Линклар

Шошилинч хабар
03 октябр 2024, Тошкент вақти: 21:37

Курс янгиланиб, импорт божи 2 марта ошди. "Ўрикзору" "Абу Саҳий" тақдири савол остида


Ўзбекистон Марказий банки чет эл валюталарининг расмий ва биржа нархларини унификация – бир хиллаштириши оқибатида мамлакатга импорт қилинаëтган маҳсулотлар учун белгиланган бож тўловлари икки бараварга қимматлади.

Бож тўловлари долларда белгиланган

Шу пайтгача Ўзбекистонга хориждан олиб кирилаëтган маҳсулотлар учун бож тўловлари ставкаси долларда белгиланган ва импортëрлар уни Марказий банк расмий курси бўйича сўмда нақд ëхуд нақдсиз тўлаб келган.

Марказий банк 4 сентябрдан бошлаб “валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистик ва бошқа ҳисоботларни юритиш, шунингдек, божхона ва бошқа мажбурий тўловлари учун АҚШ долларининг миллий валютага нисбатан қийматини 8100 сўм белгилади”.

Божхонада "тўполон"

5 сентябрь куни Божхона омборидан ўз молини олиб чиқиш учун борган айрим тадбиркорлар бож тўловларининг 4 сентябрь кунги 4210 сўм ўрнига 8100 сўмдан ҳисобланганини кўриб¸ ўз сўзлари билан айтганда¸ “юрак ўйноғи “ бўлиб қолган.

“Бир кунда икки баравар қимматлашни ҳазм қилиш жуда қийин. 10 минг долларга Хитойдан юборилган молим учун 85 фоизлик бож тўлови тўлаб¸ шундоқ ҳам зўрға ишлаб турувдим. Бугун бож тўлови биз учун 85 фоиз ўрнига¸ 170 фоизга ошди. Божхонада роса тўполон бўлди¸ айримлар ҳатто божхоначиларни урмоқчи ҳам бўлди аламига чидолмай. 10 минг долларлик товаримиз божхонадан чиққунча 27 минг долларга айланса¸ биз буни кимга¸ қайси нархда сотамиз? Бу дегани бизни касод қилиш деганику! Бу ишни қилаëтганларнинг эси жойидами?” дейди 5 сентябрь куни божхона омборидан Хитойдан келган молини олишга бориб¸ “катта тўполон”га гувоҳ бўлиб қайтган савдогарлардан бири.

Бу суҳбатдошга кўра¸ импортчи савдогарлар “жазаваси”дан қўрққан божхона ходимлари уларга ставкаларнинг қайта кўриб чиқилиши мумкинлиги ва 10 кун ичида хабар олишларини сўраган.

“Бу гапни улар ўз жонини қутқариш учун айтдими¸ ëки ҳукумат конвертациядан кейин тарифларни ростдан ўзгартирадими¸ бунисини билмаймиз”¸ деб қўшимча қилди суҳбатдош.

"Божхона ундир дейилган тўловларни ундиради.."

Озодлик суҳбатлашган Давлат Божхона қўмитаси расмийси¸ 5 сентябрдан бошлаб бож ва акциз тўловлари учун Марказий банкнинг 8100 сўмлик курси асос қилиб олингани ва тўлов миқдори қарийб икки бараварга ошганини тасдиқлади.

“Божхона ижрочи орган¸ қарор ëки қонун чиқармайди. Бу тўловлар ставкасини Молия¸ Иқтисодиëт ва Ташқи савдо вазирлиги белгилайди¸ биз шуни ундирамиз. Улар ставкаларни қайта кўриб чиқиб¸ сўмда бугун чиқаëтган қийматни арзонлатса¸ биз шу тариф бўйича тўлов ундирамиз. Билишимча¸ ҳозир президентга Ўзбекистонга олиб кирилаëтган хом-ашë ва ўзимизда йўқ озиқ-овқат ва айрим ноозиқ-овқат товарлари учун белгиланган импорт божи ва акцизларни камайтириш¸ ëки нолга тушириш ҳақидаги қарор тайëрланиб¸ имзога берилган. Президент унга қачон қўл қўйишидан бехабарман. Лекин умумиятла¸ барча импорт маҳсулотларига белгиланган тўлов ставкаларини қайта кўриб чиқиб¸ арзонлатиш режаси борлигидан хабарим йўқ. Уни Молия вазирлигидан сўрайсиз”¸ деди Божхона расмийси.

"Ҳукумат сиëсати импортни рағбатлантиришга қаратилмаган.."

Молия вазирлиги Бюджет бошқармасининг Озодлик суҳбатлашган расмийси¸ ҳукуматнинг импорт маҳсулотлари учун белгиланган бож ва акциз тўловлари ставкаларини арзонлатиш режаси йўқлигини билдирди.

“Президентимиз асосий эътиборни экспортни рағбатлантиришга қаратмоқда. Ички ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун зарур хом-ашë ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари импортига нисбатан енгиллик берилади. Лекин бундай имтиëз Хитойдан келаëтган аксар товарларга тааллуқли бўлмайди. Уларга шу пайтгача белгиланган 30 фоизликми¸ 100 фоизликми бож ва акциз тўловлари ўзгармайди ва бу тўловлар Марказий банк курси бўйича ундирилади. Бюджетга тушадиган кирим қисмини солиқ ҳисобидан кўпайтирмасак бўлмайди”¸ деди Молия вазирлиги расмийси.

Озодлик суҳбатлашган айрим савдогарлар¸ агар ҳукумат тез орада бож ва акциз тўловлари ставкасини ялпи қайта кўриб чиқиб¸ уни арзонлатмаса¸ импорт маҳсулотлари нархининг ниҳоятда қимматлашиши¸ мамлакатга импорт келиши кескин қисқариши¸ муҳими¸ ўн минглаб савдогарнинг касодга учраб¸ ишсизлар сафига қўшилишидан хавотирга тушмоқда.

"Абу Сахий" ва "Ўрикзор"чилар қатлами йўқ бўлиши мумкин"

Тошкентлик иқтисодчи ва тадбиркор Жаҳонгир Шосалимов¸ бундай вазиятда йиллардан бери Ўзбекистондаги ўзига тўқ қатлам бўлиб келган импорт моллари билан савдо қилувчи тадбиркорларнинг “қатлам сифатида йўқ бўлишини” тахмин қилади:

- Чет элдан мол олиб келиб савдо қилаëтганларнинг 30 фоиздан 50 фоизигача ҳозирги бож ва акциз ставкалар ўзгармаса¸ бир-икки ой ичида банкрот бўлиши табиий. Улар бож ва акциз тўловини ëнидан тўламайдику¸ уни олиб келган маҳсулоти таннархига уради¸ таннарх кескин кўтарилиб¸ уни сотолмай қолади. Оқибатда¸ улар бозори касод бўлиб¸ Абу Сахий ва Ўрикзордагилар¸ улардан мол олиб¸ вилоятларда тирикчилик қилиб юрганлар бир қатлам сифатида йўқ бўлиб кетиши мумкин¸ дейди тошкентлик тадбиркор.

Расмий курсдан мазза қилиб келганлар¸ энди бож имтиëзларидан мазза қилади¸ қолганларга "катта кўча"ми?

Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонлик иқтисодчилардан бири¸ импорт моллари учун бож ва акциз тўловларини доллар расмий курсини девальвация қилишдан олдин қайта кўриб чиқиб¸ импортëрлар манфаатини ҳимоя қилмагани учун ҳукуматни танқид қилди:

“Молия вазирлигини тушунаман. Улар бюджетга қаердандир пул топиши керак. Божхонадаги мажбурий тўловлар¸ шунақа манбалардан бири. Лекин ҳукумат манзарага кенгроқ қараши¸ вазиятни чуқурроқ тушуниши керак. Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ниҳоятда заиф ¸ борлари ҳам рақобатбардош бўлмаган ҳозирги шароитда аҳоли асосан Хитойдан келаëтган импорт молларини сотиб олаëтган¸ қанча халқ импорт орқасидан тирикчилик қилаëтган эди.

Ҳукумат буларга девальвациядан кейин келадиган зарбанинг олдини олиш учун ставкаларни олдиндан ўзгартириши керак эди. Айрим маҳсулотларга солинган бож ва акциз солиқларининг олиб ташлангани ортида¸ яна ўша бир гуруҳ монополистлар манфаати тургандек туюлаяпти менга. Олдин айни гуруҳ расмий курсда доллар алмаштириб бойиган бўлса¸ энди улар солиқсиз импорт қилиш имтиëзини қўлга киритди. Икки 15 бир 30 бўлаяпти. Бунақа имтиëзи йўқ тадбиркорларнинг 50¸ ҳатто 80 фоизигича ҳозирги шароитда банкрот бўлиши мумкин”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонлик иқтисодчи.

Президент Мирзиëевнинг 15 август кунги қарорига мувофиқ, 1 сентябрдан Ўзбекистонга келтириладиган гўшт¸ ун¸ ўсимлик ëғи¸ сариёғ ва картошка каби асосий истеъмол маҳсулотларига қўйилган акциз солиғи олиб ташланди.

Божхона расмийсининг Озодликка билдиришича¸ бундай рўйхатни узайтириш кўзда тутилган қарор президентга тақдим этилган. Бож ва акциз тўловларидан озод этилиши кутилаëтган бу маҳсулотлар рўйхати¸ ҳозирча¸ Озодликка маълум эмас.

XS
SM
MD
LG