Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2021, Тошкент вақти: 00:28

Deutsche Welle: Ўзбекистондаги афғон қочқинлари депортация қилиниши мумкин


Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари юзлаб афғонлар Толибондан қўшни Ўзбекистонга қочганини айтади. Аммо Ўзбекистонда расмий қочқинлик мақомисиз улар заиф аҳволда ва депортация қилиниши мумкин, деб ёзмоқда “Deutsche Welle” (DW).

Ўзбекистондаги афғон қочқинлари келажаги ноаниқ қолмоқда

Деярли ҳар куни Маринанинг оиласи ўз квартираларидаги меҳмонхонасидаги гиламни рақс майдончасига айлантиради. Мусиқа бошланганда, унинг иккита ёш ўғли қўшиққа сакраб ўйинга тушади, бутун оила чапак чалади.

26 ёшли афғон журналисти ва аёллар ҳуқуқлари фаоли Марина август ойи ўрталарида турмуш ўртоғи, икки нафар ўғилчаси, синглиси ва куёви билан Мозори Шарифдан қочган. Улар ҳозир Ўзбекистон пойтахти Тошкентда бир қанча халқаро нодавлат ташкилотлар томонидан молиялаштирилган квартирада яшаяпти. Улар Афғонистондан кетганидан бери кўтаринки кайфиятни сақлаб қолишга ҳаракат қилишди, бироқ Маринани содир бўлган воқеалар барибир қийнайди.

“Бутун оилам мендан хавотирда эди. Чунки доим Толибонга қарши ёзганман, – дейди Марина DW’га.

“Улар Мозорга ўқ узарди, – дейди у Толибон эгаллаб олган она шаҳри ҳақида. – Биз қандайдир мўъжиза билан [Ўзбекистонга] виза олдик. Биздан кейин чегара ёпилди”.

Марина тўртта опа-синглиси ва ота-онасини тарк этишга мажбур бўлди. Журналист Афғонистондаги қариндошлари жабр кўрмаслиги учун, ўз исмини ошкор қилишни истамади. У ўзининг фаоллиги ва танқидий репортажлари ўзи ва яқин оиласи учун ўлим жазосига тенг бўлишига амин.

“Афғонистондаги журналистларнинг аҳволини биласиз. Биз уларни қандай отишганини, ўлдиришганини ва калтаклашганини кўрдик. Қолган бўлардик. Лекин бу хавфли эди. Улар бизни барибир топишарди”, деди у DW’га.

Аммо уларнинг ташвишлари тугамади. Марина ва унинг қариндошлари ўзбек ҳукумати ёки Толибон билан алоқаси бўлган бирортаси билан муаммо чиқишидан қўрқиб, уйларидан деярли чиқолмай ўтиришибди.

Энг ёмони, уларнинг Ўзбекистонда бўлиш учун олган уч ойлик визаси келаси ҳафта тугайди. Ўзбекистон БМТнинг Қочқинлар бўйича конвенциясини имзоламаган, шу боис уларга мамлакатда қочқин мақоми берилмаган.

“Олдимизда икки йўл бор, ё янги ҳаёт бошлаймиз ёки Афғонистонга қайтамиз”, дейди Марина.

Ҳимоясизлик

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Ўзбекистондаги юзлаб афғон сиёсий қочқинлари ҳам худди шундай аҳволда. Марказий Осиё Инсон Ҳуқуқлари Ассоциацияси (МОИҲА) вакилларининг DW нашрига айтишича, Толибон ҳокимиятни эгаллаб олганидан бери камида 2000 афғон Ўзбекистонга кирган.

“Ўзбекистон қонунчилигида қочқин мақоми кўзда тутилмаган бўлса ҳам, бу афғонлар де-факто қочқинлардир”, дейди МОИҲА президенти Надежда Атаева.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли ва сиёсий таҳлилчи Анвар Назиров афғон қочқинларининг мақоми ноаниқ бўлиши уларни Ўзбекистонда ҳимоясиз ҳолга келтириши мумкинлигини тушунтиради. Уларнинг визалари муддати тугагач, улар мамлакатда бўлиши мумкин бўлмай қолади, яъни “бу улар босим, шантаж ёки коррупция қурбони бўлиши мумкинлигини англатади”. Назиров Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги афғон қочқинлари учинчи давлатдан бошпана олгунча визаларини узайтиришларига рухсат беришини истайди.

“Қочқинлар йўқ

Ўзбекистон матбуоти визаси тугаш арафасида турган афғонларни Ички ишлар вазирлиги депортация қилмаслигини маълум қилгани ҳақида хабар берган эди.

