Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:59

Reuters: ЖССТ болаларнинг йўтал сиропидан ўлганини тергов қилмоқда


Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти – ЖССТ учта давлатда йўтал сиропидан камида 300 бола ўлгани юзасидан тергов ўтказмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги тергов жараёнидан хабардор ва исми сир сақланаётган манбага асосланган ҳолда хабар берди.

Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган мазкур сиропдан дастлаб 2022 йилнинг июлида Гамбияда болалар буйраги зарарлангани ортидан вафот эта бошлаган эди. Кейинроқ бундай ҳолатлар Индонезия ва Ўзбекистонда кузатилди.

ЖССТ Ҳиндистон ва Индонезияда мазкур сиропни ишлаб чиқарган олти ширкат қандай хом ашёни қўллагани тўғрисидаги аниқ маълумотларни қидирмоқда. ЖССТ ишлаб чиқарувчилар тўғрисидаги маълумотларни очиқламаган. ЖССТ болалар ўлимига сабаб бўлган йўталга қарши сиропда диэтиленгликоль ёки этиленгликоль токсинлари ишлатилганини тахмин қилмоқда.

Reuters агентлигининг ёзишича, ЖССТ сиропларни Ҳиндистон ва Индонезияда олти ширкат ишлаб чиқарганини аниқлаган. Ишлаб чиқарувчилар тергов юзасидан шарҳ беришдан бош тортганлар ёки токсинларни қўллаганини инкор этганлар. Reuters ЖССТ тергов ўтказаётган ширкатлар дори ишлаб чиқаришда қонунбузарликларга йўл қўйгани тўғрисидаги далил-исботларга эга эмас.

ЖССТ 23 январь куни болалар ўлимига сабаб бўлган сироплар Камбожа, Филиппин, Шимолий Тимор ва Сенегалда ҳам сотилган бўлиши эҳтимолини эътибордан соқит қилмади ва тергов мазкур мамлакатларда ҳам ўтказилишини билдирди. ЖССТ барча давлатларни ва жаҳон фармацевтика саноатини сифатсиз дориларни аниқлаб, йўқ қилишга чақирди.

Фармацевтика саноати ва ассоциацияларининг халқаро федерацияси (IFPMA) 25 январь куни “ЖССТ тавсиялари асосида миллий ва халқаро принциплар асосида чоралар кўрила бошлангани”ни маълум қилди.

25 январда ўтган матбуот анжуманида ЖССТнинг дори-дармон таъминоти бўйича бошқармаси директори вазифасини бажарувчи Ханан Балхи мазкур сироплардан жаҳонда яна кўплаб болалар ҳалок бўлиши мумкинлигидан ташвиш билдирди.

“Биз билмаган ҳолда яна кўплаб болалар мазкур дориларнинг салбий таъсири остида бўлиши мумкин”, деган Балхи болалар ўлимига сабаб бўлган сиропларни ишлаб чиқарувчилар ва тарқатувчилар ўз фаолияти ҳақида шаффоф маълумотларни бериши зарур эканини таъкидлади.

ЖССТ 2022 йилнинг октябрида ва январь ойи бошларида Ҳиндистоннинг Maiden Pharmaceuticals ва Marion Biotech ширкатларида ишлаб чиқарилган йўталга қарши сиропларни истеъмол қилмаслик тўғрисида жаҳон давлатларини огоҳлантирган эди. ЖССТ бу ширкатларда ишлаб чиқарилган сироплар Гамбия ва Ўзбекистонда болалар ўлимига сабаб бўлганини билдирган.

Шундан сўнг Maiden Pharmaceuticals ва Marion Biotech ширкатлари фаолияти тўхтатиб қўйилганди. Аммо 2022 йилнинг декабрида Ҳиндистон ҳукумати Maiden Pharmaceuticals ишлаб чиқарган дориларда муаммолар аниқланмаганини эълон қилди. Бунинг ортидан ширкат ўз фаолиятини қайта тиклашга тайёрланмоқда.

Maiden Pharmaceuticals ширкати декабрда Reuters агентлигига дори ишлаб чиқаришда ҳеч қандай қонунбузарликларга йўл қўйилмаганини бир неча марта таъкидлаган эди. Ширкат ижрочи директори Нареш Кумар Гоял 25 январда ЖССТнинг тергови юзасидан шарҳ бера олмаслигини айтди.

Marion Biotech ширкати эса Reuters агентлиги саволларини жавобсиз қолдирди. Marion Biotech аввалроқ Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штати ҳукуматига жўнатган мактубида “Ҳиндистон ва ширкат обрўсини тўкиш мақсадида бизни ўлимларда айблашмоқда”, деб ёзган.

ЖССТ ўтган йилнинг октябрида Индонезиянинг PT Yarindo Farmatama, PT Universal Pharmaceutical, PT Konimex, PT AFI Farma ширкатларида ишлаб чиқарилган йўталга қарши сиропларни қўлламаслик ҳақида огоҳлантирган.

PT Yarindo Farmatama, PT Konimex ва PT AFI Farma Reuters агентлиги саволларини жавобсиз қолдирди.

PT Universal Pharmaceutical юристи эса ширкат йўталга қарши ишлаб чиқарган барча сиропларини дорихоналардан чақиртириб олганини билдирди.

“Таъминотчиларни таъқиб қилиш керак, улар ҳақиқий жиноятчи. Айнан улар хом ашё тўғрисидаги ҳужжатларни сохталаштирмоқда”, - деди юрист Хутагалунг. У бирорта таъминотчини айтмади ва уларнинг айбдорлиги юзасидан ҳужжатларни тақдим эта олмади.

ЖССТ баёнотида айтилишича, йўталга қарши сиропларда диэтиленгликоль ва этиленгликоль моддалари бўлган. Бу моддалар саноатда антифризлар ва суюқлантирувчилар сифатида ишлатилади. ЖССТ таъкидича, бу моддалар энг кам миқдорда истеъмол қилинганида ҳам одам ўлимига сабаб бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда “Док-1 Макс” препаратини қабул қилгани ортидан 20 нафар бола вафот этгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди. Ҳолат бўйича ДХХ Тергов бошқармаси томонидан “Quramax Medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” масъул шахсларига нисбатан жиноят иши очилган.

Кейинроқ мазкур дорини Ҳиндистондан олиб келган “Quramax Medikal” ширкатига берилган лицензия бекор қилинган.

18 январь куни Халқаро пресс-клубда бўлиб ўтган сессия чоғида соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова “Док-1 Макс” препаратини қабул қилгани ортидан вафот этган болаларнинг оилаларига товон пули тўланиши мумкинлиги ҳақида гапирган эди.

Мулозимага кўра, қурбонларнинг яқинларига товон пули дори-дармондан заҳарланиш ҳолати ҳужжат билан тасдиқланган тақдирдагина тўланиши мумкин.

“Ҳозир ҳар бир бола бўйича текширувлар олиб бориляпти”, деган Боситхонова болалар ўлимига “Док-1 Макс” препарати сабаб бўлганига оид иддао шу кунга қадар фақат ота-оналарнинг сўзларидан келиб чиққан ҳолда айтилаётганини қўшимча қилган.

Форум

Алоқадор

XS
SM
MD
LG