Линклар

Шошилинч хабар
28 сентябр 2022, Тошкент вақти: 12:22

Дунё мусулмонлари Қурбон ҳайитини қимматчилик фонида нишонлашди


Доғистон.

Россиянинг Украинадаги уруши бутун дунё бўйлаб озиқ-овқат нархининг кўтарилишига олиб келган бир пайтда, аксар мусулмонлар қурбонлик учун чорва молларини сотиб олишга қурби етмаганини айтишди.

Дунё бўйлаб миллионлаб мусулмонлар Ислом тақвимидаги энг катта байрамлардан бири бўлган Қурбон ҳайитини қийинчиликлар билан нишонлашди. Айрим мамлакатларда, жумладан, Афғонистон, Эрон ва Марказий Осиё давлатларида Қурбон ҳайити 9 июль куни нишонланган бўлса, Покистон ва Индонезия каби энг кўп мусулмонлар яшайдиган мамлакатларда байрам 10 июль куни нишонланди.

Мусулмонлар тўрт кунлик ҳайит байрамида чорва молларини сўйиб, гўштини қариндошлар, қўни қўшнилар ва камбағалларга тарқататиб эҳсон қиладилар. Бироқ Россиянинг Украинадаги уруши бутун дунё бўйлаб озиқ-овқат нархининг кўтарилишига сабаб бўлган бир пайтда, кўплаб мусулмонлар қурбонлик қилиш учун чорва молларини сотиб олишга имкони йўқлигини айтмоқда.

Афғонистонда, одатда, Қурбон ҳайити олдидан чорва моллари савдоси авж олади. Аммо бу йил озиқ-овқат нархининг глобал кўтарилиши ва Толибон ҳокимиятни эгаллаб олганидан кейинги иқтисодий йўқчилик кўплаб афғонларнинг имкониятини чеклаб қўйган.

9 июль куни Украина шарқида ўнлаб украиналик мусулмонлар ҳам Қурбон ҳайитини нишонлаш учун Донбас вилоятида Украина назорати остидаги ҳудудда жойлашган Константинивка масжидига йиғилди. Йиғилганлар асосан турли бўлинмаларнинг аскарлари ва ҳарбий шифокорлардан иборат. Улар орасида Қрим татарлар, Харков, Киев ва ғарбий Украинадан келган украинлар ҳам бор эди. Уруш кўпчиликни мамлакатнинг ғарбий ҳудудларига қочишга мажбур қилгани сабабли тадбирда фақат кам сонли маҳаллий аҳоли иштирок этди. Аҳолиси асосан православ христиан бўлган Украинада мусулмонлар умумий аҳолининг деярли 1 фоизини ташкил қилади.

Муфтий Саид Исмоилов Константинивка масжидида ўқилган анъанавий ҳайит намозидан сўнг ўз хутбасида жамоатдан бир неча масжидлар ўққа тутилиб вайрон қилинган ҳудудларда истиқомат қилаётган мусулмонларни ёдга олишни сўради. Исмоиловнинг таъкидлашича, босиб олинган ҳудудлардаги мусулмонлар ўзларини хавфсиз ҳис қилаётгани йўқ.

“Катта қўрқув бор. Уруш давом этмоқда ва биз босиб олинган ҳудудларда нима бўлаётгани ва у ерда мусулмонлар қандай аҳволда экани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз” деди у.

Ўтган ҳафтада бутун дунёдан 1 миллионга яқин мусулмон Саудия Арабистонининг муқаддас Макка шаҳрига тўпланди. Бу COVID-19 пандемияси чекловлари кучайтирганидан бери энг катта ҳажмдаги зиёрат бўлди. 9 июль куни зиёратчилар шайтонни рамзий тошбўрон қилиш маросимини ўтказишди. Бу Муҳаммад пайғамбар ва пайғамбарлар Иброҳим ва Исмоил билан боғлиқ бўлган маросимлардан бири бўлиб, ҳар йилги зиёрат пайтида амалга оширилади.

Жисмоний ва моддий жиҳатдан қодир бўлган барча мусулмонлар умрларида камида бир марта Ҳаж зиёратини адо этишлари лозим.

XS
SM
MD
LG