Линклар

Шошилинч хабар
14 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:11

"Жиноятнинг ўзи йўқ". Суд қийноққа солинган тадбиркор ишини қайта терговга юборди 


Тадбиркор Дилшод Тиллахўжаев терговда қаттиқ қийноққа солингани айтилади.
Тадбиркор Дилшод Тиллахўжаев терговда қаттиқ қийноққа солингани айтилади.

Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди 14 декабр куни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 164-моддасида (босқинчилик) айбланиб судланаётган наманганлик тадбиркор, Россия Федерацияси фуқароси Дилшод Тўрахўжаевнинг жиноят ишини қайта терговга юборди.

Ўзининг ҳисобидан Поп туманининг Чодак қишлоғидаги адирликда 1500 кишига мўлжалланган “Космос” меҳмонхонаси ва дам олиш маскани қурган Дилшод Тўрахўжаев 2023 йилнинг 12 апрелида Поп тумани ИИБ томонидан ҳибсга олинган ва Тошкент шаҳар ИИББ тергов изоляторига олиб кетилган эди.

14 декабр куни Жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани судида Дилшод Тўрахўжаев устидан ҳукм ўқилиши кутилаётганди.

Прокурор Дилшод Тўрахўжаевга 16 йиллик қамоқ жазоси сўраган эди.

Адвокат Нурилла Тўлагановнинг айтишича, суд тергов давомида босқинчилик ҳолати бўйича процессуал хатти-ҳаракатлар тўлиқ бажарилмагани сабабли ишни қайта терговга жўнатган:

“Суд тергов жараёнида янги очилган ҳолатлар бўйича деб айтди. Прокурор эътироз билдирган эди, суд ўз қарорида қолди ва бир ойга судни тўхтатиб қўйди. Мен битта ҳолат бўйича ўз фикримни айтишим мумкин. Ўзи у ерда босқинчилик ҳолатининг ўзи йўқ. Суд келтирилган зарар миқдори аниқланмаган деди. Ваҳоланки аризачи фуқаро ҳам унга ҳеч қандай моддий зарар ҳам, жисмоний, руҳий зарар ҳам етказилмаганини суд тергови давомида айтиб кетди. Аслида босқинчилик деб айтилаётган ҳолатда Дилшод Тўрахўжаев ҳам, бошқа судланаётган тўққиз киши ҳам бўлмаган. Босқинчилик ҳолатининг ўзи юз бермаган. Босқинчиликнинг ўзи бўлмагани учун биз эътироз билдириб келаётган эдик. Чунки жиноятнинг ўзи йўқ”.

Адвокатнинг айтишича, жиноят иши Бектемир тумани прокуратураси орқали Тошкент шаҳар ИИББнинг тергов бошқармасига юборилади.

Бундан аввал адвокат Нурилла Тўлаганов унинг мижози Дилшод Тўрахўжаев тергов давомида шафқатсиз қийноқларга солингани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар берган эди.

Дилшод Тўрахўжаев туҳмат билан қамоққа олингани ва Тошкент ИИББда қийноққа солингани ҳақида тергов изоляторидан президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат ҳам чиқарган эди:

“Оғзим ва бурнимни скоч билан маҳкам боғлаб, бошимга полиэтилен пакет кийдириб, оёғимнинг товон, сон қисмига, олд қисмига, кўкрак қафасимга, бошимга резинкали дубинка ва махсус пластик қўлқоплар билан юзларимга, ҳамм жойимга олти соат тинмай уришди. Бир неча марта ҳушимни йўқотдим, Электрошокерни танамга теккизиб уйғотишар ва яна уришар эди”.

Дилшод Тўрахўжаевнинг ёзишича, ундан Наманган вилояти Поп туманида ўзи бунёд этган “Космос” дам олиш масканидан воз кечишни талаб қилишган:

“Президентинг ўлди, мен сенинг президентингман, мен сенинг адвокатингман, “Космос”ни ўтказиб берасан, бўлмаса сени “босқинчилик” эпизодига қўшиб камида 15 йилга қаматаман деб қўрқитиб, қандайдир ҳужжатга қўл қўйишимни сўради. Мен эса президентим ўлмаган, ҳамманг қонун олдида жавоб берасан деганимдан кейин, ходимлар мени бир ярим метрга кўтариб полга отишди”.

Жорий йилнинг 6 май куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари вакиллари томонидан Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги 1-сон Тергов ҳибсхонасига мониторинг ташрифи амалга оширилган эди.

Ташриф давомида Дилшод Тўрахўжаев билан ҳам суҳбат ўтказилган ва у ўзининг қийноққа солингани ҳақидаги хабарларни тасдиқлаган эди.

“Хусусан, Дилшод Тўрахўжаевнинг сўзларига кўра, унга нисбатан Наманган вилояти Поп тумани Ички ишлар бўлимида ва кейинчалик Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида руҳий ва жисмоний босим ўтказилган. Қийноқлар натижасида айбига иқрор бўлган ва олган тан жароҳатларини ички ишлар органлари ходимлари томонидан етказилганлиги бўйича кўрсатма бермаган. Шунингдек, у ички ишлар органлари ходимлари томонидан жисмоний қийноққа солинганлигини тасдиқловчи асосли далиллари мавжудлигини маълум қилди”, дейилади Омбудсман хабарида.

Омбудсман мониторинг ташрифи якунларига кўра , Бош прокуратурага назорат хати киритган эди. Аммо бу назорат хатининг натижалари маълум қилинмаган.

Озодлик ихтиёридаги маълумотларга кўра, Тўрахўжаев Дилшод Абдуваҳобович, 1984 йилда туғилган. Россия Федерацияси ватандоши, 20 йил мобайнида Россия Федерациясида яшаган.

2019 йилдан Наманган вилояти Поп тумани Чодак қишлоғида "APART HOTEL COSMOS" МЧЖ ни ташкил этган.

Меҳмонхона ва дам олиш масканларидан иборат мажмуа 1500 кишига мўлжалланган.

Тадбиркор Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2020 йилдаги Наманганга ташрифида унинг назарига тушган. Президент Чодак қишлоғи чўққисида қурилган мажмуани олқишлаган эди.

Тўрахўжаев 2022 йилнинг 28 августида "Туризм фидоийси" кўкрак нишони билан тақдирланган. 2022 йил 8 декабрда “Конституциянинг 30 йиллиги” кўкрак нишонига сазовор бўлган.

Форум

XS
SM
MD
LG