарафлик куни нишонланади. Мазкур байрам БМТ Бош Ассамблеяси мамлакатнинг доимий бетарафлиги тўғрисидаги резолюцияни қабул қилганидан сўнг давлат миқёсида нишонлана бошланган. Туркманистон ҳукумати ва матбуоти бетарафлик сиёсатини ташқи сиёсат соҳасида эришилган энг юксак ютуқ қаторида тақдим этиб келади.

2020 йилда Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов “Туркманистон Бетарафликнинг ватани” номли китобини чоп қилган эди. Марказий банк эса Бетарафлик куни муносабати билан махсус эсдалик тангалари ва купюраларини чиқарди.

Мобилизация ортидан Қозоғистонга 400 минг россиялик кириб келди

Мобилизация қилинган россияликлар.

Россияда мобилизация эълон қилинган 21 сентябрдан сўнг Қозоғистонга 400 минг россиялик кириб келди. Улардан 320 мингги мамлакатдан чиқиб кетди. Айни пайтда Қозоғистонда юз мингга яқин россиялик қолмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Тамара Дуйсенова маълум қилди.

4 октябрда Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги 21 сентябрдан бери мамлакатга 200 мингдан ортиқ россиялик келгани ва улардан 147 мингги чиқиб кетгани тўғрисида билдирган эди.

Қозоқ Миллий банкининг билдиришича, 2022 йилнинг октябрида Россиядан Қозоғистонга 5,6 миллиард рубл пул ўтказилган. Бу эса 2021 йилнинг октябридаги кўрсаткичдан 13 баробарга кўпдир.

Россия президенти Владимир Путин 21 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилгани ортидан мамлакатни юз минглаб россияликлар тарк этгани хабар қилинган. Жумладан, минглаб россияликлар Ўзбекистонга келган.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси сентябрь ойининг ўзида Ўзбекистонга 78,2 минг россиялик турист келгани ва бу апрель ойидаги кўрсаткичдан 2,7 баробар кўплигини билдирган эди.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги вакиллари эса октябрда Самарқандда ўтган Discovering Uzbekistan конференциясида ўтган тўққиз ой ичида Ўзбекистонга Россиядан 400 мингдан зиёд турист келганини билдирган.

НАТО давлатлари қиш арафасида Украинага ёрдамни кучайтиришади

Йенс Столтенберг НАТОга аъзо мамлакатлар ТИВ раҳбарларининг учрашуви очилишида нутқ сўзламоқда, Бухарест, 2022 йил 29 ноябри

НАТОга аъзо мамлакатлар ҳарбий ёрдам дохил Украинага кўмакни кучайтиришади. Бу ҳақда ташкилотнинг бош котиби Йенс Столтенберг Шимолий Альянсга аъзо мамлакатлар ТИВ раҳбарларининг 29 ноябрь куни Бухарестда бошланган учрашувида маълум қилди.

Столтенберг НАТО мамлакатлари Киевга фақат зарур қурол-аслаҳа бериш билан чекланмай, эҳтиёт қисмлар ва ўқ-дори етказилишини ҳам таъминлашлари зарурлигини қайд этган. Бош котиб иттифоқчи давлатлар томоидан Украинага ёқилғи, дори-дармон ва қишлик кийим-бош етказиб берилишига ҳам эътибор қаратган.

НАТО раҳбарига кўра, Россия президенти Владимир Путин яқинлашиб келаётгандан қишдан қурол сифатида фойдаланишга уринмоқда ва шунинг учун ҳам ўта муҳим инфратузилма объектларини қасддан нишонга оляпти. Столтенберг совуқ туфайли Европага украиналик қочқинларнинг янги тўлқини кўчиши мумкинлигини ҳам истисно қилган эмас.

Ўз навбатида, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Вашингтон ҳамда унинг америкалик ва европалик ҳамкорлари Украинага Россия армияси ҳужумларидан кейин шикастланган юқори вольтли станцияларни тиклашга имкон берувчи жиҳозлар етказиб бериш масаласи устида ишлаётганини билдирган.

Учрашувда вазирлар Киевнинг НАТОга аъзо бўлишга оид аризасини ҳам муҳокама қилишлари керак. Бироқ, ОАВ хабарларига кўра, учрашув иштирокчилари, афтидан, бу сафар фақат ҳарбий иттифоқнинг очиқ эшиклар сиёсати юритишини тасдиқлаш билан чекланишади, холос.

Запорожье АЭСига “Росатом” билан шартномани имзоламаган ходимлар киритилмаяпти

Россия қўшинлари босиб олган Запорожье АЭСига “Росатом” билан шартномани имзоламаган ходимлар киритилмаяпти. АЭС ходимлари Украинанинг “Энергоатом” ширкати билан шартномага эга эди.

Украина Қуролли кулари Бош штабининг билдиришича, шартномани имзоламаган ходимлар душанба кунидан бошлаб иш жойига киритмлай қўйилган. “Росатом” бу хабарга муносабат билдирмади.

АЭС ходимларининг кўпчилиги Россия иш берувчиси билан шартнома имзолашни истапаяпти. Чунки АЭС Украина назоратига қайтганидан сўнг Киев уларни коллаборационизмда ёки объектнинг стратегик аҳамиятга эга эканидан келиб чиқиб, давлатга хиёнатда айблаши мумкин.

Якшанба куни “Энергоатом” президенти Пётр Котин Россия ҳарбийлари АЭС ҳудудини ташлаб чиқиб кетиши мумкинлиги тўғрисида маълумотлар пайдо бўлганини айтган эди. Ҳозрча эса улар АЭСни ҳарбий база қаторида ишлатишда давом этмоқда.

Аммо Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков рус армияси Запорожье АЭСини ташлаб чиыиши тщ-рисдаги гапларни ёлғон деб атади.

Россия Запорожье АЭСини март ойида босиб олган эди. Ўшандан бери Россия ва Украина бир бирини АЭСни бомбардимон қилганликда айблаган.

Путин Тоқаевга Ўзбекистон билан уч томонлама газ иттифоқи ташкил этишни таклиф қилган

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 28 ноябрда Москвага борди.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Россия президенти Владимир Путин Москвадаги учрашувда Ўзбекистон билан биргаликда “уч томонлама газ иттифоқи” ташкил этиш масаласини муҳокама қилган. Бу ҳақда қозоқ президентининг матбуот котиби Руслан Желдибай маълум қилди.

Унга кўра, мазкур иттифоқни ташкил этишдан мақсад газ транспортировкасини мувофиқлаштиришдир.

“Қасим-Жомарт Тоқаев ва Владимир Путин барча манфаатдор томонларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда бу масалани рационал тарзда ҳал этиш учун уч давлат экспертлари иштирокида музокаралар ўтказиш лозим деб ҳисоблайди”, деди Руслан Желдибай.

Аввалроқ Россия матбуотида 28 ноябрда Москвага борган Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳамкасби Владимир Путин билан музокаралар ўтказгани ва шундан сўнг Мишустин билан учрашгани ҳақида хабар берилган.

“РИА Новости”нинг ёзишича, Тоқаев Мишустин билан учрашувда Россия ва Ўзбекистон билан уч томонлама “қандайдир иттифоқ тузиш” масаласини кўриб чиқишга тайёр эканини билдирган.

“Бугун Владимир Владимировчи билан биз қандайдир уч томонлама иттифоқ тузишимиз кераклиги тўғрписида гаплашдим ва у Ўзбекистон президентига телефон қилмоқчи”, деб иқтибос келтиради Тоқаев сўзларидан агентлик.

Бироқ Тоқаевнинг матбуот хизмати сайтида ҳам, Кремль сайтида ҳам бу борада бирон маълумот берилмади.

Merriam-Webster ва Collins луғатлари “Йил сўзи”ни эълон қилди

Merriam Websters луғати.

Инглиз тили луғатининг асосий таҳририятларидан бири бўлган Merriam-Webster Gaslighting (Газлайтинг) атамасини “Йил сўзи” қаторида эътироф этди. Мазкур сўз одамни кўзи билан кўрган нарсага эмас, унга уқтирилаётган нарсага ишонтириш учун манипуляция қилишни англатади.

Яна бир машҳур Collins луғати эса Permacrisis сўзини “Йил сўзи” сифатида танлади. Бу сўз перманент, доимий кризисда яшашни англатади.

Gaslighting инглиз тили луғатига 1944 йилда “Газ чироқ” фильми орқали кириб келган. Бу фильмда бош ролни ўйнаган Ингрид Бергман “Оскар” мукофотига сазовор бўлган. Фильм сюжетида ёш аёл эри йўқлигида уйининг чироғи сусайиб қолишини сезиб қолади. Бироқ эри уни бу галлюцинация ва руҳий парокандалик эканига ишонтирмоқчи бўлади ва аёл бунга ишонади.

Кейинроқ маълум бўлишича, эр жиноятчи бўлиб, у хотинини руҳий касал деб эълон қилиш ва касалахонага жўнатиб, унинг бойлигига эга чиқишни мақсад қилган. Шунинг учун у кўчага чиқиб кетаётиб чироқни пасайтириб қўяр, уйга қайтгач эса хотинини чироқнинг пасайиб қолишини руҳий касаллик аломати эканига ишонтирмоқчи бўларди.

Бугунги кунда Gaslighting психологик манипуляцияни, масалан, ОАВ ёки сиёсатчилар одамларни кўзлари, фикрлари ва қулоқларига эмас, ўзларига ишонтиришга ҳаракат қилишини англатади.

Merriam-Webster луғатининг тузувчилари бу атама бугунги кунда жаҳонда ва ахборот маконидаги вазиятни аниқ ифодалаб беради, деб ҳисобламоқда.

Collins луғати эса ўзи танлаган Permacrisis–"перманент кризис" сўзи 2022 йилдаги инсоният ҳаётини ифодалаб беради, деб ҳисобламоқда.

Бундан ташқари луғат Partygate (базмгейт), Warmbank (исиниш пункти), Carolean (Карлга мансуб) ва Kyiv (Киев)ни “Йил сўзлари” сифатида қайд этиш мумкинлигини билдирган.

Partygate сўзи пандемия пайтида Британия бош вазири Борис Жонсон ўтказган яширин базмлар ортидан юзага келган сиёсий жанжалдан сўнг пайдо бўлди. Мазкур жанжал оқибатида Жонсон истеъфо беришга мажбур бўлди.

Warmbank – коммунал хизматлар нархининг кўтарилиб кетиши ортидан ўз квартираларидаги истиш тизимдан фойдалана олмаётганлар учун ташкил этилган “исиниш пункти”.

Carolean – "Карлга мансуб”, яъни Британиянинг янги қироли Карл III га мансублик.

Kyiv - Киев, Украина пойтахти.

Санкцияларни четлаб ўтиш “ЕИга нисбатан жиноят” сифатида талқин қилинади

ЕИ ва Украина байроқлари.

Европа Кенгаши санкциялар режимини бузишни Европа Иттифоқига нисбатан жиноятлар рўйхатига киритди. Мазкур рўйхат ЕИ фаолияти тўғрисидаги шартномада назарда тутилган эди.

Аввал ЕИга қарши жиноятлар рўйхатига террорчилик, одам савдоси, аёллар ва болаларни жинсий эксплуатация қилиш, наркотик моддалар ва қурол билан ноқонуний савдо қилиш, коррупция, пул ювиш, тўлов воситаларини қалбакилаштириш, кибержиноятлар ва уюшган жиноятчилик киритилган эди.

Европа Кенгашининг билдиришича, ЕИ Россиянинг Украинага босқини ортидан Москвага мисли кўрилмаган санкцияларни жорий этгани таъкидланади. “Санкция сиёсати муваффақиятли бўлиши учун санкцияларни четлаб ўтишнинг олдини олиш шарт”, дейилади ЕИ билдирувида.

Эндиликда Европа Кенгаши махсус директивани ишлаб чиқиши лозим бўлади. Мазкур директивага асосан ЕИга аъзо барча давлатлар қонунчиликка санкцияларни четлаб ўтганларни жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги моддани киритади. Директивада бу жиноят учун бериладиган минимал жазо чораси ҳам қайд этилади.

Айни пайтда санкцияларни четлаб ўтишнинг олдини олиш тўғрисидаги қоидалар Россияга қарши санкцияларнинг тўққизинчи пакетида акс этиши масаласи ЕИда кўриб чиқилмоқда. Европа комиссияси аъзоси Дидье Рейндерс санкцияларни четлаб ўтмоқчи бўлганларнинг активлари мусодара қилиниши мумкинлигини айтган.

Киевга бирданига етти мамлакатнинг ташқи ишлар вазирлари келишди

Эстония, Финляндия, Исландия, Латвия, Литва, Норвегия ва Швеция ТИВ раҳбарлари Украина пойтахтига Россияга қарши урушда мамлакатга бундан кейинги ёрдам масаласини муҳокама қилиш учун келишган.

“Бу Россия агрессияси бошидан бери Украинага ташриф буюрган вазирларнинг энг катта гуруҳидир. Асосий масала – Украинага бундан буён қандай ёрдам бериш”, деб ёзди Латвия ташқи ишлар вазири Эдгарс Ринкевичс Твиттердаги ўз саҳифасида .

Хорижлик дипломатлар билан Украина бош вазири Денис Шмигаль учрашган. Унга кўра, музокараларнинг асосий мавзулари Россияга қарши санкциялар, Украинага молиявий ёрдам ва қурол-аслаҳа етказиб бериш бўлган.

Эронда оятуллоҳ Хоманаийнинг жияни ҳибсга олинди

Фариде Муродхоний

Эроннинг руҳоний раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаийнинг жияни, ҳуқуқ фаоли Фариде Муродхоний дунё ҳамжамиятини расмий Теҳрон билан ҳар қанақа алоқани узишга чақиргани ортидан ҳибсга олинган. Бу ҳақда CNN телеканали, Reuters ва AFP агентликлари ҳуқуқ фаолининг иниси Маҳмуд Муродхонийдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишган.

Францияда яшайдиган Маҳмуд Муродхонийга кўра, у аввалдан ёзиб қўйилган видеони 23 ноябрь куни Фариде ҳибсга олинганидан кейин ёйинлаган.

“Эй ҳур инсонлар, биз билан бирга бўлинг ва ўз ҳукуматларингизга айтингки, болаларни ўлдираётган бу қонхўр режимни қўллашни тўхтатишсин. Бу режим ўзининг диний тамойилларидан бирортасига ҳам амал қилмайди ҳамда кучдан ва нима қилиб бўлса ҳам ўз ҳокимиятини сақлаб қолишдан бошқа ҳеч қанақа таомил-қонунни билмайди”, деган Фариде Муродхоний.

Эронликлар Теҳрон расмийларини қўллаётганларга қарши курашиш кайфиятида эканини айтган ҳуқуқ фаоли демократик мамлакатларни Эрондан ўз вакилларини чақириб олишга ҳамда “Теҳрон билан тузилажак ҳар қанақа келишувни тўхтатиш”га чақирган.

Мурожаатнома айнан қачон ёзилгани маълум эмас.

Фариде ва Маҳмуд Муродхоний Хоманаийнинг синглисига уйланган ҳамда шу йил октябрида вафот этган дин ва мухолифат арбоби Али Теҳронийнинг фарзандларидир.

Эрондаги норозилик намойишлари сентябрь ойи ўрталарида 22 ёшли ҳуқуқ фаоли Маҳса Аминий ўлимидан сўнг бошланиб кетган. Курд миллий озчилигига мансуб бўлган бу аёл рўмолини рисоладагидек ўрамагани учун Теҳронда ахлоқ полицияси томонидан тутилиб, калтаклангани ортидан жон берган эди.

ЕИ “Россельхозбанк”ни SWIFT тизимига қайта улаш имкониятини кўриб чиқмоқда

Европа Иттифоқи Россиядан ўғит ва озиқ-овқат экспортини осонлаштириш учун “Россельхозбанк”ни SWIFT халқаро тўловлар тизимига қайта улаш имкониятини ўрганмоқда. Бу ҳақда Еврокомиссия вакили Петер Стано маълум қилди.

Станога кўра, Европа Иттифоқи Россиянинг илтимосини инобатга олган, бироқ Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан киритилган санкцияларни ўзгартириш учун ЕИга аъзо бўлган 27 та давлатнинг ҳаммаси буни бир овоздан маъқуллаши лозим.

Стано ўз сўзида Европа Иттифоқи санкцияларида Европа банкларига ўғит ва озиқ-овқатга оид битимлар бўйича Россия банклари билан (ҳатто улар санкция остида бўлсалар ҳам) ҳамкорлик қилишга имкон берувчи истиснолар мавжудлигини қайд этган.

Бундан ташқари, Еврокомиссия вакили “Россиядаги кўплаб банклар санкция остига тушмаган”и ва “SWIFTдан узилмай, халқаро тўловлар учун очиқ қолаётган”ини таъкидлаган.

Европа Иттифоқи 2022 йил июнь ойи бошида ўз санкцияларининг олтинчи пакети доирасида “Россельхозбанк”ни SWIFT тизимидан узиб қўйишга қарор қилган эди.

Аввалроқ Россия ТИВ раҳбарининг ўринбосари Сергей Вершинин Москва қишлоқ хўжалигига оид келишувларни молиялаштириш бўйича энг асосий банк ҳисобланмиш “Россельхозбанк”ни санкция рўйхатидан чиқаришни талаб қилаётганини билдирган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG