Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2020, Тошкент вақти: 01:36

ЕИ Тоғли Қорабоғда жанглар тўхтаганини олқишлади, оташкесимни сақлашга чақирди


Россия аскарлари Тоғли Қорабоғ йўлини қўриқламоқда

Европа Иттифоқи бўлгинчи Тоғли Қорабоғ минтақаси ва унинг атрофида жанглар тўхтаганини мамнуният билан кутиб олди ва тарафларни бундан кейин ҳам инсонлар ҳалок бўлишига йўл қўймаслик учун тинчлик битимига «қатъий риоя қилишга» чақирди.

ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель 19 ноябрь куни баёнот эълон қилиб, тарафларни 10 ноябрда Россия воситачилигида Арманистон ва Озарбайжон ўртасида имзоланган сулҳга таҳдид солиши мумкин бўлган «ҳар қандай ҳаракатлар ёки баёнотлардан тийилишга» чақирди.

Тинчлик битими Озарбайжон кучлари олти ҳафта ичида жанг майдонида катта ютуқларга эришганидан кейин имзоланди. 1990 - йилларда содир бўлган урушда Боку этник арман бўлгинчиларига Тоғли Қорабоғ ва унинг атрофидаги ҳудудларни бой берган эди.

Тоғли Қорабоғ можароси: Арманистонликлар тинчлик битимидан норози
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:49 0:00

Ушбу келишувга кўра, тоғли ҳудуднинг катта қисми ва уни ўраб турувчи барча ҳудудлар Озарбайжонга ўтади. Шунингдек, 2 000 нафар россиялик тинчликпарвар аскарлар ҳудудда хавфсизликни таъминлаш учун 5 йил муддатга сафарбар қилинади.

Тўқнашувлар давомида Россия ва Арманистон бир неча бор можарога Сурия ва Ливиядан келган жангчилар жалб қилинганини иддао қилди. Уларни Тоғли Қорабоққа Озарбайжоннинг энг яқин иттифоқчиси Туркия олиб келгани айтилди.

Боррель ЕИ сулҳ битимига амал қилинишини диққат билан кузатиб боришини, чет эллик жангчилар масаласига эса алоҳида эътибор берилишини айтди.

«ЕИ, шунингдек, минтақадан барча хорижий жангчиларни зудлик билан ва тўлиқ олиб чиқиб кетишга чақиради», деди Боррель. ЕИ расмийси ҳарбий тўқнашувларнинг тўхтатилиши «узоқ йиллик Тоғли Қорабоғ можаросини» тугатиш йўлида ташланган биринчи қадам эканлигини қўшимча қилди.

Тоғли Қорабоғ халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди ўлароқ тан олинган. Бугунги кунда минтақада яшаётган аҳолининг аксарият қисмини этник арманлар ташкил этади. Улар Озарбайжон бошқарувини тан олмай келадилар.

1994 йилда якунланган уруш давомида Озарбайжон қўшинлари ва озарбайжонлик оддий фуқаролар ҳудуддан сиқиб чиқарилган. Ўшандан бери этник арманлар Арманистон кўмаги билан ҳудудни бошқариб келмоқдалар.

Можарога ечими топиш учун Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилот (ЕХҲТ) қошида тузилган Минск гуруҳи воситачилигида ўтказилган музокаралар 1990 - йиллардан бери ҳеч қандай натижа бермади.

«ЕИ можарога музокаралар асосида, ҳар томонлама ва барқарор ечим топишга қаратилган саъй-ҳаракатларни янгилаш керак, деб ҳисоблайди», деди Боррель.

Баёнотда таъкидланишича, ЕИ «можарони узоқ муддатли ва ҳар томонлама ҳал этишга, жумладан, лозим бўлганда барқарорлаштириш, низодан кейинги реабилитация ва ишончни мустаҳкамлаш чораларини қўллаб-қувватлаш орқали ҳисса қўшишга» тайёр.

Бу орада 19 ноябрь куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги сўнгги олти кун ичида Озарбайжон ва Арманистон можаро давомида ҳалок бўлган 385 нафар киши жасадини алмашганини эълон қилди.

9 ноябрь куни бўлиб ўтган брифингда вазирлик матбуот котиби Мария Захарова ушбу рақам «ҳар икки томон йўқотишларини ўз ичига олиши»ни айтди.

XS
SM
MD
LG