Умуман олганда, Ўзбекистон ҳукумати янги келганлар бўйича ўз расмий позициясини аниқ билдирган. “Бу ерда қочқинлар йўқ. Уларни қабул қилмаганмиз, – деган DW нашрига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Юсуп Қобулжонов. – Дастлаб одамлар кела бошлаганда биз Толибон билан музокара олиб бордик. Толибон [одамлардан] уйга қайтишни сўради. Ҳамма Ўзбекистонни ўз ихтиёри билан тарк этди.”.

Қобулжоновнинг қўшимча қилишича, дастлаб Ўзбекистонга келганларнинг баъзилари Толибоннинг ҳокимиятни қўлга олишини шунчаки баҳона қилмоқда, “яхшироқ ҳаёт излаб, Ғарб давлатлари ва Европа уларни кутиб олишига умид қилиб, Афғонистонни тарк этишган”.

Юзлаб кўринмас одам?

Афғонистондан дарёнинг нариги томонида жойлашган Термиз шаҳридаги маҳаллий бозорда кўпчилик ҳукуматнинг гапларини такрорлайди. “Бу ерда қочқинлар йўқ, – дейди уй-рўзғор буюмлари сотаётган аёл, мижозлари эса бош ирғаб унинг гапларини тасдиқлайди. – Бу ерда кўп йиллардан бери яшаб келаётган афғонлар бор. Мен уларнинг кўпларини биламан”. Жигарранг қалпоқли фақат бир харидор DW нашрига афғон қочқинлари шаҳардаги қурилиш майдончаларида ишлаётганига ишонишини айтган.

Аммо бу ерда ҳамма ҳукуматнинг қўшни Афғонистон билан муносабатларига ишонишини айтади. “Аскарлар бизни ҳимоя қилиш учун кеча‑кундуз чегарада туради. Шунинг учун биз бу ерда ўтириб, тирикчилик қилишимиз мумкин. Ҳеч нарсадан ташвиш қилмаймиз”, дейди ёнғоқ ва қуритилган мева сотувчиси.

Дор устидаги геосиёсат

Толибон ҳақида гап кетганда, Ўзбекистон нозик чизиқ устида турганга ўхшайди. Бир томондан, аксариятини мусулмонлар ташкил этувчи Ўзбекистон йиллар давомида ўз аҳолиси радикаллашувидан қўрқиб келган, шунинг учун Кобулдаги исломий раҳбарият ҳукуматда ташвиш уйғотаётган бўлиши мумкин. Тошкент Толибонни расман тан олганича йўқ.

Бошқа томондан, Ўзбекистон расмийлари ва Толибон ўртасида ҳам бир неча бор музокаралар бўлиб ўтди. Афғонистон Ўзбекистоннинг муҳим савдо шериги ҳисобланади. Икки давлат ўртасида ҳар куни Термиз орқали юк, жумладан, картошка ва ловия ташувчи юк машиналари қатнайди. Ўзбекистон Афғонистонга электр энергиясини сотмоқда ва мавжуд темир йўлни Покистонга қадар узайтиришни режалаштирмоқда. Бу эса Ўзбекистонга юк ташиш учун денгиз йўлларига чиқиш имконини беради.

“Миллий хавфсизлигимиз, минтақавий хавфсизлигимиз ва иқтисодий манфаатларимиз ҳақида гап кетганда, Афғонистон Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга, – дея тушунтиради ТИВ сўзчиси Юсуп Қобулжонов. – Бу биз ҳозир дуч келаётган реаллик деб ўйлаймиз. Бошқа муқобил йўл йўқ.”

Икки ўт орасида

Анвар Назировга кўра, Ўзбекистондаги афғон қочқинлари бу геосиёсий тенгламанинг марказида туради. “Бу одамларнинг ҳаёти хавф остида, уларнинг барчаси Толибон ҳаракатининг қора рўйхатида”, дейди у Ўзбекистонга қочган афғонлар сиёсий қочоқлар, жумладан, фаоллар, журналистлар ва санъаткорлар эканини таъкидлар экан. “Ўзбекистон расман бу одамлар ҳақида ҳеч нарса демаган. Мен тушунганимдек, Ўзбекистон Толибонни ғазаблантиришдан қўрқади ва бу вазиятга аралашишни истамайди”.

Тошкентга келган афғон қочқин Марина бу мубҳамлик тез орада барҳам топишига умид қилмоқда. Уларнинг виза муддати тугаяпти. Унинг айтишича, оиласи қаерга бориши муҳим эмас, аммо Толибон қўлидаги Афғонистонга қайтиб боролмаслигини айтади.

“Агар мени Афғонистонга депортация қилишса, хавф остида қоламан. Улар мени ўлдиришлари мумкин, бори шу, – дейди Марина. – Мен виза муддати тугашини кутиб ўтирибгина қолмай, нормал нафас олишни хоҳлайман. Ҳар куни эрталаб уйғонаман ва қанча кун қолганини билиш учун телефонимдаги календарга қарайман.”

XS
SM
MD
LG