Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2018, Тошкент вақти: 13:39

Озодлик фош қилган "Оққўрғон иши" ортидан бош вазир ўринбосари ишдан олинди


Ўзбекистон Бош вазирининг собиқ ўринбосари Зойир Мирзаев

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида 6 кишининг ариқдаги сувга тушириб, таҳқирланиши ортидан Ўзбекистон Бош вазирининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари бўйича ўринбосари Зойир Мирзаев ишдан олинди.

Ўзбекистон президенти расмий сайти 29 октябрда тарқатган хабарга кўра, Зойир Мирзаев "ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнида жиддий камчиликларга йўл қўйгани боис" ишдан олинган. ​

29 августда Абдула Арипов раислик қилган ҳукумат видеоселектрида Оққўрғон ҳодисасига гувоҳ бўлган Тошкент вилояти прокурори ўринбосари ва бошқа мутасадди раҳбарлар ҳам ўз лавозимларидан озод этилган.

Ишдан олинганларнинг шахси айтилмаган.

Озодлик фош қилган "Оққўрғон иши" ортидан бош вазир ўринбосари ишдан олинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:52 0:00

Уятли ҳолат

Ҳукумат видеоселекторида иштирок этган мулозимлардан бирининг айтишича, Абдулла Арипов ўз ўринбосари Зойир Мирзаевни президент сиёсатига қарши иш қилганликда айблаган.

"Шахсан мен учун бу жуда ноқулай ва уятли ҳолат. Чунки менинг ўринбосарим президентимиз олиб бораётган сиёсатга қарши иш қилди. Мана шу ҳолат 25 октябрь куни юз берган бўлса, юртбошимиз Зоир Мирзаевни ишдан бўшатиш ҳақидаги қарорни 27 октябрда қабул қилди. Бироқ, Конституцияга мувофиқ, шанба ва якшанба кунлари ҳеч қандай қарор ва фармонлар қабул қилинмайди. Шунинг учун биз бу қарорни бугун эълон қилдик," деган Абдулла Ариповдан иқтибос келтиради daryo.uz сайти.

Бош вазирнинг қўшимча қилишича, президент "шунча халққа хизмат қилган" Зойир Мирзаевни кечира олмаган.

"Президентимиз уни бу қилмиши учун кечирмади. "Қонун барчага баробар, жазо муқаррар", деб айтдилар," дея таъкидлаган Абдулла Арипов.

Мажбурий меҳнатга оид фармойиш имзоланди

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, президент Мирзиёев 29 октябрь куни барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакл ва кўринишларига йўл қўймаслиги учун жавобгарликни ошириш тўғрисида фармойиш қабул қилган.

"Ушбу фармойишга мувофиқ, ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнида жиддий камчиликларга йўл қўйгани боис Мирзаев Зойир Тоирович Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексининг раҳбари лавозимидан озод этилди", дейилади матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, президент Бош прокурорга қишлоқ хўжалиги ишларидаги қонунбузарликлар юзасидан текширув ўтказиш, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига, жойлардаги давлат ҳокимликлар ва хўжалик бирлашмалари раҳбарларига мажбурий меҳнатни тугатиш бўйича топшириқ берган.

29 октябрь куни бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида ўтган видеоселектор йиғилишида Йонас Аструп ҳам иштирок этган ва маъруза қилган.

"Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон президентининг мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича фармонини олқишлайди. Ўйлаймизки, Ўзбекистон фуқаролари бундай вазиятларга тоқат қилишмайди ва ҳеч ким қонундан устун эмаслигини тушуниб етишади," деб айтган Йонас Аструп.

Оққўрғонда таҳқирланганлар прокуратурада

29 октябрь куни Озодлик сувга туширилганлардан икки нафарининг яқинлари билан боғланди.

Уларнинг айтишича, 29 октябрь куни тушдан кейин сувга туширилган 6 киши - туман ҳокимлигининг 3 мулозими, бир маҳалла оқсоқоли ва 2 нафар оққўрғонлик фермер Бош прокуратурага чақиритилган.

"Нимага чақиришганидан бехабармиз. Аммо, жуда яхши муомалада бўлишди", деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бу олтовлондан бирининг исмини сир сақлаган яқини.

Оққўрғонда 6 киши сувга бўктирилди

Оққўрғонда 6 кишининг буғдойга вақтида сув қўймагани учун сувга туширилиб, таҳқирланаётгани акс этган сурат 27 октябрь куни ўзбек тилидаги ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Суратда кузнинг совуғида ариқдаги сувга бўктирилган 6 киши қаттиқ қўрқув остида пастга қараб турган ҳолда акс этган.

Бу сурат ортидан Озодликнинг аниқлашича, сурат Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Зойир Мирзаевнинг 25 октябрь куни Тошкент вилояти Оққўрғон туманига сафари пайтида олинган. 6 киши буғдойга сув қўймагани учун бош вазир ўринбосари, Тошкент вилояти ва Оққўрғон тумани мутасаддилари кўз ўнгида совуқ сувга тушириб, жазоланган.

Сувга бўкканлар кўчада югуртирилди

Бундан ташқари, гувоҳларнинг қўшимча қилишича, суратда айбдорларга берилган жазонинг фақат бир қисми акс этган. Сувга бўктирилгунга қадар, олтовлон калтакланган, сўнгра 40-45 дақиқа сувда туришга мажбурланган, сўнгра эса шалаббо ҳолида кўчага чиқарилиб, автомобиль олдига солиб, 1 км масофага югуртирилган.

"Битта менмас, кўпчилик кўриб турди буни - уларни сувда 40-45 минут ушлаб туришди-да, кейин сувдан чиқариб, машинани олдига солиб, югуртириб олиб кетишди. Қаерга олиб кетди - билмадим, лекин. Бунақасини мен умримда кўрмаганман. Жуда даҳшат бўлди ", дейди гувоҳлардан бири.

Шахсига оид маълумотларни сир сақлаш шарти билан Озодликка сўзлаган Оққўрғон тумани мулозимларига кўра, бу ноқонуний ҳаракатлар – таҳқирлаш ва калтаклашлар - Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Зойир Мирзаев ҳамда бошқа мутасаддилар иштирокида содир бўлган.

Бу ҳали ҳаммаси эмас

Озодликка келаётган хабарларга кўра, 25 сентябрь куни Тошкент вилоятига борган бош вазирнинг эндиликда собиқ ўринбосари бошқа туманларда ҳам маҳаллий мулозим ва фермерларнинг норозилигига сабаб бўладиган ишларни қилган.

Жумладан, Озодликка мактуб жўнатган муштарийлардан бири шундай ёзди:

"Кеча (25 октябрь куни - таҳр.) Пискент туманида бош вазир ўринбосари З.Т.Мирзаев мажлис ўтказди ва режани бажара олмаган фермерларни ҳақоратли сўзлар билан нафсониятига тегиб гапирди. Соат 19:30 да бошланган мажлис тунги 2:30 гача давом этди. Ҳеч кимни ташқарига чиқармай туман ИИБ бошлиғи шахсан ўзи эшик олдига туриб олиб, ҳақорат қилишда туман ҳокимидан сира қолишмади", деб ёзди жумладан исми Озодлик муштарийси.

Бу муштарий ўз хабарига суратни илова қилди.

"Оққўрғон иши" матбуотга тушганидан буён Озодлик электрон почтаси, саҳифаси ва ижтимоий тармоқларда Бош вазирнинг эндиликда собиқ ўринбосари Зойир Мирзаев бунга қадар ҳам кишиларни таҳқирлаш, калтаклаши билан маълум бўлгани айтилган кўплаб шарҳлар келмоқда.

Жумладан, Озодликнинг Facebook саҳифасида қолдирилган шарҳлардан бирида "Самарқандда хоким пайтида бундан баттарларини қилган, декабр ойида сувни ичида бир соат сақлаган битта қурувчини, коттеж қурилишини вақтида битирмагани учун", дейилади.

Прокуратура текширув бошлади

29 октябрь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси ушбу ҳолат бўйича ўз муносабатини билдирди.

Прокуратура эълон қилган баёнотда айтилишича, ҳолат бўйича текширув бошланган ва “айбдор бўлган шахслар, мансаби ва даражасидан қатъи назар, тегишлича жавобгарликка тортилиши таъминланади”.

#Ariqchallenge флешмоби бошланди

Ўзбекистондаги ижтимоий тармоқларда бу воқеа ҳануз кескин баҳсларга сабаб бўлмоқда. Ҳатто, фойдаланувчилар Зойир Мирзаевнинг Тошкент вилоятига сафари билан боғлиқ, дейилган яна бир сурат – 6 кишининг далада тош кўтартириб, изза қилинаётгани акс этган суратни улашмоқда.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда фермер ва мулозимларнинг совуқ тушириб, таҳқирланганидан норозилик тариқасида #ariqchallenge хэштеги остида флешмоб бошланиб кетди.

Шунингдек, Озодликка, Пискент туманида фермерлар ва маҳаллий расмийларнинг тунги соат 2 яримга қадар ҳокимият биносида тутиб турилганига оид шикоятлар, бу воқеа акс этган фотосуратлар ҳам келди.

Ҳозирда Озодлик бу борадаги суриштирувини давом эттирмоқда. Бу суриштирув давоми ва айни пайтда, Бош прокуратура текширувига оид янги тафсилотлар билан - тез орада - яна Озодликда танишишингиз мумкин.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG