Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2021, Тошкент вақти: 13:21

Ўзбекистон хабарлари

Диний идора масъули вакцина Худонинг марҳамати ўлароқ қабул қилиниши кераклигини иддао қилди

Мусулмонлар вакцинани Худонинг марҳамати сифатида қабул қилиши, ўз ҳаётини муҳофаза қиладиган омил сифатида қараши керак. Бу ҳақда Халқаро пресс-клубда 13 июль куни бўлиб ўтган анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков билдирди.

Диний идорага “вакциналар баъзи ножоиз нарсалардан тайёрланаётгани” хусусида мурожаатлар келиб тушаётганини урғулаган мулозим ҳатто шундай бўлган тақдирда ҳам бу ўринда “бир нарсанинг ҳукми бошқа нарсага ўтганидан кейин ўзгаради” деган қоидага амал қилиш кераклигини қайд этди.

“Бу дори бўлганидан кейин дорилик шароитига келгунича унинг асл ҳолати ўзгариб кетади, шунинг учун бу нарсаларга эътибор бериш керак эмас. Мутахассис шуни даво деб тайинладими, демак, бу ҳалол томонга ўтди, деган хулосани беряпмиз”, деди Ҳ. Ишматбеков.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, Ўзбекистонда шу кунгача 938 минг 529 нафар киши тўлиқ эмловдан ўтган.

Кун янгиликлари

Мирзиёев икки кунлик давлат ташрифи билан Қозоғистонга сафар қилади

Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан, Тошкент, 2019 йил апрели

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қозоғистонлик ҳамкасби Қасим-Жомарт Тоқаев таклифига биноан 5-6 декабрь кунлари давлат ташрифи билан Қозоғистонда бўлади.

Президент матбуот хизмати қайдича, ташриф чоғида Нур-Султон шаҳрида олий даражадаги учрашув ва музокаралар бўлиб ўтади.

Сафар кун тартибидан сиёсий мулоқот ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, энг аввало, иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалий алоқалар ва аниқ кооперация лойиҳаларини илгари суриш, шунингдек, маданий-гуманитар алмашинув дастурларини фаоллаштиришнинг долзарб масалалари ҳам ўрин олган.

Мирзиёев ва Тоқаевнинг халқаро масалалар юзасидан фикр алмашиб, минтақавий интеграциянинг асосий йўналишларини муҳокама қилиши ҳам кутилмоқда. Саммит якунида эса қатор икки томонлама ҳужжатларни имзолаш режаланган.

Жума тонгида Тошкент шаҳрининг катта қисмида аҳоли сувсиз қолди

Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳрининг қатор ҳудудларида 3 декабрь куни эрталаб ичимлик сув таъминоти билан боғлиқ узилишлар кузатилган.

“Тошкент шаҳар сув таъминоти” корхонаси бу ҳолатни жума куни тонгги соат 8:30 да пойтахтнинг асосий қисмини ичимлик суви билан таъминловчи “Қодирия” бош сув иншоотида юқори кучланишли электр таъминотида носозлик сабабли насос агрегатларида ўчиш бўлгани билан изоҳлаган.

“Ҳозирги вақтда электр таъминоти қайта тикланди, ичимлик сув гидравлик режимини тиклаш бўйича тезкор чоралар кўрилмоқда”, дейилган хабарномада.

“Тошкент шаҳар сув таъминоти” масъуллари тез фурсатда пойтахтда сув таъминоти ўз маромига қайтишини ваъда қилишган.

CСВ: Коронавирус қурбонлари сони 1 минг 410 нафардан ошди

Ўзбекистонда 2 декабрь куни коронавирусга чалинган беморлардан 4 нафари вафот этган, шу тариқа бу хасталикдан қурбон бўлганларнинг умумий сони 1 минг 413 нафарга етган.

CСВ қайдича, пайшанба куни мамлакат бўйлаб 260 киши коронавирусга чалинган, вирус юқтириб олганларнинг умумий сони эса 193 минг 893 нафарни ташкил қилган.

Айни пайтда кеча Қашқадарё вилоятидан ташқари барча ҳудудларда 198 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 190 минг 503 нафарга етган.

Вазирлик эмлаш жараёни бошланган апрель ойидан бери Ўзбекистонда 34 миллион 422 минг 635 доза вакцинадан фойдаланилганини қўшимча қилган.

Жаҳон туризм ташкилотининг 25-Бош ассамблеяси Самарқандда ўтказилади

Самарқанддаги Регистон майдони

Жаҳон туризм ташкилотининг (UNWTO) 25-Бош ассамблеяси 2023 йили Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида ўтказилади.

Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, бунга оид қарор халқаро ташкилотнинг Мадридда бўлиб ўтган 24-сессиясида қабул қилинган.

Қайд этилишича, Испания пойтахтида ўтган тадбир доирасида икки йилдан сўнг UNWTO Бош ассамблеясини ўтказиш учун Ўзбекистон ва Португалия даъвогарлик қилган. Тадбир якунига кўра, аксарият овоз билан 2023 йилги Бош ассамблеяни Самарқанд шаҳрида ўтказишга келишилган.

Мадриддаги сессияда қатнашган Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов UNWTO 25-Бош ассамблеясининг қадимий Самарқандда ўтказилиши бу ерга мингдан ортиқ хорижлик меҳмонларнинг ташриф буюриши ҳамда бу орқали маҳаллий аҳоли ва ҳунармандларнинг даромад кўришига олиб келишини урғулаган.

“Бундан ташқари, юқори даражадаги тадбирнинг Ўзбекистонда ўтказилиши жаҳон оммавий ахборот воситаларининг ҳам эътиборини тортиши шубҳасиз, бу эса охир-оқибат мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб этиш ҳамда юртимизга яна-да кўпроқ сайёҳларни жалб этиш йўлида хизмат қилади”, деган А. Абдуҳакимов.

Мазкур тадбир амалга ошса, Ўзбекистон БМТ оиласига кирувчи ташкилот Бош ассамблеясига илк бор мезбонлик қилган бўлади.

UNWTO Бош ассамблеяси икки йилда бир марта ўтказилувчи энг муҳим туристик анжуман бўлиб ҳисобланади.

Импорт гўштнинг учдан икки қисми Беларусдан олиб келинмоқда

Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистон хориждан 23,9 минг тонна гўшт импорт қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,3 минг тоннага кўпдир.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, Ўзбекистонга гўшт энг кўп Беларусдан (16,2 минг тонна) олиб келинмоқда. Бу мамлакат импорт қилаётган жами гўштнинг қарийб 67 фоизини ёки учдан икки қисмини ташкил қилади.

Бундан ташқари, ўтган ўн ой ичида Ўзбекистонга Қозоғистондан 3,5 минг тонна, Украинадан 2,3 минг тонна, Россиядан 606 тонна, Молдовадан эса 600 тонна гўшт экспорт қилинган.

Аввалроқ Давсатқўм ноябрь ойида мол гўшти нархи октябрь ойига нисбатан ўртача 0,8 % га арзонлашгани ҳақида маълумот тарқатди. Айни пайтда, қўмита қайдича, мол гўшти нархи йил бошидан буён ўртача 11,2 фоизга ошгани кузатилган.

Аввалроқ Озодлик сенаторлар октябрь ойида бўлиб ўтган ялпи мажлисда гўшт, картошка ва музлатилган балиқ импорти ва реализациясини қўшилган қиймат солиғидан озод қилишга оид қонун лойиҳасини маъқуллаганлари ҳақида хабар қилган. Бу чора ошиб бораётган нархлардаги барқарорликни таъминлаш учун кўрилгани билдирилган эди.

Чиноз ҳокимининг мажбурий обунага оид фармойиши бекор қилинди

Ўзбекистондаги газета дўконларидан бири (иллюстратив сурат)

Чиноз тумани ҳокими Ботир Алимбековнинг “Чиноз ҳаёти” газетасига обуна ташкил этишга оид фармойиши бекор қилинди.

Б. Алимбеков шу йилнинг 12 ноябрида имзолаган “Чиноз ҳаёти” ижтимоий-сиёсий газетаси обунасини уюшқоқлик билан ташкил этиш тўғрисида”ги фармойишида “ҳудудда аҳоли, айниқса, раҳбар ва ходимларнинг иқтисодий, сиёсий ва соғлом мафкуравий ахборотга бўлган талабини қондириш мақсадида” масъул мулозимларга “тумандаги барча корхона, муассаса ва ташкилот раҳбарлари билан маслаҳатлашиб, “Чиноз ҳаёти” газетасига 2022 йил учун обунани ташкил этиш чорасини кўриш” вазифасини юклаган.

Адлия вазирлиги мазкур фармойишни обунага мажбурлаш ҳаракати, деб топган.

“Чиноз туман адлия бўлими газетага мажбурий обунани ноқонуний деб топиб, 2021 йил 15 ноябрь куни ҳокимликка мазкур фармойишни бекор қилиш юзасидан тақдимнома киритди. Тақдимномага асосан мазкур фармойиш Чиноз туман ҳокими қарори билан бекор қилинди”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Ўзбекистонда мажбурий обуна узоқ йиллар мобайнида одатий ҳол бўлиб келган. Бироқ сўнгги йилларда бу ҳолат ҳатто расмий идоралар доирасида ҳам “мақсадга мувофиқ эмас” кўриниш ўлароқ баҳоланмоқда.

Маҳаллабай ишлаш учун алоҳида агентлик тузилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистонда бош вазир қабулхоналари ва Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги негизида Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда туман (шаҳар)ларда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари ташкил этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури ижросини самарали ташкил этиш, ипотека кредитлашни кенгайтириш ва қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича 2 декабрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирган.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов қайдича, йиғилишда Ш. Мирзиёев ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, бандликни таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси фаолиятини ташкил этиш масалалари юзасидан тўхталган.

Унга кўра, кейинги йилнинг 1 январидан барча маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари ўз фаолиятини бошлайди. Уларнинг ишини самарали ташкил этиш мақсадида бир йил давомида доимий фаолият юритадиган “Маҳаллабай ишлаш штаби” тузилиши, ҳар бир туман ва шаҳарга вазирлик, марказий идоралар ва банклардан 1-3 нафардан масъул ходим бириктирилиши кўзда тутилган. Бу ходимлар 1 йилга туманга хизмат сафарига юборилади ва иш жойи, ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.

Президент ўз сўзида ўзини яхши кўрсатган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакиллари мукофотланиши, йил натижалари бўйича “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишонига тавсия қилиниши, уларга ипотека асосида квартира олишда 50 фоизгача субсидия ажратилишини қўшимча қилган ҳамда "ушбу тизимни самарали йўлга қўйишга барча ҳудуд ва сектор раҳбарлари масъул” эканини урғулаган.

Ўзбек-афғон чегарасида чегарадан ноқонуний ўтмоқчи бўлган франциялик қўлга олинди

Ўзбек-афғон чегарасида қўлга олинган франциялик фуқаро (Сурхондарё вилоят ИИБ матбуот хизмати фотоси)

Сурхондарёда жорий йилнинг 26 ноябрь куни темир йўл изи билан яёв тарзда Ўзбекистон-Афғонистон давлат чегарасидан ноқонуний ўтишга уринган франциялик қўлга олинди. Бу ҳақда Сурхондарё вилоят ИИБ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, Франция фуқароси бўлган T.M. назоратдан ўтказилган чоғда унинг ёнидан психотроп препарат ҳисобланмиш 26 дона Topalgic ва 50 мг Tramadol топилган. Вилоят ИИБ мазкур ҳапдорилар “далилий ашё сифатида холислар иштирокида олиб қўйилган”ини билдирган.

Сурхондарёлик ҳуқуқ-тартиботчилар мазкур ҳолат юзасидан вилоят Божхона бошқармаси ходимлари томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилаётганини қўшимча қилганлар.

ССВ: Pfizer вакцинаси билан эмланган болалар сони қарийб 440 минг нафарга етди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар орасида, 1 декабрь ҳолатига кўра, 439 минг 681 нафари Pfizer вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмланган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, Ўзбекистонда оммавий эмлов бошланган апрель ойидан бери айни кунгача коронавирусга қарши жами 34 миллион 182 минг 226 доза вакцина қўлланилган.

ССВ қишнинг илк куни мамлакат бўйлаб 209 киши коронавирусга чалингани, шу тариқа хасталикни юқтириб олганларнинг умумий сони 193 минг 633 нафарга етганини маълум қилган.

Чоршанба куни мамлакат бўйлаб коронавирусга чалинган беморлардан 277 нафари тузалган, соғайганларнинг умумий сони эса 190 минг 305 нафарга етган.

Вазирлик ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 3 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 409 нафарга етганини қўшимча қилган.

Толибон Тошкентни афғон учувчилари миниб чиқиб кетган вертолётларни қайтаришга чақирди

Август ойида Афғонистонни тарк этган пилотларнинг айримлари Ўзбекистонга UH-60 Black Hawk вертолётларида учиб келишган

Толибон шакллантирган муваққат ҳукумат раҳбарининг ўринбосари мулла Абдул Ғани Бародар Ўзбекистонни аввалги ҳукумат қулаши ортидан афғон учувчилари мамлакатдан миниб чиқиб кетган учоқ ва вертолётларни қайтаришга чақирди. Бу ҳақда Аfghanistan.ru нашри хабар қилди.

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев бошчилигидаги ўзбек делегацияси 30 ноябрь куни Кобулда Толибон вакиллари билан учрашувлар ўтказгани ҳақида Озодлик кеча хабар қилган.

Аввалроқ афғон учувчилари мамлакатдаги учоқ ва вертолётларнинг 25 фоизини миниб, Ўзбекистон ва Тожикистонга учиб чиқиб кетгани ҳақида хабар қилинган.

Термиздаги лагерда сақланган афғонистонликлар орасида 15 нафар учувчи A-29 Super Tucano ҳужумчи учоғи, 11 нафар учувчи Sikorsky UH-60 Black Hawk вертолётларида, 12 нафар учувчи MD-530 вертолётларида ва бир қанча учувчи Ми-17 вертолётларида Афғонистонни тарк этгани айтилган.

Улар толиблар ҳокимиятни эгаллаб олишга бир неча соат қолганда Афғонистондан чиқиб кетишган. Ўшанда Мозори Шариф ва Кобул аэропортларидан 46 та учоқ учиб кетишга муваффақ бўлгани, улардан бири Ўзбекистон ҳарбий-ҳаво кучлари учоғи билан тўқнашиб кетгани айтилган эди.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонга келган афғонистонликларнинг ҳаммаси 12-13 сентябрь кунлари учинчи мамлакатларга чиқиб кетишган.

Сув омборлари ва йирик сув хўжалиги объектлари фойдаланишга берилмайди

Чорвоқ сув омбори (иллюстратив сурат)

Ўзбекистонда сув омборлари, сел-сув омборлари, йирик ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектлари фойдаланишга берилмайди.

Мазкур тартиб мамлакат президенти томонидан шу йил 30 ноябрида имзоланган “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонунда кўзда тутилган.

Адлия вазирлиги қайдича, қонунга киритилган қўшимчаларга мувофиқ, сув истеъмолчилари уюшмалари ўз аъзоларининг йиллик бадаллари, шартнома асосида сув етказиб берганлик ва бошқа хизматлар учун тўловлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Ҳужжатга “уюшмалар сувдан фойдаланиш қоидалари бузилганида, лимитдан кўп сув олинганида, тўловлар вақтида тўланмаганида истеъмолчиларга сув етказишни тўхтатишга ҳақли” эканига оид қўшимча ҳам киритилган.

Ўтган ой бошида Озодлик Энергетика вазирлиги Ўзбекистонда сув танқислиги туфайли жорий йилда гидроэлектр станцияларида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 23 фоизга камайганини очиқлагани ҳақида хабар қилган эди.

Мирзиёев Тошкентда Россия Федерал хавфсизлик хизмати директорини қабул қилди

Россия ФСБси директори А. Бортников Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев қабулида, Тошкент, 2021 йил 1 декабри (president.uz фотоси)

Президент Шавкат Мирзиёев 1 декабрь куни Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) директори Александр Бортниковни қабул қилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган, хавфсизликка замонавий таҳдидларга, шу жумладан терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчилик, кибержиноятлар, наркотрафик ва бошқа хавф-хатарларга қарши курашишда икки мамлакат ваколатли органлари ўртасидаги мунтазам алоқаларни давом эттириш ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Қабул чоғида Афғонистонда вужудга келаётган ҳолатдан келиб чиқиб, минтақадаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилгани айтилмоқда.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев шу йил 19 ноябрида Москвага сафари чоғида 18 та ҳужжат имзолангани, бироқ уларнинг қандай ҳужжатлар экани очиқланмагани, икки президент Халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорликка оид Қўшма баёнот қабул қилгани, икки тарафлама “жиддийроқ ҳужжатлар” 2022 йилнинг баҳорида Ўзбекистон президентининг Россияга давлат ташрифи чоғида имзоланиши айтилгани ҳақида хабар қилган эди.

БП: Қаршида техникум толибасининг ўз жонига қасд қилгани юзасидан текширув бошланган

Қаршидаги жамоат саломатлиги техникуми ётоқхонаси (видеодан скриншот)

Жорий йилнинг 30 ноябрь оқшомида Қарши шаҳридаги жамоат саломатлиги техникумининг ётоқхонасида яшаган 2-босқич толибаси ётоқхона 4-қаватидан сакраб, ўз жонига қасд қилган. Бу маълумотни Ўзбекистон бош прокурорининг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов тасдиқлади.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Қаршидаги медколлежда ўқиган 20 ёшли талаба қизнинг ўзини деразадан ташлаганига оид видео тарқалган эди.

БП мулозими мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирган.

“Марҳуманинг ўлим сабаблари ва ишга алоқадор бўлган бошқа ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган ҳамда ишга алоқадор бўлган шахслардан тушунтириш хатлари олинмоқда”, дейилган хабарномада.

Махсус комиссия айрим ўлкалардан келганларни мажбурий карантинга олиш ҳақида қарор чиқарди

Республика махсус комиссияси хорижий давлатлардан Ўзбекистонга ташриф буюрувчилар учун қатор янги тартиб ва чекловларни жорий қилди. Бу мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлигини сақлаб қолиш ва Ўзбекистон ҳудудига коронавирус инфекциясининг янги “омикрон” штамми кириб келишига йўл қўймаслик мақсадида амалга оширилаётгани айтилмоқда.

Махсус комиссия қарорига мувофиқ, эндиликда хорижий давлатлардан Ўзбекистонга ташриф буюрувчилардан республикага киришдан камида 72 соат олдин коронавирус инфекциясига топширилган ПЗР-тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичли маълумотномага эга бўлиш, бундай маълумотномага эга бўлмаганлар эса аэропорт, темир йўл вокзаллари ва чегара ўтказиш пунктларида ташкил этилган коронавирус инфекциясига экспресс тест топшириш талаб қилинади.

Қарор билан Австралия, Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Дания, Исроил, Италия, Нидерландия, Чехия ва Миср давлатлари ҳудудидан Ўзбекистон ҳудудига кириб келувчи йўловчилар юқоридаги талаблар бажарилгандан сўнг мамлакат ҳудудига кириб келган кундан эътиборан ўн кун давомида мажбурий уй карантини ёки ўз ҳисобларидан меҳмонхонага карантинга жойлаштирилиши белгиланган.

Шунингдек, махсус комиссия 2021 йил 3 декабридан 2022 йил 10 январига қадар Жанубий Африка Республикаси, Ботсвана, Намибия, Зимбабве, Мозамбик, Мадагаскар, Лесото, Эсватини, Танзания ва Гонконг билан халқаро авиақатновларни (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республика ҳудудига кириш) тўхтатишга қарор қилган.

Қарорга мувофиқ, мазкур давлатларнинг фуқаролари ва ушбу давлатларда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, сўнгги 14 кун давомида юқоридаги давлатларда бўлган учинчи давлат фуқаролари Ўзбекистон ҳудудига киритилмайди.

Республика махсус комиссияси “аҳоли саломатлигини таъминлаш ҳамда мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлигини сақлаш мақсадида” ўзбекистонликларга янги 2022 йил байрами тадбирларини имкон қадар оила даврасида ўтказишни тавсия қилган.

ССВ: Коронавирусга қарши эмловда қўлланилган вакцина сони қарийб 34 миллион дозага етди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари бошланган апрель ойидан буён шу кунгача 33 миллион 940 минг 8 доза вакцинадан фойдаланилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик 1-босқичда эмланганлар сони 17 миллион 594 минг 439 нафарни, 2-босқичда эмланганлар сони 10 миллион 799 минг 717 нафарни, 3-босқичда эмланганлар сони эса 5 миллион 545 минг 852 нафарни ташкил этганини билдирган.

ССВ қайдича, шу кунгача Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ва мамлакатга келтирилган вакциналар миқдори 43 миллион 168 минг 908 дозага етган.

Вазирлик 30 ноябрда мамлакат бўйлаб 216 киши коронавирусга чалингани, шу тариқа хасталик юқтириб олганларнинг умумий сони 193 минг 424 нафарга етганини маълум қилган.

Кузнинг сўнгги кунида Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 169 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 190 минг 28 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги сешанба куни коронавирусга чалинган беморлардан яна 4 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 406 нафарга етганини қўшимча қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG