Линклар

Шошилинч хабар
22 сентябр 2019, Тошкент вақти: 23:55

2 йилда ишдан чиқарилган $200 миллионлик Dreamliner Амстердамга олиб келинди


Иллюстратив сурат

Сўнгги марта 2018 йилнинг 24 декабрида Москва-Тошкент рейси билан учган Uzbekistan Airways миллий авиакомпаниясига қарашли Boeing 787-8 Dreamliner йўловчи учқичи 2019 йилнинг 7 январь куни Амстердамга учиб келди.

Жараëн тафсилотларидан хабардор тошкентлик мутахассиснинг шахси сир қолиш шарти билан Озодликка айтишича¸ Амстердамда самолётнинг мотори алмаштирилади.

Мустақил манбалар ҳам 2016 йил декабрида Тошкентга олиб келинган “Орзу лайнери”нинг икки ҳафталик танаффусдан кейинги илк парвози Ҳолландия пойтахтига бўлганини кўрсатади.

8 январь куни Озодлик Uzbekistan Airways (аввалги расмий номи “Ўзбекистон ҳаво йўллари”) ширкати расмийларидан Dreamlinerнинг нима мақсадда Амстердамга олиб келинганига оид маълумот ола олмади – авиакомпания раҳбарлари кун давомида мажлисда экани боис¸ матбуот хизмати Озодлик саволларига жавоб бера олмаслигини билдирди.

Озодликнинг 26 декабрь кунги "$200 миллионлик Dreamliner икки йилга қолмай ишдан чиқди" сарлавҳали мақоласига икки кун ўтиб раддия берган Uzbekistan airways раҳбарияти учқичнинг "режали модификация қилиш (Upgrade) учун жўнатил"ганини иддао қилган эди.

Рейсдан чиқарилган Dreamliner Амстердамга қўнди

7 январь куни Озодлик гаплашган Uzbekistan airways ширкати учқичлари аҳволидан бевосита хабардор мутахассис¸ бир марталик учишга рухсат берилган Dreamlinerнинг ҳозирда Ҳолландия пойтахтида эканини билдирди:

Двигателга қиринди тушиб¸ турбина кураклари қайрилганидан кейин¸ Тошкентда режадан ташқари ремонт қилишди. Двигатель ишлаб чиқарувчиси “Ҳаво йўллари”га моторни бутунлай алмаштириш учун бир марта учишга рухсат берди. Dreamlinerни нега Амстердамга олиб келишгани сабаби¸ билишимча¸ зиëн етган моторни кўриб чиқишгунча арендага олиб туриш мумкин моторни шу ердан топишган”.

Амстердамдаги Schiphol аэропорти дунëнинг йирик ҳаво ҳабларидан ҳисобланади ва бу аэропортга туташ ҳудудда Boeing ширкатининг техник хизмат кўрсатиш маркази (Amsterdam Service Center ) жойлашган.

Бу марказ Boeing ширкатининг дунëдаги саккизта тез техник кўрсатиш марказларидан бири ва Boeing баëнотига кўра¸ "6317 квадрат метрлик майдонда жойлашган бу марказда бир пайтнинг ўзида Boeing самолëтларининг 50,000 дан ошиқ эҳтиëт қисми сақланади ва техник хизматга муҳтож учқичлар "энг қисқа муддатда ўзига керакли қисмни топиш имконига эга".

Ҳолландиядаги Boeing ваколатхонасининг Озодлик боғланган ходими Амстердам аэропортида қолаëтган Uzbekistan Airways ширкатига қарашли Dreamliner учқичининг техник ҳолати ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирди.

Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонлик мутахассис¸ регистрация рақами UK-78702 бўлган Dreamlinerнинг Амстердамдаги Boeing марказига бир марталик техник хизматга олиб келинганини инкор қилиш қийин эканини айтади.

Озодликнинг аввалги хабарига "Ҳаво йўллари" UK-78702нинг upgrade учун рейсдан олинганини айтди. Бу бўлмағур баҳона чунки Upgrade бир неча соатлик иш ва буни Тошкентнинг ўзида қилиш мумкин. UK-78702 эса¸ 24 декабрдан бери рейсга қўйилмади. Айни учқичнинг нега айнан Амстердамга келганини қандай изоҳлашаркан энди! Миллий авиакомпаниянинг Тошкент-Амстердам рейси йўқ. Йўловчи рейсини амалга оширадиган самолëтларнинг код рақами учталик бўлади. Масалан¸ Нью-Йоркка 101-¸ Лондонга 201-рейс учади. Амстердамга учган UK-78702 Dreamlinerнинг код рақамига қаранг - HY3519. Тўртта рақамлик код бу чартер рейс ëки учқичнинг ўзини бир жойдан иккинчи жойга олиб келиш учун берилади¸ холос”.

Қайд рақами UK-78702 бўлган Ўзбекистон миллий авиакомпаниясига қарашли Dreamliner учқичининг қарийб 7 соатлик учишдан сўнг 7 январь тонгги соат 7:20 да Тошкентдан Амстердамга келиб қўнганини дунë бўйлаб амалга ошириладиган парвозларни жонли режимда кузатиб борувчи flightradar24.com сайти ҳам тасдиқлайди.

UK-78702 Dreamlinerнинг Амстердамга учиб келганини flightradar24.com мустақил сайти тасдиқлайди.
UK-78702 Dreamlinerнинг Амстердамга учиб келганини flightradar24.com мустақил сайти тасдиқлайди.

Сайтдаги маълумотлар UK-78702 учқичининг 24 декабрдан бери бирор марта йўловчи рейси билан учмаганини¸ айни пайтда¸ ширкат ихтиëридаги UK-78701 ва UK-78703 рақамли қолган икки Dreamlinerнинг бир неча соатлик қисқа танаффуслардан сўнг бирор кун тўхтамасдан халқаро йўловчи рейсларни амалга ошираëтганини ҳам кўрсатади.

Ремонт ва алмаштириладиган мотор пулини ким тўлайди?

Uzbekistan Airways акцияларининг 100 фоизи ҳозирча давлатга қарашли ва миллий авиакомпания сарфлайдиган ҳар бир тийин ўзбекистонлик солиқ тўловчининг пулидир.

Шу боис¸ Озодлик гаплашган мутахассислар¸ ширкатнинг бу жараëн солиқ тўловчига қанчага тушиши ҳақида шаффоф маълумот бермаëтганини танқид қилди.

Озодлик суҳбатдошларидан бири¸ ҳозирда Uzbekistan Airways ремонт пулини ким тўлаши борасида мотор ишлаб чиқарувчиси билан музокара қилаëтгани¸ моторнинг ишдан чиқишига муттасил қисқа масофага учиш баробарида ундаги ноқислик ҳам сабаб бўлган бўлиши эҳтимоли ҳам соқит қилинмаëтганини билдирди.

"Ремонтни ҳатто ишлаб чиқарувчи қилиб берганда ҳам¸ самолëтни Амстердамга олиб келиш¸ экипажга тўланадиган ҳақ¸ самолëтнинг туриб қолиши - буларнинг ҳаммасини "Ҳаво йўллари"¸ демакки¸ ўзбекистонлик солиқ тўловчи тўлайди".

Суғуртаси йўқми?

Икки моторидан бири ишдан чиққан UK-78702 Dreamliner¸ мустақил манбаларга кўра¸ 2016 йил ноябрь ойида Тошкентга етказиб берилган ва декабрдан бошлаб йўловчи ташишни бошлаган.

Икки йиллик Dreamliner¸ мутахассислар таъкидича¸ яп-янги ҳисобланади ва учқич¸ хусусан¸ унинг моторининг ишлаб чиқарувчи томонидан бериладиган кафолат муддати ва суғуртаси бир қатор шартларга қараб белгиланади.

"UK-78702 моторининг суғуртаси тугаган¸ билишимча. Страховка бўлганида эди¸ двигателни ишлаб чиқарган компаниянинг ўзи Тошкентга янгисини олиб келиб¸ ўрнатиб бераради. Йўқлиги учун¸ улар самолëтни Амстердамга олиб келишди. Моторни очиш¸ тақрибан¸ 3-4 миллион доллар туради. Бу пулни "Ҳаво йўллари" тўлайди. Янги мотор алоҳида сотиб олинса¸ 22-26 миллион доллар атрофида туради. Тўртта Dreamliner олган "Ҳаво йўллари"да (жами саккизта GEnx мотори) битта ҳам запасдаги мотор йўқ. Қолган Dreamlinerларни ҳам қисқа масофада учириш давом этаëтганидан келиб чиқиб¸ яқин орада яна бир моторнинг ишдан чиқишини кутиш мумкин"¸ дейди Uzbekistan Airways ширкати учқичларининг техник ҳолатидан яхши хабардор авиация мутахассиси.

Ëнилғи бакига 100 тонна авиакеросин сиғадиган Boeing 787-8 Dreamliner конфигурациясига қараб¸ 250 нафаргача йўловчи ташийди ва бир учганда 13 600 километр масофагача тўхтовсиз уча олади. 2011 йилдан бошлаб йўловчи ташишига рухсат берилган Boeing 787-8 Dreamlinerнинг ўртача нархи 224,6 миллион АҚШ долларига тенг¸ аммо “Ўзбекистон ҳаво йўллари” лизингга олинган тўртта Dreamlinerнинг Ўзбекистон солиқ тўловчиларига қанчага тушгани ҳақида ҳозиргача маълумот берган эмас.

Uzbekistan Airways Озодлик хабарини рад қилишга уринди...

26 декабрь куни Озодлик Uzbekistan airways компаниясига алоқадор бир неча мутахассис ва мулозимга таяниб туриб¸ 24 декабрь куни Москвадан учиб келган Boeing 787-8 Dreamliner двигателларидан бирининг Тошкентга қўнар-қўнмас¸ ишдан чиққани ҳақида хабар тарқатган эди.

Озодлик бу хабарни ўрганиш жараëнида 26 декабрь куни “Uzbekistan airways” ширкати матбуот хизмати¸ тижорат департаменти¸ авиаширкат учқичларига техник хизмат кўрсатувчи “Uzbekistan Airways Technics” АКдан Dreamlinerнинг техник ва тижорий вазиятига оид маълумот олишга ҳаракат қилган¸ аммо ширкат мулозимлари ўзлари қайта боғланишни ваъда қилиб¸ бу ишни қилмаган эди.

Озодлик саволларини жавобсиз қолдирган миллий авикомпания 28 декабрь куни маҳаллий матбуотга раддия бериб¸ бу хабарни «асаби бақувват томошабинлар учун триллер сценарийси» деб атаган эди.

Парвоз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Boeing-787 учқичлари самолёт ва унинг двигателини ишлаб чиқарувчилар билан узвий ҳамкорликда текширувдан ўтказилади.

Уларнинг тавсияларига мувофиқ, келгусида қиммат таъмирлаш ишларининг олдини олиш мақсадида самолёт 24 декабрь куни двигателлари режали модификация қилиш (Upgrade) учун жўнатилди. Бу авиакомпаниянинг ортиқча харажатларининг олдини олади, самолётнинг эксплуатация қилиниши муддатини узайтиради ва ёнилғи сарфини камайтиради», дейилган эди мазкур раддияда жумладан.

Айни пайтда миллий авиакомпания регистрация рақами UK-78702 бўлган Dreamliner учқичининг айнан аввалдан режалаштирилган модификация - upgrade учун парвозлардан олинганини тасдиқловчи факт ва ҳужжатларни на Озодлик ва на маҳаллий матбуотга тақдим қилгани йўқ.

Шунингдек ширкат ҳозирча 24 декабрдан бери учмаëтган Dreamliner учқичининг яна қанча "upgrade" жараëнида қолиши ҳақида ҳам аниқ маълумот берганича йўқ.

Шарҳларни кўринг (7)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG