Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:13

"Мирзиёевнинг буйруғи билан чегара олди ҳудудлари “тозаланмоқда”


Юзларига қора ниқоб тақиб олгани учун оддий ўзбекистонликлар тилида "қора маскалилар", деб аталувчи, ҳуқуқ-тартибот идораларининг махсус тайёргарликдан ўтган кучлари гуруҳи Андижон вилоятида баъзи уйларни тинтув қилмоқда.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган бир-биридан мустақил манбаларга кўра, қора маскалилар экстремистик ташкилотларга аъзоликда гумон қилинаётган, сиёсий мухолифат аъзоси бўлган ва хориждан узоқ вақт қайтмаган ватандошларнинг оила аъзоларини сўроқ қилмоқда, уйларида тинтув ўтказмоқда.

Мазкур гуруҳ, маълумотларга қараганда, Андижон вилоятидаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ва халқ хўжалиги субъектлари- ни текшириш учун куни кеча Тошкентдан келган бир неча юз кишилик текширув гуруҳининг бир қисмидир.

Андижонликлар Тошкентдан келган текширув гуруҳини Ўзбекистон президенти вазифасини ижро этувчи Шавкат Мирзиёевнинг “десанти”, деб атамоқда.

"Қора маскаликлар ордерсиз бостириб киришяпти"

Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги аҳоли уйларида тинтув ўтказган қора маскалилар тўрт кишини ҳибсга олган.

Бу ҳақда хабар берган Избоскан тумани ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирида ишлайдиган Озодлик манбасига кўра, ҳибсга олинганлар диний-экстремистик ташкилотларга алоқадорликда гумон қилинмоқда:

“Автомати бор икки қора маскалик, икки нафар милиция ходими ва икки нафар фуқаролик кийимида бўлган шахс бир “Дамас”да юришибди. Улар ҳеч қандай ордер кўрсатмасдан хонадонларга бостириб кириб, тинтув ўтказяпти. Тўрт кишини ҳибсга олишганидан аниқ хабарим бор”, деди у.

Манбанинг айтишича, тўрт нафар милиция ходими ишдан олинган:

“Мендаги аниқ маълумотга кўра, улардан уч нафари участка нозири ва бир нафари туман ички ишлар бўлимида ишлаган майор. Буларнинг ҳам қайси бир қариндоши диний экстремистларга илгари алоқаси бўлган экан”, деди манба.

Унинг айтишича, вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг Избоскандаги қариндошлари ҳам текшириляпти:

“Шуҳрат Абдураҳмонов Избоскандан уйланган. 2000 йилда унинг қайноғаси диний экстремизмга алоқадорликда айбланиб, қамалган эди. Ҳозир қора маскалилар ҳоким хотинининг бошқа қариндошларини ҳам текширяпти”, деди манба.

“Хорижда узоқ вақт қолган муҳожирлар ота-оналари сўроқ қилиняпти”

Избоскан туманидаги исми сир қолишини сўраган маҳалла фаолларидан бирининг айтишича, яқинлари узоқ вақт хориждан қайтмаган одамларнинг хонадонларига ҳам қора маскалилар бостириб кирмоқда:

“Бугун Избоскан маркази Пойтуғ шаҳрида четга ишлагани кетган одамларнинг уйларига қора маскалилар ва комиссия аъзолари киришиб, ертўла, жавон ва сандиқлар, томлар ва ҳаммомларни тинтув қилишди. Мобиль телефонларни ковлашиб, интернет орқали қилинган барча мулоқотларни кўришди. Четга чиққанларни сўраб суриштирди, уларнинг телефон рақамларини ёзиб олишди. Гумонланган шахсларнинг телефонларини ўзлари билан олиб кетишди ва соат 15 да комиссия жойлашган туман ҳокимиятига боришларини тайинлашди”, деди маҳалла фаоли.

Андижон шаҳар ҳокимиятида ишлайдиган Озодлик манбасига кўра, Тошкентдан текширувчилар келганидан сўнг, шаҳарнинг кириш-чиқиш жойларига блок-постлар қўйилиб, назорат кучайтирилган:

“Андижон шаҳрида икки ойдан буён чойхона, кафе, ресторан ва тўйхоналарга кечаси соат 23г ачагина ишлаш белгилаб қўйилган эди. Ҳозир шу соатдан ҳам кеч ишлаётган масканларга қора маскалилар бостириб кириб ҳаммани қора пардали автобусларга тиқиб олиб кетяпти”, деди ҳокимлик мулозими.

Мухолифат вакилларининг уйлари ҳам тинтув қилинди

Андижонлик қочқинлардан бири, айни пайтда Норвегияда яшаётган журналист Улуғбек Бакиров Фейсбукдаги саҳифасида унинг онасининг уйига ҳам қора маскалилар бостириб киргани ҳақида ёзди:

“Бугун, 9 октябрь, якшанба куни Ўзбекистон вақти билан эрталаб соат 9-9.30 ларда мени онам ва синглим яшайдиган Андижондаги уйимизни Тошкентдан келган орган текширувчилари ва қуролланган маскалилар тинтув қилишган. Бу ҳақда онам билан телефон орқали гаплашганимда маълум бўлди. Нима қидиришган билмаймиз. Ҳеч нарса топишолмаган... Нафақадаги онамнинг соғлиғи кескин ёмонлашган...”, деб ёзади Улуғбек Бакиров.

Андижон вилояти ҳокимлигидан ва ички ишлар бошқармасидан қора маскалилар ўтказаётган тадбирлар ҳақида маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Мирзиёев "десанти"

Ўзбекистонда Бош вазир ташкил этган текширувчилар "десант"ининг у ёки бу вилоятларга ташланиб турилиши тез-тез кузатилади.

Куч ишлатар тизимлари ва вазирликлар ходимларидан ташкил топган махсус гуруҳ вилоятда комплекс текширув олиб бориш учун юборилади.

Бу гуруҳга Вазирлар Маҳкамасидан ёки бирор вазирликдан катта лавозимдаги шахс раҳбарлик қилади.

Гуруҳ ҳуқуқ-тартибот идоралари ва халқ хўжалигининг барча соҳаларини текшириб чиқади ва унинг натижаларини шахсан Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевга тақдим этади.

Текшириш натижаларига кўра, айрим вилоят ҳокимларининг ишдан олингани ёки қаттиқ ҳайфсан билан жазоланиш ҳолатлари кузатилган.

XS
SM
MD
LG